Терак учидаги сўнгги япроқдек титраган умр

Ҳар кунги одатим бўйича ишдан келибоқ Миразиз ака ётган хонанинг эшигини очаман. Уйқуда бўлсалар ё ҳатто мудраётган бўлсалар ҳам эшикни оҳиста ёпиб қўяман. Аммо бугун жуда тетик кўриндилар.

— Кел, Бекам, келдингми? — дедилар, назаримда овозларига ҳам бир жаранг қўшилгандек эди.

— Бугун анча яхшисиз… Кўз тегмасин… энди кираверишга чиқмоқчи бўлиб тургандим, Миразиз ака компьютер турган столга ишора қилди:

— Китоб келди.

Юрагим ҳапқириб кетади. Аллоҳнинг Янги йил туҳфаси бизга. Икки қўллаб зўрға кўтарса бўладиган муҳташам китоб! Бир неча йиллар аввалТуркия давлат мадҳиясини (Ҳозир ҳам  шу мадҳия куйланади) ёзган Меҳмет Акиф Эрсўйнинг “Саҳифалар” китоби. Болаларим дадасининг неча йиллик заҳматлари самараси. Етти китобдан иборат бу асарни ҳали кўзлари хиралашмасдан, қулоқлари яхши эшитадиган пайтларда компьютер бошига мук тушиб, тунларни тонгларга улаб таржима қилган эди. Охирги китобларига келганида  лаънати Афғон урушларида жароҳат тушиб, кейинчалик етти-саккиз марта операция кўрган умуртқа поғонасидаги оғриқ кучайиб, ёзишга қурби келмай қолганди. Аммо сал оғриқлари пасайса, яна дарров компьютерга ўтирар эди.

— Имкондан ортиқ имкон топилмас, деган экан бир донишманд. Ўзингизни ҳадеб уринтираверманг, — дея  койинсам:

— Бу менинг сўнгги ишим бўлиши мумкин. Улгуришим керак, — дерди.

Мана, Яратганга шукур улгурибдилар. Туркиянинг маданият-маърифат тарғиботидаги бир ташкилоти ҳомийлигида китоб чоп этилибди. Уй ки­йимларимни ечишга ҳам тоқатим етмай хонага кираман, китобни варақлайман. Биринчи бетида муаллифнинг — бундан бир неча йиллар аввал ўз халқининг оғриқларидан   жони куйиб,  куйраб мана бу асарни ёзган шоирнинг йиллар тўзонида сарғайган суврати… Сўнг Туркия давлати Президенти Режеп Таййиб Эрдўғоннинг “Тақдим” сарлавҳали бош сўзи (давлат мадҳияси муаллифига  ҳурмати юзасидан ёзилган-да бу “Тақдим”) кейин китобга ҳомийлик қилган ташкилот раҳбарининг суврати, навбатдаги  саҳифада Туркия ва Ўзбекис­тон байроқлари… Ёнма-ён, дўстона қўллар каби бир- бирига чирмашиб кетган… Кўзларимга ёш келади.

— Муборак бўлсин! Бу китоб таржима  асари бўлса-да, Сизнинг сафарга чиққан юрагингиз. Сафари хосиятли бўлсин! — дейман.

— Бунда сенинг ҳам хизматларинг бор, сенгаям қутлуғ бўлсин, — деди Миразиз ака.

Гап шундаки, бу китоб аввал бир саховатли инсон — Илёсбек (узр, фамилияларини билмайман) ҳомийлигида ўзимизнинг нашриётларимиздан бирида чоп этилган эди.

