Аёл руҳияти эпкинлари
Шоир бўлиш қийин,
Шоир бўлиш оғир,
Шундай буюкларнинг
Каҳкашонида!
Устоз Абдулла Ориповнинг ушбу сўзлари, гарчи Некрасовга бағишланган шеъридан олинган бўлса ҳам, муаззам назмий хазинага эга ўзбек шеъриятида муносиб эътирофга сазовор бўлиш нечоғлиқ мушкул экани ҳақида. Дарҳақиқат, миллий адабиётимиз буюк истеъдодларга шу қадар бойки, бу каҳкашонда оҳорли сўз айтиш, янги бадиий изланишлар қилиш осон эмас. Шунга қарамай, бундай ижодкорлар борлиги ва мунтазам етишаётгани қувонарлидир. Ана шундай сўз заҳматкашлари орасида атоқли шоира, публицист Шарифа Салимованинг ўрни алоҳида.
Шарифа опани таниганимга қарийб ўттиз йил бўлди. Шоиранинг ижодини муттасил кузатиб келаман. “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Ватан суврати”, “Бедор тун томчилари” сингари лирик шеърлардан тузилган ва “Тонгга қасам”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” номли бадиий публицистик мақолалардан таркиб топган тўпламлари, болаларга бағишланган ажойиб назм намуналарини ўз ичига олган “Қушлар алифбоси”, “Ҳайвонот оламига саёҳат” китоблари, “Хизр булоғи”, “Дуогўйим онам” ва “Тўмарис” сингари достонлари шоиранинг ижодий хирмони ҳавас қилса арзигулик экани исботидир. Ижодкорнинг шеърлари теран ҳаётий фалсафий моҳиятни ифода этгани, оҳорли ташбеҳларию метафоралари, аёл ижодкорларга хос нафис услуби билан алоҳида ажралиб туради.
Шеър – изтироб маҳсули, дард ҳосиласи. Одатда у дилда ғам, кўзда нам билан дунёга келади. Шоҳ Машрабнинг: “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни ковлама”, деган ўтли сатрлари айни ҳақиқатни ифодалайди. Лекин чинакам ижодкорнинг дарди хусусий бўлмайди. Унинг қалби оғриса, Ватан ва Миллат дарди билан оғрийди. Қувончи ҳам, изтироби ҳам она юрти, она халқи қисмати билан боғлиқ бўлади. Шоиранинг:
Бир куни ё майса гиёҳ бўламиз,
Шунда ҳам ҳолингдан огоҳ бўламиз.
Шоир қаламингга сиёҳ бўламиз,
Сендан бир дам айро тушмаймиз,
Ватан…
Майли, тиканларинг қонатсин
қўлим,
Майли, изғиринлар қилсинлар зулм,
Сен рози бўлсанг бас, энажон элим,
Сендан бир дам айро тушмаймиз,
Ватан…
дея шоиранинг ёзиши бежиз эмас.
Шарифа Салимова шеъриятида аёл руҳияти, ўзбек онасининг орзу- армонлари, дарду изтироблари ўзига хос ифодаланган. Шоиранинг: “Аёл уйғонмаса – уйғонмас миллат” деган сўзлари шеърият муҳиблари орасида афоризмга айланиб кетгани маълум. Чунки бу сўзлар шунчаки қофия учун тўқилган эмас, улар Миллат дарди билан ёнган қалбдан вулқон каби отилиб чиққан ҳароратли дил изҳори эди ижодкорнинг. Кўнгилнинг туб-тубидан чиққани учун ҳам кўнгилларга етиб борган бу сўзлар. Шу номдаги шеърдан олинган мана бу сатрларни бефарқ ўқиб бўлмаслиги бунинг исботидир:
Қоракўз тулпорлар ёлин силаса,
Қуёшга учгудай қувват берувчи,
Сочини супурги қилиб Ватанга,
Ўзи тоғлар каби мағрур турувчи…
Жимгина суювчи… кўз ёш тўкувчи,
Ишқи ҳам гул каби, нур каби ҳалол…
Ҳаётнинг табаррук юкин елкалаб,
Шу зайил Ҳақ сори кетмоқда…АЁЛ…
Шоира лирикасида Она образи алоҳида ўрин эгаллайди. Орзулари чечаклардай мўл, умидлари ўзи бир жаҳон ижодкор туйғулари каби тоза нурларга юзини юваётган осмон, йўлга чорлаб чалинаётган найни эслатар экан, мунис онасиданоқ фотиҳа тилайди (“Оқ фотиҳа бергин” шеъри).Онаизорнинг томирлари бўртиб-бўртиб кўринган қадоқ қўллари, пешонасидаги майда чизиқларга бўлинган ажин йўллари, бир пайтлар нур билан порлаб, кўкдан термулган юлдузларга то тонгга қадар ёғду улашган-у энди хирагина назар ташлаётган кўзлари… қордек оқ суюмли сочлари… ўқувчи кўз ўнгида муштипар волида сувратини жонлантирувчи, кўнгилларга унинг юрак тафтини ҳис этиш имконини туҳфа этувчи бу сатрлар самимиятидан мижжаларга ёш қалқийди… (“Онамнинг қўллари” шеъри). Мана бу сатрлар она дуосининг қиммати нечоғлиқ баланд экани ҳақида:
Тиллолар олмадим, зарлар олмадим,
Зўрларга бошимни эгиб бормадим.
