Нияти нурли ижодкор

Тўйхат ўрнида

 

Инсон борки, ўз имконияти даражасида фикрлаб яшайди. Кўнглидан кечганларни тилига чиқармаслиги мумкин. Аммо турфа хаёл, орзу-армон, турмуш ташвишларининг чархпалаги, воқеа-ҳодисалар силсиласи уни бир зум тарк этмайди. Юракнинг қатида, қалбнинг осмонида айланаверади.

Шу тобда шуурда бир савол юз очади. Сўзга эҳтиёж қачон туғилади?

Қалб кўзи очилганда… Оламни кўнгил кўзи билан кўролган одам ҳайрат ҳавосидан симириб, ҳикмат нидосининг домига тушади. Яхши сўз айтгиси келади. Яхши сўз ниманинг меваси? Ақлнинг! Муҳаббатнинг! Халқимизда “жон озиғи” деган ибора бор. Яхшилик, ҳатто бир оғиз яхши лутф ҳам ҳар қандай дардга дармон. Чин маънода — жон озиғи.

 

Тошкент вилоятининг фарзанди, қатор шогирдлар етиштириб, бугун устоз мақомига эришган ажойиб журналист, ҳамиша уйғоқ, ҳамиша фаол ижодкор Раҳматилла Шералиевнинг “Меҳр манзиллари” китоби ҳам меҳр чашмасидан қониб ичиб, муҳаббат меҳробига тиз чўккан қалб соҳибининг ҳаётга, оқибатли, ориятли, дарёдил инсонларга олқиши, дегим келади. Яна ҳам ёрқинроқ изҳор ахтарсак-да, дўстимизнинг битикларини “хуш дуо” десак, кўнгил офтобланади. Кимдир сизни яхшилар оламига етакласа, демак, у инсоннинг ниятидаёқ нур бор.

Келинг, аввал Раҳматилла Шералиевнинг шахси ҳақида ўз қарашларимиз, нуқтаи назаримиз, билганларимизни айтайлик. Маълумки, эгизаклар дунёга келганда, Ҳасан Ҳусандан беш-ўн дақиқа олдин дунёга келади. Ана шу беш-ўн дақиқа биринчи туғилганга акалик шарафини беради. Ҳасан Ҳусаннинг акаси ҳисоб­ланади. Мен Раҳматилладан ўн тўрт кунлик каттаман, демак, акасиман дейишга ҳақлиман. Агар сиз буни мақола муаллифи ҳазиллашяпти, деб тушунаётган бўлсангиз, майли, нима ҳам дердим?!

Аммо ёшимизга хос жиддий фикр юритадиган бўлсак, биз тенгдошмиз, касбдошмиз. Ҳаётнинг паст-баланд йўлларида қарийб чорак асрдан буён елкадошмиз. Сўзим аввалидаёқ бир рост гапни айтиб қўймасам, адолатдан бўлмас. Бироз қизғанчиқлигини ҳисобга олмаса, бу оламда менинг дўс­тимдек мукаммал инсон йўқ. Азиз ўқувчи, сиз бу “фазилати”га кўп ҳам эътибор бераверманг. Шу даражада қалби дарё, оқ кўнгил, лутф қилганда беқиёс дарёдилки, сўзига маҳлиё бўлганингизни билмай қоласиз.

Агар дилингизда қандайдир гумон айланаётган бўлса, “Меҳр манзиллари” китобини бошидан охиригача ўқиб чиқинг. Ҳа айтганча, китобнинг икки-уч саҳифасини ўқисангиз, кейин қандай тугатиб қўйганингизни ўзингиз билмайсиз. Энг муҳими, китоб каҳрамонлари ўзларининг феъл-атворлари, ҳаёт тарзи, қалб олами билан қанчалик эътиборингизни тортса, муаллиф ҳам шу даражада дилингизга яқин бўлиб бораверади. Чунки Раҳматилла қуруқ баёнчилик йўлидан бориб, сизни ҳам, ўзини ҳам қийнамайди. Жонли қаҳрамонлари ёнида ўзининг бутун бўй-басти, орзу-армонлари, топгану йўқотганлари билан кўринади. Кўринганда ҳам кўркам кўринади.

