Тасаввур чегараларининг кенгайиши

Karagol/ Borcka/Artvin

ёки истеъдодли шоир Икром Искандар ижоди ҳақида мухтасар сўз

 

Мен шоир Икром Искандар ижодини анчадан буён кузатиб келаман. Ундаги оҳорли оҳанглар, янгича шеърий шакллар, кутилмаган ва тутилмаган қофиялар мени ўзига ром этади.

Холислик чегарасида туриб айтганда, бу шеърлардаги кайфият юқумли. Ўқисанг, беихтиёр хаёлингни қирларга етаклаб кетади. Бир дам кўкламги майсаларни ялангоёқ босганча кетиб бораётганингни ҳис қилсанг, бирда ўзингни кузги боғ ичра кўрасан. “Дунё – бевафо” дея куйлаётган хазонларнинг биринчи ва ўз ўрнида сўнгги бора ижро этилаётган рақсига мафтун бўлганча, шамол саҳнасига, ҳилпираб ерлаётган бурунги баргларга термиласан… Бу, албатта, шоир ўзи ҳис қилган туйғуни мисраларда аниқ-тиниқ тасвирлай олганидан далолат.

Энг муҳими, бу шеърлар такрор ўқилганда ҳам зерикарли туюлмайди. Ҳар сафар ўқувчи тасаввурининг олис жойларида ҳайратдан нур эмган нимадир, гўё бир учқун йилт этгандай бўлади.

Маълумки, ҳар бир ижодкорда ўзи мурожаат қиладиган ифода воситалари бўлади. Устоз шоир ҳам битганларида шамол, тун, кун, қўшиқ, рўмол(ча), қуш(ча) каби сўзларга кўп мурожаат қилади. Бу каби сўзларга уларнинг ўзи билдирадиган маънодан ташқари рамзий маънони ҳам юклайди. Пировардида, шеърхонга шеърни ўзи ҳис қилгандек, турлича тушуниш имконини беради. Кенгроқ айтганда, шеърхон мутолаа давомида тасаввурига эрк бериш имконига эга бўлади.

Бир мухлис, оддий ўқувчи сифатида айтсам, Икром Искандарнинг шеърлари ҳаммалашган, яъни унчалик ҳам оммабоп эмас. Тўғри, улар орасида халқ ижодиётига уйғун битиклар ҳам бор. Лекин барибир, аксарият шеърлардаги тас­вирнинг қуюқ бўёқлари, рамзий ифода ва бадиий санъатлар бу шеърларни ўқиш учун маълум даражада ҳозирлик, ижодий тайёргарлик талаб этилишини англатади.

Шоир шеърларидаги оҳанг, равонлик, она тилимизнинг гўзал ва бетакрор жилоларига кўзим тушган баъзи мисоллар орқали тўхталиб ўтсам:

Қоронғуда яхши кўрмасанг,

Шамол,

шамол,

қўлингга шам ол.

* * *

Қани бўлса, қаноат – қанот,

Орзуларни нафс кўмганида.

Кўзи очлар кўзи очилар

Бу дунёдан кўз юмганида.

* * *

Ул югурган оҳу эмас, оҳу фарёдим менинг.

 

Одамга тасаввур чегараларининг кенгайишичалик завқ, ҳузур берадиган нарса бўлмаса керак. Шоир шеърларини ўқиб, сўз-ранглар орқали ифода этилган бир-биридан чиройли, бетакрор суратларни томоша қилгандек бўласиз. Айниқса, шеърлардаги ички сўз ўйинларининг жозибаси кўзни қувнатиб, дилни яйратади.

 

Ёр бизни Мажнун демиш,

                           бул лақаб била алқаб.

* * *

Лаҳзалар асрдай қолдиргай асар.

                           * * *

Мен ўзни тийяпман ўзни тиймоқдан.

                           * * *

Кўз ўнгимда эдинг, тушми-ўнг, билмам,

Бехос кўз очсамки, кўздан учибсан.

                           * * *

мен бир карра гул эдим,

минг бир карра тупроқман.

 

Айниқса, “Оқчўғол тоғлари” туркумидаги шеър­лар мукаммал ёзилган. Унинг “Тошохур ўйинқароқ шамолин қилар тароқ…”, деган биринчи мис­расининг ўзидаёқ қофия, ташбеҳ ва тасвир мужассам. Бўлганда ҳам аъло даражада!

Рости, камина мана шу мисрани ўқиб, бироз нафас ростлайман. Шамолнинг тароққа менг­залишини, дарахтларни бир ёнга эгиб, худди қизлар сочидек бир томонга тарашини тасаввур қиламан. Завқланаман.

Икром Искандар нафақат сўзлар, балки ҳарфларни ҳам моҳирона қаршилантириш, ўрнини ўзгартириш ва оҳангдош сўзларни тенг қўллаш орқали ажиб бир мусиқий композиция яратишга уста шоир.

Қаранг, ҳарф эмас, ҳарфлар уюшмасининг мусиқий такрорланиб келишига мисоллар:

Ашуламас, шуъламас –

Бу шам тўккан кўзёшдир.

               * * *

Дала ўртасида, ойдин кечада

Сап-сариқ бир тусда

гуллади гулхан.

              * * *

Ошиқиб ошиқлар сонин оширма.

              * * *

Карам-ку йўқ, ноламга

Лоақал лоқайд бўлма.

              * * *

Сенга йўллабман яна

Хатларим – хатоларим.

              * * *

Кел, бизга араз эмас,

Ярашиш ярашади.

              * * *

тувакдаги гулларнинг

хонанишин хонишин…

              * * *

Мен-ку сизни бевафо деб ёзғирмоқдаман,

ахир кимдир ёзмоқдадир вафодорим деб.

Сўз ўйинлари акс этган яна қуйидаги мисраларни ўқисангиз, ҳарфий ўзгаришлар натижасида шеърлар янги мазмун кашф этаётганига гувоҳ бўласиз. Яъни, шоир шаклни ўйлаб, маънони эсдан чиқариб қўймайди. Ҳам шаклий, ҳам ғоявий сўз ўйинлари шеърхонга кайфият улашиб, уни ортидан эргаштириб кетади:

Санга айтур эмишки эл,

                    ул мажнунингни даволат деб,

Они бир йўли орадан кўтармоғинг

                                           балки давлатдур.

(“даволат” сўзида ўртадан “о” ҳарфи кўтарилса, “давлат” сўзи қолади)

Қачон гул болин юзида кўзга

                  намоён айламиш,

Ҳар дам ул сири пинҳонни

                  гар истамиш топмиш ари.

Сен доғи қилма гумонки,

           кўнгулда лиммо-лим ишқинг

Бул масал ичра асалдур –

                   магар кўринмас, эй пари.

(“масал” ичра “асал” бор – “м” ҳарфи агар кўринмаса)

“Тўкилади лак-лак юлдуз…” деб бошланувчи шеърдаги ички сўз ўйинларини кўриб, ҳайратингиз икки ҳисса ошади:

Кутаман минг тама билан –

кун чиқарми…

     Дилда санчиқ.

Ўзимнинг-ку, сенинг сари

ҳаддим сиғмас боришга…

“Келдим” деган сўзинг танқис,

“Севдим” деган сўзинг тансиқ.

Кутилган сўз тилга чиқса –

изидан кун ёришгай.

(“кутаман”дан “тама” чиқса ҳам – “кун”, “кутилган”дан “тилга” чиқса ҳам – “кун” қолади)

Ў, қошига ўсма қўйган У.

(У ва Ў ҳарфларининг шаклига ишора)

Сўз сеҳрининг илоҳий қудратига тасанно айтиб, шоир маҳоратини олқишлаб, ўқиганда кўнгил тўладиган шеърларни ва улардаги ёрқин сўз-рангларда ифодаланган гўзалликларни кашф этишда давом этганингиз сари Икром Искандар ижодига мухлис бўлиб бораверасиз.

Бир пайтлар адабий журналлардан бирида Икром Искандарнинг “Ихтиро” шеъри ҳақида адабиётшунос олимларнинг фикрини ўқиб, ўзим учун “Қалб” деган шеърий санъатни кашф этганман. Бунда, биласиз, сўзни ҳар икки томондан ўқиш, сўзни тескари қўллаш орқали назмий асар яратиш ижодкордан маҳорат билан бирга топқирликни ҳам талаб қилади.

Мана, ўша “Ихтиро” ва кейинроқ ёзилган “Ихтиро”нинг давоми” номли шеърлар:

 

Мен йўқдан қўй қилдим,

Йўқ сўзини тескари ўқиб.

 

Овсаррасво бўлди.

 

Нодон эса…

Барибир нодонлигича қолди.

               * * *

Эмиш ишқ не фан

                наф нечук бўлди андин, билмам,

лек – кел, дедим, келмадинг,

дилимда сенга айтмоқ бўлган бир роз

                                                           зор бўлди…

Ким қайғуга берса дош

                    шод бўлар эмиш-ку охир,

мен ошиқ бўлдиму

                        мудом нолон бўлиб қолдим.

 

Албатта, биз бу ўринда келтириб ўтган мисоллар денгиздан томчи, холос. Шоирнинг шеърхонга завқ-шавқ улашадиган бундай шеърлари жуда кўп. Миллий адабиётимиз, хусусан, замонавий ўзбек шеърияти мана шундай ранг-баранг асарларга бойлиги билан фахрлансак арзийди.

Дилмурод Дўст,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =