Шахсиятлар сабоғи

(Академик Наим Каримовнинг “Абдулла Қодирий замондошлари” китоби ҳақида айрим мулоҳазалар)

 

Ўзбек адабиёти дарғаларидан бири, романчилик асосчиси муҳтарам адибимиз Абдулла Қодирийни юртимизда билмаган, танимаган одам жуда кам.   “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари нафақат ўзбек, балки дунё ўқувчилари кўнглидан ва энг нодир китоблари жавонидан ўрин олмоқда. Адибнинг кимлигини, қандай маслакка, дунёқарашга эгалигини асарларидан билиш мумкин, шунингдек, Абдулла Қодирий билан бир даврда яшаган, унга ҳаммаҳалла, қўни-қўшни бўлган, мулоқот қилиб, адабий давраларда   гурунглашган, баҳс-мунозараларга киришган, асарларини таҳлил этган кўплаб инсонлар борки, уларнинг кимлиги ҳам бугунги ўқувчилар учун қизиқ, албатта.   Абдулла Қодирийларнинг адабий авлоди жуда мураккаб даврда саҳнага чиқди. Уларнинг сон-саноғи кўп. Аммо ҳар бир авлод орасида худди тун қаърини ёруғ юлдуздек ёритиб, нур сочиб турган шахсиятлари бўлади. ХХ аср 20-30-йиллар адабий авлоди орасида Абдулла Қодирий айнан наср бобида шундай ёрқин юлдуз эди.

Адиб ўзининг гўзал ижод намуналари учун мақтовлар баробарида танқид ҳам эшитди. Шундай бир паллалар бўлдики, Қодирий шон-шуҳрат шоҳсупаларига чиқди, аммо ўзини, ўзлигини, кимлигини унутмади. Шундай замонлар бўлдики, адиб ўз миллий туйғулари, ватанпарварлиги,   маърифатпарварлиги, адабий истеъдоди учун азоб-уқубатлар гирдобига тушди. Одамлар адиб асарларини ўз вақтида ёд олди, ман қилинган замонларда яширинча ўқиди. Аллоҳ азиз қилган зотларни бандаси хор қила билмайди. Ва ниҳоят, янги замонларда Абдулла Қодирий сиймоси ҳам, асарлари ҳам қадрини топди. Тадқиқотчи олимлар ва оддий ўқувчиларни ҳам Абдулла Қодирий замондошлари қизиқтириши табиий. Шу жиҳатдан замонавий ўзбек адабиётининг улкан билимдони академик Наим Каримовнинг “Абдулла Қодирий замон­дошлари” китоби эътиборга молик.

Яхши бир илмий-адабий китоб, табиийки, тинимсиз меҳнат, изланиш, ёзиш, текшириш, далиллар ортидан бунёд бўлади. “Абдулла Қодирий замондошлари” китобига назар солган ўқувчи, академик Н.Каримов Абдулла Қодирий асарлари билан бирга замондошлари ва уларнинг ижодини ҳам чуқур билишини аниқ тасаввур қилади. Адиб билан учрашиб суҳбатлашган зиёлиларнинг эътирофлари, ўз вақтида асарларини бошқа тилларга ўгирган таржимонларнинг фикрлари ёки романларини мириқиб ўқиган айрим китобхонларнинг хотиралари ҳам ушбу китоб мазмунини бо­йитишга хизмат қилади. “Абдулла Қодирий замондошлари” китоби учун муаллиф биринчи навбатда адиб биогра­фиясига, ёзган катта-кичик асарларига қайта ва қайта мурожаат этади. “Абдулла Қодирий замондошлари хотирасида” китоби, ёзувчининг авлодлари томонидан ёзилган “Отам ҳақида” (Ҳабибулла Қодирий), “Ўтганлар ёди” (Масъуд Абдуллаев), “37-хонадон” (Шеркон Қодирий) каби китоблардан унумли фойдаланилади.

Жадидшунос олимлар, қодирийшуносликка доир тадқиқотлар ҳамда 20-30-йиллар ижодий муҳити тўғрисида айрим диссертациялар ҳам Н.Каримовга Абдулла Қодирий замондошлари сиймоларини теранроқ ёритишда ёрдам берган. Тўғриси, бу тадқиқотларнинг кўпчилигига Наим Каримовнинг бевосита алоқаси ҳам бор. Дейлик, Абдулла Қодирий ижодининг қайси бир қиррасига бағишланган ёки Ғулом Зафарий ва Ғози Юнуснинг ҳаёт йўли, ижодий меросига доир тадқиқотларга илмий раҳбарлик қилганидан хабаримиз бор. Шу даврга доир жуда кўплаб диссертацион ишларга Наим Каримов оппонентлик қилиб, холис баҳолади.

Бугунги зукко ўқувчи “Абдулла Қодирий замондошлари” тоифадаги қомусий характердаги китобларни қисқа муддатда ёзиб бўлмаслигини англаши лозим. Н.Каримов ярим асрдан кўпроқ муддат ичида айни китобда келтирилган жуда кўп зиёлилар даврасида истиқомат қилди. ХХ аср ўзбек адабиётининг дарғалари ижодини ўрганди. Олимнинг тадқиқотлари Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Миртемир, Мақсуд Шайхзода ва бошқа адиблар ижодининг поэтик мазмун-моҳиятини, лирик ва эпик образлари табиатини, уларга замондош ижодкорларнинг асарлари билан қиёси каби жуда кўп қирраларини анг­лашга   ёрдам беради.

Академик Наим Каримов илмий-адабий фаолияти кўп қиррали. Айни қирраларнинг барчасини битта жиҳат – одамлар қалбига адабиёт нурини олиб киришдек умумий бир маёқ бирлаштириб, олимнинг илмий фаолиятини ич-ичидан нурафшон қилиб туради. ХХ аср ўзбек адабиётининг тўлақонли манзараларини Наим Каримовнинг китобларини ўқиб, тугал тасаввур қилиш мумкин.

Менимча, мустақиллик даври Наим Каримов ижодининг алоҳида босқичини ташкил этади. Қатағон довулига дуч келган зиёлилар бошидан кечган қисмат тарихи бўйича олиб борган изланишлари – бу алоҳида мавзу. Айни дамда қатл этилган миллат гуллари – шоир ва ёзувчилар тўғрисида ёзган асарлари алоҳида махсус ўрганишга, ибратланиб сабоқ олишга муносиб ижод намуналари саналади. Мен бу ўринда олимнинг “Чўлпон”, “Истиқлолни уйғотган шоир”, “Усмон Носир”, “Усмон Носирнинг сўнгги кунлари”, “Мақсуд Шайхзода”, “Фитрат”, “ХХ аср ўзбек адабиёти манзаралари”, “Уч буюк сиймо” (Қодирий, Чўлпон, Ойбек) ва бошқа қатор китобларини назарда тутмоқдаман. Мустақиллик неъмати – эркин ижодий муҳит Наим Каримовга илҳом ва имкон берди; олим учун ҳақиқий маънавий қиёфасини, чин миллатпарвар зиёлига хос инсоний фазилатларини, қатъияти, шижоати, маърифий жасоратини намоён этиш учун майдон пайдо бўлди. Бу китоблар моҳиятида Н.Каримовнинг дардлари, адабий-ижтимоий қарашлари, давр адабий-назарий муаммоларига муносабатлари, ижод аҳлининг бошига тушган кўргиликларни сезишлари – барча-барчаси ўзига хос тарзда, баъзан фожиавий, гоҳида лиродраматик пафосга йўғрилган шаклларда намоён бўлди. Наим Каримов – кўнгил одами. Бадиий ижод билан шуғулланиб, айрим шеърлар, ҳикоялар, драматик асарлар ёзганларидан хабарим бор. Худди шундай бадиий ижод табиатини англаш, унга меҳр-муҳаббат сезимлари илмий асарларининг айрим саҳифаларида ҳам, хусусан, ижодкорнинг қалбига, ижод жараёнига тегишли ўринларда яққол билинади, кўзга ярқ этиб ташланади. Дарҳақиқат, олим “Абдулла Қодирий замондошлари” китобида ҳам ўз ижод йўлидаги адабий тажрибаларидан жуда ўринли фойдаланди. Кўплаб адабий манба ва маълумотлар мутолааси ҳамда синтезидан майдонга келган бу китобда Абдулла Қодирий билан боғлиқ бўлган икки юз элликдан ортиқ адабий сиймолар – шоир, ёзувчи, адабиётшунос, умуман, Абдулла Қодирийни кўрган, билган зиёлилар, оддий одамлар тўғрисида маълумотлар алифбо тартибида жойлаштирилган бўлиб, улар марказий мавзуни теранроқ ёритади. “Абдулла Қодирий замондошлари” китобига кирган шахсларнинг кўпчилиги, масалан, Мунаввар қори, Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Сулаймон барчага маълум ва машҳур сиймолардир. Айримлари эса дейлик, А.Чехов, Максим Горький ёки Алексей Толстой каби рус адабиётининг машҳур намояндаларидир. Китобни ўқиб бу шахсларнинг бевосита ёки билвосита Абдулла Қодирийга алоқалари ҳақида ўқувчи керакли билимга эга бўлади. Н.Каримовнинг муҳим хизматларидан бири шуки, китобда бугунги кундаги кўпчилик ўқувчилар танимайдиган, аммо Абдулла Қодирий ҳаёти ёки ижодида ўз ўрнига эга айрим замондошлари учун ҳам саҳифалар ажратади.

“Муштум” журналининг рассоми ҳақида ким нени эшитган? Барчага манзур бўлган машҳур журналдаги қизиқарли ҳикоя, фельетон, ҳажвия асарларга барчанинг эътиборини тортадиган иллюстрация ва карикатуралар кимнинг қалами остидан чиққан? Марҳамат, китобда берилган Тулля Иоганн ҳақидаги маълумотлардан бу саволларга қониқарли жавоб олиш мумкин. Бу расмлар А.Қодирийга маъқул келгани боис адиб илтимосига кўра “Ўткан кунлар” романи алоҳида китоб кўринишида босилганида улар муқовасига ҳам Тулля расмлар чизган эди.

Ёки Лутфилла Абдуллаев – бу номнинг Қодирийга қандай алоқаси бор? Насабига қараб қариндошлиги хаёлга келиши ҳам мумкин. Аммо Абдулла Қодирий асарларига меҳр қўйган бу инсон рассом бўлган, мусаввир сифатида 60-йилларда адиб китобларига ўттиздан ортиқ расмлар-иллюс­трациялар ишлаган.

Китоб мазмунидан келиб чиқиб яна савол пайдо бўлади: дейлик, Рашид қози ким? Нима билан машғул бўлган у? Биров эшитган, биров билади ё билмайди. Рашид қози – Япония маркази бўлган Токио­­да масжид қурдириб, ўша ерда имом-хатиблик қилган, ХХ аср аввалида Русияда “Улфат” газетасини чиқарган зиёли эса Абдурашид Иброҳимдир. 20-йилларда у бир муддат Тошкентда ҳам бўлади. Бу инсон ҳам адибга замондош. Аммо Н.Каримов бу икки сиймонинг учрашган-учрашмагани борасида маълумотлар йўқлигини ҳам очиқ-ойдин ёзиб ўтади. Шунингдек, баъзи хотираларда келтирилган далилларнинг ишончлилик даражаси, ҳаётий асоси заиф бўлса, олим уларга ҳам муносабат билдиради.