Аммо боя айтганимдай, “Саҳифалар” асарининг охирги китобларини таржима қилаётганларида  саломатлиги яхши бўлмагач, қилган ишларидан ўзининг унча кўнгли тўлмаган эди. Ҳомий топилгач, чоп эттиришга розилик беришга бериб қўйди-ю, бироқ ўзи:

— Беш, олтинчи, еттинчи китобларига яна анча меҳнат қилишим керак эди, — дегани деган эди. Туркиялик биродарлар бу таржима ҳақида хабар топиб, китобга харидор бўлишгач, икки тилни яхши биладиган Сабоҳат исмли муҳаррир аёл қўлёзмани синчиклаб кўриб, таҳрирталаб жойларини белгилаб берди. Шу ўринда бу сабр-бардошли, хушмуомала аёлга алоҳида миннатдорлик билдиргим келади, чунки  у асарнинг таҳрирталаб жойларини кўрсатибгина қўймай, баъзи туркча сўзларнинг ўзбекча вариантларини ҳам таклиф қилган эди. Бу пайтда таржимон ётиб қолган, ёзиш тугул, ёстиққа суяниб ўтириши ҳам амри маҳол эди.

— Бекам, сен менга кўзу қўл бўл, шу таржимани поёнига етказайлик, — деди.

Ўзи йиллар давомида китоб, журналларнинг таҳрир ишларидан бўларим бўлиб юргани учун бўйним ёр бермади. Ахир, бемор ётган одамнинг бошида туриб ким ҳам луғатлар билан ишлашни гарданига оларди? Қизимнинг иши ўзига етарли, бола-чақасидан ортмайди, шундай бўлса-да дизайнер сифатида  китобни саҳифалаб берган эди. Ўғлим бу соҳадан йироқ. Раҳбарим Мунаввара Усмонова иш тиғизлигига қарамай, таътил берди:

— Ишга бир кун келмасангиз ҳам майли. (Одатда таҳририятда одам камлиги учун ҳеч ким тўлалигича меҳнат таътилида дам ололмасди, зиммасидаги ишни ўзи қилиши керак эди)  Шу одамни рози қилинг, — деди. Аввал бўйним ёр бермай бош­ланган иш бир-икки саҳифадаёқ ўзига тортиб кетди. Майда-чуйда бидъатларга ўралашиб тараққиётдан орқада қолиб кетган миллат, улар орасидаги фитна-фужурлар… Баландга кўтарилиш учун билим олишга даъват… Ўхшаш иллатлар, ўхшаш оғриқлар… Қулоғимга Меҳмет Акиф Эрсўйнинг овозига қўшилиб ўзимизнинг миллатпарвар жадидларнинг ҳайқириқлари, қичқириқлари келгандай бўлар эди. Миразиз ака ётган кўйи сатрларни тузатар, мен компьютерда тўғрилардим. Баъзи сатрларнинг охирига етгунимизча боши эсларидан чиқиб қолар… Иш  ниҳоятда қийинчилик билан кечарди. Раҳматли Омон Матжоннинг “Гаплашадиган вақтлар”ига ўхшаб сатрлари узун-­узун эди… (Балки, Омон акаям бу асарни ўқигандир, ахир, ашаддий китобхон эди).

Ҳозир тўқ жигаррранг муқовали муҳташам китобни қўлимга олар эканман, ўша заҳматли кунларни эсладим.

Хонадонимизга кутилган китоб келиб, руҳиятимизда байрамона кайфият бошланган тунда кўзимга сираям уйқу келмади. Хотиралар судраб кетаверди. Миразиз ака бу китобни — туркий халқлар дардномасини тасодифий таржима қилмагани ҳақида ўйладим. Муаллифнинг тили аччиқ, заҳарли. Айнан таржимоннинг ёзиш услубига мос келади. Аммо уларни таниган, ўқиб юрган одамлар бу аччиқ-тизиклар, заҳархандаликлар ортида миллатнинг нуқсонларини фош қилиш, унинг устидан мағзава ағдариш эмас, балки, хатолардан холи кўриш, миллатнинг юксалишини орзулаш истаги ётганини яхши билади. Бу истак Мир­азиз аканинг шунчаки қалбидаги туйғулардан бири эмас, ҳаёт тарзи, яшаш тамойили эди.