Хиёнат, иғвонинг лойин қормадим,
Олганим дуолар бўлди, онажон!
…Ғанимнинг ўқига бўлсам-да нишон,
Кўзимдан чакиллаб томганда ҳам қон.
Сидириб, мен уни тиладим иймон,
Олганим дуолар бўлди, онажон!
Онадан айрилмоқ – дунёдаги энг оғир мусибат… Шоиранинг “Онажон” шеърида ана шу оғир йўқотиш изтироблари беҳад таъсирли ифодаланган. Кузги япроқлар узилиши оғир оҳ чекишига боис бўлган ижодкор тонгларда: “Сен уни кўрдингми, меҳрибон қуёш?”, дея илтижо қилади. Тоғлар қошида бош эгар экан, онаизорини соғиниб чунон йиғлайди. Чеккан оҳидан ҳатто даралар ҳам инграйди: “Онамни кўрдингми, айтгил, қояжон?” Майсаларга юз босар экан, она қўлларига ўхшатиб, титроққа тушади. Мушфиқ онасини бир кўрмоқ илинжида бешафқат дунёга хитоб қилади: “Бир бора кўрайин онажонимни…”
Шеърнинг хотимаси мусибат қанчалик чўнг бўлмасин, унинг давоси иймон ва сабр экани ҳақидаги хулосага олиб келгани жиҳатидан қимматлидир:
Сим-сим эшиклари очилмас мангу,
Тоғлар ҳам жонимга кирмаслар оро.
Индамай саждага бошимни қўйдим,
Мен қулингни кечир, Парвардигоро…
Умуман, она мавзусидаги туркум шеърлар Шарифа Салимованинг бу мўътабар сиймо ҳурматига барпо этилган бебаҳо бадиият гулзоридир. Бу гулзордаги маъюс чечаклар ўқувчига ужмоҳ гулларининг ифорини улашади. Муштипар она ҳақидаги ўлмас хотираларни, унинг олдидаги Маҳшаргача узилмас қарзни ёдга солади.
Шарифа Салимова лирик шеърлардан ташқари достонлар ҳам ижод қилди. Бу достонлар шоиранинг катта поэтик кўламда фикрлай олиши тасдиғи сифатида алоҳида аҳамиятга эга. “Хизр чашмаси” достони сюжетининг марказида ҳазрат Алишер Навоий образи туради. Шоира бутун замину замонни буюк мутафаккир бобокалонимиз атрофида айлантиради. Асрлар ўтаверади, замон эврилаверади, лекин Миллат ҳаётида бу улуғ сиймога бўлган эҳтиёж сўнмайди.
Саҳродаги ёлғиз дарахт ва унинг тагидаги чашма ёнида турган ҳазрат Навоий ҳузурида қўлида инграган гўдак билан зўрға қадам босаётган она намоён бўлади. Тўрт фарзандини тупроққа топширган, бешинчи бемажол гўдагини бағрига босган хастадил она… Унинг сўзларидан буюк мутафаккир – қуёш рухсорли табаррук сиймо фарёд чекади. Онаизор эса бошига тушган мусибатларни баён этади. Унинг айтишича:
Сиру асрор тўла замон айланди,
Айланганда ҳам кўп ёмон айланди.
Шайтон юракларда ғавғо бошлади,
Миллат орасига нифоқ ташлади…
Бугина эмас. Шайтонлар минг фитна тузавергани, энг сара гулларни узавергани, не-не тилло бошлар кесилиб кетгани, энг улкан чинорлар ўтин, алангаси пинҳон тутун бўлгани, асл булоқларнинг суви айнигани, она тупроқнинг шўри қайнагани, дарёлар бурилиб оқмай, одамлар бир-бирига боқмай қолгани, авваллари соф бўлган ҳаволар заҳар сочгани, оналар даладан келмай, гўдаклар қулундай елмай қўйгани ҳақида куйиниб сўзлайди. Унингча: Бир пайт аёл эрса муҳаббат гули, Энди номи бўлди тириклик қули.Улар ўттизида ўтин бўлдилар, Армон водийсида тутун бўлдилар. Бир пайт висолига Мажнун бўлган зор, Тупроққа тенг бўлди Лайлидек дилдор… Аёл қалъасига путур кетган он, Дод деб соҳилини тарк этди уммон…Мулоқот сўнгида бу хастадил она ҳазрат Навоийнинг “Исминг не, қизим?”– деган саволига “Гўдагим Фарҳоддур, ўзим…. Дилором….” – дея жавоб беради.
Достондаги Хизр чашмаси бу – туркий тил, мангу яшил дарахт – ҳаёт тимсоли. Дунёнинг энг қадимий ва энг бой тилларидан бўлган она тилимиз тимсоли бўлган Хизр чашмаси, мангу ҳаёт рамзи ҳисобланган яшил дарахт ва ҳазрат Алишер Навоий ёнма-ён тасвирланиши, замину замоннинг ана шу учлик теграсида айланиши шоиранинг тахайюл ва тафаккур олами нечоғлиқ кенг экани исботидир.
Ҳазрат Навоий ёнига, Хизр чашмасига келган кейинги йўловчи – қўлларига кишан солинган аёл. Ахлоқсизлик, фаҳш ботқоғига ботган жамият қурбони бўлган бу аёлнинг мусибати тошларни ёради. На миллат дардидан ғами, на туққан элининг ва на она тилининг қадри билан иши бўлмаган, тиллога кўмилиб, сутларга чўмилиб, пул учун дину иймонини сотган, “Уммон қурийверса, на ташвиши бор, Ҳақиқат топталса, нима иши бор” кимсалар боис бахти топталган жонлар қисмати ҳақидаги фожиаларни сўзлаган бу мусибатзаданинг исми Лайли…
Шоира шу тарзда ҳазрат Навоий пок ишқ ва инсоний камолот тимсоли сифатида тасвирлаган Фарҳоду Дилорому Лайлилар замонавий отдошларининг номи ҳам, шони ҳам топталган зиддиятли давр фожиаларини ўзига хос услубда талқин этади. Замон чиндан ҳам ёмон томонга эврилганини образлар асосида таъсирли суратлантиради.
Хизр чашмасига келган кейинги қаҳрамон – қўлида кўза кўтарган сочлари кумуш онахон. У ўсимлик шаклида келган айғоқчи, Юрт ганжига пинҳон тушган қароқчи, Жайҳун сувларига сира тўймаган, Сайхунни ҳам йўлдан уриб қўймаган офат – пахта яккаҳокимлиги юртни қандай вайрон этгани хусусида ҳикоя қилади. Мана, унинг ҳасратли кўнгил изҳори:
Болам, бу юрт шўри азал мўл экан,
Кўз ёшлари дарё, денгиз, кўл экан.
Ҳануз косасининг таги оқармай,
Ҳануз ёқалари ёшдан ҳўл экан.
Ҳануз тиллолари кимгадир насиб,
Итлар суягин ҳам юрар талашиб.
Шоира ана шу тарзда доcтон қаҳрамонлари тилидан бугун тарихга айланган, лекин халқимиз кечимишида оғир из қолдирган фожиани бутун кўлами билан тасвирлайди. Ҳар бир сатрдан, ҳар бир сўздан она юрт ғамида куйган ижодкорнинг кўнгил изтироблари силқиб туради. Она халқининг дарди унинг кўзларидан уйқуни, қалбидан ҳаловатни олгани, қўлига қалам тутқазиб, фарёдларини оқ қоғозга тўкмоқни дилига солгани яққол сезилиб туради.
