“Боту рўдаполарни қабул қилмайди”
Азалдан Шарқ ва Ғарб муносабатлари илмий-маърифий жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб келган. “Қуёш – Шарқдан” ибораси билан жами эзгуликлар кун чиқиш тарафдан бошланади, тарзидаги ақида ҳам пайдо бўлгани сир эмас. Шунга кўра доим Шарқ дунё эътиборини ўзига ториб келаверган ва унинг синоатларини ўрганиш учун саъй-ҳаракатлар узлуксиз давом этган. Жумладан, Гоби саҳроларидан бошланган Чингизхон юришининг шов-шуви худди қум бўронига ўхшаб Европани ҳам қоплаб олди. Унинг акс-садоси туфайли Шарққа қизиқиш одатдагидан кучайди. Турли қиёфаларда ва ҳар хил мақсадлар билан келувчилар кўпайди. Шулардан бири Виллем (Вилгельм, Гийом, Гильом) Рубрук (1220 – 1293) эди. У Ботухоннинг қароргоҳигача кириб борди, ҳатто Қорақурумда бир қиш яшади. Бир қарашда шунчаки қайд қилиб қўйиладиган бу тарих ҳийла қизиқ ва саргузаштларга бой.
Маълумки, Европада катта мавқега эга бўлган Рим папаси кўплаб мафкуравий ҳаракатларнинг ташкилотчиси ва раҳнамоси бўлган. Жумладан, Исо Масиҳнинг қабрини излаб топиш мақсадида уюштирилган Салиб юришлари минтақалар тарихида ўчмас из қолдирадиган даражада жиддий таъсирга эга бўлган. Шундай юришларнинг еттинчиси кутилмаганда жуда муваффақиятсиз чиқади. Монголлар қароргоҳигача етиб бориши ва керакли маълумотларни олиши лозим бўлган Андре де Лонжюмо (у дипломатик вазифасини сир тутиб, монах қиёфасига кириб олганди) топшириқни муваффақиятли уддалай олмайди, боз устига ҳаёти сирли равишда якун топади (1253). Лекин мақсадга эришишдан умидини узмаган Франция қироли Людовик IХ фламандиялик монах Гийом Рубрукни чорлаб, унга жиддий топшириқ – Шарққа йўл олиш ва Боту ёки бошқа Чингизийлар билан учрашиш, уларнинг кейинги мақсадини аниқлаш (улар монголлар бостириб келишидан хавфда эдилар) каби вазифаларни юклайди.
Рубрук VII-салиб юришида Людовик билан бирга эди ва ҳаммасидан хабари бор эди. Бу сафар тайёргарликни яна ҳам пухта қилиб, 1252 йил баҳорида йўлга чиқадилар. Денгиз йўли орқали Константинополга етиб келгач, муаммолар пайдо бўлади ва улар шу жойда бир йил қолиб кетишади. Кейинги йил 7 майда Рубрук ва ҳамроҳлари йўлга чиқиб, Қора денгиз орқали Қрим жанубидаги Судак портига етиб келадилар. Шу ерда тўрт ғилдиракли иккита арава сотиб олишди ва икки ой давомида йўл босиб, етиб келган жойлари Ботухоннинг ўғли Сартўқнинг қароргоҳи бўлди. Етарлича мулозамат ва совға-саломлардан кейин Сартўқ улар билан учрашишга рози бўлади, унинг саройида биринчи музокаралар рўй бериши лозим эди.
Узун қора ридога бурканган, бўйнига хоч осиб олган, қўлида узун асо, белида зуннор монахлар қўлида ёстиқча устига қўйилган Инжил билан насроний дуоларни баланд овозда куйлаб, хонзоданинг қароргоҳига яқинлашадилар. Издиҳомни махфий кузатиб турган Сартўқ бунақа дабдабадан ҳафсаласи пир бўлади ва уларни қабул қилишдан воз кечади. Лекин ўжар ва қатъиятли монахлар аҳдидан унча-бунчада қайтадиган эмасди (чунки топшириқ қаттиқ бўлганди-да!). Улар маҳкам оёқ тираб олгач, чақирилмаган меҳмонларни хон ҳузурига – Ботухоннинг саройига жўнатишга қарор қилинади. Аксига олиб, вазиятдан яхши хабардор қилинган Ботухон француз қиролининг элчилари билан музокара олиб боришни рад этади ва уларни улуғ хон Мунка ҳоқон ҳузурига боришини таъминлайдилар. Шу жойда Рубрукнинг ҳамроҳлари олиб қолинади ва ўзи Қорақурумга йўл олади. Унинг бош мақсади – насронийликни тарғиб қилиш, монголларни шу динга киришга даъват этиш ва, албатта, зимдан уларнинг кейинги режаларини аниқлаш эди.