Аслида, халқона айтганда, “Қозонда бори чўмичга чиқади”. Раҳматилла Шералиев чин маънода катта ҳарфлар билан ёзиладиган оқил, самимий, яхши инсон. Ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий, ҳам маънавий баркамол, ўқиб-уқиган қалам соҳиби. Ёлғондан йироқ, ростга жон тиккан ва буни амалда исботлаб келаётган бақувват ижодкор.

Сўзимиз аввалини “фикр” сўзига урғудан бош­лаган эдик. Зеро, фикр – бу момиқ булутлар бағридан тўкиладиган биллур ёмғир ёки бобоқуёш кўксидан тараладиган тилло нур эмас. У ақл зиёси, қалб қўри, дилнинг зилол чашмаси. У – теран заковат меваси. Бир инсонга фикрингни маъқул қилиш учун ўзинг ўқиган бўлишинг, инсон зотининг мураккаб феълини англашинг, кулдиришдан олдин кулиб, йиғлатишдан аввал йиғлаб кўришинг керак бўлади. Юриб кўрмаган одам йўл қадрини, меҳнат қилмаган киши машаққат нималигини, ўзи бир тепага чиқмаган инсон тоғ қадрини қаёқдан билсин? Яшаш – бу имтиҳон дея бежиз айтилмаган.

Раҳматилла ҳаёт деган мураккаб имтиҳондан ёруғ юз билан ўтаётган инсон. Падарибуз­руквори эрта қазо қилиб, болаликданоқ волидаи муҳтарамасига елкадош, оғир меҳнатда камарбаста бўлишга тўғри келгани ва бунинг уддасидан чиққани баъзан ўзимни ўзимга эслатиб юборади. Ахир Ҳасан Ҳусандан, Ҳусан Ҳасандан айро бўлурми? Отасизлик Раҳматилланинг ҳам митти жисмига барвақт кетмон чопиш, ўт ўриш, мол боқиш каби рўзғорга оид юмушларни ортган, болалик боғида яйраб юриш имконини бермаган. Чопқиллаб меҳнат қилишга мажбур қилган. 4-синфданоқ пахта далаларига чиққан. Эгатлар унинг дафтари, ғўзапоя қалами бўлган. У дардларини, орзу-ҳавасларини оппоқ қоғозга эмас, қалби қатига ёзиб, муҳрлаб бораверган.

Мустабид тузумнинг миллат бошига солган зуғуми болаликдаёқ унинг қалб кўзини очган. Эрта улғайтирган, тийрак назар ато этган, ҳуш­ёрликка ўргатган. Шу боис ҳам Раҳматилла улғайганда ҳаётда ўз мақомига эга бўлди. Ўрнини, қадрини топди. Ўзи кирган давраларга нури, ҳурмати, салобати ундан олдинроқ кирадиган бўлди. Чунки у ёшлигини нафақат қора меҳнатга бахшида этди, балки илм олди, ўқиб ўрганди, амал пиллапояларидан юксалди, умри йўлларида улуғланди. Пировардида бугун ўз мактаби, ўз мавқеига эга бўлди.

Ахир, “Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” унвонини давлатимиз ҳар кимга ҳам муносиб кўравермайди. Бу ҳалол меҳнатнинг амалдаги эътирофи. Ана шу эътироф Раҳматилла Шералиевга шу даражада ярашдики, дўсту ёрлари ўзлари олгандек қувондилар. Аслида, ўзи айтганидек “Отахон газетанинг болажон мухбири” бўлиб иш бош­лаган йилларидаёқ “Ҳаёт омили” каби илк мақолалари билан катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Фидойи журналист, дарёдил раҳбар, меҳрибон устоз “Тошкент ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррири Аҳмад Исмоиловнинг қаттиққўл “имтиҳонлари”дан ўтган. Нуфузли жамоада энг ёш бўлим мудири бўлиб ишлаш осмондан тушадиган омад эмас. Бу ёш журналист Раҳматилла Шералиевнинг ёрқин нур сочиб турган истеъдодининг илк меваси, айни кез бошқалар томонидан янги ижодкорнинг тан олиниши эди, десак тўғри бўлади.

