Таъмасиз, мумтоз ижод

Бадиий адабиёт ҳам жонли, долғали вужуд сифатида замонлар эврилишида ўзгариб туради. Айни техника ривожланган, ахборот-коммуникация воситалари инсон фаолиятига кучли таъсир этаётган даврда адабиётда ҳужжатлиликка талаб кучайди. Ҳозир китоб муҳиблари мемуарлар, эсдаликларни кўпроқ ўқишлари маълум бўлиб қолди. Ана шундай шароитда бизнинг адабиётимизда ҳам бадиий публицистиканинг гўзал намуналари пайдо бўла бошлади, ёзувчиларимиз сафида ҳозиржавоб жанр ижодкорлари қатори кенгайди. Уларнинг рўйхатида Ҳаким Сатторийнинг алоҳида ўрни бор. Унинг навбатдаги “Ерда юлдуз кўрдим” китобида ҳам бадиий публицистиканинг турли жанрларига хос асарлар киритилган. Одатда, ерда нима рўй берса, бу осмонда дарак берган воқеликнинг инъикоси, дейишади. Ҳатто одамлар тақдири ҳам осмонда ҳал бўлар экан. Осмон ёритғичлари – юлдузлар нафақат инсон нигоҳларини ўзига қаратади, балки ернинг, унда умргузаронлик қилаётган бандаларнинг бедор соқчиларига ўхшайди: кўзини очса, тақдирини ўзига топшириб ғойиб бўлади, ухласа, унинг осудалигини қўриқлагандек, бедор туради. Китобнинг бундай номланишида ҳам ана шундай теран фалсафийлик ва рамзийлик бор.

Ҳаким Сатторий — Яккабоғ туманидаги Тош­қўрғон қишлоғида туғилган. Мактабни битириб, ўзи ўқиган билим даргоҳида ишлаш билан бирга Қарши давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини сиртдан тугаллаган. Ўқитувчилик йилларида унинг илк машқлари юзага келган, туман газетаси билан ҳамкорлик қилган.

1976 йилда тоғдаги қишлоқнинг чўлга кўчирилиши кўплаб юртдошлари сингари Ҳакимнинг ҳам ҳаётида ўзгаришлар бўлишига изн берди. Чекка, тоғлар қуршовидаги ҳудудда кун кўриш қийинчиликлари енгиллашиб (булар ҳақида у кейинчалик “Соғинч” деб номланган асарида батафсил ҳикоя қилган), дунёга эмин-эркин боқиш имкони пайдо бўлди. Бундан руҳланиб, у 1980 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети кундузги бўлимига ўқишга кирди. Талабалик йиллари ҳақиқий ҳаёт дорулфунини бўлди, теран илмий-ижодий муҳит ҳавосини ҳис қилди, мутолаа ва ижодий ҳамкорликлар воситасида сўзга, адабиётга муҳаббати чўғланиб, у ҳақиқий ошиқ дилга айланди.

Таҳсилни тугатиб, “Қашқадарё ҳақиқати” вилоят газетасига ишга келганида, у амалий фаолиятга ташна, қалбидаги Сўз ишқи япроқ ёзиб, ўз жамолини намоён этишга интиқ эди. Газетадаги иш жараёнида ижоднинг сирли оламига қадам қўйди, унинг чинакам машаққатларини тотиб кўрди, қийинчиликлар чиғириғида тоб­ланди. Нима бўлганда ҳам кўнглидаги болалик орзулари қулф урди, уни аввало мухбир, кейин эса истиқболли қалам соҳиби сифатида эътироф этдилар. Вилоят газетасида турли мавзудаги таҳлилий мақолалари қаторида бадиий лавҳалари, эсселари, шеърлари эълон қилинди. Республика матбуоти саҳифаларида иштирок этди. Орзулар эса юксак парвозларга ундарди.

Шундай қилиб, Ҳаким Сатторий 1990 йилда илм-урфон, фан ва маданият каъбаси Тошкент шаҳрига келди, дастлаб қисқа муддат “Саодат” журналида, кейин эса янги ташкил этилган “Халқ сўзи” газетасида фаолиятини давом эттирди. Бу дамлар шўро империясининг тагига сув кетган, улкан ҳудудда бошбошдоқлик авж олган йиллар эди. Ана шундай шароитда нажот кемаси сифатида зиёлиларимиз ўтмиш меросига, бой тарихимизга мурожаат эта бошладилар. Жумладан, буюк Амир Темур ҳақида ҳам тортиниб, қимтиниб гапириш бошланди. Шундай ҳолат ҳам ёз осмонида момақалдироқ гумбурлагандек гап эди, негаки, шўро тутуми бу ҳақда сўз юритишни эмас, буюк аждодимиз номини тутишни ҳам бутунлай тақиқлаганди.

Энди долзарб мазулардаги чуқур таҳлилга асосланган мақолалари билан жамоатчилик эътиборини тортган Ҳаким Сатторий қадриятларимиз, тарихнинг пўртанали теран эврилишлари ҳақида ҳам қалам тебрата бошлади. Юрак ютиб, Соҳибқирон Амир Темур ўтган йўллар бўйлаб ёшлар юриши (экспедиция) уюштиришни   таклиф қилиб, мақола ёзди. У “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасининг 1991 йил 1-сонида эълон қилинди. Эътиборлиси — зеҳни тобора очилиб бораётган замондошларимиз бу таклифни фаол қўллаб-қувватладилар ва 1991 йилнинг 1-20 август кунлари шундай сафар уюштирилди. Ва орадан кўп ўтмай, неча насллар кутган мустақиллик халқимизга насиб этди.

Мазкур сафарга “Туркистон” (“Ёш ленинчи”нинг янги номи) газетаси раҳнамолик қилганди, унинг таассуротлари газета саҳифаларида пешма-пеш ёритилди. Кейинги йил экспедициянинг иккинчи босқичи амалга оширилди. Бу сафар иштирокчилар Ўтрор шаҳригача бориб келдилар. Ана шу сафарлар таассуротлари асосида кейинчалик “Хотира карвони” китоби юзага келди, у 1994 йилда “Фан” нашриётида 30 минг нусхада чоп этилди. Шунгача муаллифнинг “Қишлоқдан келяпман” китоби (1991 йил, “Меҳнат” нашриёти) мухлисларга туҳфа қилинганди.

Кейинги йилларда “Халқ сўзи” газетасида ишлаш билан баравар республикамиздаги бош­­қа нашрлар: “Туркистон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Hurriyat”, “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталари, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ҳидоят” журналлари билан адабий ҳамкорликни йўлга қўйиб, фаол ижод қилди, ҳозиргача ўттиздан ортиқ китоб­лари чоп этилди. Бу асарлар қаторига “Ёлғиз дарахт” (1999), “Ўзлик суратлари” (1999), “Истиғфор” (2004) китобларини қўшиш мумкин.

Айниқса, буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур ва авлодлари ҳақидаги “Амир Темур севган юрт” (1999), “Ҳазрат Соҳибқирон”(2005), “Олтин силсила” (2006), “Соҳибқирон абадияти” (2011), “Солнома” (2014) китобларини жамоатчилик яхши кутиб олди. Бу асарлар оригиналлиги, далилларга бойлиги билан диққатни тортади. “Ҳазрат Соҳибқирон” роман-эссесида Амир Темур ҳазратларининг таржимаи ҳоли мавжуд маълумотлардан имкон даражасида тўла фойдаланиб, нисбатан батафсил ёритишга ҳаракат қилинган. “Соҳибқирон абадияти”да эса Амир Темур ҳаёти хронологияси ва авлодларининг тарихи қомусий тарзда қисқа ва аниқ ёритилган, шу мавзудаги кўплаб эсселар жой олган. Ундаги маълумотлар турли манбалардан тўп­ланганлиги, қиёсий ўрганилгани ва тўлиқлиги билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, ижоди давомида яратган пуб­лицистик асарларини саралаб, тўрт жилддан иборат танланган асарларини чоп эттирди. Қарийб бир ярим минг саҳифани ташкил этувчи “Имзоли хатлар” (2007), “Маҳак тоши” (2008), “Вақт манзаралари” (2009) ва “Умид манзили” (2016) тўпламлари ўзбек миллий журналистикасида арзирли ижобий ҳодиса бўлди.

Маълумки, публицистика сўз санъатининг энг ҳозиржавоб ва ҳаётга яқин жанри бўлиб, унда воқелик зудлик билан, долзарблигини йўқотмаган алпозда акс этади. Публицистиканинг ижтимоий ҳаётга таъсири ҳам салмоқли бўлади, у орқали одамлар тақдири, турмуш тарзи ва жамият ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин. Ҳаким Сатторий публицистикасининг ўзига хослиги шундаки, масалалар аниқ қўйилади, муаммоларнинг илдизлари атрофлича инкишоф этилади, шунинг билан бирга уларни бартараф этиш йўллари ҳам таклиф қилинади. Бунда образлилик, фалсафий мушоҳада, тилнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш қўл келади. Ҳ. Сатторий битикларида рақамлар, ҳолатлар, манзаралар образ даражасига кўтарилади, қаҳрамонлар ва воқеа-ҳодисаларни гавдалантиришда қиёс­лаш, умумлаштириш, хулоса чиқариш усуллари самарали ишлайди, айниқса, унинг тили ширали, равон, сўзлар анвойи гўзаллигини тўла намойиш этади – бу борада муаллифнинг ютуғи алоҳида таҳсинга лойиқ. Умуман, Ҳаким Сатторий миллий журналистикамиз об-ҳавосига жаҳон журналистикасининг иқлимини олиб кира олган қаламкаш ҳисобланади. Унинг ҳар бир битиги алоҳида тадқиқот мавзуси бўла олади.

Шунингдек, муаллиф 2012 йилда “Соғинч” романини эълон қилди. Янги романчилик йўлидаги изланишлар руҳида яратилган йирик асарда эпик наср ва бадиий публицистиканинг энг илғор анъаналари қўшилиб кетганга ўхшайди.

Роман уч қисмдан иборат. “Онаизор” деб номланган бўлимда воқеа кечадиган маскан — чеккадаги тоғ қишлоғи ҳақида умумий маълумот берилгач, асосий мақсадга ўтилади. Кўримсиз иморатлар сирасидаги ҳовли, унда эр ва хотин яшайди. Бир қараганда ҳаммаси кўнгилдагидек: эр жамоа хўжалигида кичик­роқ бўлса-да, мавқега эга. Яна “майдонларни қоқ ёриб” кўпкари чопади, шул сабаб теварак-­атрофда катта-кичик танийди. Аёл ҳам тирикчилик илинжида баҳоли қудрат куйманиб юрибди, аждодларидан қолган улкан боғнинг юмушидан ортмайди. Аммо оилани бир армон қийнайди: аёл она бўлишни, фарзанд кўришни хоҳлайди. У дунёга инсон, хотин киши бўлиб келишнинг саодатини Она бўлишда, деб билади, ўзидан зурриёд қолдиришни аёлнинг муқаддас бурчи деб қабул қилган. “Итга, битга, қурт-қумурсқага марҳаматини аямаган Худойим” уларни шу аъмолдан қисган. Асарда аёлнинг бу борадаги изтироблари жуда таъсирли ифодаланган. Бугунги кунда ўз зурриёдини қийналмай ташлаб кетаётган ёки уни қурсоғидаёқ маҳв этаётган золим хотинлар қилиғини кўз олдингизга келтирсангиз, фарзандталаб онанинг буюк қалби олдида бош эгасиз.

Иккинчи қисм эса “Тошқўрғон” деб аталади. Энди воқеалар аста-секин моҳиятга яқинлаша бошлайди. Карами кенг Оллоҳ аёлнинг илтижоларини мустажоб этади, камтаргина хонадонда фарзанд улғаймоқда. Улар қайноқ ҳаёт оғушида, уларнинг даргоҳини ҳеч ким четлаб ўтмайди, қатордан кам эмаслар. Бола вояга етганда, уни мактабдан сўроқлаб келишади, кечаги гўдак энди ўқувчи. Шу аснода китобхон даврнинг, тузумнинг қиёфаси билан ошна бўлиб бораверади. Бир пайтлар уруш фожиалари зор қақшатган қишлоқ баъзи соҳаларда рўшноликка эришган бўлса-да, бу “ютуқ”лар ўзликни унутиш, азалий қадриятлардан воз кечиш, катта қозонда қайнаб, “машинанинг бир винтига айланиш” тамойилида амалга оширилган. Воқеалар шу тарзда ривож­ланишда давом этади. Асар марказига қўйилган уч асос ҳам тобора асрорини, борлиғини намойиш эта боради. Буларнинг ҳаммаси уч тимсол: қишлоқ, она, гўдак-бола-ўсмир-йигит бадиий қиёфасининг тадрижи билан юзага келади.

“Сўнги сурон” деб номланган бўлим анча драматик воқеаларга бой.   Ниҳоят, кутилган кун келади, неча йиллардан буён тилда айланиб юрган кўргилик рўй беради: қишлоқ азалий ўрнидан кўчириладиган бўлади. Гап ҳали нимадалигини тўла тушуниб етмаган қишлоқликлар бу хабарни шодумонлик билан қарши оладилар, ҳатто ўзлари ташаббускор бўладилар. Тирикчилик ташвишлари рамақижон қилиб ташлаган одамлар “орқаларидан ёв қувгандек ҳовлиқиб” азалий маконларини тарк этадилар. Ота-боболарининг хоки-туроби қолган қабристон гўё “ўт ичида қолади”. Инсоннинг табиати шу экан-да, бу одатий ҳолнинг сабаб ва оқибатлари романда муаллиф томонидан анча теран ифодаланганки, уни ўқиган китобхонда киндик қони томган тупроқ меҳри, унинг қадри юраккка яқинроқ бир тарзда садо беради.

Ҳар ҳолда улар саробга дуч келмаган эдилар. Чўлнинг ўз бойлигини дариғ тутиб келаётган саховати уларга чинакам меҳнат эвазига ўз бисотини ошкор этади, турмуш фаровонлашади, янги тартиблар амал қила бошлайди. Ўғил учун ҳам порлоқ имкониятлар очилади, у энди олий ўқув юрти талабаси, кейинчалик вилоят газетасининг ходими… Фақат одамлар зеҳнидаги лоқайдлик, ўз ўтмишига нисбатан бепарволик изтироби тинчлик бермайди. Турли руҳий ҳолатлар асарда зоҳирий во­қеаларни ҳис этишда кўмаклашади. Китобхон яна унинг давоми борлигини тушуниб, мутолаани тугатади.

Роман сўнггида ҳавола қилинган “Учламчи фазо” деб номланган муаллифнинг якуний сўзи анчагина катта ҳажмли бадиий асарга муносиб фалсафий хулоса бўлган. Қолаверса, унда баён қилинган қоидалар роман сюжетидаги кўплаб ўринларни қайта идрок этишда ва тушунишда калит вазифасини бажаради.

Ҳаким Сатторий бадиий адабиётнинг бош­­қа жанрларида ҳам ўз истеъдодини синаб кўрган. Шеърлар (унинг “Адашган йўл” ва “Тош­қўрғоннома” тўпламлари чоп этилган), ҳи­коялар ёзган, киносценарийлар (“Тўрт томон қибла” кинокомедияси ва Соҳибқирон Амир Темур ҳаётидан “Шер ҳамлага чоғланади” бадиий фильм учун) ижод қилган. 1996 йил “Ўзбектелефильм”да “Амир Темур” ҳужжатли фильми суратга олинган. Мутаржимликда ўз имкониятларини синаб кўришга жазм қилиб, жаҳон адабиётининг улкан намояндаларидан бири, буюк рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Сергий ота”, “Бечора Иван Ильич” ҳамда “Крейцер сонатаси” қиссаларини ўзбек тилига таржима қилди. Таржималар “Ўзбекистон” ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда чоп этилди ва тезда ўз китобхонларини топди.

Бугун ўзининг қутлуғ ёшини нишонлаётган камтарин ва сермаҳсул ижодкорга узоқ умр тилаган ҳолда, келажакда янада ажойиб асарлар илҳомини тилаймиз.

Ҳа, юлдузлар кавкабистонида аён бўлган воқелик ерда жамол кўрсатиши рост бўлса, балки сомон йўлларида милтиллаб турган бир шуъла ҳам заминда ўзининг нурли манзилини излаб юргандир. Бу борада Ҳаким Сатторийга ёруғ толеъ насиб этишига тилакдошмиз.

Бойназар ЙЎЛДОШЕВ,

филология фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 9 =