Чеҳраси очиқ инсон эди

Журналистлик — раҳматли дўстимиз Насриддин Муҳаммадиевга (матбуотдаги адабий тахаллуси — Носир Муҳаммад) ота касб эди. Отаси Мисриддин ака Муҳаммадиев ўттиз беш йил мобайнида туман газетасининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган. Оиладаги ижодий муҳит Нас­риддиннинг касб танлашида муҳим омил бўлди. Мактабни битиргач, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетига ўқишга кирди. Университетни тамомлагач, пойтахтдаги газета ва журналларда ўттиз йилдан зиёд хизмат қилди. Биргина “Тошкент оқшоми” газетасида машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов билан бир хонада ўтириб ўн йил ишлади. Газета бош муҳаррири   Саъдулла Кароматовдан ҳам кўп нарса ўрганди. Ўша даврда бугун чоп этилмаётган “Тошкент оқшоми” газетасининг адабий−маданий ҳаётдаги мавқеи, нуфузи анча баланд эди.

Насриддин аксарият ижодкорлар каби илк машқларини шеър ёзишдан бошлаган бўлса-да, матбуотнинг қора, заҳматли юмушларини бажонидил зиммасига олди. Матбуотда қалами қайралиб, етук ижодкор бўлиб етишди. Шу ўтган йиллар мобайнида “Эстетик идеал ва адабиёт”, “Оз-оз ўрганиб, доно бўлур” (Ш.Зуннун билан ҳаммуаллифликда), “Салом, келажак”, “Баҳор таронаси”, “Ҳикматлар”, “Ўзбекис­тон жаҳон ҳамжамияти сафида”, “Насаф ва   Кеш алломалари”, “Тафаккур учқунлари”, “Сумалакдан тош топдим”, “Анқони маҳрам қилдингиз” каби ўндан зиёд китоблари чоп этилди. Китобларнинг номи ва мундарижасидан ҳам кўриниб турибдики, Насриддиннинг истеъдоди серқирра, билим ва қизиқиш доираси кенг ва ғоятда ранг-баранг эди. Ҳам назм ва насрда, мутаржимликда, тарихий мавзуларда илҳом ва иштиёқ билан қалам тебратарди. Ғарб ва Шарқ маданий, маънавий меросини пухта ўзлаштирганди. Кўплаб шеърлари (масалан, “Сумалакдан тош топдим”) қўшиқ бўлган.

Насриддиннинг мумтоз адабиётга бўлган қизиқиши ва қобилиятини пайқаган, имкониятларини тўғри баҳолаган раҳматли аллома Эргаш Рустамов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) бир замонлар дўстимизни илмий иш билан шуғулланишга астойдил даъват қилганди. Хизматда ҳамиша қаттиқ банд бўлган дўстимиз гарчи диссертация ёзишга вақт тополмаган бўлса-да, мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижоди ҳақидаги қизиқарли мақола ва китоблари билан устозининг руҳини шод этгандай бўлди.

Насриддин форс, турк, рус тилларини анча мукаммал эгаллаган, немис ва инглиз тилини тушунар эди. Дўстимиз эринмай Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультети қошидаги икки йиллик форс тили курсини битириб, Эронда форс тили бўйича таржимон бўлиб ишлади. Қобилиятининг бу жиҳати янада ҳавас қилгулик. Тил билгичлиги (тил билган дил билади) жаҳонга чиқишида, жаҳонга чиққанлиги эса тилларни яхши ўзлаштиришида қўл келди. Насриддин — жаҳонгашта ижодкор, уч йил Эронда таржимон бўлиб ишлаган, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида икки йил биринчи котиб вазифасида хизмат қилган. Хориж таассуротлари асосида кўплаб мақолалар, китоблар ёзди.

Насриддиннинг яна бир ибратли жиҳатига ҳавас қилар, хайратланар эдим. Одамлар бир кунда саккиз соат ишласа, Насриддин йигирма тўрт соат ишлаётгандек туюларди менга, хизмати шунақа эди. Яна шу алпозда ижод учун вақт топганига қойил қолардим. Барча ёзган асарлари масъул хизмат вазифаларида қаттиқ банд бўлиб турганида, гоҳо дам олишни чеклаш ҳисобига яратилган. Тиришқоқлиги, меҳнаткашлиги, куйди-пишдилиги, жонсараклиги қонида бор эди. Ҳаётда нимагаки эришган бўлса, ҳаммасига заҳматли меҳнати билан эришди.