Ўқувчилар китобда айнан Абдулла Қодирий билан учрашиб суҳбатлашган ёки   адабий ҳамкорлик қилган Холид Саид, Ализод Сайид Ризо, Қамчинбек, Л.Соцердотова каби ёзувчи асарларининг таржимонлари, уларнинг фаолиятига оид маълумотлар ҳамда суратлари билан ҳам юзма-юз келишади.

20-йиллар адабий муҳити ҳақида “Улуғлар даврасида” китобини ёзган Масъ­­уд Юнусов хотираларида ҳам Абдулла Қодирийга тегишли ўринлар бор. Ўтган асрнинг 90-йилларида бу инсон билан мен ҳам 20-йиллар адабий муҳити хусусида суҳбатлашган эдим. Одамнинг гоҳида Қодирийлар авлодини кўрганлар билан кўришганидан ҳам қалби қувончга тўлади. Академик Наим Каримов эса айни жиҳатдан ҳам жуда бой хазина эгасидир. Олим улкан қалб соҳиби ўлароқ қодирийлар яшаб ижод қилган муҳитни, одамларнинг дардини юрак-юракдан ҳис этади, Абдулла Қодирийга даврдош ва даврадош зиёлиларнинг кайфиятини сезади. “Абдулла Қодирий Навоий, Бобур, Машраб   сингари ўз салафларидан фарқли ўлароқ, шундай бир давр­­да яшадики, бу даврнинг кўзлари унинг ҳар бир қадамини кузатиб турди; унинг нималарни ёзаётганини, қаерга бораётганини, кимлар билан учрашаётганини кўриб турди, бу даврнинг қулоқлари унинг сафдошлари билан, адабиёт мухлислари билан, қўни-қўшнилари билан учрашганида нималар деганини эшитиб турди, бу давр­нинг темир қўллари уни бўғиб ташлашга доим тайёр турди”. Дарҳақиқат, Абдулла Қодирий яшаган мураккаб ижтимоий-сиё­сий, адабий-маънавий замон об-ҳавоси шундай мудҳиш, бадбўй ва ҳар қандай ижодкорнинг кўнглини хуфтон қиладиган бир муҳит эди. Буни фақатгина шу инсонлар ўрнида туриб, ақалли бирор кун қўлига кишан кийган ёки терговчиларнинг туҳматона саволларига дуч келиб, ҳайрат бармоғини тишлаган инсонгина тасаввур қилиши мумкин.

Инсон умрини илм-маърифат, одамларга керакли китоблар безайди. Бу бе­закда олим ҳаётининг муҳри, юрагининг кардиограммаси, тафаккурининг бетакрор излари кўринади. Маърифатталаб ўқувчилар маънавият булоғи бўлган китобларни ўқиб, чанқоғини босишади ва дунёга бош­қача назар билан боқишади. Яхши китоб – маънавият булоғи. Уларнинг манфаати, билмаганларга билмаганларини билдириши, мудроқ кимсаларни уйғотиши – бу эзгу ишда улкан савоб бор. Олим чинакам илмга бутун борлиғини бахшида этмагунча, ҳақиқатни топа билмайди. Агар илм инсоннинг умр мазмунига айланса, бу изла­нишлар, тадқиқотлар, тушуниш ва   тушунтиришларда файз, завқ ва шавқ бўлади. Мен ўттиз йилдан кўпроқ давр мобайнида билганим, бугун “Абдулла Қодирий замондошлари” китобини ўқувчиларга тақдим этган академик Наим Каримов ўз онгли умрининг бутун мазмунини илмга бағишлаган чинакам олим саналади. Шу боис ажойиб олимимизнинг узоқ йиллик заҳматли меҳнатлари маҳсули бўлган “Абдулла Қодирий замондошлари” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адабиёт соҳасида давлат мукофотига тавсия қилинганини эшитиб хурсанд бўлдим. Ушбу қомусий асар ҳар қанча эъзоз ва эътиборга муносибдир.

Баҳодир КАРИМОВ,

филология фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + nine =