У шундай аёл

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси, узоқ йиллар республика ра­диоси, телерадиокомпанияларида фаолият олиб   борган Ҳафизахон Ҳайитметовани “нафақадаги журналист” дегим келмайди. Чунки у матбуотда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам жуда фаол. Кейинги йилларнинг ўзида “Саодат” журнали, “XXI аср” газеталарида бир қанча долзарб мавзудаги мақолалари чоп этилди. “Дунё ичра дунё­ларим”, “Қалбим хазинаси” каби китоблари нашрдан чиқди.

“Ҳафиза Ҳайитметова” телеграмм каналида эса ҳаётий кузатишлари асосида тасвирга олинган видеоролик­ларини мунтазам равишда   қўйиб борадилар. Бу видеороликларнинг ҳар биттасида бугун жамиятда юзага келган, келаётган оилавий муаммоларга ечим бўладиган ҳаётий сабоқлар бор. Гапим исботсиз бўлиб қолмаслиги учун биттасининг мазмунини эътиборингизга ҳавола қиламан…

… Онаси узатилаётган қизига:

– Сенга яхши ният билан қилганим мана бу чинни буюмлар, духоба кўрпачаларни кимларгадир ўхшаб, тахмонда чиритиб, жавонга қамаб ўтирма. Қайнона, қайнотангнинг по­йига сол, дастурхонга қўйиб, дуо ол! – дея тайинлайди.

Аммо тўй эртаси келинчак билан қолган янга – хола:

– Опам айтаверади, асраб, авайласанг, сенинг ўзинг қолиб, болаларингга ҳам хизмат қилади, – деб тайинлайди. Келинчак холасига гап қайтармайди-ю, аммо холаси кетгач, сўридаги уринган кўрпачаларни йиғиб, янгиларини – ўзиникини солади, идишларни дастурхонга қўяди.

– Вой, қизим, нима қиляпсиз? – дея қайнонаси хижолат бўлса, келинчак:

– Онам бу духоба кўрпачалар, чинни идишларнинг энг сарасини Сизларга деб қилганлар, бермасам, хафа бўлади, – дейди. Қайнонаси роса дуо қилади…

Ҳа, бир қарашда оддийгина воқеа. Лекин аҳамият берилса, “сеники, меники”нинг орқасидан, сеп-сидирғанинг орқасидан қанча жанжаллар бўлади, оилаларга дарз тушади.

Ҳафиза опа доим эл ичида юрганлиги учун бундай воқеаларни   яхши билади ва юқумли, ширани тил билан етказиб беришни билади. Фақат бугун эмас, унинг заҳмат, фидойилик билан қадамлаб ўтган йўлларида айтган, ёзган сўзларининг кўпларга фойдаси теккани, шубҳасиз.

Ўзбекистон радиосидаги 27 йиллик фаолияти давомида эфирга узатилган “Она тилим онадай азиз”, “Бола кўнгли онада”, “Садоқат”, “Тарихни ўрганамиз”, “Ҳикматлар хазинаси” каби эшиттиришлари бир неча авлод болаларига тарбиячилик қилгани бор гап. Ҳафиза Ҳайитметова ҳар эрталаб болалар орзиқиб кутадиган “Келажак тонги” эшиттиришига лавҳалар тайёрлар экан, респуб­ликамизнинг, деярли, барча шаҳар қишлоқларини кезиб чиқади. Шундай вақтларнинг бирида кеч кузда қоронғу тушганда пахта далаларида совуқда титраб кўсак тераётган болаларга дуч келади. Улар билан савол-жавобини тасмага муҳрлайди. Сафардан қайтгач, бу довюракроқ бир журналистнинг мулоҳазали эшиттиришида эфирга қўйиб юборилади. Бугунги кунда – болалар меҳнатлардан тўла озод этилган, бу озодлик халқаро миқёсларда ниҳоятда баланд баҳоланаётган пайтда бу журналистнинг одатий иши бўлиб кўриниши мумкин, лекин саксонинчи йиллар учун бу жасорат эди. Кейинчалик бу эфир учун эшиттириш муаллифи ҳам, лавҳа тайёрловчи журналист ҳам бир неча жойда тик туриб жавоб беришга тўғри келган. Лекин Ҳафиза Ҳа­йитметова бу сўроқ- саволлардан ҳайиқмади. Унча-мунча журналист ўша пайтларда юрак ютиб сўз оча олмайдиган Афғонис­тон мавзусини ҳам четлаб ўтмади. Унинг эшиттиришларида бу адолатсиз уруш қурбонлари оналари, беваларининг дод-фарёдлари пастроқ овозда бўлса-да, эшитилди. Газлидаги зилзила, Арманистондаги зилзила… Журналист ҳудудлардаги қайноқ нуқталарга бориб, эшиттиришлар тайёрларди, силлиқликдан, бир текисликдан қочарди.

1997 йилда Ҳафиза Ҳайитметова Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг болалар ва ўсмирлар муҳарририятида раҳбар сифатида иш бошлади. “Алпомишлар ғолиб”, “Бир сиқим тупроқ”… У тайёрлаган кўрсатувларнинг номидан ҳам маълум: бу кўрсатувларнинг руҳи – жанговар, мардона, мавзуси – ватанпарварлик…

Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг: “Шунчаки шеър ёзмоқ шоирга ўлим” деган машҳур сатрларини биламиз. Ҳафиза Ҳа­йитметова ҳам ҳеч бир мавзуга шунчаки ёндошмайди, сўзлар, воқеалар орасидан куюнчак юраги кўриниб туради. Журналист аслида табиатан ҳам шундай: ҳеч ким, ҳеч нарсага бефарқ эмас. Ҳафиза Ҳайитметова юртимизнинг илм-фан фидойилари ҳақида ҳикоя қилувчи “Умр ҳикматлари” туркум кўрсатувлари, Ўзбекис­тон Қаҳрамонлари Зикир Муҳаммаджонов тўғрисидаги “Саҳнамиз сардори”, Хивадаги   Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак   ҳақидаги “Она” кўрсатувлари МТРК нинг олтин фондидан жой олган, турли саналар муносабати билан такрор-такрор эфирга узатилади. Шахсий ҳаётини кузатсангиз ҳам қойил қоласиз, ҳам ҳайратланасиз. Одатда биз ҳисоб-китоб асосида турмуш қурганларни “ўз манфаатини ўйлаб”, дея ёзғирамиз. Аммо Ҳафиза опанинг “ҳисоб-китоб”ли турмушида ҳам ибрат бор. Ҳафиза опа “Олимлар оиласида китоблар ичида яшайман”, дея навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметовнинг укаси билан оила қуришга рози бўлади. Дарҳақиқат, бу маърифатли оила Ҳафиза Ҳайитметованинг журналист сифатида камолга етиши учун ажойиб муҳит бўлди. Ҳафиза опа ҳам бу оила учун жуда катта фидойилик қилади. Тақдир Ҳайитметовлар оиласига муҳаб­бат, тафаккур, ҳурмат — ҳамма нарса берган эди, фақат уларнинг тўла бахти учун бир фарзанд керак эди. Ҳафиза опа тўнғич фарзанди Фарҳоджонни қайноғаси билан овсинига бергани уларнинг бахтини бутун қилади. Ўзи бу фидойиликдан сўнг олти йил фарзанд кўрмайди. Таниш-билишлар:

– Тўнғичингни берганинг Худога хуш келмади, – деб дилини оғритишса ҳам, опа сукут сақлади.

– Худодан умидимиз кўп, – деди ким нима деса ҳам.

Олти йилдан сўнг уч нафар фарзанд кўрди. Бугун уларнинг ҳаммаси олий маълумотли, ҳаммаси эл хизматида.

Мен “яхши”, “гўзал”, “ажойиб” сўзларини яхши кўрадиган, ҳар қандай суҳбатдошининг кўнглини қизиқарли ҳикоялари билан ёриштириб юборадиган бу аёл билан ҳар учрашувим ҳақида чиройли эсдаликлар ёзишим мумкин. Ҳозирча уларга ҳорманг, чарчаманг, ҳали қаламингизда сўз, қалбингизда қувват кўп, дегим келади.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 8 =