Ғарбликлар карвони 8 августда Волга дарёси қирғоқларига етиб келишади. Рубрук катталиги жиҳатидан ер юзидаги тўртинчи деб таърифлаган дарёда бир ойдан кўпроқ сузиб, Урал тоғлари орқали Сирдарё ҳавзасига йўл оладилар. Шу ердан йўналиш жануби-шарққа бурилади, 7 кун юриб, Олатов орқали 8 ноябрь куни Талас водийсига қадам қўядилар. Шуниси аниқки, роҳиблар қиёфасидаги айғоқчилар ҳеч нарсани кўздан қочирмасликка ҳаракат қилишар, босган қадамларини кунма-кун қайд қилиб, ҳар бир унсур шарҳини ҳам унинг ёнига тиркаб қўйишарди.
Бу жойларнинг манзараси ғарблик мартабали меҳмонни лол қолдиради. Ҳаво мўътадил, йўл кетишда ўнгда тоғ ва қирлар, чапда кўл ва денгиз. Маҳаллий аҳоли уларга етарлича иззат кўрсатишади. Шу хилда 15 кун йўл босиб, 26 декабрда Қарақурум шаҳрига кириб боришади.
Албатта, шаҳар кўриниши билан улар ўрганган манзарадан ўзгача эди. Асосан, яланглик; лойдан тикланган пастқам уйлар, ҳамма жойда чорва моллари пода-пода бўлиб юрарди. Рубрук монахлар одати бўйича ялангоёқ бўлиб олганди. Унинг оёқлари мўматалоқ бўлиб, панжалари ёрилиб кетганди. Бу ҳол эътиқоди юзасидан ўзига фароғат бағишласа-да (хрестианларда дин йўлида қанча азият чекса, қон тўкса, мукофоти шунча баланд бўлади, деган ақида бор), мезбонлар унга тушунишмасди.
Тасвирланишича, шаҳар девор билан ўралган, унинг тўрт дарвозаси бор. Шаҳарда 4 масжид, 1 черков мавжуд. Европалик жаноб бу манзаралардан унча таъсирланмади, бироқ унга турли динлар ибодатхоналарининг ёнма-ён туриши ўта ғайритабиий туюлади. Насронийларнинг талқинида мусулмончиликка марҳамат кўрсатиш тан олинмасди. У динлар борасида Осиёга хос бағрикенгликни тушунмайди, қабул қила олмайди. Ҳа, унинг табиатида ўзга динга ён босиш кайфияти йўқ эди ва монголларга насроний дини қоидаларини тарғиб келиб келарди.
Шу кунларда улуғ хон шаҳарда эмас эди. Уни тоғ бағридаги қароргоҳига бошлаб борадилар. Қабулга кирганда қалин кигизга ёнбошлаб ётган, тўла гирдиғум гавдали, япасқи бурун одамни кўради. Мунка ҳоқоннинг атрофида олтита бургут ва бошқа қушлар тизилиб турарди. Зарур тартиблар адо этилгач, суҳбат бошланади. Меҳмонларга ичимликлар: арақ, қимиз, асал таклиф этилади, улар одатлари бўйича ичимлик тановул қилмайдилар. Французлар хон саройида ўз миллатдошлари ва немислар асирда эканлигига гувоҳ бўладилар. Улар қурол-яроқ ва уй-жиҳозлари тайёрлашга жалб қилинган эдилар.
Шу қиш ичи Рубрук Қорақурумда қолади. Фурсатдан фойдаланиб, Хитой, Корея, Маньчжурия ҳақида маълумотлар тўплайди. Бу далиллар Шарққа жуда катта қизиқиш билдираётган ва ўз манфаатларини сир тутмаётган Ғарб учун муҳим янгилик эди, албатта. Маълумотлар тасдиқлаяптики, миссионерлик ҳаракати анча олдин бошланган, бу жойларда европаликларни учратиш одатдаги ҳол бўлиб қолган. Ҳатто Рубрук Монголияда Рим папасининг элчиси Иоанн де Полиранога дуч келган. Ўзи билан бирга келган монах Бартоломео эса ватанига қайтишдан воз кечиб, шу ердаги маҳаллий черковда ишга қолади.
Вилгельм Рубрук 1254 йил 6 июнда Қорақурумни тарк этади ва келган изи билан ортга қайтиб, атроф-теваракни ўрганиб, 1255 йил августида ўз монастрига етиб боради. Албатта, ундан таассуротларини баён этиш сўралади. Унинг қаламига мансуб ёзувлар маълум доираларда обдон ўрганилгани ҳам сир эмас. Ниҳоят, лотин тилидаги ёзувлар 1589 йилда биринчи марта нашр этилади. У “Шарқдаги мамлакатларга саёҳат” деб номланганди.
Бу китоб 53 бобдан иборат. Унда саҳродаги ҳаёт бутун майда-чуйдасигача акс эттирилади. Муаллиф нима кўрган, эшитган бўлса, жуда аниқликда қоғозга туширган. Масалан, “Уй тутуми, одатлар ва бошқалар” деган 3-боб шундай бошланади: “Татарлар уй қурса, эшикни жанубдан очади. Тўрда хўжайиннинг хонаси бўлади, ундан чап тарафда, яъни қуёш чиқиш ёқда аёллар бўлмаси жой олади…” Шу хилда монголларнинг ётиб-туришидан тортиб, овқатланиши, таомланиш пайтидаги еб-ичиш тартиблари, ичимликлар ва овқатлар, уларнинг тайёрланиши, эркаклар ва аёлларнинг кийим-кечаклари, ҳатто соч олдиришнинг усуллари ва иримлари, хуллас, ҳамма нарса ҳақида муфассал маълумотлар берилади. Жойларнинг географик тузилиши, дарёлар, тоғлар, бошқа манзиллар ҳақида-ку ипидан-игнасигача таъриф-тавсифлар келтирилади.
Ҳатто баъзи қанотли иборалар ҳам унга нисбат берилади. Ижтимоий тармоқларда шундай хабар тарқалди: “Европа ва Америкада Чингизхонни ўта шафқатсиз бўлган деб билишади. Жумладан, унинг айтган мана бу гапи одамлар орасида машҳур: “Эркак учун энг лаззатли нарса — душманларингни ишғол қилиб, олдинга солиб қувлаш, уларнинг мол-мулкини қўлга киритиш, яқинларини йиғлатиш ва хотин-қизларини тўшакда бағрингга босиш…”. Буни Европа манбаларида ўша пайт Монгол империясига саёҳат қилган фламандлик (ҳозирда Бельгия) монах ҳужжатлаштириб қолдирган”. Бу “монах”нинг Вилгельм Рубрук бўлганини билиб олиш қийин эмас.
Рубрукнинг фаолияти илмий ва хос давраларда муносиб қадрланади. Унинг китобини Ўрта асрларнинг нодир географик дурдонаси, деб баҳолайдилар. Бу бежиз эмас эди. Рубрук биринчи марта Ғарб илм аҳлига Каспий денгизини муфассал тасвирлаб беради ва Марказий Осиё қуруқлиги рельефида тоғларнинг мавқеини таъкидлаб кўрсатади. “Бу ҳудудларни биродарим Андре (Лонжюмо) жануб ва шарқ томондан айланиб ўтганди, мен эса шимол ва ғарбдан кузатиб чиқдим”, деб ёзади у. Унинг хизматлари ва мавқеини ўша даврнинг машҳур сайёҳи Марко Поло (1254 – 1324) билан тенглаштиришлари бежиз эмасди. Рус шоири Николай Заболоцкий “Рубрук Монголияда” деган поэма ҳам ёзган.
“Шарққа саёҳат” китоби А. Малеин таржимасида 1911 йилда биринчи марта рус тилида нашр этилган. Шубҳасиз, ундаги маълумотлар Осиё, жумладан, Ўрта Осиёга уюштирилган кейинги экспедицияларда жуда асқотгани шубҳасиз. Китоб 1957 йилда Москвада қайта нашр этилган.
Албатта, ҳар қандай илмий манба сифатида бу асар йиллар оша ўз қадрини ошириб бораверади. Гарчи В.Рубрук бизнинг юртимизда бўлмаган, у ҳақда маълумот бермаган бўлса-да, аммо ҳудудлари, тарихи туташиб кетган эл-элатлар ҳақидаги битиклари, уларнинг тақдири, яъни қандай мақсадларга хизмат қилгани биз учун ҳам қизиқарли. Чунки турмуш тарзимизнинг кўп қирралари Рубрук васф этган ҳаёт манзаралари билан ҳамоҳанг.
Ҳаким САТТОРИЙ