Қадимий мунг залвори
Таниқли адиб Назар Эшонқул 60 ёшда
Қаршига ташриф буюриб, хонадоним меҳмони бўлган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Назар Эшонқулга ишора қилиб менга: “Биласизми, буни Назар Беписандович дейдилар”, деди мулойим кулиб. Ажабландим. Унда кибру манманликдан зиғирча йўқ эди. Кейин ҳис қилдим, тушундим, шоир акамиз мулойим кесатиқ билан гап шипшиган экан.
Аслида Назар билан Темирпўлатнинг ўғлини суннат тўйида танишганман. Бунгаям ўттиз беш йилдан ошди-ёв. “Қайси шоирларнинг шеърларини кўпроқ мутолаа қиласиз?” дея савол ташлади у. Абдулла Ориповни-да, дедим қисқа қилиб. У заҳаромуз кулгандай бўлди. “Бу гапни шеърни тушунмаганларам айтишади. Бирор шеърини ўқинг-чи?” Мен “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси”, деб бошланувчи шеърини ёд айтдим. Бу гал у самимий кулди ва менга қараб: “Сиз билан гаплашса бўларкан”, дея суҳбатни хулосалаб қўйди. Шунда юрагимда чақмоқ чақнади, ҳар бир ҳужайрамда тебраниш юз берди. Хуршид аканинг иддаосида қочирим “ғунча” очганлигини дарров сезгандим.
Гапнинг индаллоси, қани энди ижодкорман дегани адабиётни Назар Эшонқулнинг қаричи билан ўлчаганда эди қаламни синдириш имконини кутмасдан дарров хулосалаб, балки ёзишни йиғиштириб қўярди. Назар инсон шахсини ҳеч қачон ерга урмайди, бадиий бўш асарларга нописанд қарайди. Энг қизиғи, қайси бир ёзарман китоб тутса бир ҳарфини қолдирмай ўқиб чиқади ва муаллиф хафа бўладими, аразлаб кетадими, “ўзинг қотириб ёз аввал”, дея кибрли луқмасини қоғозга ўрамай отадими, зардасини ҳазм қила олади. Яхши асарга дуч келса, ўзи ёзгандай қувонади.
Дўстингни айт, сенинг кимлигингни айтаман, деган гап бор бизда. Назарнинг назарига жиндай тушиш учун неча бор ёқа узмаганман. Нечта қоғозни йиртиб ўчоққа тиқмаганман. “Кечиккан фасл” сайланмамни тайёрлашда бевосита у билан ижодий ҳамкорлик қилдим. Мен юборган айрим шеърларнинг мисралари тагига қора чизиқ тортиб, ўзимга қайтарарди. Ундан сира гина қилмаганман. Аксинча, ўзимни сўроққа тутганман, таънам ҳам, дашномим ҳам ўзимники ўзимга бўлган. Бундай жараёнга тушиш ҳаётимда иккинчи бор бўлган. Биринчиси Аҳмад Аъзам эди. Ўзимдан ўпкаландим. Ниначидай жойингда енгил қанот қоқмай, сўз дарёсига шўнғиш керак эди, дея ўзимни койийман. “Насаф” нашриётига ишга келиб Чори Аваз ва Темирпўлат Тиллаев билан дуч келмаганимда адабиёт ҳақида енгил тасаввурлар қуюнида ўзимга ўзим маҳлиё бўлиб қоларканман. Жонли чақмоқтошлар керак экан ижодкорга. Ҳаётимда жуда кўп бадиий бўш асарларни ўқиб, кичик гирдоб ичида қолиб кетганлигимни англадим. Ижодкор ҳавойи ҳавасга учмаслиги учун ички “мен”ини ўзи мураббийи бўлмоғи керак экан. Барибир савқи табиийликка не етсин.
2010 йилнинг 20 март куни ҳуқуқшунос Ҳамид Бобоқулов билан Назар Эшонқулникида меҳмонда бўлдик. Гурунг зўр кечди. Шунда Назар эртага Абдулла Ориповнинг туғилган куни эканлиги ва шоирдан хабар олиш таклифини билдирди. Ва “даҳо шоирдан энди хабар олиш керак”лигини гап орасида қистириб ўтди. Эртаси куни Абдулла аканинг хонадонига бордик. Абдулла аканинг Назарга кўзи тушиши билан: “Ёзувчигаям оёқ чиқиб қолибдими?” луқмасидан ҳаммамиз кулвордик. Абдулла аканинг ўзи ҳам жилмайганида кечаги ланжликдан урвоқ қолмади. Кейин суҳбат қизиди. Аслида Назар Эшонқул Абдулла Орипов уюшмага раҳбар бўлган чоғида ҳузурига деярли эшик қоқиб бормаган экан. Ёзарманлар игнадай гапни туя қилувчилар-да. Эҳтимол, Назар бирор мукофот илинжида келган деган гапдан қочган. Чунки у адабиёт одами. Ҳар қандай моддий рағбатдан сўз рағбатини устун қўя олган адиб. Яна Назарга шундай савол берганман: “Асарларингизни баёзларда ўқиганман. Нега китоб ҳолида чоп эттирмаяпсиз?” деганимда у ҳеч иккиланмай “Кимга керак бўлса нашр эттираверсин?” деган “ғалати” жавобидан эсанкираганим чин. Миниб юрган от-эшагимизни сотиб бўлса-да китоб чиқаришга мубталолигимиз бор гап. Улуғ немис адиби Ҳайнрих Ҳайне: “Шуҳратпарастликда одам ҳайвон. Шоирлар эса ўта шуҳратпарастдир” деганида ҳақ бўлиб чиқар-ов. Одатда ижодкор ҳақида гап кетганда у билан чой ичганини мақтаб ёзишни жиним суймайди. Назар билан дастурхон бошида адабиёт ҳақида кўп суҳбат қурганмиз, мен кўпроқ тингловчи бўлганман.
Назарнинг қай бир асарини ўқинг, исён чиғаноқ ичидаги дурдай яширин, ўзликни англаш ўзаги мустаҳкам, имсиз ишораларга бой, истиора кучли, қочирим, истеҳзо санъатга уйғунлашган, серқатламлилик, сермаънолилик даставвал онгингизни “тушовлайди”. Фикрлашга, мушоҳада юритишга мажбурлайдики, бармоғингизни букмоқ учун ўйнатишга ҳожат йўқ. Унинг қаҳрамонлари маҳмадона, мақтанчоқликдан йироқ. Вазмин ва сермулоҳазалиги билан тафаккур тарзингизни янгилашга, фикран назаркардалик уйримига ташлайди. Жумлалар узун бўлса-да шеърий оҳанг устувор, инсон изтироби, дарди самовий нолага қоришиқ. “Момоқўшиқ” қиссасида қадимий мунг бепоёнлик шовурини руҳиятингиз водийси узра қанотлантиради.
Пахта теримига келган маданият вазирлиги ходимларининг дала шийпонига жойлашуви манзараси кесатиқ аралаш кулгунгизни келтиради. Кўрикка келгандай ясан-тусан кийинган қизу жувонлар, эркакларнинг шовқини кўриниши шундай тасвирланади: “ингичка, йўғон, ширали, ширасиз, нозли, ишвадор, хирилдоқ, совуқ ҳиринглаган, чириллаган, йиғламсираган, кулинқираган, босинқираган, ҳадиксираган, чучинқираган – турли овозларга тўлди”.
Шаҳар ҳавосидан танглайи кибр ва манманликдан кўтарилган ёзувчи Шамси Салоҳнинг адабий портрети чапланиб ташланган ранглар остида жилваланаётган сўз бўёқларида тиниқлашади. Дастлаб ўзига маҳлиёлик одамларни одамлардай кўрмаётганликдан айри этган манзаралар унинг хаёлларига тизгин уриб, девор ортидаги сир-синоатга бой, азалий изтироблар силсиласидан ўзакланган турмуш тарзини кўз олдида пайдо қилади. Илдизлари қирқилган маданият мафкурасининг ҳис-туйғуларимизни барбод этувчи ахлоқсиз ақидалари жамият кўзгусининг орт тарафини акс эттиришга хизмат қилишидан бошқа нарса эмаслигини англатади. Миллий қадриятлар саҳрода қуриб-қақшаб ҳилвираб турган яланғоч оғочнинг турқи-тароватига айланганини жонли ҳис этамиз. Исмоил Али ва яна икки актёр билан чимзор йўлда тўртовлари бораётган чоғида дарахтлар барглари орасидан нурдай сизиб борлиқни иффат ҳижобига ўраган қизнинг қўшиғи – момоқўшиқ тош қотган шуурига оташ тутади. Бу қадимий мунг, бу азал ва абад овози, бу сарҳад билмас хаёл арғумоғи, бу она ер армонининг ўтда ёнмас тазкираси қалб лавҳининг асрий ва муқаддас каломидир.
“Чайла билан дарахтзор оралиғи йигирма қадам ҳам чиқмас, супада уларга орқа ўгириб, сўта ситганча қандайдир қиз қўшиқ айтарди. Қизнинг овози тиниқ, ҳатто жуда тиниқ, таъсирчан, ширали ва марокли эди. У қўшиқнинг энг юқори пардасини ҳам қийналмай, зўрланмай, табиий ва самимий куйларди. Тўрт ҳашарчи ҳам худди биров имо қилгандек бирдан тўхтаб қолди. Улар қўшиқнинг назарий томонларини ва овознинг қадрини яхши тушунардилар. Шу сабабли қаршиларидаги қизга бир зум сеҳрлангандай, бироз ажаблангандай қараб туришарди. Ҳатто энг машҳур ҳофизлар ҳам бу қўшиқнинг юқори пардасига келганда бироз кучанишарди; қиз эса дугонасига шивирлаётгандай қийналмай, овоз маромини ўзгартирмай пардадан-пардага ошиб ўтарди. Унинг овози сўзларни ҳам оҳангга айлантириб юборар, қиз қанотини озод қоқиб юрган қушчадай, берилиб қўшиқ айтарди. Қўшиқдан ҳатто қизчанинг дук-дук ураётган юрагини ҳам эшитиш мумкин эди. Унинг товушидаги эркинликка Шамси Салоҳ бирдан мажоз топа олди: тоғ кийиги чўққидан-чўққига ана шундай сакраб юради, деб ўйлади у”. Адиб бу манзарага шундай урғу беради.
Шамси Салоҳ “тунд, бироз олифтароқ, жимжима нарсага ўч, бироз кибрлироқ, ҳамма нарсанинг гўзал бўлишини истовчи ва ҳамиша шунга интилувчи, ҳашамли ва жилвали нарсаларни севувчи, ҳар бир манзаранинг ниҳоятда зебо томонларини кўра олувчи, нафис ташбеҳларга устаси фаранг, яшаши ва кийинишида ҳам ўта зиёлилик барқ уриб турувчи киши эди; у ҳаётга ҳам, теварак-атрофига ҳам мана шу нозик зиёлилик кўзойнаги билан қарарди”. У қўшиқчи жувон Муаззамни шу нигоҳ билан уқди. Шон-шараф саҳнасига шу йўсинда олиб чиқишга диққатини қаратди. Уни гўл, ишонувчан, тўпори аёл деб ўйлади. Ўз қутқуси домига тез илинтирмоқчи бўлди. Аммо инсон қалби билан ҳазиллашиб бўлмаслигини бригадир Отақулнинг хати унинг хомхаёл орзуларига тузоқ қўяди. “Мен уни тушунадиган ягона эркак эканлигимдан ҳамиша фахрланаман ва у ҳам мени тушунади, деб ўйлайман. Мабодо, гапларимга шубҳа қилсангиз унинг ўзи билан гаплашинг. Мен унчалик гапга уста эмасман ва умримда жуда кам китоб ўқиганман, лекин хатимнинг охирида сизга шуни айтмоқчиманки, сиз ҳали бу халқни билмас экансиз. У ҳомийликка муҳтож эмас… У сизнинг мурувватингизсиз ҳам буюкдир…” Ҳа, шундай. Халқ у оломон эмас ва мурувватга муҳтожликни қуллик дея рад этади.
Муаззам ҳам ўз оиласи, эри ва фарзандларини ҳар қандай сохта шондан баландлигини айтганда, Шамси Салоҳ ёзувчи бўла туриб миллат менталитетини тушунмаслиги, миллий қадриятлар азалий ва абадлигини танимаслиги, ялтироқ нарсалар – “давр сарқитлари” мубталолиги гўнгда ўсган зарпечакдай таъбингизни хира этади. Халқимизнинг олтиндан қиммат, қиймати мангуликка тенг маданияти, урф-одати инсонийлик рутбасидан бегона мафкура чангалида топталаётганини “Момоқўшиқ” залвори тоғдан зил-замбил мунгида ифодаланишини адиб ботиний қарашлари, синчи тасаввур ва таассуротлари ила руҳиятимизга сингдира олганки, асрларни силкитган маънавий-маданий меросимиз илдизимиз чуқурлигидан огоҳ этади. Шамси Салоҳлар ўткир иқтидор соҳибларини фонийлик қутқуси, сохта шуҳрат васвасасида қурбон қилиш йўлида иркитлик, ифлослик, манфурлик, риёкорлик меросхўрлари сифатида ўзларини ўзлари алдайдилар. Ва тубсиз тубанлик чоҳига қулайдилар. Халқнинг тарихий маданиятини топташга уринганлар бегона манзилларда йўл йўқотадилар. Илмий атамалардан холи дилдаги изҳоримни баён этдим.
Назар Эшонқулнинг ҳар бир асари мифлар, ривоятлар, рамзларга муҳрланиши билан ўқувчида синчиликни, қуввайи ҳофизаси, тафаккурлаш тарзи юксак бўлишликни талаб этади. Авом ўқувчи сирланган тосга тушиб қолган чумолидай баланд нуқтада бўй кўрсатолмайди.
Энди қадрдоним Назар Эшонқулнинг “ҳамма биладиган” таржимаи ҳоли ва у ёзган асарлар ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмасам бўлмас.
У Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлади. Дастлабки асари — “Уруш одамлари” 1988 йилда нашр этилганди. Шундан сўнг бирин-кетинликда “Момо қўшиқ”, “Маймун етаклаган одам”, “Шамолни тутиб бўлмайди” ва бошқа асарлари чоп этилди. “Гўрўғли” романининг журнал варианти эълон қилинди. Жаҳон адиблари Хуан Карлос Онеттининг “Ҳикоялар ва қиссалар”ини, Албер Камюнинг “Эсселар”и ва Чеховнинг “Болохонали уй” ҳикоясини ҳамда бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди.
Биродарим Назар Эшонқул ҳақида яна шуни айтишим керакки, у узоқ йиллардан буён Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида меҳнат қилади. Ўтган йиллар давомида телевидение орқали намойиш этилган ўнлаб, балки юзлабдир, жаҳоннинг энг буюк адиблари, маданият ва санъат намояндалари ҳақидаги кўрсатувлар унинг сценарийлари, таржималари асосида эфирга узатилди. Бундан ташқари бир қанча кинофильмларга сценарийлар ёзди.
Ана шундай тинимсиз меҳнат, изланиш билан ўтган йиллар халқимизга, адабиётимизга Назар Эшонқулдай ёзувчини берди.
Яна бир гап. Одатда истеъдодсизлар бировнинг қадамини, истеъдодлилар ўзининг қадамини ўлчайди. Назар биродарим ўз қадамини ўлчаганлардан. Ўз ижодий лабораториясини яратган, жаҳон адабиёти билан бўйлашадиган асарлари билан чин маънодаги адабиёт одамидир.
Ўроз ҲАЙДАР