Сўздаги хиёнат сояси

“Hurriyat” газетасининг ҳар бир сонини қолдирмай ўқийман. Унинг саҳифалари барча соҳани қамраб олган, кишини ўйлантирадиган мавзулардаги мақолалар жуда кўп. Ўзимни қийнаб келаётган масалага доир бир мисол келтирмоқчиман. Журналист Қувондиқ Халилов “Холислик – андишасизлик эмас”   (2022 йил, 10 август сони) мақоласида   ёзади: “Бирор бир воқеа, ҳодиса ҳақида бошқаларни тезроқ хабардор қилиш мақсадида таҳлилга, ўрганишга эътибор қаратмаймиз. Оқибатда бутун интернет тармоқларини “палағда шов-шув”лар босиб кетди.Тўғрисини айтсам, мени ҳам шу масала қийнайди.

 Биз, қайси миллат вакили бўлмайлик, шу заминда туғилдик, ўсдик, вояга етдик. Ўқидик, билим олдик. Жамиятимизнинг бир онгли аъзосига айландик. Қандай қилиб ўз туғилган ерингга хиёнат қилиш мумкин? Афсуски, интернетда бўлсин, хорижий матбуотда бўлсин, турли ғаразли манфаатлар йўлида ёки “ҳавойи ватанпарварлик” илинжида асл ҳақиқатни сохталаштиришга уринишлар, ҳамиша камчилик изловчилар кўпайиб қолди. Соғлом фикрловчи инсон ёлғон ахборотларга ишонмайди. Яхшиликка ҳасадмас, ҳавас қилади. Ватан равнақи билан боғлиқ масалаларда сўз орқали зиён келтириш ҳам ҳар қандай ёвузликдан кам эмас.

Ўзбекистонда эл аҳволи яхшиланаётганлигини бутун дунё билади. Бу ўзимизга-ку, кундай равшан бўлиб қолди: ишбилармонларга кенг йўл очилган, ёшларга қулайликлар яратиляпти. Ижтимоий соҳани олайлик. Пенсионер, ногирон, кам даромадли оилаларга имкони борича имтиёзлар бериляпти. Қарилик нафақамиз маҳалламиз, уйимизгача келтириб бериляпти. Уйлар қуриляпти. Элимиз обод, юртимиз фаровон. Ҳар икки оиланинг бирида енгил автомашина, оила аъзоларининг ҳар бирида уяли алоқа воситалари, ҳатто кичкина боламиз ҳам компьютер ишлатишни билади, хориж тилида бемалол гапиради.

Аммо… интернетда ўтириб, бўлар-бўлмас бўҳтон ва уйдирмалар ёзишга кетган вақтни оиламизга ёки жамиятнинг бирор корига сарфласак бўлмайдими? Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғис­тонда бўлиб ўтган воқеалар ўзини билган ватандошларимизни қанчалик ранжитмади, ахир?! Чунки, бу ерда ҳам юртимиз тинч­лиги, эртаси йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга норозилик кайфиятини уйғотиш учун айрим калтабин кимсалар айнан ижтимоий тармоқлар орқали   ўзларича “тарғибот-ташвиқот” олиб боришган.

Донишмандлардан бири айтган экан: “Душмандан қўрқма, нари борса сени ўлдириши мумкин, дўстдан қўрқма, у бор-йўғи сенга хиёнат қилиши мумкин. Аммо бефарқ одамлардан қўрқ. Чунки улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам. Бироқ уларнинг жим ва лоқайд қараб туриши оқибатида ер юзида хиёнат ва жаҳолат урчийди”.

Ижтимоий тармоқлардаги нотаниш дўстим, юртимиз ҳақидаги олди-қочди гап­лар, бўҳтонлар, асоси бўлмаган ёлғон хабарларга ишонманг. Онгингизни заҳарланишидан эҳтиёт бўлинг. Адашган бўлсангиз, йўлингиздан қайтинг. Ана шунда нафақат элимизга, аввало, ўзингизга ҳам яхшилик қилган бўласиз.

Фурхат УТЕМУРАТОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Қорақалпоғистон Республикаси,

Хўжайли тумани

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + fifteen =