Бобомни эслаб…

31 август – Қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш куни

 

1938 йил, 16 январь, изғирин. Қирчиллама қиш, атроф оқлик билан қопланган, дарахтларнинг шохи қорнинг залворидан эгилган. Наманган туманидаги Шўрқўрғон қишлоғининг зиёли ва обрўли оилаларидан бири саналган мулла Мамажоннинг тотув оиласи кечки дастурхон атрофида жамланган, хонадон аъзолари кундузги бажарилган ишлари ҳақида секин-секин гап­лашиб тамадди қилишарди.

Мулла Мамажон аста чой ҳўплар экан, турмуш ўртоғи Ҳуртожидан бугунги дарс жараёнлари ҳақида сўради.

— Дуруст, қизлар яхши ўзлаштиришяпти, қизиқишлари ҳам тузук. Сўфи Оллоёрдан ва Бобораҳим Машрабдан ёд олишлари лозим бўлган ғазалларни ёдлаб, дафтарларига кўчириб келишибди. Пешқадамларига раҳмат айтиб, қийналаётганларига ёрдамлашдим. Аммо сиз йўғингиздаги ўғил болаларнинг тўполони эсимни йўқотди. Муҳаммадкарим иккимиз зўрға тинчлантирдик.

— Ҳа, энди онаси, ҳозир уларнинг шўхлик пайти. Ерга урсанг, осмонга сапчийди. Китобга шунчалик эгилиб, Аллоҳнинг каломини ўрганаётганига шукур.

Уларнинг суҳбатига қулоқ солиб ўтирган икки ўғилнинг кенжаси, кичкина Турғунбой дарвоза тақиллаётганини айт­ганида суҳбат узилди. Мулла Мамажон эшик қоққанларга пешвоз чиқиш учун дарвозага йўналди. Бундай бемаҳал йўқловлар ва қўпол муомалага хийла кўниккан бўлишига қарамасдан юраги бироз увишди, хавотирга тушди.

Эшик очилганида эса қора машина ва икки нусхани кўрди. Улар дарҳол ўзларини ичкарига уришди. Бири чўнтагидан ҳужжат чиқариб кўрсатди ва НКВД ходимлари эканликларини, тинтув учун ордерлари борлигини айтишди. Уй ичига бостириб киришганида хонадон аҳли саросимага тушди ва бир бурчакка бориб турдилар. Уй обдон ағдар-тўнтар қилинди, синчиклаб текширилди.

Кишилардан бири эшик тепасидаги кўз илғамас пиромондан кичкина Қуръон китобини топиб олди ва уни шеригига узатаётиб, мулла Мамажонга кескин нигоҳ билан боқди.

—Сизни қамоққа олишимиз учун шу китоб кифоя. Тез кийининг, биз билан кетасиз.

Ҳали ҳам нима содир бўлаётганини англолмай турган 12 ёшли Турғунбой ва отасининг бир неча марта қамалиб чиқишига “кўникиб” кетган 22 ёшли Нажмиддин, умр йўлдошининг бошига яна балолар ёғилишини кўнгли сезиб, кўзлари жиққа ёшга тўлган Ҳуртожининг кўз ўнгида мулла Мамажонни қора машинага солиб олиб кетишди.

Бу машъум ҳодиса қатағон йилларида ўзбек зиёлиларининг деярли ҳар бири бошидан аёвсиз босиб ўтган “қатағон машина”сининг оғир ғилдираклари овозидан чиққан унсизгина сас, холос. Бизнинг тасаввуримизда шу каби ўтмиш воқеаларини жонлантириб сўзлаб берадиган 82 ёшли ҳожи онамнинг сўзлашича, бобомиз шу бўйи қайтмаганлар. Қишлоқнинг кўзга кўринган маърифатпарварларининг эзгу ишларни нотўғри талқин қилиб, иғво ва туҳматлар билан қаматган кимсалар яна бу оилани талай бошлашган. “Сиз аёл бошингиз билан эрингизга овқат ёки кийим олиб борманг, барибир киритишмайди. Биз у ерларни яхши биламиз, элтиб берамиз, тинч ва соғ эканлигингизни айтамиз”. Шу сўзлар билан бечора аёлдан бир неча марта овқат ва кийим-кечак олиб кетишган, лекин етказилгани эса номаълум.

Мен педагоглик фаолиятим давомида қатағон қурбонлари бўлган шоир, ёзувчиларимиз, ўқимишли инсонлар тўғрисидаги маълумотларни ўқувчиларга етказар, шу аснода бобомиз хусусидаги бир-биридан мунгли ҳикоялар хаёлимда тикланарди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5598-сонли фармойиши бобомнинг биз учун қоронғи бўлган хотималарини билиш, азиз номини ёд этиш ния­тимизни яна ҳам мустаҳкамлади, кўнглимизга ғайрат инди.

Мен журналист Орифжон Жўраевдан мулло бобомизга оид архив материалларини топишда ёрдам беришини сўрадим. Орадан бир кун ўтмасдан у каминага “Ўзбекистон” телеканали тарихий кўрсатувлар муҳаррири Баҳриддин Қўшмоновнинг телефон рақамини жўнатди. У киши эса айнан қатағон қурбонлари ҳаёти билан яқиндан иш олиб бораётган, кўплаб айбсиз айбдорларнинг ишларини чуқур ўрганаётган ва суд орқали оқланишига эришаётган жонкуяр инсон, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи илмий ходими, тарих фанлари бў­йича фалсафа доктори Баҳромжон Ирзаев билан боғланишим учун кўмаклашди. Баҳромжон билан телефонда гаплашганимиздан сўнг қисқа фурсатда у киши архивга кириб, бобомизнинг “дело”сини қидириб, эринмасдан бизга қимматли маълумотларни юборди.

Бобомиз кўпчилик қатори ўлимидан кейин оқланган ва 1979-1980 йилларда “Наманганская правда” газетасида рўйхатлари босилган. Ҳеч қандай “халқ душмани” эмасликлари эълон қилинган бўлса-да, изланиш умиди алангаланди, охиригача бориш режасини дилимизга туккандик. Ишонасизми, мулло аждодимиз архив эшигидан тирик ҳолда чиққандай туюлди. Ўша кунги шодлигимизнинг чегараси йўқ эди. Саксон ёшни қоралаган онамнинг қалби таскин топди, муҳим миссияни муваффақиятли якунлаган элчи мисол ўзимни енгил ва хотиржам ҳис қилдим.

Архив материалларида шундай жумлалар ёзилган экан: “Раҳмонов Мамажон Наманган вилояти Шўрқўрғон қишлоғида 1888 йилда туғилган. Қўқон мадрасаларидан бирида ўқиб, масжид имомлиги ва деҳқончилик билан шуғулланган. 1931 йилда унинг хусусий ерлари тортиб олиниб, 3 йилга қулоқлар совхозига жўнатилади. 1935 йил қишлоққа қайтган мулла Мамажон колхозга ишга киради. 1938 йил 16 январь куни “собиқ қулоқ”,   колхозчилар орасида аксилинқилобий ташвиқот юритган сингари айбловлар билан қамоққа олинади. 1938 йил 17 январь санасида берилган ордер асосида қамоққа олинган.

1938 йил 17 январь куни имзолатилган ягона сўроқ баённомасидан яна шу нарса англашиладики, мулла Мамажон Раҳмонов пахта терими вақтида Идрис пайғамбар қабрини зиёрат қилишга борган, шунингдек, айрим маълунларнинг у колхозчилар орасида “Кофирлар муқаддас динимизни оёқости қилиб, қадамжоларимизни таҳқирламоқда, деди”, деган чақуви ҳам унинг маҳв этилишига баҳона бўлган. 1938 йил 21 январь куни чиқарилган қарорда мулла Мамажон Раҳмоновга қўйилган айб­ловларнинг бирортаси ўз исботини топмаган бўлса-да, уни айбдор деб эълон қилинади. 1938 йил 17 февраль куни “учлик” уни олий жазога ҳукм этади. 1938 йил 15 март куни мулла Муҳаммаджон Абдураҳмоновнинг ҳукм қарори Намангандаги махсус объектда соат 24:00 да ижро этилгани ҳужжатлаштирилган…”.

Архив ҳужжатидан олинган маълумотлар билан танишарканмиз, бир нарсага ажабландим. “Иш”нинг бошида Раҳмонов Мамажон деб ёзилган инсон охирида мулла Муҳаммаджон Абдураҳмонов дея келтирилган. Суюнганим, бобомиз бир умр ўз динига, қалбига, эътиқодига, иймонига содиқ қолган. Умри жувонмарг қилинишига ақли етса ҳам ҳеч нарсадан ҳайиқмай, дўппидек қишлоғининг болаларини диний билим олишларига эътибор берган, ўз уйида мактаб очиб, илк бошланғич сабоқларни ўргатган.

Совет тузуми даврида давлат идораларида иш юритган ўзбек миллатининг чиройли исмларини қўли ҳам, тили ҳам келишмай, нотўғри ва кулгили тарзда қоғозга муҳрлаб гувоҳномалар тўлдирган кимсалар устидан кулиб (бошига ўлим соя солиб турса ҳам) бир умр орзу қилган исми ва отасининг исмини тўғри ва чиройли тарзда шу архив ҳужжатига тиркалишини сўраган бобомизнинг руҳлари шод бўлсин, илоҳим. Қатағон қурбонлари хотирасини тиклашдек улуғ ва заҳматли ишга бош қўшаётганларга эса саломатлик ва ҳаловат ёр бўлсин.

Дилором СОТИБОЛДИЕВА,

фахрий педагог, шоира.

Наманган тумани

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 15 =