Буюк Навоий ёнига келган кейинги қаҳрамон – етмишларга бориб қолган қомати дол чол ва унинг калом билмас ўғли. Отахон ўғлининг аҳволини айтиб куйинади. Унинг сўзига кўра, ўғли ўз тилида саломни ҳам, бир калима хуш каломни ҳам билмайди. Мақомлардан пешонаси тиришади, ғазал не деб бир чеккада қунишади. Қодирийнинг кимлигини билмайди, Абдуллони назар-писанд қилмайди. Хотинининг сочин кесиб қўяди, Фарзанд қолиб, кучугини суяди. Она халқини саводсиз деб устидан кулган. Отасини ғарибхонага элтиб қўйган… Миллат надир, армон надир, ҳуши йўқ, Оламни сув босса магар иши йўқ. Гадоларнинг кафтига тош қўяди, Ғарб оламин пойига бош қўяди…
Шарифа Салимова шу тарзда қаҳрамонлар тилидан миллатни ўзлигидан айирган иллатлар моҳиятини фош эта боради. У қўллаган ижодий услуб – турли даврнинг турли ҳолатдаги кишиларини ҳазрат Навоий қошига келтириб, улар фожиасининг асл илдизларини очиб бериши шоиранинг ижодкор сифатидаги маҳоратидан ташқари, маънавий жасорати сифатида ҳам баҳоланмоғи зарур.
Яна достон сюжетига қайтамиз. Чол ўғлининг қилмишлари ҳақида сўз юритар экан, ногоҳ кўкдан митти бир қуш иниб, буюк шоир қўлига қўнади. Мулоқот асносида унинг Усмон Носир экани аён бўлади. Жаҳолат қурбони бўлган ёш шоир чол ва набира ҳолатига мана бундай муносабат билдиради:
Кекса бошдан-оёқ гуноҳга ботган,
Ўғлонни жаҳолат тубига отган
Ўзидир. Энди ул нечук ёш тўкар,
Қасос қиличига фарзандин тутар.
Бу ўз миллат гулин кемирувчи қурт,
Унга на тил азиз ва на она юрт.
Мен уни танидим. Унинг қўли қон,
Менинг ҳам умримга зомин шу инсон.
Улар икки эмас.
Ажриқ мисол кўп…
Шоиранинг маҳорати шундаки, миллат бошига яқин замонларда тушган фожиаларни шу тарзда ҳаётий ва бадиий мантиқ асосида изчил талқин этади. Халқимиз бошидан кечган мусибатларни ўқувчи қалбида акс-садо берадиган даражада таъсирли ифодалайди. Ҳазрат Навоий номидан мудҳиш маънавий жиноятлар устидан бадиий ҳукм чиқаради.
Достоннинг поэтик хулосаси ўқувчи қалбида умидбахш туйғуларни уйғотиши билан аҳамиятлидир. Ҳазрат Навоийнинг шитоб билан булоқ бўйига бориб, уни кенгликлар сари очиб юбориши Миллат ҳаётига озодлик, рўшнолик келиши рамзидир. Асар сўнгида буюк бобокалонимиз ҳузурига илк бор қўлида инграган гўдак билан зўрға одимлаб келган онаизорнинг фарзандига ҳазрат булоқ сувин ичиради, тандан дард қушларин бир-бир учиради. Бахтсиз ота-болага иймону инсоф тилайди. Яъни Хизр чашмаси – туркий тил миллат тараққиётининг асоси сифатида халқимизнинг кўнгли шод, ҳаёти обод бўлишига йўналтирилади. Шу тарзда асарда тилга олинган тугунлар бирма-бир ечилади.
Достон хотимасида шоира ҳазрат Навоий тилидан қўлида “Хамса”нинг беш достонини кўксида тутган жажжи ўғлонга қарата мана бундай сўзларни битади:
“Умидимки, мен тиклаган яшил боғ,
Завол кўрмай, порлагуси яшилроқ!
Улус яна хатоларин тузатур,
Бир-бирига дўстлик қўлин узатур.
Хизр булоқ –
турк лисонин чашмаси,
Бир умрга қондиргуси ташнани.
Томчилари руҳ боғининг жонидир,
Ўзбек деган буюк миллат қонидир.
У тинмаса, олам гулга тўлади,
Турк кўксида қайта чечак унади.
Кенгликларда ханда қилиб лолалар,
Дунё сўрар шунда шоир болалар”.
Ҳазрат қаламини ўғлонга тутди,
Сўнг оппоқ нурларга қўшилиб кетди.
