Маҳмуд Тоир – халқ фарзанди

Халқ назарида санъатда маълум градация (даража) бўлади.

Мисол учун, Эркин Воҳид классик. Абдулла Ориф ҳам классик. ХХ ва ХХI аср ўзбек шеъриятининг классиклари. Улар теварагида мисол учун Рауф Парфидан тортиб Ҳалима Худойбердиевагача Ой атрофидаги юлдузлар. Ундан сўнг Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Азим Суюн алоҳида катта оқим. Кейин Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Муҳаммад Юсуф, Иқбол Мирзо, Мирзо Кенжабек халқ суйган ва тан олган бир гуруҳ истеъдодлар. Булар атрофларида жуда кўп юлдузлар, туркумлар жойлашган. Улар кундузи кўзга ташланавермайдилар, лекин кечаси Бешиктоғдан қарасангиз, кўзингиз қамашиб кетади. Мусаффо тоғ ҳавосида юлт-юлт балқиб турадилар.

Шулар оқимларида жуда ёрқин бўлиб кўзга ташланадиган Маҳмуд Тоир катта меҳнат-машаққатлар эвазига “Олимп”да ўз ўрнини қозонди ва ҳозир мана шу дамларда халққа суюкли бўлди… Халқ фарзанди бўлиб шеър айтди. Халқ ичида уни улуғлаб сўзлар айтиб келади ва нотиқ бўлиб танилди. Баъзан унинг шеър айтувда ўзига хослигини, нутқда оҳангларнинг барча пардаларидан моҳирона фойдаланиши ва ўзига магнитдай тортиб олишини Қодир Махсум, Ориф Алимахсумовларга ўхшатадилар. Бу ўхшатишларнинг ҳар бирида ҳақиқат навозишлари ҳам йўқ эмас. Аммо Маҳмуд Тоир ўзига хос ва ғоятда табиий. Чотқол тоғларининг йигити, Бешиктоғнинг йўлбарси, Қурамаларнинг гулдуроси, Оҳангароннинг кўзни қамаштирадиган   ёруғи айни шундай бўлса керак-да. Уни Ориф Одилхонов, Хайриддин Султон билан бирга алқашиб тоғ йигитлари дейишади. Ажиб фасоҳатли шоирамиз Шарифа Салимовада маликалардек малиҳлик зуҳур этса керакким, уни эркалаб тоғ қизи — Чотқол қизи деб суюшади. Уларнинг элга суюкли бўлишларида муболаға йўқ. Тошкент вилояти ўзи азим пойтахт билан эгиз, шунақанги гўзал диёрим деб шоирлар куйласалар, тарихи, азамат одамларини улуғласалар, арзийди-да.

Маҳмуд шоирнинг халқ орасида учқур сўзга айланиб кетган ажиб ҳикматлари жуда кўп. Менинг назаримга келсак, унинг ҳар бир шеъри, дардли лирик достонлари, ғазаллари, тўрт­ликлари, иккиликлари бари яхлит ва жарангдор ҳикмат шаклига кирган. Унинг беназир ҳикматлари Яссавий, Лутфий, Навоий, Атоий, Саккокий, Гадойидек мислсиз париваш шоирлар ҳикматларининг давоми. Маҳмуд шоир қолаверса, “Бедорларга беринг дунё­­ни” деб эл-юрт, истиқлолга машҳур ва манзур бўлди. Маҳмуд шоир доим чин айтади. Ва чин айтганда, доим ҳақиқий шоирлар каби айтганлари муболағасиз бўлмайди. Маҳмуд шоир бир чеккаси шоирадил онаси ва мутакаллим уста дурадгор отаси айтган, улардан эшитган ва олган ўгитларини шеър қилади. Отаси у ўсмир чоғида оламдан ўтди. Маҳмуд­­га кўп доно сўзларни айтди. “Эркингни асра ва кўксингдаги чўғни сўндириб қўйма”, деди отаси унга. Маҳмуд буни эслаб қолди ва доим бундан таъсирланиб юрди. “Сен вафоли эркак бўл”, деди онаси. Маҳмуднинг юраги бу сўздан дукиллаб уриб кетди. Маҳмуд ҳаётда ҳам, шеъру ижодда ҳам, халқ ичида тинимсиз тарғиботларда юрганда ҳам, бошига нима иш тушмасин, шундай бўлди. Вафоли эркак, ахлоқ-одоб удумларини ибодат каби қабул қилди ва амалга оширди. Бу сўзлар унинг шеърий ибодатининг боши, аввали ва охири. Мен кўп эътибор қилганман: у шеърни дуо каби ёзади, дуо каби айтади ва шеърга дуо каби ишонади. Дуо юракдан чиқади ва дуо бўлади. Унинг дуо шеърларига истак шеърлари табиий қуйилиб боради. Ҳар бир шеърида майл билдиради. Майл феъллар билан сўзлайди ва муҳокама юритади: “Бўлсин!” дей­ди. Аммо ҳаёт улуғ келиштириб бўлмас зиддиятларга тўла. Шоир ёниб-куйиб “Бедорларга беринг дунёни!” дегани билан ҳеч қачон бошқалар дунё­­ни бедорларга шунчаки бериб қўймайдилар. Улар буни мулойимлик билан кескин рад этадилар. Ким дунё­­ни шу майл-истак билан дунё жиловини бедорларга бериб қўяркан. Ҳеч қачон бермайди! Ёлғиз йўл: бедорлар дунёларни ўзлари ақл-идрок, манглай терини тўкиб олмоқлари зарур. Бошқа йўл йўқ. Аммо шоирлар яхши ният-истаклар қучоғида доим майл-истак феъли билан фикрлашдан чарчамайдилар. Бу осонроқ. Бу майл-истаклар билдириш жуда беозорроқ. Аммо на илож: шеър бу майл-истаклар дунёси-да. Бўлсин   ё бўлмасин! Майл-истак туп-тус ана шу!