1980 йиллар… Миразиз ака Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг шеърият бўлимида катта муҳаррир лавозимида фаолият юритар эди. Ҳали юртимизда Чўлпон, Усмон Носирлардай ҳуррият даъваткорларининг асарлари тўлалигича чоп этилмаган вақтлар, Эркин Воҳидов, Абдулла  Ориповдай ёш овозлар жасоратидан юрагимизда эрк соғинчи уйғона бошлаган дамлар эди. Адабиётимизга айнан шу уйғониш руҳидаги бир гуруҳ ёш шоирлар кириб келган. Улар Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Азим Суюн,  Муҳаммад Раҳмон,  Хуршид Даврон… Уларнинг илк китоблари “Авторнинг биринчи китоби” сериясида нашр қилинар, бундай сериянинг ташаббускори Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти директори, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом бўлса-да, адабиётга янги нафас олиб кираётган ёш шоирларнинг шеърлари цензурадан осонликча ўтмасди. Миразиз ака бу китобларнинг аксариятига муҳаррири сифатида ҳар бир сатр учун талашарди. Лекин бу талашиш­ларда ҳовлиқмалик, ўзини кўрсатишга иштиёқ йўқ эди. Ҳар бир китобга жиддий ёндашарди: масалан, Шавкат Раҳмон Лоркани таржима қилганларида Мир­азиз ака китоб босмага тушишдан аввал бир ҳафта Шавкат аканинг Қорасувдаги уйида ётиб, таржима устида бирга ишлашган. Кейинчалик машҳур бўлиб кетган бир шоирга эса: — Сиз яхши шоирсиз, лекин  менга таржимон сифатида бошқа дуч келманг! — деб ко­йиганлари эсимда. Ана шундай талашиш-торти­шишларда баъзан таҳририят шу қадар шовқин -сурон бўлиб кетардики, шеърият бўлими бошлиғи Омон ака (Омон Матжон):

— Оқсоқол, илтимос клиентларингизни фойеда қабул қилсангиз, ишлаб бўлмаяпти, — деб кесатиб қўярди. Шундай деганлари билан Омон акаям аслида ўша ёшларга хайрихоҳ эди. Мен нимага “ Саҳифалар”дан бошланган гапимни саксонинчи йилларга олиб бориб улаяпман? Асар таржимони бу миллат қайғусига туташ асарга кўп йиллар ва йўллардан ўтиб келганлигини айтмоқчиман. Саксонинчи йиллар ўрталарида собиқ иттифоқнинг айрим мамлакатларида миллат ҳурлиги учун курашган маърифатпарварларнинг асарлари чоп этилди. Аммо бизда ўша пайтларда ҳам Чўлпонлар, Усмон Носирлар, Боту, Элбекларнинг асарлари  чоп этилмаётган эди (Раҳматли  Озод Шарафиддинов домланинг саъй-ҳаракатлари билан чоп этилган “Тирик сатрлар”ни ҳисобга олмаганда. Бу тўпламнинг бошига ҳам не кунлар тушганини кўпчилик билади). Бир гуруҳ ёшлар уларнинг китобларини нашр қилишни талаб қилиб Москвага  хат ёзадилар. Бу хатлар Дархондаги бизнинг уйимизда ёзилар, ҳар куни ишдан сўнг оқшомда эскича яшашни хоҳламаётган бир гуруҳ зиёли ёшлар бизникига тўпланарди. Хатдаги ҳар бир жумла қайта-қайта кўрилар, таҳрир қилинарди. Мустақиллик арафаси, ҳали эрк-ихтиёримиз ўзимизда эмас, КГБ деган ташкилотнинг машиналари деразамиз остида айланиб юрар, баъзан чироқларини деразамизга узоқ тушириб турарди. Миразиз ака уйимизнинг “Штаб” деб аталишидан ҳам, ҳур фикр­­ли ёшларнинг ҳар оқшом тўпланишидан ҳам заррача чўчимас:

— Қизил империя салтанати чайқалиб турган пайтидан фойдаланиб миллатимизга манфаат келтирадиган нималардир  ундириб қолиш керак, — дердилар.

Хатимиз манзилга етгач, тегишли ташкилот одамлари ёзувчиларнинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бирини чақириб:

— Ўзи бу ёшларингиз нима исташяпти? — деб сўраганларида у киши хатдаги талабларни айтмай:

— Уларнинг кўпида уй йўқ. Машина, уй, дала ҳовли, деганлардай… деган, буни эшитганда Мир­азиз ака ярадор арслондек ўкирган эди:

— Бизнинг дардимиз шу эдими? Айтишга юраксинмаса, ёлғон гапирмасаям бўларди-ку, — деб  ёниб юрганларини эслайман.

Кейин она тилимиз мавқеини кўтариш учун курашлар бошланди. Зиёлилар, жумладан, ўша давр­нинг ёш шоир, ёзувчилари бу курашнинг бошида бўлишди. Бизнинг икки хонали уйимиз ҳануз “Штаб” вазифасини адо этарди. Қаерда, қачон  кимлар гапиради… Анча тортишувлар, талашувлардан сўнг она тилимизга давлат мақоми берилди. Халқимиз ҳаё­тида катта воқеа бўлган бу ўзгаришда Миразиз аканинг хизматларини бўрттирмоқчи эмасман. Фақат у киши мингларнинг бири бўлганлигини, Истиқлолгача ҳам ҳуррият унсурлари бўлган ҳамма нарса учун курашларда битта фуқаро сифатида  собит яшаганлигини, ўз ҳаётий принципларидан ҳеч қачон чекинмаганлигини айтмоқчиман, холос. Замонга қараб турланиб-тусланиб турадиган одамларни, Абдулла Қаҳҳор домла айтмоқчи, ботинкасининг ипигача ёмон кўрарди. Кўпчилик ичида ҳам:

— Сен мунофиқсан, — деб тиккасига айтар, бунинг учун аксарият пайтларда ёмон кўринарди.

“Сен сиёсат билан шуғуллангунча асарингни ёз!”, деганлар бўлди. Мустақиллик бўлиб, асар ёзадиган пайтлар ҳам келди. Миразиз ака ҳам  ўзининг ишини қилишга ўтди. Энг аввало, мактаб ўқувчилари учун бир, икки пардали маърифий пеъсалар ёзди. Қаҳрамонлари — Бухорий, Фаробий,  Ибн Сино, Фарғоний… Улар болаларга алломаларимиз, улуғларимиз ҳақида ёшига яраша билим беради.Чунки ўша пайт­ларда биз “Беруний бобомиз, Хоразмий бобомиз”, дер эдик-ку, лекин уларнинг нима иш қилганлигини кўпчилигимиз, айниқса, ўқувчилар билишмасди. Мана, бугун улар ҳақида китоблар нашр қилиняпти, кинолар ишланяпти. Оммавий таниш, оммавий фахрланиш бошланган. Миразиз аканинг хизмати эҳтимол, аланга ичидаги чўғчалик ҳам эмасдир, лекин бу хизмат барибир бор ва бўлган, шуниси аҳамиятли, деб ўйлайман.

Шундан сўнг икки томлик “Буюклар муҳаббати” дунёга келди. Ташқаридан қараганда, бу машҳур инсонларнинг муҳаббат савдолари ҳақида. Лекин бу қолипловчи ҳикоялар. Аслида буюклар муҳаббатига тўсқинлик қилган, уларни қийинчилик гирдобига ташлаган ижтимоий муҳит тасвири биринчи планга чиққан.

“Қирқ болага қирқ савол”… Болаларга Ватан ҳақида илк тушунчалар берувчи, кимларнинг авлоди эканлигини билдирувчи қисқа шеърлар.

Жаҳон адабиётидан таржималар… Таржимон, аввал ҳам айтганимдай,  таржима учун тасодифий муаллифлар танламасди. Чет авторларнинг асарлари қай бир жиҳатлари билан бизнинг ҳаётимизга ҳам­оҳанг бўлса, китобхоннинг дилидаги саволга жавоб бўлса, ё савол туғилишига сабаб бўлсагина таржимага ўтиларди.

