Маънавиятимизнинг Иззат Султони

Жамиятни фикр олға суради, фикрни мутафаккир. Агар мутафаккирда ҳам мантиқий, ҳам тимсолли тафаккур мужассам эса, у ҳам олимлик, ҳам адиблик салоҳиятига соҳиб эса, нур устига нур. Бундай инсонларни эл севиб, ардоқлаб, устоз аллома, пири комил деб атайди. Иззат Султон ана шундай мўътабар сиймолардан эди. Зеро, у буюк Фитратнинг шогирди эди. Бир умр устози анъаналарига содиқ қолди ва ўшандоқ буюклик даражасига кўтарила олди.

Маълумки, биринчи бўлиб ўзбек тилида “Адабиёт қоидалари”ни ёзган Абдурауф Фитрат “Абулфайзхон”дек бадиий тафаккур дурдоналарини мерос қолдирди. Унинг издоши бўлган Иззат Султон ҳам “Адабиёт назарияси” билан ёнма-ён “Алишер Навоий”дек ўлмас саҳна асарларини ижод этдиким, бу нуқта алоҳида таъкидлашга сазовор, шоён эътибордир.

Шунингдек, унинг “Имон”, “Билмайин босдим тиконни”, Абу Али ибн Синога бағишлаб ёзилган “Даҳонинг ёшлиги” драмалари эл орасида шуҳрат қозонди.

Мен Иззат ака билан илк дафъа 1962 йилнинг августида кўришдим. Дўрмонда Респуб­лика ёш ижодкорларининг семинар-кенгаши бўлди. Биз семинар қатнашчилари биринчи кун Абдулла Қаҳҳор, иккинчи кун Мақсуд Шайхзода, учинчи кун Иззат Султон билан учрашдик. Ўша учрашувлар худди кечагидек ҳамон кўз ўнгимда турибди. Ҳар бирининг файзи – баҳраси бўлакча, мазаси- тоти ўзгача…

Учинчи кун Ёзувчилар боғидаги ариқ бўйи, катта чинор остида ёш қаламкашлар жамулжам эдик. Семинаримиз раҳбари шоир Миртемир “Бугун азиз меҳмонимиз атоқли адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султон!” деб эълон этаркан, ҳамма бир тан, бир жон бўлиб азиз меҳмонга тикилдик. Иззат ака ўрнидан турди, табассум қилиб, хушчақчақ бир қиёфада ҳаммага кўз югуртиб чиқди. У ўртадан паст бўйли, миқти гавдали, оқ сариқдан келган, пешонаси кенг, калладор, мовий кўзли киши эди. Қиёфаси   билан Суқрот ҳакимни эслатарди. Сал энгашиб, Миртемир акага бир нима деди, қизиқ гап бўлса керак, икковлашиб хандон отиб кулишди… Сўнг сўзга киришди у. Сўзга киришдию бизни маҳлиё қилди, қўйди. Бунақасини ҳали кўрмаган эдим. Тўғри, сўзга чечан, тили бийрон нотиқлар мен яшаётган Бухорода ҳам бор эди. Аммо улар кўпинча аён бўлган   гапларни баён этишарди, холос. Иззат ака эса улардан фарқли ўлароқ, аён бўлмаган гапларни баён этарди. Кетма-кет сўз эмас, унинг нутқида бетакрор мулоҳазаю мушоҳадалар дарё тўлқинларидек тошиб келар ва тингловчини оқизиб кетарди… Кейин ўйлаб, бунинг сирига етгандек бўлдим: фикр юритиб,сўзлар, сўзлаш асносида фикр юритарди у … Бу нарса унинг ўзига ҳам, сўзига ҳам айрича бир жозиба бахш этарди.

Иззат ака миллий тафаккурнинг кўзгуси бўлмиш адабиёт ҳақида, унинг энг мураккаб жанри саналмиш драматургия борасида, жаҳон драматурглари, рус драматурглари, ўзбек драматурглари сабоқлари хусусида сўзлади. Ҳаттоки, ўша пайтда анча мавҳум бўлиб кўринган кинодраматургия сирлари, муаммолари билан ҳам ошно этди биз, ёш қаламкашларни. Орадан икки ярим соатча вақт қандай учиб ўтганини сезмай қолдик. Хайрлашаркан, суҳбатига муштоқ, сўзларига ташна бўлиб қолавердик… Ўшанда ана шу мутафаккир инсон келажакда менинг ҳаётимни янги ўзандан оқишига сабабчи бўлишини ўйлаганмидим?

1970 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти ҳузуридаги аспирантурага ўқишга кирдим. Лирик шеъриятга доир диссертация ёздим. Диссертация ҳимоясида Иззат ака сўзга чиқиб, илмий ишим хусусида яхши гаплар айтди ва мени ўзи раҳбарлик қилаётган адабиёт наза­рияси бўлимига ишга таклиф этди. Омадни қарангки, худди ўша куни тушдан кейин мени Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилишди. Орадан уч кун ўтиб, Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими масъул котиби вазифасига тайинлашди. Шу вазифада икки йил ишладим. 1972 йилнинг сентябрида Иззат ака, Шуҳрат ака,   Умарали   Норматов Бухорога   келишди. Китобхонлар, талабалар билан учрашувлар уюштирдик. Жўнаш олдидан Иззат ака мени бир четга тортиб, Тошкентга қайтиш кераклигини қатъий маслаҳат берди. Ўша таклифим таклиф, деди у, мени бўлимимда ишлайсиз, катта адабий дои­рада кучингизни синаб кўрасиз. Ўйлайманки, натижа ёмон булмайди…

Оилам билан кенгашиб, Тошкентга жўнашга қарор қилдим. Тошкентга келиб, академияда ишга ўрнашдим. Дарҳақиқат, натижа ёмон бўлмади, икки томлик “Адабиёт назарияси” икки томлик “Ўзбек адабий танқиди тарихи” китобларини ёзишда қатнашдим, “Лирик шеърият”, “Тарихий драма” деган рисолалар битдим. Ижодий ишларим юришиб кетди. Кетма-кет шеърий тўпламларим, достонларим нашр этилди. Бир неча таржима китобларим босилди. То 1986 йилгача, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётига бош муҳаррир бўлиб ишга ўтганимга қадар Иззат акага ўринбосар, муовин бўлиб ишладим. Ана шу ўн уч йил давомида у кишини яқин-йироқдан кузатдим, бир шогирддек унга меҳр қуйиб, атрофидан айланадиган, унга суянадиган бўлиб қолдим. Негаки, ҳар гал у билан суҳбатлашарканман, фикрим уйғониб, ҳаракатга келганини ҳис этардим, фикр­лаш завқини тотардим ва бу завқ охир – оқибат менга бир умрга ҳамроҳ, наинки ҳамроҳ, қалбимнинг бир парчасига айланиб қолди, десам, ишонинг.

Мавлоно Жалолиддин Румий:

Суҳбати ошиқ сени ошиқ қилур,

Суҳбати фосиқ сени фосиқ қилур,-

деб бежиз айтмаганлар, ахир. Хуллас, йиллар давомида Иззат Султон билан ёнма-ён ишлаш, у мўътабар зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиш Оллоҳнинг менга берган омади ва неъмати бўлди, десам, муболаға қилмайман. Иззат ака юксак маънодаги мутафаккир, донишманд, файласуф, беназир нотиқ эди. Ўзбекчани ҳам, русчани ҳам бир текис қойил қилиб гапирарди. Ломоносов номидаги Мос­ква давлат универиситетида олти йил Шарқ мумтоз адабиётидан дарс бергани, атоқли шарқшунос олим Евгений Эдуардович Бертельс раҳбарлигида Алишер Навоий ижодидан докторлик диссертацияси ёқлагани бежиз эмасди. Рус адабиёти, жаҳон адабиётининг билимдони эди. Атрофидан одам аримас, суҳбатлари ҳамиша қизғин, қизиқарли кечарди. Мен “Иззат Султон билан суҳбатлар” деган китоб ёзишни ҳам ўйлаганман. Айрим нуқталарини қоғозга ҳам туширдим, афсуски, ниҳоясига етмай қолди.

Бир гал институт мажлислар залида ўтказилган катта илмий анжуманда Аҳмад Яссавий ижодини ўрганиш масаласи ўртага қўйилди. Кўзга кўринган бир олим, Аҳмад Яссавийни ўрганиш керак, аммо у ҳамиша Худо деган, ана шу жиҳати чатоқ-да, деб эътироз қилди. Иззат ака шарт ўрнидан туриб, унинг сўзини бўлди: Пушкин Худо демаганми? Толстой Худо демаганми? — деди у. — Менга айтингчи, қайси буюк ижодкор Худо демаган? Бу – масаланинг бир томони. Масаланинг иккинчи томони шуки, Яссавийнинг Худо дейишидан мақсади – адолат эди… Ўйлаб қаранг, бой зулм қилса, фуқаро бекка боради,бек зулм қилса, подшога шикоят қилади. Подшо зулм қилса, кимга арз қилади? Худога.

Худо жазойингни берсин, дейди. Ёки, эй подшо тепангда турган Худодан қўрқ, дейди. Тўғрими? Худди шундоқ Хўжа Аҳмад Яссавий ҳам ҳар гал Худони ўртага соларкан, инсонларни, айниқса, ҳукмдорларни инсофга, адолатга чақирган. Бу ерда бош­­қа гап йўқ….

Ҳамма чапак чалиб юборди, эътирозчи оғиз очиб, бир нима деёлмади.

Иззат ака умр бўйи Навоий   ижодига мафтун бўлиб, уни ўқиб, ўрганди. Ўша ўқиш ва изланишлар натижаси ўлароқ, “Навоий” драмаси ва “Навоийнинг қалб дафтари”   тадқиқотини яратди. Навоий ижодига   тааллуқли бир сўз, биргина ибора бўлса ҳам, уни назардан қочирмасликка ҳаракат қиларди у. Бир куни ўзаро суҳбатда шеъриятда   Навоий тутган мезон хос маъни эканлигини эслатди:

Назмда ҳам асл анга маъни дурур,

Бўлсин анинг   суврати ҳар не дурур…

“Ва хос ҳол,” деб илова қилдим мен, яъни хос маъни ва хос ҳол…Тўғри, деди Иззат ака, Навоий маъно ва туйғуни бир-биридан ажратмаган, маъно келинчак бўлса, туйғу — унинг либоси ва зебу зийнати…

Китоб жавонимда Иззат аканинг бошқа китоб­лари билан ёнма-ён “Баҳовуддин Нақшбанд аба­дияти” рисоласи ҳам   бор. Унинг ички муқовасида Иззат аканинг қўли билан битилган “Ҳамкорлигимиз ва дўстлигимиздан хотира” деган ёзув мен учун ғоят қадрли. Иззат ака ўз сафдошлари орасида биринчилардан бўлиб нақшбандлик тариқатини чуқур таҳлил қилиб берди ва шу асосда теран ва дадил фикрларни олға сурди. Жумладан, ўқиймиз: “Диний эътиқодларга кенг йўл очилган, дин бизнинг маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолган бугунги кунда бизга диний эътиқод билан суғорилган, Аллоҳни танишга асосланган ахлоқ зарур…

Аммо бугун бир хавф мавжудлиги ҳам аниқдир: “шахс эркинлиги ва шахспарварлик уларнинг акси бўлган – шахсиятпарастликка, худбинлик   (индивидуализм)ни рағбатлантиришга   ҳам айланиб кетиши мумкин. Бизнинг кунларимизда аҳолининг анча қисмида жамоат (коллектив) манфаатларини менсимаслик ва пулпарастликнинг авж олгани, жинояткорликнинг кўпайгани – фикримизнинг далилидир”.

Бу – ҳамиша теран фикрловчи, қалби уйғоқ улкан ижодкорнинг авлодларга аталган сўнгги сўзи, огоҳликка даъватидир, десам, адашмасам керак.

Иззат ака ҳақиқий умр олтмиш ёшдан кейин бош­ланади, дегувчи эди, яъни, инсон бу ёшга етгач, ўткинчи ҳою-ҳаваслардан қутулади, жиддий туриб Оллоҳ ҳақида, умрнинг асл маъноси ва моҳияти ҳақида ўйлай бошлайди, деб сўзига изоҳ берарди у. Ҳеч қачон мутлақ ҳақиқатга даъво этмасди. Далили, исботли фикрни қабул қилишга ҳамиша шай турар, шунинг учун бўлса керак, валлоҳу аълам биссавоб, дейишни хуш кўрарди. Исми жисмига монанд эди. Ҳар гал Иззат ака, Иззат Отахонович, Иззат Султон, дейилса, давраларга файз кирарди. Неча бор ўзим гувоҳ бўлганман, нафақат ўз олимларимиз, балки, Москва, Киев, Тбилиси, Баку, Ашхабод, Олма ота, Бишкек, Душанбе олимлари ҳам унинг номини ҳурмат ва таъвозе билан тилга олишарди.

“Алишер Навоий” драмасидаги Навоийнинг сўнгги монологини эсга олинг:

“Мен икки дарё бўйидаги халқимни якқалам қилдим. Тилимизни ҳақорат ботқоғидан шеърият осмонига кўтардим. Мен умримга ачинмаймен, сизга қилган хизматларимнинг зое кетганига ачинамен. Мен писта пўчоғидан кема қурмоқчи бўлибмен…”

Бу гапларни Навоий номидан айтиш учун муаллиф Навоий тафаккури даражасига кўтарилиши лозим эди. Иззат ака ўша чўққига чиқа олган эди. У ижод ва тафаккурнинг тирик тимсоли, маънавиятимизнинг Иззат Султони эди.

Жамол Камол,

                                             Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 6 =