Келажак бугундан бошланади
ёки олий таълимда малакали мутахассислар тайёрлаш: тажриба, таҳлил ва талқин
Яқиндагина жонажон Ватанимиз — Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганининг 31 йиллигини нишонлади. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтган Энг улуғ, энг азиз байрам кунларида юртдошларимизнинг юзларида табассум, тилида шукроналик, эртанги кун бундан-да ёрқин ва фаровон бўлишига ишонч акс этиб турди. Чунки мустақиллик халқимиз учун қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.
Замон билан ҳамнафас қадам ташлаётган Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти жамоаси ҳам қутлуғ байрамимизни ўқув, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий жабҳаларда муайян ютуқлар билан қарши олди. Институтимиз мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига юқори малакали етук мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган етакчи олий таълим муассасаларидан биридир. Мазкур даргоҳни битирган минглаб мутахассислар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини юксалтириш, иқтисодиётини ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларга илм-фан чўққиларини эгаллашлари, ўзларининг ақл заковатлари, ижодий имкониятлари ва куч-қувватларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шароитларнинг янги уфқлари очилди. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшларга бугун кўпчиликнинг ҳаваси келади. Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, битирувчиларни олий таълимга қамровининг ошгани, янги олий таълим муассасаларининг очилгани натижасида ёшларга янада кенг имкониятлар яратилди. Институтимизда 2016-2017 ўқув йилида 15 та таълим йўналишига 450 та квота бўйича қабул амалга оширилган бўлса, жорий йилда 39 та таълим йўналишлари (кундузги ва сиртқи)га 2150 нафар йигит-қизлар талабаларимиз сафига қўшилдилар. Шунингдек, бундан беш йил муқаддам магистратура мутахассисликларининг 5 та мутахассисликлар бўйича 12 нафар магистрантлар қабули режалаштирилган бўлса, жорий ўқув йилида эса 32 та мутахассислик бўйича 132 та қабул белгиланганлиги ёшларга яратилган имкониятларнинг янада кенгайганлигидан далолат беради.
Сўнгги икки йилда институтимизда бакалавриатда жами янги 10 тадан ортиқ жумладан, юриспруденция (қишлоқ хўжалиги ҳуқуқи), тупроқ бонитировкаси ва ер ресурсларидан фойдаланиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, профессионал таълим (йўналишлар бўйича), рақамли иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича), суғурта иши, логистика (агрологистика), биотехнология (тармоқлар бўйича), экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (тармоқлар ва соҳалар бўйича), манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш каби янги таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишлари негизида янги 13 та магистратура мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш амалга оширилмоқда.
Институтда Беларусь Республикасининг Гродно давлат аграр университети билан 2 та, Россия Федерациясининг Бошқирдистон давлат аграр университети билан 1 та таълим йўналишлари бўйича 2+2 қўшма дастур асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Институтда мавжуд 5 та факультет таркибида 3 та факультетлараро, 17 та мутахассислик кафедраларда жами 289 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Шундан 15 нафари фан доктори, профессорлар ва 114 нафари фан номзоди, доцентлар, 160 нафар катта ўқитувчи ва ассистентлардир. Илмий салоҳият 44,6 фоизни ташкил этади.
Институтда таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 824-сон қарори асосида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёнлари кредит-модул тизимида ташкил этилди. Жорий ўқув йилида 1-2 босқич талабалари кредит-модул тизимида таҳсил олишмоқда. Бундан ташқари, мавжуд 17 та мутахассислик кафедралари фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизмини такомиллаштириш, талабаларнинг малакавий ишлаб чиқариш амалиётларини сифатли ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг стажировкаларини ишлаб чиқариш билан ҳамоҳанг амалга ошириш мақсадида Фарғона водийси ҳудудида жойлашган 5 та пахтачиликка, 8 та ғаллачиликка, 5 та пахта-тўқимачиликка, 3 та сабзавот ва полизчиликка, 5 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга, 4 та чорвачиликка ихтисослашган кластерлар билан мутахассислик кафедраларининг 23 та филиалларида 3+3 лойиҳаси асосида 3-4 босқич талабалари учун мутахассислик фанларидан лаборатория, амалий машғулотлари ҳамда малакавий ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ўтказилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, 17 та мутахассислик кафедралар қошида вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлар ҳамда кластерлар учун қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича хизмат кўрсатадиган ўқув-илмий марказлар ташкил этилиб, 150 нафардан ортиқ талабаларнинг иш билан бандлиги таъминланди.
Сўнгги йилда институтимизда вилоятдаги йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларнинг тажрибали мутахассислари иштирокида муаммоли маъруза, бинар дарслари ташкил этиб келинмоқда. Биргина ўтган ўқув йили мобайнида 25 та муаммоли бинар дарслари ташкил этилган бўлса, корхона ва ташкилотларда 100 дан ортиқ сайёр дарслар ўтказилди.
2021-2022 ўқув йилида институтнинг 22 нафар профессор-ўқитувчилари ўзларининг диссертация ишларини ихтисослашган кенгашларда муваффақиятли ҳимоя қилдилар. Профессор-ўқитувчилар томонидан 21 та дарслик, 37 та ўқув қўлланмалар, 42 та монография ҳамда 27 та тавсияномалар чоп эттирилди.