Биз ғоят андишали, мурувватли халқмиз. Одамларга баҳо беришда гоҳо сал бадфеъл­роқ кимсалар ҳақида ҳам салбийроқ фикр айтишга истиҳола қиламиз. Аммо яхши одамлар ҳақида гап кетгудай бўлса, яйраб фикр билдирамиз. Бу табиий ҳолат. Турли давраларда Насриддиннинг қулоғи қизиса, албатта “Ҳа, Насриддин – яхши йигит, яхши инсон!”,— дея алқаб қўйишарди. Имоним комилки, бу ҳаққоний эътироф­лар самимий айтилар, айни чоғда ажойиб дўстимизнинг инсоний қиёфасини тўла акс эттиролмас эди. Оллоҳ дўстимизга яхши феъл ато этганди. Ўзи ҳам, сўзи ҳам, хулқи ҳам гўзал эди ва бу   фазилатлар унинг бахти эди.

Қуръони каримда “Феълингиз – тақдирингиз” деган пурҳикмат калом бор. Халқимиз ҳам “Нима топсанг, феълингдан топасан”, деб бежиз айтмайди. Назаримда, Насриддин ҳам ҳаётда нимагаки эришган бўлса, аввало, феъл-атворининг некбинлиги, муттасил комилликка интилгани туфайли эришган.

Эсимда, бундан кўп йиллар муқаддам Тур­киядан самолётда юртга қайтаётиб, тошкентлик ҳамюртлар билан ҳамроҳ бўлиб қолдик. Улар орасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида ишлаётган ходимлари ҳам бор экан. Гурунг асносида улардан илгари элчихонада ишлаган Насриддин Муҳаммадиевни танийсизларми, деб сўрадим. Шунда улар бирдан жонланиб, оғзиларидан бол томиб, бири-бирига гал бермай, Насриддинни мақташга тушдилар. Уларнинг бу эътирофлари жуда ҳам самимий эди.

Олимларнинг кузатишича, инсоннинг исми охир-оқибат унинг феъл-атворига, жумладан, тақдирига ҳам таъсир этаркан. Дўстимиз Нас­риддиннинг ўлмас миллий қаҳрамонимиз — Насриддин   Афанди билан адаш эканлиги характерига таъсир этган бўлса ажаб эмас. Дарвоқе, ўзаро мулоқотларимизда мен уни “Афандим” деб атардим.

Муборак ҳадисларда айтилади: “Кимнинг хулқи гўзал бўлса, унга жаннатнинг   энг тўридан қаср бино қилинади”.

Дарҳақиқат, хулқи гўзал, феъл-атвори қув­ноқ, самимий, хушчақчақ одам ҳамиша, ҳамма ерда ардоқланади. Ҳаётда ҳам иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Насриддин ҳеч қачон таниш-билишларини орага қўйиб, ўзига иш қидирмаган, балки ишнинг ўзи уни қидириб топган. Ҳамиша дўстларининг, ҳамкасбларининг ардоғида яшади, давраларнинг тўрида ўтирди, боши зиёфатлардан чиқмади. Уни бир кун кўрмаса соғиниб қоладиган дўстлари, жўралари кўп эди. Устоз Эркин Воҳидовнинг унга меҳри, ихлоси (улар “Ёшлик” журнали гуриллаган замонда бирга ишлашганди) жуда баланд бўлган. Насриддин шундай ардоққа лойиқ инсон эди. Эркин ака ҳаётининг охирги йиллари пед­университет ёнидаги ижодхонасидан телефон қилиб, Насриддин иккимизни ҳузурига чорлаб турар, шахмат баҳонасида яхшигина гурунглашар, шундай улуғ инсон билан замондош, ҳамнафас эканимиздан чексиз ғурурланар эдик. Гоҳо Насриддинни соғиниб уйига телефон қилсам кўпинча “Дадамиз ҳали ишдан қайтмадилар ёки дадамиз зиёфатда, меҳмондорчиликда!” деган жавоб бўларди. Кўришганимизда ўзига “Уйга ҳам келиб турибсизми?” дея ҳазиллашиб қўярдим.

