Миллий кино ривожи учун кенг йўл

Кино санъати инсон онги ва қалбига кучли таъсир кўрсата олувчи беқиёс қудрат ва имкониятларга эга.

Мамлакатимиз кино санъати бир асрдан зиёд тарихга эга бўлиб, ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтган. Бу давр мобайнида ўзбек киносининг пойдевори яратилиб, у халқимизнинг маданий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллади.

Мустақиллик йилларида миллий кинематография ривожига давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор натижасида соҳада муайян ютуқларга эришилди. Мазмун ва шакл жиҳатидан ранг-баранг киноасарлар яратилиб, улар томошабинлар эътиборини қозонди.

Бугун кино соҳасига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор берилмоқда. Бошқа соҳаларда бўлгани каби ўзбек миллий киноси ривожи учун кенг йўл очиб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари ана шу ғамхўрликнинг амалий исботидир.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 май куни муҳтарам Президентимиз Тошкент шаҳридаги маданият ва санъат соҳасидаги янги маскан ва лойиҳалар, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди, сўнгра Ўзбекис­тон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада институти фаолияти билан яқиндан танишди.

Шу куни Президентимиз Киночилар саройини ҳам бориб кўрди. Айтиш жоизки, ушбу маскан 2021 йил мукаммал таъмирланиб, шароитлари янгиланди. Катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр ва хоналар замонавий жиҳозланди. Бугун бу ерда жами 3 минг нафар томошабинни қабул қилиш имкони мавжуд.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечирди. Музей 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, илгари музей-архив сифатида фаолият юритган. Унда эллик мингдан ортиқ тарихий буюм, либос, расм ва кинотасмалар бор.

Эндиликда музей Киночилар саройига кўчирилиб, кўргазмага қўйилди. Биринчи қаватдаги экспонатлар ўзбек киносининг тарихи ва асосчилари, сўнгги йиллардаги ютуқларига бағишланган. Иккинчи қаватда тарихий фильмлардаги либослар, атоқли киноижодкорлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган. Аҳамиятлиси, кино кўриш истагида келган борки, шу тарих билан танишиб ўтади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда режиссёр ва актёрлар, киношунослар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашди.

— Сўнгги йилларда миллий киномиз қайта “уйғонди”, десак тўғри бўлади. Юқори савияли, замонавий сифатли фильмлар пайдо бўлди. Бунинг учун сизларга миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, кинематографияни ривожлантириш учун яна нималар қилишимиз керак, деган савол мени ўйлантиради. Агар тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтармоқчи бўлсак, буни биринчи навбатда кино ёрдамида амалга оширишимиз керак, – деди Давлатимиз раҳбари.

Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” туркумидаги фильмлар лойиҳаси тақдимот қилинди.

Бу 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дас­тур бўлиб, энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Яратилажак фильмларнинг мавзуси кенг ва ранг-баранг.

Жумладан, милоддан аввалги VI асрда яшаган миллий қаҳрамонимиз Широқ ҳақида, миллий давлатчилигимиз тарихида ўчмас из қолдирган Алп Эр Тўнга, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар, шу пайтгача етарли ўрганилмаган Шайбонийлар, қорақалпоқ шоири Ажиниёз ва бошқа машҳур адиблар ҳақида, буюк алломаларимиз ва миллий истиқлол курашчилари тўғрисида ҳикоя қилиниши кўзда тутилган.

Лойиҳада чет эллик ҳамкорлар, хусусан, Испания, Германия, Венгрия, Россия, Беларусь, Туркия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатларнинг кино санъати усталари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

— Албатта, бу дастур ва ғояларни амалга ошириш учун кўп моддий имконият талаб этилишини, юзлаб истеъдодли мутахассислар зарурлигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Қанчалик қийин бўлмасин, биз том маънодаги улкан, тарихий бу лойиҳанинг молиявий масалаларини ҳал қиламиз. Нега деганда, ушбу дас­тур шонли ўтмишимизни чуқур англаб, шу асосда келажакка ишонч билан дадил қадам қўйишга, ёшларни чинакам ватанпарвар инсонлар қилиб тарбия­лаб, Учинчи Ренессансни барпо этишга катта туртки бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

* * *

Давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган дилдан суҳбат кино соҳаси вакилларига илҳом, ижод завқини бағиш­лагани шубҳасиз. Бу жиҳатлар Кино саройининг қад ростлаганига 60 йил тўлгани мунoсабати билан ўтказилган “Янги Ўзбекистон кино санъатининг уфқлари” форумида ҳам ўзининг яққол ифодасини топди. 

Анжуман аввалида киноижодкорлар, мутахассислар ҳамда меҳмонлар киносарой биносида Ўзбекистон кино санъати музейидаги экспонатлар билан танишди.

Форумда кейинги йилларда кинематография соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат хусусида батафсил сўз юритилди. Бунинг натижасида ўзбек киночилари томонидан яратилган “Якшанба”, “Кўк чой”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи”, “Фариданинг икки минг қўшиғи”, “Абдулла Орипов”, “Мерос”  ва бошқа кўплаб фильмлар халқаро фес­тивалларда алоҳида эътироф этилиб, мукофотларга сазовор бўлди.

Шунингдек, анжуманда Президентимизнинг киноижодкорлар билан самимий учрашуви, мазкур муҳташам кинотеатр барпо этилганининг 60 йиллиги ҳамда унда ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – янги кино санъати” номли кўргазма ва ундаги экспонатлар, кино тарихи ҳақида батафсил сўз юритилди.

Форум давомида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Куйламоқ – яшамоқ демак” номли ҳужжатли фильмнинг илк катта премьераси намойиш этилди. Мазкур ҳужжатли картина устоз санъаткорнинг машаққатли ҳаёти, ижод йўлидаги изтиробли изланишлари, жаҳон миқёсида тан олинган қўшиқлари хусусида атрофлича ҳикоя қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Форум якунида Миллий кино санъати саройининг 60 йиллиги муносабати билан Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан барча киноижодкорлар ва мутахассислар учун эстрада юлдузлари иштирокида гала-концерт ташкил этилди.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − eight =