2020-2022 йилларда дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи хорижий олий таълим муассасаларида институтимизнинг 13 нафар профессор-ўқитувчилари қисқа муддатли малака ошириш ва стажировкалар ўташлари билан бирга машғулотлар олиб борган бўлса, улардан 18 нафар профессорлар таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисларининг ўқув жараёнларига жалб қилинди.
Профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинувини ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Туркия, АҚШ, Италия, Португалия, Россия Федерацияси, Германия, Руминия, Болгария, Беларуссия, Латвия, Словакия, Польша каби давлатларининг нуфузли олий таълим муассасалари билан жами 40 дан ортиқ ўзаро ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар имзоланди.
2021-2022 йилларда “Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини”, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш”, Деҳқончилик ва мелиорация”, “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги” ҳамда “Физика ва кимё” кафедраларига Осиё тараққиёт банкининг маблағлари ҳисобидан жами 9,3 млрд. сўмлик 27 та фанлардан сўнгги русумдаги замонавий лаборатория жиҳозлари келтирилган. Бундан ташқари, институт UzCaseMash компаниясидан қиймати 2,3 млрд. сўмни ташкил этадиган “ТТ5-110” русумли, 250 миллион сўм қийматга эга бўлган “МТЗ-82.1” русумли, 160 миллион сўмлик “Т-40” русумли New Holland замонавий қишлоқ хўжалик тракторлари келтирилди. БМТ Тарақкиёт дастури доирасида қиймати 24 692 АҚШ доллари бўлган SA 14600 русумдаги замонавий сеялка олиниб, ўқув жараёнларида фойдаланиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, институтда Кореянинг KOPIA маркази билан ҳамкорликда Ахборот маслаҳат маркази (extension center) ташкил қилинди. Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамиятининг GIZ халқаро лойиҳалари доирасида 2 гектар ер майдонда Италия технологияси бўйича 60 бош қорамолларга мўлжалланган замонавий чорва комплекси барпо этилди ва Австрия давлатидан 70 бош қорамоллар олиб келинди. Айни пайтда қора моллар сони 60 бошдан ошди. Чорва комплексида ишлаб чиқарилган сутни қайта ишлашга мўлжалланган қиймати 127 минг АҚШ долларига тенг сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, вилоятнинг “ЭКОФИШ” МЧЖ билан ҳамкорликда 4,5 гектар майдонда Хитой технологияси асосида “Интенсив усулда балиқ етиштириш” йўлга қўйилди. Америка Қўшма Штатининг USAID халқаро ташкилоти билан 6,5 га майдондаги интенсив боғда, шунингдек, 1,1 га майдонда токзорлар ташкил қилинди.
Бугунги инновацион ривожланиш даври, иқтисодиётни рақамлаштириш шароитида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш, инновацияларни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновацион ишланмалар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилмоқда.
Институтда илмий салоҳиятни ошириш мақсадида 5 та ихтисослашган Кенгаш, жумладан, 06.01.01 — Умумий деҳқончилик. Пахтачилик, 06.01.08 — Ўсимликшунослик, 05.07.01 — Қишлоқ хўжалик ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш ва 05.07.02 — Қишлоқ хўжалик ва мелиорация машиналарини ишлатиш, тиклаш ва таъмирлаш ҳамда 13.00.02-Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси ихтисосликлари бўйича PhD илмий даража берадиган Ихтисослашган илмий Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур ихтисослашган Кенгашларда 22 тадан ортиқ диссертация ҳимоялари ўтказилди.
Бугунги кунда институт ҳамда Беларусь Республикаси Гродно давлат аграр университети ҳамкорликда 2022-2023 йилларда бажарилиши кўзда тутилган молиявий ҳажми 1,8 млрд. сўм қийматга эга бўлган амалий лойиҳа доирасида, молиявий ҳажми 3,4 млрд. сўмни ташкил этадиган 4 та инновацион лойиҳалар бажарилмоқда. Шунингдек, олий таълим даргоҳимизда фаолият кўрсатаётган кафедра профессор-ўқитувчилар томонидан 2022 йилнинг 1-ярим йилига 20 та патент ва муаллифлик гувоҳномаларини олишга эришилди.
Таълим масканимиз профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган соянинг янги “Х.Саттаров” нави линияси, ғўзанинг “Андижон-Зиё” навлари Давлат навсинаш комиссиясига тақдим этилди.
Институтнинг иқтидорли талабалари яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда Республика ҳамда хорижда ташкил этилаётган танловларда иштирок этиб илмий-тадқиқот соҳасида салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2021-2022 ўқув йилида 1 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби, 4 нафар талаба “Беруний” номли ҳамда 2 нафар талаба И.Каримов номли давлат стипендияси соҳиби бўлган бўлса, 15 нафар иқтидорли талабалар “Вилоят ҳокими стипендияси”ни қўлга киритдилар.
Республика фан олимпиадаларида 16 нафар иқтидорли талабалар фахрли I-II-III-ўрин, “StartUpAgro-2021” лойиҳасида 5 нафар талабалар ёш олимлар ва талабалар ўртасида ўтказилган стартап лойиҳалар ва ғоялар танловида ғолибликни эгалладилар.
Бундан ташқари, “Techno Ways” технологик ривожланиш марафонининг ҳудудий босқичида 5 нафар талаба, USAID Agrobusiness Development Activity халқаро ташкилот ҳамда Тошкент давлат аграр университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Introduction to adding value to the horticultural value chain” вебинарларида фаол иштироки учун 1 нафар талаба бронза сертификати, “Ёш олим-2021” халқаро танловида 3 нафар талабалар фахрли 1-ўринни, “Йилнинг энг фаол ёш талабаси” танловида 3 нафар талаба Республика босқичида 1-ўринни, “Oʻzbekiston uchun 100 gʻoya” Республика босқичида 2 нафар талаба “MedOne” номли лойиҳаси билан муносиб иштирок этиб ғолиб бўлди. 2022 йилнинг 10-11 май кунлари “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти” миллий тадқиқот университетида “Барқарор ривожланиш мақсадлари” доирасида минтақавий олимпиаданинг миллий босқичида 2 нафар талаба фахрли II-ўринни эгаллади.
2021 йилда Европа Иттифоқининг Эрасмус+ БУЗНЕТ (Ўзбекистон ветеринария тармоғида уйғунлашган таълим) ҳамда ТОПАС (Қишлоқ хўжалиги бўйича назарияга асосланган таълимдан амалиётга асосланган таълимга ўтиш) лойиҳалари доирасида 18 нафар профессор-ўқитувчилар ва 28 нафар талабалар Италия, Португалия, Эстония, Германия, Польша, Руминия, Буюк Британия каби давлатларнинг етакчи университетларида амалиёт ўтадилар.
Ҳамкорлик доирасида Германиянинг Вайнштефан-Триздорф амалий фанлар университети, Россия Федерациясининг Кубан давлат аграр университети, Беларусь Республикасининг Гродно давлат аграр университети каби нуфузли олий таълим муассасаларининг тегишли мутахассисликлари бўйича магистратурада ўқиш учун 20 нафардан зиёд битирувчилар юборилди.
Германия фермер хўжаликларида эса 20 дан зиёд институт талабалари PRAXX ҳамда AZ-Germany Consulting компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш амалиётини ўтадилар.
Жорий йил 20-22 апрель кунлари институтда Туркиянинг Коня Селжук университети билан ҳамкорликда “Мева-сабзавотчилик ва узум етиштириш технологиялари ва маркетинги” йўналишида Ўзбекистон-Туркия агробизнесни ривожлантириш форуми ташкил этилди. Форум доирасида Туркия Республикасидан Коня Селжук университети, Чукурова университети, Аланя саноат ва тижорат палатаси, Коня саноат палатаси, Туркия мева-сабзавотчилик федерацияси, Адана савдо-сотиқ палатаси кабиларнинг 70 нафардан зиёд вакиллари иштирок этдилар. Шунингдек, 12 нафар профессор-ўқитувчилар ҳамда 23 нафар талабалар Туркиянинг етакчи университетларида тажриба алмашиб қайтдилар.
Кейинги йилларда Республикада олий таълимга қамров даражаси сезиларли даражада ошиб бораётганлиги натижасида ҳар бир олий таълим муассасасида талабаларни турар-жой билан таъминлашга бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар-жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 563-сонли қарорига асосан давлат хусусий шериклик асосида 2022 йил декабрь ойида 600 ўринли ҳамда институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 400 ўринли талабалар турар-жойлари реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга топширилади. Бу билан талабаларни турар-жойи билан таъминлаш даражаси 95 фоизга етказилади.
Олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, келгусида Республиканинг турли соҳаларида ишлай оладиган мутахассис кадрлар тайёрлашда сифат ва самарадорликка эришиш, юксак марраларни забт этиш каби олий мақсадлар ётади. Мазкур мақсадларни амалга оширишда ўқув жараёни сифатини ошириш, уни инновацион мазмун билан тўлдириш, талабаларда мустақил равишда янги билимларни эгаллаш кўникмасини шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Ҳа, энг муҳим вазифамиз — институтимизда малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларимиз, шубҳасиз, тайёрланаётган кадрлар сифатини ошириш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ривожлантиришга сезиларли ижобий таъсирини кўрсатган ҳолда олий даргоҳимизни тамомлаган ёшларимиз Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси учун керакли мутахассислар бўлиб етишиб чиқсинлар. Улар халқимиз ва Ватанимизга эл-юрт равнақини янада юксалтиришда ўз ўрни ва ҳиссасини қўшадиган ҳамма фахрланадиган инсонлар бўлишсин. Таъбир жоиз бўлса, бу фаолиятимизнинг асосий мақсади, мезони десам янглишмаган бўламан.
Комилжон КОМИЛОВ,
Андижон қишлоқ хўжалиги ва
агротехнологиялар
институти ректори