Насриддин билан университетни кетма-кет битирганмиз. Тақдир тақозоси билан битта “дом”да яшадик, Чорвоқдаги далаҳовлимиз ҳам бир жойда эди. Дўстимиз қишлоқда ўсган эмасми, ерга ниҳоятда меҳр қўйган, бола-чақаси билан далаҳовлисида астойдил, тер тўкиб меҳнат қиларди. Натижа ҳам   заҳматга яраша бўларди. Баҳор ноқулай келиб, кўпчиликнинг меваларини совуқ уриб кетганда ҳам Насриддинларнинг дарахт шохларига чирмашиб кетган узуми мўл-кўл ҳосил берарди. Шотутлари, хурмолари шиғил-шиғил мева тугарди. Аллоҳ яхши инсонларни ўз неъматлари билан шунақа сийласа керак.

Дунёга машҳур ёзувчилардан бири ўғлининг фотосурати орқасига “Менинг энг яхши асарим!” деб ёзиб қўйган экан. Мураккаб ҳаётда гоҳо ижодни рўкач қилиб, оилага бепарво қараши оқибатида боши кулфатдан чиқмайдиган кимсалар ҳам учрайди. Шу ўринда улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Оилада бахтли бўлган инсонгина ҳаётда бахтли бўлади” деган ҳикматли гапи эсга тушади. Насриддин ниҳоятда оилапарвар, оилада   чинакам бахтли инсон эди. Ўзига муносиб, ҳаётнинг хуш-нохуш кунларида, хорижда кечган узоқ мусофирчилик йилларида елкадош-ҳамнафас бўлган фариштали умр йўлдоши Машруфахон билан бир қиз, тўрт ўғил ва кўплаб ширинтой набираларни тарбиялаб, вояга етказдилар. Имон-эътиқодли, солиҳ фарзандлар ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишди. Ота-оналари уларнинг орзу ҳавасини кўриш бахтига муяссар бўлдилар.

Насриддин ҳаётдан завқ олиб яшашни билар, дўстларини ҳам шундай бахтга   чорлар эди.

Ашаддий шахмат ишқибози, ижодкорлар ўртасида ўтказилган Чорвоқ мусобақасининг икки карра ғолиби, устоз Эркин Воҳидов: “Мен учун одамлар икки тоифага бўлинади – шахматни биладиганлар ва билмайдиганлар!” деган эди. Биз Насриддин билан биринчи тоифага мансуб — шахмат “жинни”си эдик. Ҳаётда катта дўст, шахматда эса муносиб рақиблар эдик.

Насриддин шахмат билан боғлиқ тадбирларда, айниқса, ижодкорлар ўртасидаги мусобақаларда ҳамиша фаол эди. Шахмат баҳонасида — Иброҳим Ғафуров, Сайди Умиров, Бахтиёр Назаров каби устозлар, Хуршид Дўстмуҳаммад, Сувон Мели, Ҳабиб Темиров, Носиржон Тошматов, Мирпўлат Мирзо, Зуҳриддин Исомиддинов, Шоҳруҳ Акбаров, Саиджон Сиддиқов, Ёқубжон Хўжамбердиев каби дўстлар билан дийдор кўришиб, мириқиб гурунглашар эдик. Насриддиннинг ғайрати, ташаббуси билан Ғафур Ғулом номидаги нашриётда “Шахмат мўъжизаси” деган қизиқарли китоб чоп этилган, “Навоий ва шахмат” деган салмоқли мақоласи ҳам тилга тушган эди. Ҳа, тиниб тинчимас дўстимиз қадимий ўйин бўлган шахматни оммалаштириш ва тарғиб этишда ҳам катта хизмат қилган.

Насриддин шахматга жиддий қизиқар, бу ўйин­дан чексиз завқ-шавқ олар эди. Адиблар ўртасидаги мусобақаларда   кўпинча совриндор бўларди.

Насриддин билан охирги кўришишимиз ҳам шахмат ўйини пайтида бўлган эди. Ўшанда Ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйида адиб­лар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилаётган, ўйин ташкилотчиси сифатида ёнимиздаги Қибрай санаторийсида даволанаётган Насриддинга бир кун аввал хабар берган эдим. Уста шахматчи бўлган дўстим “Ўйин­­да   қатнашишга қатъий ваъда беролмайман, аҳволимга қарайман” дея мужмалроқ жавоб қилган эди. Эртаси ўйинимиз роса қизиган пайтда дўстимиз одатдагидек кулимсираб ёнимизга келди ва узурини айтди: “Дўстларим! Афсуски, мен ўйнай олмас эканман. Тобим   йўқроқ…” Ана шу қисқа мулоқот   бизнинг охирги кўришишимиз экан…

Яхшиликни аввало чеҳраси очиқ инсонлардан изланг деган ҳикмат бор. Насриддиннинг ҳамиша чеҳраси очиқ эди. Мен ҳаётимда бунақа феъли яхши одамни бошқа учратмаганман. Нас­риддиннинг бирон марта дарғазаб бўлиб, қовоқ уйганини, бировга ўшқириб зуғум қилганини кўрмаганмиз. У ҳамиша қувноқ, ҳамиша самимий, кайфияти ҳам   ҳамиша кўтаринки, аъло даражада бўлар эди. Дониш­мандларнинг таъкидлашича, кайфиятнинг ҳамиша яхши бўлиши доноликнинг биринчи шартидир. Ўн нафар шоир, ёзувчилардан иборат бўлган гап-гаштагимизда Насриддин давранинг гули эди. Тилга олинган ҳар бир масалада унинг ўз нуқтаи назари, ўз қарашлари бўлар, шу боис гурунги дилтортар эди.

Насриддин Муҳаммадиев узоқ йиллар Ўзбекистон байналмилал маданият марказига раҳбарлик қилди. Дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлайдиган турли фестиваллар, тадбирлар ўтказилишида бош-қош бўлди.

Насриддиннинг ўзим кузатган яна бир эътиқоди туркий халқлар бирлиги ғояси билан боғлиқ эди. У бир умр ана ўша ғоянинг тарғиботи билан шуғулланди. Туркистон қайғуси унинг эътиқодидан мустаҳкам ўрин олганди.

Байналмилал маданият марказидаги заҳматли хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб, Насриддин Муҳаммадиевга “Ўзбекистонда хизмат   кўрсатган маданият ходими” унвони берилди. Кейинроқ у “Меҳнат шуҳрати” орденига ҳам лойиқ кўрилганди.

Қадрдоним Насриддин сўнгги йилларда ҳам иш билан қаттиқ банд бўлишига қарамай, ижодни бир лаҳза унутмади. “Насаф ва Кеш алломалари” деган китоби қайта-қайта нашр этилди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Носир Муҳаммаднинг “Ҳут шамоллари” деган салмоқли “Сайланма”сини чоп этди. Унга ижодкорнинг турли йилларда ёзган шеърлари билан бир қаторда форс, турк, немис, рус тилларидан қилган таржималари ҳам киритилган. Қимматли манбалар асосида ёзилган “Турон тарихи” китоби ҳам мухлис ва мутасаддиларда илиқ таассурот қолдирди. Шу­нингдек, унинг юртимизда матбаачилик ва кутубхоначилик тарихига бағишланган китоби ноёб китоблар қаторидан ўрин олди.

Ўзининг табаррук етмиш ёшини   қирчиллама йигитдек тетик, кўтаринки кайфиятда кутиб олган оғамизнинг ҳали ижодий режалари бисёр эди. Афсуски…

Ажойиб инсон ва етук ижодкор Насриддин Муҳаммадиевнинг ҳаётдан бевақт   кўз юмиши уни яқиндан билган ёру биродарлари, қариндошлари учун кутилмаган, оғир мусибат бўлди. Ягона таскин – тасалли шуки, у аввало, ўзидан яхши ном, яхши хотира ва бой адабий мерос қолдирди. Унинг умри отасининг чироғини ёқиб ўтиришган солиҳ фарзандларда, набира, эвараларда давом этажак… Аллоҳ дўстимизни ўз раҳматига олган бўлсин.

Шодмон ОТАБЕК

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 2 =