1999 йилнинг июнь ойи, камина Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари бўлиб иш бошлаган пайтим, Раҳматилла вилоятимиз маънавий-маърифий ишларининг саркори эди. Ана шу йилдан кейин ҳаёт бизни қалбан бир-биримиздан ажратмади. Раҳматилла қайси ташкилотда фаолият кўрсатмасин, уни ҳамиша Тошкент вилояти заминига киндик қони томган юртдошим сифатида вилоятимизда ишлашга ҳам чорлаб, ҳам даъват этиб келдим. Боиси, ўхшаш қисмат бизни бир-бирига ҳадди сиғадиган дўстлар этиб камолга етказди.

Раҳматилла “Халқ сўзи” газетасининг Тошкент вилоятидаги махсус мухбири бўладими, вилоят маҳалла тизимида ишлайдими, қишлоқ хўжалиги журналига муҳаррирми – қисқаси, теран фикр соҳиби, яхши ташкилотчи, ўз ўрнида тезкор, оқил раҳбар сифатида назарга тушди, ҳурмат қозонди.

Биргина мисол, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётганида ўзининг таъбири ила айтсак, “билағонлик” қилиб, кутилмаганда янги китоб яратиш вазифасини зиммасига юклаб олади. Албатта, поезд юриб кетган, “отни тилимга боғлашим керак эди” деб пешонага муштлаб ўтиришдан ҳам фойда йўқ. Раҳматилла “Бисмиллоҳ…” деб иш бошлади. “Нотиқлик маҳорати”, “Масъулият юки”, “Мафкуравий харита”, “Қалбни забт этиш воситаси”, “Таянч нуқтаси”, “Нотиқ ва унинг “мен”и” каби аниқ ва лўнда фикрлар жамланган, илмга асос­ланиб, тавсиялар берилган “Соғиниб кутган учрашувлар” деган мўъжаз рисола дунёга келди. Бу китоб Раҳматилла Шералиевнинг том маънода ижодкор эканини кўрсатувчи яна бир ёрқин далил бўлганди. Дўстимнинг ижодий фаолиятидан бу каби мисолларни, ютуқларни кўплаб келтиришим мумкин.

Аммо умр бўйи камтарликни касб этган инсонни, унинг собит тутумига қарши юриб, ноқулай аҳволга солишдан ўзимни тийганим маъқул. Фикримни мухтасар қилишдан олдин унинг китоби номига қўйилган ва ушбу тўплам поёнида эълон қилинган “Меҳр манзиллари” мақоласи ҳақидаги дилсўзимни айтгим келди.

Ўз онасининг ҳурматини, хизматини жойига қўя олмаётганидан кўнглида кемтиклик ҳис қилиб, виждони олдида хижолатда юрганлар бу китобни, айнан шу мақолани ўқишлари шарт! Ҳали жисман тўлиқ камолга етмаган, аммо ҳаёт тақозоси, турмушнинг тошдан оғир ташвиш­лари 14 ёшидаёқ келинлик либосини кийдирган ва яна аёлидан айрилиб қолган 40 ёшли эркак билан бир ёстиққа бош қўйган, марҳум кундошининг фарзандларидан ташқари, яна ўзининг беш фарзандини оқ ювиб, оқ тараб, етимлик нонини едирмай камолга етказган она ҳақидаги дардли қўшиқ… бу мақола.

Ўрни келганда айтиб қўяй, нега Раҳматилла бу мақоласини “эссе” ёки “бадиҳа” деб атамаган? Нега меҳрдан, ҳалолликдан, вафодан, меҳнату заҳмат боиси — қўлларидаги қадоқдан аёлга, ҳамда ўзига ҳайкал қўйган, Тангри таоло 102 ёш умр билан сийлаган волидаи муҳтарамаси ҳақида гулдек, оловдек қисса ёзмаган?

Азиз ўқувчи, бу саволларга жавоб ўрнида, келинг, фикрим озгина чўзилса ҳам ушбу мақолада онанинг фарзандга, фарзанднинг онага бўлган меҳридан икки иқтибос келтирай.

Қўшнисининг ўзидан катта ўғли билан колхоз полизидан тарвуз ўғирлаган болаларни қоровул уйигача қувлаб келади. Ўз ҳалоллигини бошига рўмол қилиб ўраб юрган онаизор ўғирликка қўл урган ўғлини хивчин билан савалайди. Аразлаган бола кечки овқатни емай, ётиб олади. Шунда “Онам қадоқ қўллари билан баданларимни силар эканлар:

— Ҳечам ўғирлик қилма. Ўғирланган нарсани еб бўлмайди, — дедилар. Кейин жуда майин овозда сўзларини давом эттирдилар:

— Ураётганимда ўзинг ҳам қочиб кетмадинг-да, ўғлим. Қўлингни маҳкам ушламаган эдим-ку. Қочганингда орқангдан қувламасдим…”

Мен ушбу иқтибосни ўқиётганимда ҳам, мақоламга кўчириб ёзаётганимда ҳам кўзимга ёш келди. Онаси билан кетмон чопган аёллар рўйхатини тузиб, 35 нафар аёлни хонадонига чорлаб, бир пиёла чой устида машварат қилган ўғилни кўрганмисиз?

Ёшлари 90 дан ошган онасининг уй юмушлари билан андармон бўлаётганидан хижолат бўлган Раҳматилла қуйидагиларни баён қилади:

“Бир куни яқин дўстим, таниқли шифокор Зафар Умаровга маслаҳат солдим:

— Онамни қабулингизга олиб келсам, суҳбатлашиб, энди уй юмушларини келинларга топширинг. Ўзингиз етти қават кўрпачага ўтириб олиб, уларни дуо қилинг, деб қулоқларига қуйиб беринг.

Доктор бир оз ўйланиб қолди-да, дабдурустдан:

— Онангиз жонингизга тегдими? Теккан бўлса, олиб келинг, – деди. – Ҳаракат бу – ҳаёт-ку! Қимирлаб, уй юмушларини қилиб юрганларига хурсанд бўлмайсизми? Иш қилмасалар, ётиб қоладилар.

Ўшанда роса изза бўлганман. Онам хонадонимизнинг файзу баракаси, чиройи эканлар. Бугун онам эккан турфа гулларни қўмсайман. Энди ҳовлимиздаги гулхоналар ҳар ҳафта-ўн кунда ғириллатиб ўриб туриладиган кўк майсазорга айланган. На жилваси, на бир ифори бор уларнинг. Ундан ким, қандай баҳра олади, тушунмайман. Замонавийлик, деб билишса керак буни, ҳойнаҳой, ўзимдан ақлли ўғилларим…

Энди, ёшим 70 га бориб, ўтган умримга назар солар эканман, онам билан боғлиқ армонларим кўз ўнгимдан ўтади”.

Ҳа, дўстим Раҳматилла Шералиевнинг бугун ёши етмишга етди. Энг муҳими, бу қутлуғ ёшини ёруғ юз, тоза имон, садоқатли ёр, меҳрибон ота, фидойи журналист, оқил раҳбар бўлиб қарши оляпти. Бу қутлуғ кунлар унга шу даражада ярашяптики, ўзи садоқат ва ҳалоллик билан бунёд этган умр тахтида савлат тўкиб ўтирибди. Савлатининг соясида эса бахтиёр фарзандлар, ширин-шакар набиралар қувончдан қанот чиқаришган. Улар бобоси бошида оппоқ кабутарлардек парвона. Илоҳим, бу тотли дамларга кўз тегмасин. Саодатли дамлари яна узоқ-узоқ йиллар бардавом бўлсин.

 

Умр оқар сувдир — дарёси бўлак,

Яхшининг эл ичра зиёси бўлак,

Сизга дўсту ёрнинг дуоси бўлак,

Соғу омон бўлсин олтин бошингиз,

Дўстим, қутлуғ бўлсин етмиш ёшингиз!

 

Дарвоқе, Раҳматилла Шералиев айни камолга етган, журналистика соҳасида вилоятимиздагина эмас, балки бутун республикамизда устоз сифатида эътироф этилаётган бир пайт­­да кутилган лавозимга, масъулиятли вазифага тайинланди. У ҳам бўлса, Журналистлар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раҳбарлигига. Назаримда, бу воқеа вилоятимиздаги барча зиёлиларга, хусусан, журналистларга бирдек маъқул бўлди.

Яна бир гап. Мен дўстим Раҳматилла Шералиев шаънига нимаки айтган бўлсам, 70 фоизи уни эр сифатида эъзозлаган, ҳурматини жойига қўйган аёли — болаларининг оқила онаси Муҳайёхонга тегишлидир. Илоҳим, уларга пиру бадавлатлик насиб этсин.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 17 =