Бир кун Бешиктоғ рўпарасида баланд тепадаги боғда дўстлар шеър суҳбатида ўтирдик. Чуқур жарлар тепасидаги боғлар, тўқайзорларда булбуллар, зарғалдоқлар басма-басига сайрашарди. Паст-баланд боғлар, кўм-кўк адирларни айландик. Кечга яқин Маҳмуд бизни волидаси билан кўришишимиз учун ҳовлисига олиб борди. Онаизор бизни шод-ҳуррам кутиб олдилар. Ойнаванд айвончада ўтирдик. Онаизор бизга бир идишда анжир мураббо шарбатини олиб чиқдилар ва ҳар биримизга иккитадан анжир ва шарбатидан қуйиб бердилар. Анжир олтиндай товланар, шарбати эса оловдаги олтиндай кўзни қамаштирарди. Мен бунда, бу рангда онаизорнинг бул содда қиш­лоқча илтифотида Маҳмуд шоирнинг шеърлари, достонларини кўргандай бўлдим. Шу бениҳоя тиниқ олтин ранг­лар, олтин анжирлар нақ Маҳмуднинг шеъри, Маҳмуднинг сатрлари, Маҳмуднинг ташбеҳлари, Маҳмуднинг жайдари, аммо бетимсол фалсафаси эди. Она ва анжирлар — улардаги юрт ва юртдошлар инъикоси – Маҳмуднинг энг гўзал мавзулари шундан иборат. Назаримда бу тириклик ва поэзия жавҳари эди. Маҳмуднинг кейин ёзган йигирмадан ортиқ шеърий ва публицистик китобларига кирган асарларда шу ранг ва таъмнинг товланишларини кўзим илғайдиган бўлди.

