Журналистикани қисмат деб билган

Тошкентдан тахминан 60-70 километр шимолий-шарқда Турбат деган қишлоқ бор. Замона зайли билан Тошкентга келиб, “нон шаҳри”да муқим яшаб қолган турбатлик кексалар мана 20 йилдирки, “гап” баҳона бир ойда учрашиб туришади. “Гап” ташаб­бускорларининг кўпчилиги вафот этиб кетишди. Уларнинг ўрнига ёшлар келиб қўшилди. Айни дамда энг ёши каминаи камтарин. Даврамизда таниқли тележурналист Муҳаммаджон Раҳматов ҳам бор.

Ёши улуғ, тажрибали кишиларнинг суҳбатларини эшитиш нақадар ёқимли эканини ҳаммамиз яхши биламиз. “Гап” баҳонасида кексалар оғзидан қишлоғимиз одамлари ҳақида кўп­лаб маълумотларни оламиз, болалик, ёшлик хотиралари тикланади. Айниқса 30 га яқин мамлакатда бўлган, икки марта Ҳаж зиёратини (1998 йилда Сау­дия Арабистони Подшоҳининг шахсий меҳмони сифатида) адо этган Муҳаммаджон Раҳматовнинг хотираларига ҳавас қиламиз. Шундай инсон туғилган қишлоқдан эканлигимиздан фахрланамиз. Муҳаммаджон Раҳматов қишлоғимиздан етишиб чиққан Отабой Эшонов (юридик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган фан арбоби), Туроб Тўла (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекис­тон халқ шоири), Зоҳид Хақназаров (Ўзбекистон халқ артисти), Рихсивой Авазов (Ўзбекистон халқ артисти), Озод Акбаров (Ўзбекистон халқ ўқитувчиси), Жўра Исроилов (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист) каби   етук ва комил инсонлардан бири бўлиб, у муносиб хизматлари учун Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг Фахрий ёрлиғи (1991), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2002) ва “Дўстлик” ордени(2021) билан тақдирланган.

Муҳаммаджон ака 1952 йилнинг 8 январида таваллуд топди. 1969 йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини 1975 йили муваффақиятли битирди.

Инсонлар борки толе уларга ҳамиша кулиб боқади. Муҳаммаджон Раҳматов ана шундай одамлардан биридир. “Касбга муҳаббат улуғликка йўл”, деган гап бор. Касби, шу касбга фидойи­лиги туфайли камолатга эришди. У 1977 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекис­тон Миллий телерадиокомпанияси тизимида турли лавозимларда меҳнат қилиб келмоқда. Тележурналисткани ўз қисмати деб билди. Шу давр мобайнида “Ахборот” бош муҳарририяти муҳаррири, масъул муҳаррири, гуруҳ раҳбари, бош навбатчи муҳаррири, “Ахборот” бош муҳарририяти бош муҳаррири, директор лавозимларида фаолият юритди.

Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни ва аҳамияти бор. Машаққатли ва нони тошдек қаттиқ бўлган касблар орасида журналистика ҳам бор. Муҳаммаджон Раҳматовнинг турли жанрларда тайёрлаган кўрсатувлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Одамларни, ҳаётни билиш, воқеликни ҳаққоний тасвирлаш, телетомошабинларнинг дилидан жой олиш, ҳазилкам иш эмас. Бунинг   учун замон ва халқ олдидаги масъулиятини қалбдан ҳис қилиш керак бўлади.

Бугунги кунда кўплаб тележурналистлар Муҳаммаджон акани ўзларининг устози деб билишади. Бунга устоз­нинг ёш журналистларни ҳар томонлама етук бўлишлари учун кўрсатган жонбозлиги сабаб. У одамохун, хушмуо­мала, дўстларига меҳрибон инсон сифатида минглаб мухлислари қалбидан жой олган.

Вақт — оқар дарё. Оддий қишлоқнинг, оддий оиласида туғилиб, деярли бутун умрини телевидениега бағишлаган Муҳаммаджон Раҳматов қутлуғ ёшни қарши олмоқда.

Бир ҳамқишлоқ, бир ҳамкасб сифатида устозга узоқ-умр, ижодий баркамоллик ва омад тилашдан бахтиёрман.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 17 =