Газетангиз чиқяптими, ҳамкасб?
Кейинги йилларда республикамизнинг деярли барча ҳудудларида аксарият босма нашрларнинг аҳволи яхши эмас, менимча. Бу борада вилоятимизда ҳам ўзига яраша муаммолар мавжуд. Тўғри, муамммоларни бартараф этиш, газеталар даврийлигини йўлга қўйиш, обунасини ташкил этиш бўйича қандайдир чоралар кўриляпти. Лекин булар умумий муаммоларни бартараф этиш, газеталар даврийлигини йўлга қўйиш учун етарли бўлмаяпти.
Келинг, шу ўринда Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммоларга бир назар ташлайлик.
Биринчи галда кадрлар масаласига эътибор қаратсак. Хўш, Сирдарёда газетада савияни белгилайдиган журналист кадрлар етарлими? Афсуски, бу саволга жавоб бериш жуда қийин. Зеро, узлуксиз фаолият олиб бораётган вилоят ҳокимлигининг “Янги Сирдарё” газетасида ижодий ходимларнинг энг ёши ҳам олтмишдан ўтиб, олди етмишдан хатлаган. Тўғри, уларнинг барчаси маҳоратли журналистлар, республиканинг исталган газетасида бемалол қалам тебрата олишади. Лекин ёш, қолаверса саломатлик ўз ишини қилиб, таъсирини кўрсатаётгани ҳам бор ҳақиқат.
Сирдарё — Тошкентнинг шундоққина биқинида жойлашган гўша. Бу эса олий маълумотли, қўлидан иш келадиган кадрларни вилоятда ушлаб қолишни янада қийинлаштиради. Айниқса, журналистика соҳасида бу яққол кўринмоқда. Вилоятдаги газеталар иқтисодий ночор аҳволдалиги сабаб ёш мутахассисга етарли маош беролмайди. Уй-жой қуриш, машинали бўлишни эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Пойтахтда эса бунинг имкони кўпроқ. Ҳар қалай, бугунги кўп ёшлар шундай фикрда.
Истаган интернет журналистикаси, матбуот хизмати ходими ҳам вилоятдаги энг машҳур журналистдан кўпроқ маош олади. Қолаверса, Тошкентдаги қатор-қатор банклар билан келишиб, кредит расмийлаштириб қурилаётган уйлардан бирини ҳам олиши мумкин. Шундай экан, сирдарёлик ёшни тарбиялаб, журналистика олийгоҳларига ўқишга жўнатар экансиз, у билан жимгина хайрлашиб қўяверинг.
Хўш, шундай экан, вилоятдаги матбуот нашрларининг иқтисодий аҳволини яхшилаш мумкинми? Ҳа, фақат қарс икки қўлдан чиқади. Яъни, журналистлар томонидан ҳал этилиши, эътибор қаратилиши лозим бўлган муаммолар талай. Тан олиш лозим, бугун замон ўзгармоқда. Газетани номигагина чиқариш, интернет нашрларидаги туманга алоқаси бўлмаган воқеа-ҳодисалар билан тўлдириш самара бермайди. Қолаверса, бугунги босма матбуот ахборот тарқатишда интернет журналистикаси ва радио-телевидение билан рақобатлашиши қийин. Демак, таҳлилий-танқидий мақолаларга эътиборни кучайтириши керак. Бугунги муҳаррир масъулиятни зиммасига олиб, ички цензурни ўлдириб, газетхон қалбини қийнаётган муаммоларни кўтариб чиқиши, жамоатчилик орасида соғлом фикр уйғота оладиган мақолаларни чоп этиши лозим. Ишда ошкоралик бўлиши, муаммоларга дадиллик билан ёндашиш зарур. Қолаверса, ҳоким билан юзма-юз бўлишдан чўчимаслиги, у билан суҳбатлашиб, маслаҳатлашиб иш олиб бориши, масалани ҳоким олдига дангал қўя билиши керак. Зеро, ҳоким ҳам одам, у ҳам мана шу ҳудудни ободонлаштираман, олиб борилаётган ишларни янада яхшилайман, ишлаб чиқариш объектларини тиклайман, деган умидда. Газета муҳаррири унга ёрдам бермоқни истаса, жўяли таклифлар билан ҳоким олдига кирса, албатта у ҳам журналистнинг кўкрагидан итармайди, балки қулоқ осади, маслаҳатлашади. Айниқса, бугун бюджет маблағининг маълум қисми жойларда қолаётган, ундан самарали фойдаланиш маҳаллий ҳокимият ихтиёрига берилган бир вақтда. Масалан, тумандаги муҳтож оилалар, ёшлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўқимишли газетага текин обуна қилиб берилиши мумкин. Ёки туманда фермер, маҳалла фуқаролар йиғини, тадбиркорлик субъектлари бемалол бир-иккитадан обунани ташкиллаштириши мумкин. Зеро, вилоятдаги матбуот нашрларининг нархи жуда ҳам юқори эмас. Демак, қачонки газета ўқимишли, туман шароитидаги муаммоларни дадил кўтариб чиқа олса, бунга эришса бўлади! Қачонки, журналистнинг ўзига бўлган ишончи ортса, ўша газетанинг ўқувчиси ҳам кўпаяди, уни қўлловчи ҳомийлар ҳам топилади!
Вилоятдаги аксар газеталар ҳокимликлар муассислигида чоп этилади. Ширин шаҳри, шунингдек, Гулистон ва Ховос туманлари газеталари бир ойда икки марта чоп этилаётир. Лекин қолган туман ва шаҳар газеталари ҳақида бу гапни айтиб бўлмайди. Газеталар кўпдан бери чоп этилмайди, муҳаррирлар ҳоким билан учрашолмайди ёки ёрдам ололмаганидан газета номи бор, ўзи йўқ нашрга айланиб қолган. Очиқ айтиш керакки, ушбу туманлар муҳаррирлари ўзига, газета чиқаришларига ишонишмайди. Шароит бўлган тақдирда ҳам номигагина газета чиқаришиб, бунинг оқибатида нашрнинг келажагига болта уришади.
Яқинда Сардоба туман газетасига янги муҳаррир тайинланди. Бу эса самара берди. Газета чоп этила бошланди. Унинг мундарижаси ҳам ўзгарди. Янги муҳаррир – Суюн Намозовнинг маълум қилишича, энди газета ҳар ойда албатта, чоп этилади. Ҳарҳолда туман ҳокими ва муҳаррир ўртасидаги суҳбатда шунга келишишган. Туманда газетани чоп этиш учун маблағ ҳам топилган. Табиийки, унинг ўқувчилари ҳам!
Қолган туманларда ҳам ҳоким билан тўғридан- тўғри суҳбатлашадиган, аҳволни борича кўрсатиб, тушунтириб берадиган муҳаррирлар топилса, имоним комилки, ҳокимлар албатта ёрдам қўлини чўзади ва газета чоп этилади.
Яна бир гап: ҳозир айнан обуна мавсуми бошланиш арафасида турибмиз. Лекин тан олиш керак, вилоятда бу борада доимо кечикилмоқда. Натижада обуна кеч бошланмоқда, вақтида назорат бўлмаяпти ва шошилинчда кўплаб субъектлар обуна компаниясидан четда қолиб кетмоқда.
Газета муҳаррирлари ҳозирдан ҳокимларга обуна борасида мурожаат қилишлари лозим. Ахир, ҳар қандай ҳоким ҳам ёнида ишончли ҳамкор, ёрдамчи бўлиши, биргаликда яхши ишларни амалга ошириш, ўзидан сўнг яхши ном қолишини истайди. Бундай ҳолатда газета, унинг муҳаррири ва журналистлар яхши ишлар, ташаббусларни амалга оширишда айнан ҳокимнинг ёрдамчиси бўлишлари мумкин.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими яқин кунларда АОКА билан ҳамкорликда воҳадаги барча бош муҳаррирларни мулоқотга чорлашни мақсад қилган. Унда вилоятдаги газеталарнинг бугунги аҳволи, савияси, уларнинг мазмун-мундарижаси ҳақида маслаҳатлашилади. Қолаверса, босма нашрлар олдида турган обунани ташкил этиш, газетанинг таннархи ва уни етказиб бериш, бу борада муассислар билан ишлаш масалалари кўриб чиқилади.
Ташқаридан туриб маслаҳат бериш осон, амалда эса бу ишни бажариш қийин, дейишингиз мумкин. Балки шундайдир, лекин туман матбуот нашрлари фаолиятини ўрганганимизда афсуски, юқорида таъкидланган муаммолар юзага қалқиб чиқмоқда. Демак, ўзимизни журналист санаб, шу соҳа нонини ейиш ниятида эканмиз, муаммоларни бартараф этиш учун ўзимизда куч топа олишимиз керак.
Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Сирдарё вилоят бўлими раиси