Маҳмуд шоирнинг университетда ўқиган йиллари, ҳарбий хизматда бурчини адо этган кезлари, нашриётлар, редакцияларда журналистика сирларини ўрганган вақтлари изланиш­лари қамрови жуда катта бўлди. У Миртемирнинг эрк туйғуларига тўла китоби “Излаганим”ни бошдан оёқ ёдлаб олди. Озод Шарафиддинов талабасидаги бу иштиёқни кўриб, бу китобни унга диплом иши учун мавзу қилиб берди. Маҳмуд энди Миртемирни илм ва шеър назарияси кўзи билан ўрганди. Унда Миртемирона кайфият – эл-юртга қайғуриш уйғонди. Қайғуриш билан бирга сезгир, хотираси кучли йигитга ўтли шеър келди. Бадиий   таълимот учқунлари барқ урди. Бадиий таълимот – шеър таълимоти ичига ўз уйига киргандай кириб борди. Кейин у дўкондан Машрабнинг сариқ муқовадаги китобини сотиб олди. Девон унга ёд бўлиб қолди. Маҳмудга Машраб сўзон ғазаллари қатори   Абдулла Орифнинг она ҳақидаги шеър­лари тенгсиз оҳангдор бўлиб туюларди. Маҳмуд Абдулла Ориповнинг “ОНАЖОНИМ ШЕЪРИЯТ” деган манифест шеърини барча давраларда гапининг аввалида ёд ўқиб юрди. Бу шеър билан у бир жону бир тан бўлиб кетди. Абдулланинг “Йиллар армони” китобини ёстиғи тагига қўйиб ётарди.Тунги радио тингловлар қатори тинмай   ўқирди. Маҳмуд кўп шоирларни қаттиқ ихлос қўйиб ўрганди. У Абдулладан чунончи, Ватанга фидокор фарзанд бўлишни ўрганди. У Абдулладан шеърни, сатр ва қофияни ижтимоий қиррадор қилиб яратишни ўрганди. Абдулланинг “Онажоним шеърият”идаги: “Ҳақ йўлни топ­дим лекин Сен бирлан ёнган ўтда”, деган сатр­лари Маҳмудга ижод эҳтиросининг мезони бўлиб қолди. Абдулла Орипов атрофидаги Маҳмуд Тоир, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо каби шоирлар ундан ижтимоий долзарблик ва қабариқликни прог­рамма, дастур каби қабул қилдилар. Бу адабиётимизнинг гўзал ва ижодий маҳсулдор хусусиятларидандир.   Бу шоирлар истиқлолни ва миллий эркни шундай маърифий қиррадорлик билан куйладилар ва шеъриятга ўзига хос мундарижа ва   кўтаринки инсон туйғуларини олиб кирдилар. Маҳмуд Тоир буни шундай ифодалаган: “Воқеаларнинг гувоҳи бўлиб яшамоқ, уларни юксак пардаларда куйлаб яшамоқ – энг улуғ саодатдир”. Бу сўзлар Маҳмуднинг Абдулла Ориповнинг етмиш йиллиги муносабати билан ёзган мақоласидан. У Абдулладан шулар баробарида ҳайратланиб, ўзи ҳам шу мақомга кўтарилди. У яна Абдулла Ориповдан шеърда туйғуларни худди тоғ майсасига тушган шабнам   ва унинг шаффофлигини истифода қилишни ҳавас қилди. Маҳмуд ажойиб иккиликларида шу ҳавасига етди. Иккиликлар Гомер замонларидан қолган ажойиб жанр. Навоий фасиҳ намуналар яратган. Унинг маснавийлари иккиликларнинг бетимсол намуналаридир. Маҳмуд Тоир иккилик­ларда шу жанрнинг ажойиб ҳикматли намуналарини яратди.

Маҳмуд Тоирнинг шоир бўлиб етилишида ҳар бир нарса ўз маъносига эга.

Маҳмуд Тоир бағри баланд жойларда туғилди. Баланд бағирдор шамолгоҳларда ўсди. Баланд тоғларга сўқмоқлар очди. Шеъриятнинг, бадиий сўзнинг конларини топди. У қачон шоир бўлди? Миртемир, Машраб, Атоий, Асқад Мухторни тинмай ўқибми балки. Очиғи, барча шоирлар уни шоир қилдилар. Ўз сафларига олдилар. Нафсиламрга у она қорнидаёқ шоир эди. Она қорнидаёқ у бўзлаганди. Машраб каби дунёга борлигини маълум қилганди. Шундай юксак мақомли фикр унда тарбияланмаган бўлса у вилоятининг муаммоларини ўртоқлашиб, дардлашиб давлат раҳбарига хат ёзишга журъат этардими? Эркин Воҳидов шоиримиз ҳақида “У истиқлол даврининг шоири” деб катта қамровлик билан таъриф берган эди. Кўплар сўнг бу таърифга бажону дил қўшилдилар. Аммо:

 

Ахир Оллоҳ отани

Осмон қилиб яратган,

Жаннатдан чиққан гулга

Боғбон қилиб яратган, –

 

деган ғоятда содда ва ғоятда мисл­сиз сатрларни Маҳмуд Тоир битган, юрагидан чиқарган-да! Даврнинг ҳар бир шоирига тақдирдан шундай ирфоний сатрлар муяссар бўлсин. Маҳмуд Тоир китобларида туйғулар баланд мақомларда Ҳақни танийди. Ҳақни таниш йўлида эл маърифатига жонбоз ҳиссасини қўшади. Эл-юрт равнақидан илҳом ва масаррат олади. Элнинг илҳомёр куйчиси каби куйлайди. Ғолиб ҳаёт маъно-мазмунини шунда кўради.

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + two =