Сизнинг ой-йилларингиз сафарларда кечмишдир

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

(Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабовга)

 

Элу юртда мўътабар,

               машҳур ҳам ашраф бобо,

Тўқсон ёшга кирибсиз,

           Зокиржон Машраб бобо.

Тўқсон ёшким, бу салкам

          юз йил – бир аср демак,

Меҳнату заҳматлардан

             тикланган қаср демак.

Сизда Машраб бобонинг

             жунуни, жавлони бор,

Қирқ яшар Бобуршоҳнинг

           жўшган шиддат, қони бор.

Нечоғли шарафлидир

           умр кўрмоқ бошараф,

Шундай қутлуғ дамларга

           Сиз бўлмишсиз мушарраф.

Сиз кезган ўлкаларнинг

             ҳар қаричи жон қадар,

Андижондан то Кобул,

             Ҳирот, Ҳиндистон қадар.

Шомдан тортиб то Ироқ,

             Қашқардан Теҳронгача,

Маккатиллодан токи

               фарангу олмонгача.

Темур бобо қулочин

             кенг ёйгандай бу очун –

Термиздан Табризгача,

             Кўнёдан то Чин-Мочин.

Энасой бўйларию

             Олтойу ҳам Сибирдан,

Қизилқум чўлларию

             ҳам Саҳройи Кабирдан.

Иссиқкўл, Бойкўлларнинг

                   сувларига юз чайиб,

Баҳрайн тўлқинларига

             танга-тилло сўз чайиб,

Йўл юрса ҳам мўл юриб,

             роппа-роса тўқсон йил,

Кезиб манзил-баманзил,

             кириб кўнгилма-кўнгил –

Гоҳ афғон бобо бўлиб,

             гоҳ бўлиб араб бобо,

Тўқсон ёшга кирибсиз,

             Зокиржон Машраб бобо.

Ногаҳон Бобур Мирзо

             пайдо бўлсайди агар,

Аввал шоирона, сўнг

             шоҳона ташлаб назар,

Бир сайр этиб келган сўнг

                  Андижон гулзорини,

Сизга бергайди шаксиз

               ўз бедов тулпорини.

Ул зотнинг умри жангу

               жадалларда кечмишдир,

Сизнинг ой-йилларингиз

               сафарларда кечмишдир.

Ҳар мақбара, ҳар азиз

               мозорни обод айлаб,

Лутфий, Навоийларнинг

               руҳларини шод айлаб.

Сиз тавоф этган не-не

               азизу авлиёлар

Изингиздан йўлламиш

               дурудлару дуолар.

Сиз топиб кўзга суртган

             қўлёзмалар қаъридан

Али Яздий боболар

           боқар минг йил наридан.

– Меҳмонлар, – дейсиз, – Боғи

               Бобурни ҳам кўринглар…

Бунда тинмагай мангу

                 гангур-гунгур гурунглар.

Эйжи Мано жанобнинг

                 минг бир тавозуси бор,

Кўксида кўнгил деган

               нозик тарозуси бор.

Низомийнинг завқидан

                 огоҳ навкарни кўринг,

Озарбайжондан келган

                 Рамиз Аскарни кўринг.

Мулки Эрону Ажам,

                 Овро Осиё шунда,

Турк ҳам Туркиё шунда,

                 рус ҳам Русиё шунда.

Шундадир бор оламни

                 ўзбекча ўйлатганлар,

Бобурни олмонча ҳам

                 японча сўйлатганлар.

“Тарихи Рашидий” бу,

                 манов – “Бобур қомуси”,

Ўзбекнинг султонлари –

                 ўзбекнинг ор-номуси.

Боғишамолдан мангу

                 шамоллар эсаверар,

Бобурни эслаганлар –

               Сизни ҳам эслайверар.

Умр ўтди деб, оламга

               қарайдирсиз умидвор,

Замона қўрғонидай

               мустаҳкамсиз, устувор.

Эл-юртга хизмат қилган

               зотларга шараф, бобо,

Кўнгилни чўктирманг ҳеч,

               Зокиржон Машраб бобо.

Юз йилларча наридан,

               яна юз йил беридан,

Иқтибос айтсам агар

               устозларнинг шеъридан:

Бобур ҳазратларининг

             битган зўр насридайсиз,

Андижоннинг тўқсонга

             кирган йўлбарсидайсиз.

 

29.07.2022 й.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 11 =