Абдулла Ориповнинг “эгизаги” ёхуд шоир ҳақида сўз
Гелди Бердиев билан биз тенгдошлар эдик. Руҳиятимиз бир-биримизга ниҳоятда яқин бўлса керакки, у билан дардлаша туриб, шоирнинг бетакрор сийратида эгизагимни кўргандай бўлардим…
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
… Демангиз дунёнинг ташвиши қолиб,
Ўзини ҳар ёнга уради шоир.
Тоғдай оғир юкни кифтига олиб,
Қушдай енгил бўлиб юради шоир.
Ҳар сафар машҳур шоиримнинг ушбу тўртлигини ўқисам, ижод дунёсининг чексиз уфқлари, сир-синоатлари, сўзнинг, қаламнинг залворли юки, азоб-изтиробларини англагандай бўламан. “Шеър – гоҳида ҳайқириқ, гоҳида ҳайрат, дард ва исмсиз муҳаббатга топинади”, – дейди руҳият куйчиси Ўлжас Сулаймонов.
Гелди Бердиев…
Эшитган чиқарсиз балки бу номни азиз замондошим. Афсонавий аллома Абдулла Орипов ўзининг қадрдон дўсти, туғма истеъдод соҳиби ҳақида “шоирнинг бетакрор сийратида эгизагимни кўргандай бўлардим” дея бежиз самимий эътироф этмаганига амин бўласиз унинг шеърларини ўқисангиз.
Келинг, қисқагина таржимаи ҳолини ўқийлик: Гелди Бердиев 1942 йил 10 августда Ғузор туманидаги Тошгузар қишлоғида оддий темирйўлчи оиласида дунёга келди. Унинг болалиги ва ўсмирлиги шу гўшада кечди. Қишлоқда мактаб бўлмаганлиги сабабли, у қўшни Чугуртма қишлоғидаги Муқимий номли (ҳозирги 31-сонли) мактабда бошланғич маълумотни, 8, 10-синфларни эса ҳозирги 2-сонли мактабда олиб 1960 йил мактабни аъло баҳоларга тугатди. 1960-1965 йилларда эса Қарши давлат педагогика институти (ҳозирги Қарши давлат университети)нинг педагогика факультети мусиқа бўлимида таҳсил олди. Олий даргоҳни тугатгач, дастлаб тумандаги Д.Тўхтаев (ҳозирги 4-сонли) номли мактабда мусиқа ва адабиёт фанидан ўқувчиларга дарс бера бошлади. Кейин бир муддат шаҳар маданият уйида директор бўлиб ишлади. 1969 йилдан бошлаб Қарши шаҳридаги 10-сонли мактабда ўқитувчи, 1972-1976 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлимида, 1977 йилда Самарқанд вилоят радиосида катта муҳаррир, 1978 йилда “Қаршиқурилиш” бошқармасида рассомчилик қилди. Умрининг сўнгги йилларида Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида адабий эмакдош бўлиб ишлади…
Санаб ўтилган асов йиллар оралиғида Гелди Бердиев қай манзилларга бош урди, тақдир аталмиш тегирмон катта истеъдод соҳибини ўз чархпалагида неча бор айлантирди, у ёғи Оллоҳга аён. Не бўлганда ҳам шоир қаламу мўйқаламига содиқ қолди. Айтишларича, Гелди ака бениҳоя маҳоратли уста рассом ҳам бўлган экан. Минг афсуски, унинг ҳали чоп этилмаган ва топилмаган юзлаб бадиий асарлари – қўлёзма ҳолидаги шеърлари, достону драмалари каби чизган тасвирий санъат намуналари ҳам қай бир бурчакларда қолиб кетди…
Гелди Бердиев шеъриятини таҳлил қилсангиз довруғли қаламкашлар эътироф этган ҳайрат дунёсига рўбарў бўласиз. Сатрлар гоҳ нурланади, гоҳ аламнок тусга киради. Бетакрор мушоҳадаларда некбин туйғуларнинг руҳиятга қоришиқ чизгиларини илғай бошлайсиз.
Айтиб беринг менга бир эртак,
Унда булбул гул билан юрсин.
Менга шундай бир эртак керак,
Уни жаннат тушида кўрсин.
Оҳу унда қўрқув билмасин,
Боғлар поймол бўлмасин асло.
Инсонлардан инсон кулмасин,
Рўё нима билмасин дунё…
Шоир ўз оламини ўтли нигоҳ билан сатрларга кўчиради. Бир қарашда сокин, бир қарашда дарду аламларга тўла дунёнинг ғаройиб чизгилари улар. Гелди Бердиевнинг мураккаб ва зиддиятли ҳаёт йўли, ижоди деярли тадқиқ этилмаган. Ора-сирада ёзилган узуқ-юлуқ мақолалардан бўлак бошқа кўзга илинарли таҳлилий муносабатни учратмадик (Фақат шоир Норқобил Жалилнинг 2009 йил 6 августда “Оила ва жамият” газетасида босилиб чиққан “Шарифнинг шоир отаси” деб номланган мақоласини айтмаганда).
2011 йили шоирнинг “Турналар ортидан учиб кетайин” деб номланган сайланма китоби раҳматли таржимон, зукко адабиётшунос Низом Комил таҳрири остида Тошкентдаги “Тамаддун” нашриётида чоп этилди. Китобга ёзган сўзбошида Абдулла Орипов шундай ёзади: “Ажабо, қисматни қарангки, турмуш зарбаларини ҳам иккимиз баб-баравар тотдик. Афсуски, соддафеъл, ишонувчан, самимий одамлар ҳар доим ҳам тақдир найрангларига бардош бера олмайдилар, улар кўпинча ҳимоясиз қоладилар. Шу маънода ҳаётдаги турли чигалликлар, ҳасад, ғийбат ва ғирромликлар Гелдини енгди ва охир оқибат у айни ижоди гуллаб-яшнаётган палла – 44 ёшида бу дунёни тарк этди.
Дарҳақиқат, мен билан бир пайтда шеърият майдонига кириб келган ва баҳоли қудрат ўз сўзини айтишга улгура олган қадрдоним Гелди Бердиевнинг ижоди худди сумалак каби ҳали қайнаб, тиниқиш ва тобига келиш жараёнида эди…”
Бошқа изоҳга эса ҳожат йўқ.
Яна ўтмишга қайтамиз: Гелди Бердиевнинг илк шеърлари 1965 йилдан бошлаб маҳаллий ва республика нашрларида чоп этилган. Илк шеърий рисоласи “Биринчи қор” номи билан Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп этилади. Китоб мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Шеърият оламига ташрифининг дастлабки нишонаси ҳақида севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Биринчи қор” шеърхон қалбига совуқлик эмас, ҳарорат ҳадя этиб ҳеч қачон эриб кетмаганлиги ҳақидаги эътирофи Гелди Бердиев ижодига берилган муносиб баҳо эди. 1982 йилда шоир жами икки юзга яқин шеърларни ўз ичига олган “Қайлардасан, овозим?” тўпламини китоб ҳолига келтириш учун тайёрлади. Аммо бу тўплам номаълум сабабларга кўра ўз даврининг тўсиқларига дуч келиб, қўлёзма ҳолида қолиб кетди. Фақатгина мустақилликнинг дастлабки йилларида, яъни 1992 йилда ушбу тўплам “Насаф” нашриётида чоп этилди. Ва ўша йилларда бетакрор ижодкорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм яратилди…
Гелди Бердиев серқирра ижод соҳиби эди. Нафақат шоир, рассом, драматург, таржимон балки юксак дидли адабиётшунос ва санъатшунос ҳам бўлган.
Севимли шоиримиз ҳаёт бўлганида бу йил 80 ёшни қарши олган бўларди. Шоирнинг ортида ўзидай ёвқур, оловқалб, руҳиятидай тоза, хазон бўлмас боғ – катта адабий бойликлар қолди.
– Ўғлим, менга шеъринг керакмас,
Умринг менга керак болажон!
– Ишонганим шеър-ку, тўхта, бас,
Менга шеърим керак, онажон!
Шоир ижодидаги абадиятга дахлдор тирикликнинг сир-синоатини излайман ва уларни ҳали ўз тадқиқотчиларини кутаётган дардчил, сеҳрли шеърларидан топгандай ҳам бўламан. Жуссасига сиғмаган аламли армонлар, сўроқлар, турналарга, тонгга, шафақларга ҳар сафар қайтадиган баҳорларга топиниш бор уларда.
Чўққи сафаридан қўрқмасман бироқ,
Мен унинг йўлида якка-ю ёлғиз.
Бу йўлда кўпларнинг сўнгаклари оқ,
Мен йўлга чиққанман кетмасман беиз…
Шоирнинг “Куз” шеърини ўқиб, яна маъюс хаёллар, инсон умрининг шамолларига, шоир севган турналарнинг сир-синоатли учишларига, муҳаббатнинг армонга қоришиқ дардларига рўбару бўласиз.
Борми, деб баҳордан сўнгги нишона,
Хазон титкилайди шамол лол ҳайрон.
Сўнгсиз ўйларига ғарқ бўлиб яна,
Боғ кезиб юрибди умри куз инсон.
Шоирнинг бахт, айрилиқ, соғинч, армон тўла сатрлари ҳам ўз қаҳрамонини кўз олдимизда яққол гавдалантириб беради. Унинг шеърларида шоирнинг ўзини кўрасиз. Гоҳ жўшқин, гоҳ синиқ. Улкан истеъдод эгаси бўлган шоирнинг умр чироғини ёқиб келаётган фарзандларидан бири, адабиёт ва шеърият муҳиби Шариф Тўраев раҳматли падари бузруквори Гелди Бердиев ҳаёти, ижодига оид ўлмас хотираларини рамзий маънода унинг ушбу тўртлигига боғлайди:
Тиғларга тутаман ўзни гоҳида,
Тунлари уйғониб кетаман бехос.
Армоним биттадир Ўзбекистонни,
Ишончли қўлларда кўриб ўлсам, бас!
Замира МАМАТҚУЛОВА