Умуман, “Хизр чашмаси” достони она юрт тарихининг энг мураккаб ва зиддиятли даврлари, Ватан ва Миллат инқирозининг сабаблари теран бадиий талқин этилгани билан ҳам, буюк Алишер Навоийдай мутафаккирлари бор халқ барибир ўзлигига қайтиши, тараққийга эришмоғи муқаррарлиги ҳақидаги умидбахш ғоя билан якунланганига кўра ҳам, шоира ижодий ниятининг ўзига хос рамзлар, тимсоллар орқали бетакрор ифодалангани жиҳатидан ҳам кўламли бадиий полотно даражасига кўтарилган.
Шарифа Салимова шеърлар, достонлар ёзиш билан бирга, бадиий публицистика борасида ҳам самарали ижод қилиб келаётир. Унинг турли мавзулардаги, замонамизнинг ўткир муаммоларига бағишланган бадиий-публицистик мақолалари, устоз ва замондош шоиру адиблар ижодига доир эсселари ушбу фикрни тасдиқлайди. Ушбу мақола ва эсселарни ўқир экансиз, уларнинг салоҳиятли шоира қаламидан чиққани яққол сезилади. Уларда оҳорли ташбеҳлар, тутилмаган образли ифодалар, сўзнинг таъсир кучини беҳад ошириб юборадиган истиоралар маҳорат билан қўлланади. Ушбу бадиий тасвир воситалари сўзга ранг ва жило беради. Унинг шеърдай, қўшиқдай равон ўқилишини таъминлайди. Булар ҳаммаси ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг муттасил мутолааси ҳамда тунни тонгга улаб чекилган ижодий заҳматлар орқали эришилган маҳорат натижасидир.
Шарифа Салимова моҳир таржимон сифатида жаҳон адабиётининг Ҳёте, Ҳайнрих Ҳайне, Анна Ахматова, Ёҳан Еллас Шлегель, Николаус Ленау, Ҳанс Магнус Ензенсбергер, Бартхолд Ҳенриҳ Брокес, Йозеф фон Айхендорф сингари намояндалари шеърларини ўзбек тилига ўгирган. Исломшунос олмон шоири Ҳадаятуллоҳ Ҳюбш шеърлари таржимасидан таркиб топган «Оҳ, атиргул» тўплами, айниқса, шоира таржимонлик фаолиятининг энг ёрқин намунасидир. Бу таржималар шоира учун чет эллик ижодкорлар маҳорати сирларини ўрганиш нуқтаи назаридан фойдали бўлиши баробарида шеърият муҳибларини жаҳон адабиётида кечаётган ижодий жараёнлар билан таништириши жиҳатидан ҳам қимматлидир.
* * *
Икки оғиз Шарифа Салимованинг инсон ва ўзбек аёли сифатидаги фазилатлари ҳақида. У сўзни нозик ҳис этадиган, оз сўзга кўп маъно юклай биладиган ижодкор бўлиши баробарида, ҳар қандай аудиторияда нутқ сўзласа, тингловчиларнинг диққатини ўзига жалб эта оладиган маҳоратли нотиқ ҳамдир. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари устоз шоирларнинг садоқатли шогирди сифатида, уларнинг юлдузли онларида ҳам, синовли кунларида ҳам оқибат кўрсатгани Шарифа Салимованинг одамийликда қатъиятли экани исботидир. Бу икки улуғ шоир юбилейларида, улар ижодига бағишланган тадбирларда, телекўрсатувларда нутқ сўзлар экан, Шарифа опа устозлар асарларидаги энг шоҳ сатрларни ёддан келтириб, чуқур ва профессионал таҳлил қилиб беради. Бу мисоллар ва улар таҳлилига доир фикрлар унинг устоз шоирлар ижод лабораториясини нечоғлиқ пухта ўрганганини, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов асарларини қанчалик кўп ўқиган бўлса, шунчалик пухта ўзлаштирганини кўрсатадики, бу ҳол шоира ижодий камолоти сирларини ойдинлаштириши жиҳатидан ҳам қимматлидир.
Таҳририятларда ишлаб юрган кезларида ҳам, Олий Мажлис депутати сифатида ва бошқа масъул лавозимларда фаолият юритганда ҳам Шарифа Салимова ўзбек аёлига хос одобу назокатни, ҳаё-ю ибони мукаммал сақлай олган, миллатимиз оналарига хос фазилатларни кўз қорачиғидай асраб, ҳаётда шунга тўлиқ амал қила билган инсондир.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор