Девкор

Бўстонлиқдаги Оқтош санаторийси ҳовлисига кириб боришда ХIХ аср охирида экилган, ёши юздан ошиб кетган бир неча улкан толлар, теракларга кўзингиз тушади. Танасига қўл етмайди. Аммо ҳўв юқорида, осмоннинг ҳар томонига қараб қулоч ёйган бешлаб-олтилаб шохлари борки, улардан ҳар бирининг ўзи биз билган дарахтлардан катта. Бу тол, бу теракларни, уларнинг салобат билан гуркираб турганини кўриб, ҳавасингиз келади.

Ўзбек бадииятининг такомиллашиб, бугунги даражага етиши замирида неча ўнлаб фидойи инсонларнинг бир умрлик меҳнатлари ётибди. Лоақал яқингинада кечган ХХ юзйилликни олиб қарасангиз, Ҳамза, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Асқад Мухтор, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ва улар қаторидаги бошқа улуғ сўз санъаткорларининг қутлуғ номлари ёдимизга келади. Адабиётимизни улар ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Бир умр ўзбек маърифати учун хизмат қилиб келаётган атоқли сўзшунос Иброҳим Ғафуров ҳам ана шулардан бири. У киши қўл урган ҳар бир соҳа кўп: мунаққидлик, муаллифлик, муҳаррирлик, мутаржимлик, сиёсат мардуми эканлиги, муаллимлик, маданият арбоби… Домланинг фаолияти қамровининг кенглиги, ботинининг теранлиги ҳақида ўйлаганимда, бояги Оқтош оғочлари ёдимга тушади. Шунча соҳанинг ҳар бирида Иброҳим ака бир ижодкор амалга ошириши мумкин бўлган ишларни уддалаб келаётибди.

Адиб дастлаб танқидчи сифатида танилди. Унинг олтмишинчи-саксонинчи йиллардаги адабий ҳаёт ҳақида катта меҳр, синчковлик билан ёзган танқидий мақолалари тилга тушди. Айнан Озод Шарафиддинов ва айнан Иброҳим Ғафуров, мана шу икки мунаққид, адабий танқид ҳам ижод тури экани, мунаққид эса бадиий асарнинг жандарми ва қозикалони эмас, балки жонкуяр иштирокчиси эканини узил-кесил далиллаб беришди.

Иброҳим Ғафуров бу билан қаноатланмай, Шайхзода, Зулфия сингари бир неча машҳур шоирлар ҳақида алоҳида китоблар чоп эттириб, уларнинг сўз санъатимиздаги ўрнини ишонарли тарзда исбот қилди.

Худди ўша олтмишинчи-саксонинчи йиллардан Иброҳим Ғафуровнинг таржимонлик ижоди ҳам бошланди. Дастлабки йирик таржималаридан бўлмиш Э.Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, “Алвидо, қурол!” асарлари орқали адиб Хемингуэй билан бизни таништирди. Таништирибгина қўймади, балки шу таржималари орқали ўзбек сўз санъатига Ғарб адабиётига хос янги услубни ҳам олиб кирди – бунгача бизда “телеграф” (тўғрироғи, телеграмма) тарзидаги жумлалар тузиш расм бўлмаган эди.

Орадан йиллар ўтиб, Иброҳим Ғафуров улуғ француз адиби Мопассан асарларини ўзбекчалаштиришга қўл урди. Она тилимизда “Ҳаёт” қиссаси, “Азизим” романлари пайдо бўлди.

Гап у ёки бу адибнинг қайси-қайси асарларини таржима қилгани устида эмас. Иброҳим Ғафуров қайси бир асар таржимасига қўл урса, унинг ботинига кира олади, ички руҳини юзага чиқаришга интилади. Чунончи, Мопассаннинг “Bel-Ami” деган романини русчадан (“Милый друг”) она тилимизга “Азизим” деб ўгирди. Асар босилиб чиққач, бир талай таржима илмининг “билағон”лари уни “Ёқимли дўст” деб атагани маъқул эди, мутаржим ўзбошимчаликка йўл қўйган, деб эътироз билдирдилар. Ҳолбуки, ўзбек адиби асар воқелигига теран кириб боргани ва, айни дамда, она тилимизнинг миллий табиатини нозик ҳис этгани учун сўзма-сўзликдан қочган. Асар қаҳрамони муғамбир, олифта Дюруага ҳамма “Милый друг!” деб мурожаат қилади, русларда ҳам дўс­тига “Милый друг!” деб хитоб қилиш табиий. Бироқ ўзбеклар бировга “Ёқимли дўст!” деб мурожаат қилмайди-ку? Иброҳим ака бу мурожаатни табиий равишда юзага чиқариб, “Азизим!” калимасини топган, бунинг натижаси узукка кўз қўйгандек ярашимли бўлган.

И.Ғафуров таржимонлик қилишдан ташқари, бу юксак санъатнинг илмий-назарий масалалари билан ҳам обдон шуғулланди – Жаҳон тиллари университети талабаларига олиймақом санъат сирларини ўқитди, маъруза ўқиш билан чекланмай, талабалар учун таржима бўйича дарслик яратиб берди. Унинг “Таржимашунослик мутахассислигига кириш” ўқув қўлланмаси (2008), “Таржима назарияси” (Н. Қамбаров билан, 2012) дарсликлари ана шу тариқа юзага келди. Бу билан ҳам чекланмай, ХХ асрда фаолият юритган ўзбек таржимонлари, уларнинг ижодий ҳаёти, адабий ижоди ҳақида катта, мукаммал бир тадқиқот яратиш фикрига келиб, шу тадқиқотдан фрагментлар тарзида бир қанча мутаржимлар ижоди тўғрисида салмоқли мақолалар эълон қилди, “Таржима эстетикаси” сингари ўнга яқин йирик мақолаларида эса бугунги ўзбек таржимачилигининг муҳим, долзарб масалалари борасида ўз фикр ва қарашларини тақдим этди.

Иброҳим Ғафуров деганда бугунги ўқувчи Айтматов, Мопассан, Достоевский, Хемингуэй, Ницше, Маркес каби жаҳон адабиёти салафларини ўзбек тилида сўзлатган моҳир сўз устасини кўз олдига келтиради. Биргина Жойс­нинг “Улисс” романи мисолида бу таржималарга баҳо берадиган бўлсак, профессор Муҳаммаджон Холбековнинг бир эътирофини айтиш кифоя. “Ҳатто инглиз тилини мукаммал ўрганган таржимон ҳам Иброҳим Ғафуров таржимасидан устунроқ таржима яратолмайди, – деб ёзган эди М. Холбеков. — Иброҳим Ғафуровнинг ўзбек таржимачилиги ривожига қўшган ҳиссаси уни “Улисс”дек дунё адабиётининг шоҳ асари билан бойитди, ўзбек китобхонига уни тортиқ қилди”.

Бу гапни “Зардушт таваллоси” (Ницше) ҳақида ҳам, “Тоғлар қулаганда” (Айтматов) ҳақида ҳам, бошқалари хусусида ҳам худди шундай ишонч билан айтиш мумкин.

Иброҳим Ғафуров таржималарининг энг муҳим жиҳати унинг бадииятида, деб айтсак, бу тўғри, аммо бир ёқлама баҳо бўлар эди. Асосий гап шундаки (буни у ўгирган муаллифларнинг номи ҳам кўрсатиб турибди), Иброҳим ака у ёки бу роман ё қиссани эмас, дунё адабиётининг энг мураккаб, бизда ҳали ўхшаши кўрилмаган асарларни таржима қилади, ҳар қандай тафаккур товланишларини ўзбек тилида ифода қилиш мумкинлигини исбот қилади, уларни бадиий оламимизга, ўзбек адабиёти майдонига олиб киради, сўз санъатимиз хазинасини энг нодир олмослар билан бойитади, ўзи эса жаҳон адибларининг энг улкан паҳлавонлари билан бажонидил беллашувга тушади. Бирон марта йиқилгани ёки панд еб қолгани йўқ. Иброҳим ака катта тиражда чиқиши аниқ бўлган ҳар қандай асарни эмас, аксинча, оддий таржимон қўлга олишга ҳам журъат эта олмайдиган, услубан ё шаклан ўта мураккаб, демакки, “ҳазм” этиш ҳам осон бўлмайдиган асарларни ўгиради – биз бу борада “андак бадхатроқмиз”, деб ер чизадиган халқлардан бири бўлиб қолмаслигимиз ғамини ейди. Оқибат, ўзбекнинг қўлига улуғ бир асар етиб боради; лисоний-услубан мукаммал эканлигига кўра эса у она тилимизнинг муаззам бир обидасига айланади. Шу қадар муҳташамки, ҳали-бери нурамайди. Ана шулар ҳақида ўйларканман, бу фидойи сўз мардумининг салафлари – ўтган улуғ мутаржимлар ижоди ҳам ёдимга келади… йўқ, ҳеч бирови миллат маърифатини сақлаб қолиш, бунинг учун ҳуда-беҳуда асарларга қўл урмасликни принцип даражасига кўтаришда Иброҳим Ғафуровга тенг кела олмас экан – қаҳрамон адибимизнинг ҳаётий аъмоли, ўз олдига қўйган мақсадлари шу қадар улуғ!

Ҳамма ўзини бозор иқтисодиётига мос­лаштираётган, “така бўлсин – сут берсин”, тарзида моддий манфаатнинг ошиғи бўлиб бораётган бир замонда ўзбек адабиётини жаҳон бадииятининг энг тоза булоқларидан оқаётган обиҳаёт билан сероб этишдан толмаётган Иброҳим акани мен… Сизифга – юнон асотирларининг улуғ қаҳрамонига ўхшатгим келади. Сира чарчамайди, бир зум бўлсин – тинмайди, ҳар гал улкан бир харсангни думалатиб, чўққига олиб чиқади. Бундай кишини девкор деб атайдилар.

Иброҳим Ғафуров таржималари инжа ёғдулар билан товланади, ўқиган одамнинг кўнглини ёруғ ҳисларга тўлдиради. Менга, бу адиб маҳоратининг сири нимада, деб савол беришлари мумкин. Сири кўп: жаҳон адабиётидан кенг бохабарлик, мунаққид сифатида, ҳар бир асарни заргарнинг тарозисидай аниқ баҳолай олиш, бадиий маҳорат, синчковлик… Шулар билан бирга, бизга Иброҳим акадаги сўз туйғусининг кучлилиги, сўзни ўзи учун хобби даражасига кўтарганлиги, айниқса, қадрли. Адиб қачон, қай вазиятда бўлмасин, сўз қидиради, сўз топади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Биз Эркин Воҳидов билан кечалари кўп масалалар ҳақида гаплашардик. У киши “Агар ўзбек тилининг бойлигини, чиройини билишни хоҳласангиз, Иброҳимжонга мурожаат қилиш керак”, деб айтарди, дейди.

Шунинг учун Иброҳим Ғафуровнинг ёзганларида – у илмий мақолами, ё бадиий таржима – ўзбек сўзлари яйраб-яшнайди, барқ уради.

Бундан етти-саккиз йиллар аввал Жиззах университетида ўтказилган Республика таржима кенгашида қатнашар эканмиз, танаффусда университет ҳовлисида айланиб юриб, Иброҳим ака туйқусдан менга “Шавкатмаоб” деган сўз бор, биласизми? – деб сўраб қолди. “Ҳа”, дейишнинг ўзи кифоя эмас-ку бундай чоғда! Хайриятки, ёдимга “саодатмаоб” деган сўз келиб қолди. Шундан сўнг она тилимиздаги ноёб сўзлар, уларнинг таржима асносида нечоғлик асқотиши тўғрисида роса суҳбат қилган эдик.

Иброҳим Ғафуров ўзбек адабиётида “мансура” деган жанрга асос солди ва уни асослаш учун яйраб-яшнаб ижод қилди.

Бобораҳим Машраб, Амин Умарий сингари улуғ ижодкорларимиз ҳақида ниҳоятда гўзал, ниҳоятда маърифий ҳикоялар битди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Иброҳим Ғафуров “Миллий тикланиш” пар­тиясининг асосчиларидан бўлди ва шу номдаги газетага асос солди. Талай йиллар давомида битта ўзи (бошқа ходим олишга маблағ бўлмай), оғир иқтисодий шароитларга қарамай, уни чоп эттиришга муваффақ бўлди.

Аммо барибир, Иброҳим Ғафуровни бизнинг авлод дастлаб танқидчи сифатида таниган. Шунданмикин, мен ҳали ҳам адибни, аввало, мунаққид деб қабул қиламан. Бунинг ўзига яраша яна бир сабаби ҳам бор. Гап шундаки, 1998 йилда Республика Байналмилал марказида Чингиз Айтматовнинг етмиш йиллиги ўтказилган эди. Анжуманни бошқараётган Одил Ёқубов Қирғизистоннинг ўша пайтдаги элчиси Ботирали Сидиқовни минбарга таклиф этди-да, кейинги сўзни Ибройимжондан эшитамиз, деб эълон қилди. Бироздан сўнг Иброҳим ака Чингиз Айтматов ҳақида қирқ дақиқалар чамаси… бир маъруза қилди! Ишонсангиз, бу Айтматов ижоди, унинг туб моҳияти ҳақида улкан бир кашфиёт эди. Олим Маркес, Борхес, Достоевский каби жаҳон адабиётининг ўнга яқин классиклари билан бирма-бир қиёслаб, Чингиз оға асарларининг улардан тафовути ва… устун жиҳатларини бирма-бир далиллаб берди. Биз-ку, биз, аммо раёсатда ўтирган Қирғизистон элчиси, профессор Ботирали Сидиқов ҳам қирғиз адиби ижодининг бу қадар теран таҳлилига оғзи ланг очилиб қулоқ солиб, Ўзбекистонда Чингиз Айтматов ижодининг бу қадар катта билимдонлари борлигига имон келтириб, бир ўзбек олими улуғ адиб асарларини бунчалар эъзозлаётганига, фикрларини зўр академик даражасида пухта далиллаётганига лол қолиб ўтирар эди.

Иброҳим Ғафуров фақат ўзбек адабиёти бўйича эмас, жаҳон сўз санъатининг ҳам заргар мунаққидларидан бири эканига ўшанда иқрор бўлган эдим. Бу яна қачон денг? Бу, Масковдаги рус “танқидчи”ларининг бир тўдаси Чингиз Айтматов номини эшитса, пешонаси тиришиб, улуғ адибнинг адабини бериб қўйиш учун бири олиб-бири қўйиб, унга ҳужум бошлаган йилларда бўлган воқеа – ўша ғаламисларга берилган кескин жавоб, пайтда, ўзбек адабиёти намояндаларининг бу масалага муносабати ифодаси ҳам эди.

Адибнинг “Қуръон” таржималари ҳақидаги биргина мақоласини мутолаа қилишнинг ўзиёқ биз нақадар улкан аллома билан бир даврда, бирга яшаб турганимизни англашга кифоя қилади, деб айта оламиз. Иброҳим Ғафуров “Мангу латофат” китобида шундай деб ёзади: “Умрда шундай бир палла келади: донишманд­лик палласи. Ақл чироғи равшан тортиб, равшан ёниб, равшан, ишончли зиё таратадиган палладир”. Умрининг ана шу мунаввар палласида Иброҳим Ғафуровнинг “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор кўрилиши ҳам бу миллат фидойисининг улуғ меҳнатларига берилган муносиб баҳо, ҳақли эътироф рамзи бўлди. Бу, айни пайтда, балки барча ўзбек мутаржимлари учун ҳам байрам. Зеро шу кунга қадар бирон таржимон, қанчалик юксак маҳоратга эга бўлмасин, қаҳрамонлик тугул, ҳатто “Халқ шоири” ё “Халқ ёзувчиси” унвони билан ҳам сийланмаган эди.

Шу кунларда оқсоқол адибимиз минг ойнинг юзини кўрди, энди икки мингинчи саноққа мансуб дастлабки ойлар шуъласида ижод қил­япти. Биз ҳам устозга янги-янги ижодий муваффақиятлар ёр бўлиб, қалбидаги минглаган ойларнинг ёғдуси билан бизни узоқ йиллар мунаввар қилишини тилаймиз.

Зуҳриддин Исомиддинов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − five =