Шарқ мутафаккирларидан Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Қалблар кашфиёти”, “Саодатга элтувчи йўл” каби таржима асарларидан сўнг аввалги йили “Хотиралар” деб аталган оригинал асари чоп этилди. Қаҳрамонлари — устоз шоир, ёзувчилар, ўзларини ўқитган муаллимлар… Уларнинг ижодига бир назар, шахсияти ҳақида билганлари…

Бу китоб чоп этилгач, яхши фикрлар кўп бўлди. “Ҳеч ким айтмаган жиҳатларини айтибсиз”, деган гап­лар айтилди. Шу билан бирга:

— Нима кераги бор эди ўтганларни ковлаб, — деган тошлар ҳам отилди. Ҳатто, ўзим ҳам:

— Шартмиди, зўр бир шоирнинг замона зайли билан қилган хатосидан сўз очиб…, — дея эътироз билдирдим.

— Яна шу хатолар такрорланмаслиги, бир миллатга мансуб кишилар дўппи тор келганида бир-бирини сотмасликлари, балки бир-бири учун фидо бўлишлари учун ҳақиқатни ёздим… Миразиз аканинг жавоби шу бўлди.

Мана, ҳақиқатни ёза-ёза баҳор келса, умр вафо қилса саксон етти ёшга кирадилар.

Кейинги пайтларда ўқиш, ёзишга қурби келмай қолгани учун телевизор билан вақт ўтказадилар. Миразиз акани авваллари аксарият ёқтирмайдиган одамлар:

— Нуқул оғриқлардан гап очади, — деб ёзғиришарди. Азиз дўстлар, адашибсиз, қувонса бўладиган нарсалардан роса қувона оладиган инсонлар!

Мамлакатимиз раҳбари яқин қардошларимиз билан дўстона муносабатлар ўрнатганларида, томири, илдизи бир бўлган мамлакат раҳбарлари билан оға-инилардай қучоқлашиб кўришганларида бош­лари осмонга етади:

— Бўлар экан-ку… — дейди, ёш боладай ҳаяжонланиб.

Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилган “Меҳр” операцияларига тегишли хабарлар, кўрсатувларни битта қолдирмай кўрадилар.

— Қалбида миллатпарварлик туйғуси мустаҳкам бўлган раҳбаргина ўз миллатдошларини бегоналарнинг оёғи остига ташлаб қўймайди, хор бўлишига чидамайди, — дедилар бир куни.

Ўғил-қизларимиз халқаро олимпиадалардан ғолиб бўлиб қайтганларида, биргина ўсмиримиз бирваракайига дунёнинг беш-олтита таълим даргоҳида ўқиш имтиёзини қўлга киритганларида, Президент, ижод мактаблари очилганида, Исҳоқхон Тўра Ибрат ҳақидаги кинони томоша қилганларида… қувонганларини кўрсангиз эди! Яна Тожикистон киноижодкорлари билан биргаликда Алишер Навоий ва Жомий ҳазратлари ҳақида бадиий фильм олинаётганидан дарак топганида…

— Қўқон мухторияти ҳақида ҳам бадиий фильм олиш керак,  оз яшаган бўлса-да, у бизнинг илк мус­тақил давлатимиз…

— Бир пайтлар “Навоий”, “Юлдузли тунлар”, “Диё­нат”, “Гирдоб” каби асарлар сериал қилинган эди. Бугун экранлаштирилаётган кўплаб савияси паст миллий сериаллар ўрнига Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамадаги кишилар”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат”, Рисолат Ҳайдарованинг “Жавзо” каби асарлари сериал қилинса бўлмайдими?, — тарзидаги фикрларни айтиб ўтирадилар.

Ҳатто, “Sevimli”, “Zo’rTV” каби хусусий телеканалларнинг “Замон”, “Бу кун “ каби информацион кўрсатувларини ҳам кутиб кўрадилар.

— Рост гапни айтиш, эшитиш даврларида яшаш манглайимда бор экан, шукур, — деб қўядилар.

…Гап аввалида айтганимдай, “Саҳифалар”ни “Охирги ишим”, деган эди. Миразиз ака дунёнинг жуда кўп давлатларига борганлар. Баъзиларига хизмат сафарлари билан, баъзиларига эса дўстларининг таклифлари билан. Туркиянинг ўзига олти марта бориш насиб қилган. Вақти-вақти билан туркий тилли давлатларда ўтказилиб келинадиган шеърият оқшомларидаги фаол иштироки учун бир гал Жалолиддин Румий номидаги биринчи мукофот билан тақдирланган ҳам. Афғонистон, Молдавия, Озарбайжон, Греция, Татаристон… хуллас, борган давлатлари ҳақида “Йўлёзмалар” номли асар ёзган эди.

— Мен нимани кўрган бўлсам шуни ёзганман, заррача тўқима йўқ, — деганди асарни ёзиб тугатгач. Аммо кейинги йиллар саломатлигидаги муаммолар боис уни чоп эттиришга ишончи йўқ эди. Чунки китобнинг ҳажми жуда катта, ўртада маблағ масаласи бор.

“Саҳифалар” қўлга теккач, қизимга қўнғироқ қилиб:

— Орзу, “Йўлёзмалар”ни саҳифала, — деди.

Демак, яна умид уйғонди. Умид яшаса, инсон ҳам яшайди экан. “Жаннат” деймиз, “икки дунё саодати” деймиз… Теракнинг учидаги сўнгги япроқдек илиниб турган умр бўлса-да, барибир тирикликка, тириклик қувончларига етадиган қувонч борми…

Мен бу кечинмаларни ёзишдан аввал роса иккиландим. Аёл бошим билан ўзимнинг турмуш ўртоғим — Миразиз Аъзам ҳақида ёзиш, хоразмча айтганда, аваш (бачкана маъносида) кўринмасмикан, деб ўйладим. Тўғри, Луи Арагондай ёзувчи ҳам ўз турмуш ўртоғи ҳақида ёзган, Нозим Ҳикматнинг Вера Тулякова ҳақида достони бор… Лекин  улар эр кишилар… Лекин барибир ёзиш истагидан воз кеча олмадим.

Яна бир жиҳати, бундай нарсалар яна кимнингдир юбилейи бўлса  ёки пешонаси ярқираб мукофот олса, ёзилиши мумкин эди. Миразиз аканинг олтмиш, етмиш, саксонлари оиламиз даврасида ихчамгина ўтиб кетган. Мукофот… Келинг, шу масалани гапирмай қўя қолай…Чунки  у киши учун бу “ҳаёт-мамот” масаласи ҳеч қачон бўлмаган.

Хўш, бўлмаса нега ёздим?

Биз бугунидан суюниб, фахрланиб,  келажагига катта умидлар боғлаётган мустақиллигимиз бунёдида жуда кўп фидойи, миллатпарвар инсонлар қатори Миразиз аканинг ҳам ҳиссаси борлигини айтгим келди! Тўғри, бу ҳисса машҳур аллома Иброҳим Мўминов ёки бошқа кўп довруғли инсонларники каби катта бўлмаслиги мумкин. Лекин уммонлар ичида томчича бўлса-да, у бор. Ва шу борлиги билан аҳамиятли, қадр­­ли. Юрагида, ижодида Ватани бор, миллати бор ва уларга садоқати, севгиси бор инсон ўз ўрнида нурли нуқта. У ҳеч бўлмаса ўзи турган жойни шуълалантириб туради, ўзи турган нуқтани қорайтирмайди. Ўзим билган, таниган шу ҳақиқатни яна сиз азизларгада билдиргим келди.

Мабодо, “бу “Адабиёт ва санъат”нинг материали ё “Китоб дунёси”нинг”, деган эътирозлар бўлса: —  Йўқ, бу айнан “Hurriyat”нинг мавзуси дейман. Чунки Миразиз Аъзам деган истеъдод эгасининг, ниҳоятда заҳматкаш ва ўз қарашларида собит бир инсон ҳаёт, ижод толалари билан айнан шу ҳуррият тушунчасига боғланиб яшаган ва яшаяпти, тарзидаги жавобимни айтгим келди.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =