Тафаккур мергани

Тошкентнинг Мерганча маҳалласида туғилган тафаккур мергани Абдулла Авлоний унинг ижодини кузатиб, адиб яратган асарлар чин истеъдод меваси эканига имоним комил бўлди. Ёзувчининг сермаҳсул фаолияти мобайнида яратилган энг эътиборга молик ва менда ҳам мутолаага юксак қизиқиш ва иштиёқ уйғотган ижод маҳсули “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асари бўлди.

“Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдиғимиз каби араблар Арабистонларини, қумлик, иссиқ чўлларини, эскимўслар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб, ҳижрат қилурлар эди. Боболаримиз: “Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл, — демишлар”, — дейди адиб ўз асарида. Муаллиф ҳар бир фикрини мисоллар билан, тушунарли тарзда асослашга ҳаракат қилади. Шунинг­дек, юқорида айтилган фикрининг давоми сифатида шундай тамсилни келтиради: “Айрим кишилар ўз ҳовли-жойларини, мол-мулкларини сотиб, Маккага зиёратга борадурлар. Ҳатто шуларнинг ҳам аксари яна ўз ватанларига қайтиб келадур. Бунинг сабаби, яъни буларни тортиб кетургон қувват – ўз ватанлари тупроқларининг меҳр-у муҳаб­бати”.

Ҳа, Авлоний бобомиз ҳақиқий юртпарвар эди. Айтиш жоизки, у ўз халқини саводли қилиш, миллатдош­ларига тафаккур улашиш мақсадида, 1904 йилда Мирободда усули жадид мактабини очади. 1907 йилда эса ўз ҳовлисида “Шуҳрат” газетасини чиқара бошлайди. Газетанинг йўли аён бўлиши билан унга эргашувчилардан кўра, қарши фикрлилар — душманлар кўпаяди. Натижада, 10-сони чиқиб, газета   ёпилади. Бу каби (бундан-да ёмонроқлари ҳам бўлгани табиий) ноҳақликларга кўп бор дуч келган Авлоний ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтамайди. Халқнинг кўзини очиш, қайсидир маънода, халқни ҳам инсофга чорлаш, эзгу йўлга ундаш, тафаккурли, саводхон, илмли бўлишга йўналтириш каби масалаларда асарлар яратишда давом этаверади.

Шу ўринда, яна бир қанча адиб қўл урган масалалар ҳақида айтишни истардим. Жумладан, хасислик иллати борасида, муаллифнинг ўз анъанасидан узоқлашмаган ҳолда, содда тил, юқори салоҳият, аниқ ифода ва деталлар ёрдамида мисоллар билан ёзган жумлаларига эътибор қаратайлик: “Ипак қуртининг тақдирини кўз олдингизга келтуринг. У пилла ичида ўралуб, ҳаётини маҳв этар. Қанчалар машаққат билан ҳосил бўлган ипак бошқаларға насиб бўлар. Умрини мол-дунё ҳирси билан ўтказгон инсонлар тақдири ҳам худди шундай”, — дейди Авлоний.

Адоватни эса қуйидагича тушунтиради: “Шундай бир иллат бор, темирдаги зангга ўхшайди. Занг темирни еб ишдан чиқарғанидек, у ҳам қалбни изтиробга солади, сўнг барбод этади. Бу адоватдир. Бу дарахтдан фақат хусумат мевалари етишади. Оқил инсонлар уни вақтида кесиб ташлаб, меҳр, дўстлик новдаларини улайдилар ва ундан муҳаббат, улфат мевасини олишга муваффақ бўладилар”. Шунингдек, ёзувчи намимат-чақимчилик, ғийбат, ҳасад, кизб-ёлғончилик, нифоқ-у иккиюзламачилик ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталади ва уларнинг инсонлар ҳаё­тидаги зарарини атрофлича кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Ғийбатчи ва чақимчи кишиларни эса Авлоний бузоқбошига ўхшатади. Бузоқбоши дарахт илдизини кемириб қуритгани каби чақимчи ва ғийбатчилар ҳам кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни емирадилар.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Донишмандлардан бири айтганидек, мол ва ашё ўғриларидан кўра, кўпроқ одамлар орасидан дўстлик, улфат, муҳаббатни ўғирлайдиган одамлардан сақланмоқ лозим. Мана шундай ғийбатчиликлар оқибатининг таҳлили эса қуйидагича: “Инсон бошқа гуноҳларни нафснинг лаззати учун қиладур. Аммо ғийбат соҳиби лаззат ўрнига ўз бошига ёки бир бош­­қа кишининг бошига бало ҳозирлайдур. Чунки сўз боруб, ғийбат қилинмиш кишининг қулоғига етар. Ғазаб қони ҳаракатга кирар. Ғийбатчидан ўч олмак фурсатини пойлар. Шундай қилуб, ғийбат соясида икки мусулмон орасига зўр душманлик тушар. Охири ўлумгача боруб тиралур. Шул тариқа, ғийбатдан туғулгон адоват чўзулмоқға оид бўлуб, душманлик зўраюб, ўз ароларидаги хусусий жанжаллар ила азиз умрларини оздируб, умумий халқ фойдаси учун ишланадурғон миллий ишлардан маҳрум бўлмаклариға сабаб бўлурлар”.

Мана, Абдулла Авлоний фикрининг теранлиги-ю, қаламининг ўткирлиги. Бежизга, “Тафаккур мергани” — дея мурожаат қилинмайди адибга. Ҳақиқатдан-да, ул зот — теран фикр ва чин истеъдод соҳиби эди. Шундай улуғ аждодларимизнинг борлиги — биз учун фахр!

Ниҳола АБДУВОҲИДОВА,

ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация

факультети 1-босқич талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − thirteen =