Ўз мактаби бўлган шарҳловчи

Дунёда машҳурлар кўп. Аммо ҳаётда оддий инсонларнинг бири бўлиб яшаган ҳолда ўз ҳаёт фалсафаси, ўз дунёқараши   билан барчага намуна бўлганлар кам.  

Кечагидек эсимда, Жалажин қишлоғида бўлиб ўтган истеъдодли ёш олим Имомжон Раҳматовнинг муаллима Бозоргул Қиличева билан никоҳ кечасида Ахбор аканинг қашқадарёлик қадрдони, тиббиёт илмининг билимдонларидан бири Саъдулла Темиров билан даврага кириб келиши тантана руҳини тамомила ўзгартириб юборди. Айни ёзнинг чилласи эмасми, ғўзалар ривожидаги муаммоларга ечим изланаётган пайтда вилоятимиздаги икки жамоа ўйини ҳақидаги репортажни ўзгача оҳангда янграшини кутаётган дили шод, кўнгли равшан тортган асл деҳқонларнинг олқишлашини айтмайсизми?!

 “Ўшанда тўйда пахтакорлар қалбига ҳамоҳанг сўзлар янграган эди, — дейди қиш­лоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент, Антик дунё ҳалқаро фанлар академиясининг академиги Чори Асланов.— Ярим асрга яқин вақт ўтибдики, жалажинликлар Ахбор акани биргина футбол шарҳловчисигина эмас, халқ дарди, ташвиши билан яшайдиган инсон сифатида эслашади”.

Ахбор ака ҳар гал воҳага келганида футболимиздаги ютуқлардан чин дилдан қувониб, “Пахтакор-79”нинг фожиали ҳалокатини ўз жигаргўшасини йўқотган инсондек кўзда ёш билан эслар, инсон тақдири нечоғли англаб бўлмас сир-синоат эканлигини такрорларди. “Севинч” (Қарши) қизлар жамоасидаги футболчиларни “менинг қизларим”, деб ардоқлар, “Севинч”нинг ҳар бир ғалабасини олқиш­лаб, йигитларимиз ҳам қани энди улардан андоза олишса деб ҳазил-мутойибани жойига қўяр эди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида собиқ иттифоқ иккинчи лигаси иштирокчиси – “Каршистрой” жамоаси ўйинларига ҳакамлик қилиш билан бирга учрашувдан сўнг меҳмонхонада тўлиб-тошиб суҳбат қурганимизни тез-тез эслаб тураман. У киши нафақат ҳакам, шу билан бирга футболни илмий таҳлил қилувчи зукко билимдон эди. Ҳакамликдаги баъзи бир хатолар, футболимиздаги таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарлик ҳақида куйиниб: “Биласизми, ана шу қусурлар йўқолмас экан, бизнинг футболда ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди”, — дер эди.

Албатта, бу ҳаққоний гаплар ҳаммага, айниқса, спортимиз нонини “туя” қилганларга ёқмас эди. Ҳатто унинг шарҳидан нуқсон топишга уринганлар ҳам бўларди. Эфир орқали рўй-рост айтилган сўзлар кимларгадир ўқдек бўлиб тегарди. Маълум вақтлар Ахбор ака ўз-ўзидан давралар, тадбирлардан четлаштирилди. Ҳатто 80 ёшлик қутлуғ таваллуд кунини фақат оила даврасида нишонлашига тўғри келди. Аммо ҳақиқат эгилади, лекин синмайди, деганлари рост. Давлатимиз раҳбарининг раҳнамолиги, халқни ўйлаб Ҳақ йўлида олиб бораётган хайрли ва савоб ишлари бундай адолатсизликларга чек қўйди.

“Қора кунлар бошимга тушган дамларда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевга икки энлик хат билан мурожаат этдим, — деган эди А. Имомхўжаев суҳбатларнинг бирида. — Унда жумладан шундай дейилганди. “Ҳурматли Шавкат Миромонович! Ёшим бир жойга бориб қоляпти. Бир оёғим ерда бўлса, бир оёғим гўрда, сиздан сўрашга журъат этаман: менинг айбим нима?”, — деган гапларни кўзда ёш билан ёзганман. Хатни ўқиб қолган Зафар ўғлим “Дада нима қиляпсиз”, деб хавотирланган. Аллоҳга минг шукр, тез орада давлатимиз раҳбаридан “Сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ, йўлингиз очиқ”, — деган мазмунда жавоб хати олдим. Ўша куни инсон қадр-қиммати, эъзози барқарор бўлаётган юртнинг адолатли Юртбошиси борлигига шукурлар қилдим”.

Ҳақиқатан, кўп ўтмай “Севимли” телеканали орқали “Эслаб, эслаб” кўрсатувининг навбатдаги сонларидан бири Ахбор Имомхўжаевнинг ибратли ҳаёти ва залворли меҳнат фаолиятига бағишланди. Режиссёр Баҳром Юсупов, муҳаррир Муҳаббат Ҳамроева, бош­ловчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев, Ўзбекистон, Тожикистон Халқ артисти Шерали Жўраев, оғир атлетика бўйича олимпиада чемпиони Эркин Каримов, собиқ “Пахтакор”чи Ахрил Иноятов ва бошқа кўплаб элда ардоқли инсонлар устоз мураббийга бўлган меҳрларини хизматда, сўзда ифода этдилар.

Дарҳақиқат, Ахбор Имомхўжаевнинг бирор куни беиз кечмаган: Ҳар гал Ўзбекистон миллий, олимпия, турли ёшдаги терма жамоалар ўйини ҳақида гап очилганда миллий чемпионатимиз савиясини янада юксалтириш ҳақида жўшиб сўзларди; “Насаф” ПФК даги шарт-шароитлар, “Бунёдкор” ПФКдаги қулайликлар ҳақида тўхталиб, “Пахтакор” азалдан халқ жамоаси бўлган. У ўз шон-шуҳратини ҳеч бир нарсага алмаштирмаслиги керак, дея оталарча дил сўзларини изҳор этарди. Шарҳловчилик ҳақида мамнуният билан сўзлар экан, қадрдон ҳамкасби Роман Турпишевнинг хотирасини алоҳида ҳурмат билан эсларди. Мус­тақиллик йилларида шарҳловчиликка кўп­лаб ёшлар кириб келганлигини фахр билан таъкидлар, бу борадаги камчилик ва нуқсонларга бефарқ эмасди. Энг аввало, шарҳловчи футбол билимдони бўлиши, соф ўзбек тилида ҳар бир сўзни бурро-бурро ифодалаши, кўпроқ бошқа маълумотларга чекинмасдан ўйин ҳақида, унинг тафсилотлари тўғрисида, тингловчи, томошабинга эркин сўзлаб беришини маслаҳат берарди. Қарши шаҳридаги Марказий стадионда бўлиб ўтган ўйин­ларни ҳам бевосита аренанинг ўзидан кузатиб, сухандонлик бўйича ҳам қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирарди. “Қадрдоним, — деб қолди бир гал ўйиндан сўнг. — Сиз голни бирдан эълон қилманг, чунки томошабин шовқин-сурони тинмаган бўлади. Мухлислар сизнинг сўзингизни англаб ололмайди. Тўп майдон марказига қўйилгач, гол муаллифини айтсангиз, стадионда ишқибозлар кайфиятига яна бир кўтаринкилик қўшган бўласиз. Яна бу гапимни кўнглингизга оғир олманг…

Ахбор ака оиласи билан дўстлигимиз ХХ асрнинг олтмишинчи йилларидан бошланган. Саъдулла акам (охиратлари обод бўлсин)нинг тиббиёт илмидаги устозларидан бири Абдулла Абдуазимов Ахбор аканинг турмуш ўртоғлари Фаридахон ая (охиратлари обод бўлсин)нинг падари бузрукворлари Қарши тумани Дашт қишлоғидаги ота уйимизда меҳмон бўлган. Ҳатто отам билан бирга Қарши, Шаҳрисабз, Бухоро шаҳарларига саёҳат ҳам қилишган. Ахбор ака ҳар гал вилоятда бўлганида у киши билан ижодий учрашувлар ўтказиш анъанага айланиб қолганди. Қарши педагогика билим юрти, Қарши туманидаги 7-ўрта мактабда бўлиб ўтган жонли мулоқотларни ҳали-ҳамон кўп сонли мухлислар соғиниб эслашади. Тўйми ёки бирон-бир маърака бўлсин “Яхши кунга етишиш осон эмас”, “Бир-биримизга елкадош­лик — бурчимиз”, деб таклифни бажонидил қабул қиларди.

…Жорий йилнинг 30 май куни кеч оқшомда Ахбор аканинг вафоти ҳақидаги машъум хабарни эшитиб қалб ларзага келди. “Насаф” ПФК клуби бош директори Алишер Юсупов   билан дарров йўлга отландик. Тонг отмай Тошкентга етиб бордик. А. Имомхўжаев хонадонида барча ғамгин кайфиятда. Фарзандлар таъзия қабул қилишаркан, кўнгил сўраганларга миннатдорлик билдиришарди. Кўнгил сўраганлар шу қадар кўп эдики, уларнинг бари Ахбор Имомхўжаевни чин дилдан ҳурмат қилиши яққол сезилиб турарди…

Ўзбек футбол шарҳловчилиги мактаби асосчиси, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Шуҳрат” медали соҳиби, республика тоифасидаги ҳакам Ахбор Имомхўжаевнинг бугун орамизда йўқлигига ҳозир ҳам ишонгим келмайди. Футбол ўйинига кўзим тушдими, у кишининг оҳанрабо овози эшитилгандай бўлаверади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 10 =