Момо Ер қўшиғи

ёхуд ШОИРнинг порлоқ меҳрномаси

 

Азиз устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, домла Озод Шарафиддинов яхши кўриб, ҳамиша алқаб-мақтаб юрган шоирларимиз қаторида Маҳмуд Тоирнинг алоҳида ўрни ва мавқеи бор. Ижодкорларимиз томонидан номига кўп ва хўп бағишловлар битилган “машҳур шоир – Маҳмуд Тоир” (Хайриддин Султон ибораси)дирки, жумладан, устоз Эркин Воҳидов шундай ёзадилар:

 

Халқ тинглаган халқ шоири – Маҳмуд Тоир,

Ширин байтлар айтди она юртга доир.

У Паркентдан қараганда пойидадир –

Бу ён Лондон, Париж, у ён Ал-Жазоир.

 

Аллома шоиримиз Мирзо Кенжабек “Сўз саодати” китобига ёзган сўзбошида “шоир ижодидаги маърифий руҳ ва маънавий-ирфоний мавзулар” ҳақида меҳр билан гапираркан, ҳазрат Усмонхон Алимов (Аллоҳ охиратларини обод қилган бўлсин)нинг самимий дил эътирофини иқтибос келтиради: “Яхши шеърлар, яхши сатрлар ўз-ўзидан кўнгилга йўл топади. Маҳмуд Тоирни нурли мавзулардаги шеърлардан иборат янги китоби билан муборакбод этиб, унга баракотлик умр ва ижод тилаб қоламан”.

Иқтибосдаги “нурли мавзулар” ибораси ўз-ўзидан “нурли манзиллар” ила уйқаш-қофиядош бўлиб келаётганини илғагандирсиз.

Бу ўринда бедор-беором шоирнинг бутун умри — ҳаёти нурли ва мунаввар манзиллардан таркиб топганига ишора қилаётирмиз. Албатта, бу манзилларга эришгунча йўл ва масофанинг олачалпоқ ойдинлигию қоронғиликларини босиб ўтиш заҳмати ҳам мавжуд ва муқаррардир.

* * *

Шеърлар бор – киприкдай қисқа, достонлар бор – қош билан киприк орасидаги масофадан сал узунроқ, лекин дунёда бир шеъру достон борки айтган билан адо бўлмайди, қанча куйласанг ҳам – туганмасдир. Бу – Ватан, Ватаннинг шеъру достони, Ватан қўшиғидир. Ватан мавзуси ёлғонни, сунъийликни кўтармайди. Рост, самимий шеърлар яшаб қолаверади, ёлғонлари ўз жанозасини ўзи ўқиб, умри тугайверади.

Дарё ҳеч қачон “Мен дарёман” деб айтмайди, бироқ мавжлари, тўлқинлари, шарқирашию тошқинлари билан дарёлигини билдириб туради.

Дарёдил, кўнгли жўшқин шоир Ватан ҳақида, мисол учун, мана бундай шеър айтади:

 

Майсаларинг шивирлашди, тизлар чўкдим, қулоқ бердим,

Билмай босиб чумолини гуноҳимга сўроқ бердим.

Ватан не деб сўрганларга бир кафтгина тупроқ бердим,

Менга Ватан сийратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

 

Бу сатрларни киши эмас, дарё айтаётгандек, қалам эмас – мавжлар ёзиб бораётгандек. Бундай шеърларни неча қайталаб ўқисангиз ҳам, кўнглингиз жимирлайверади, руҳ ёришади, дил яйрайди. Шу сабабли, камтарин хонанда Ойбек Ҳамроқулов сидқидилдан ижро этган қўшиқ тез орада кўпчиликнинг қалбидан жой олди, Истиқлол йилларида куйланган Ватан ҳақидаги энг гўзал қўшиқлардан бирига айланди.

 

Қуёш кўкда сен деб яшар, ой бошингдан ўргилади,

Кўрдим ҳар тун минг-минг юлдуз этагингга

                                                           нур элади.

Чимдимгина лойинг билан қалдирғоч бешик белади,

Бу дунёнинг ҳайратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

 

Сенда унган ҳар бир гиёҳ Яратганга сано айтар,

Кўкка етган тераклар ҳам куни битса сенга қайтар.

Муҳаммадга уммат Маҳмуд кафти куйиб

                                                           дуо айтар,

Ошиқликнинг қудратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

 

Сўзни дил замирида гиёҳдек авайлаб-ардоқлаган шоир қалбидангина шундай таъсирчан, завқлантирадиган сатрлар тўкилади. Шунинг учун бундай шоирлар эл ичра тезда ном қозонадилар, шеърларини одамлар дарҳол овоза қиладилар. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Шарқ” нашриёти босиб чиқарган “Мендан мени сўрама” китоби ҳақида, аниқроғи бу китобнинг изҳори учун мазкур тўпламга кирмаган юқоридаги “Момо ер” шеърини атай мисол келтирдик. Сабаби, Ватан ҳақида сийқаси чиққан, пала-партиш, ёлғон шеъру нағмалар урчиб-болалаб кетган “бозорнаво” шароитида одамларнинг дилларни тарбиялайдиган, эзгу туйғулар уйғотиб, инсонийликка чорлайдиган чиройли ўзбекона қўшиқлар эшитгиси келади. Яхши шеър ё қўшиқ ҳам ҳурматли муаллим ё устоздай – олижанобликка, эзгуликка чорлайди, яхшилик сари етаклаб, одоб-ахлоқ, тарбияга беминнат хизмат қилади.

 

Онам дедим, Момо ерга юкиндим,

Кўзёш бўлиб яна унга тўкилдим.

Ҳовучим тўлдириб буғдой берди у,

Сомондан уялиб қолмайин яна.

 

Туғилган тупроқ, она ер, азиз Ватан олдидаги фарзандлик қарзи, қарздорлик ҳисси, бундан келиб чиқадиган бурч, дард ва изтироб, ўй ва безовталик, меҳр ва ифтихор – ҳамма-ҳаммаси Маҳмуд аканинг бу мавзудаги барча шеърларида янги чиққан буғдой майсаларидек яшилланиб кўриниб туради. Шу ўринда, шоирнинг сўзи, аниқроғи шоиримизнинг алоҳида китоб ҳолида чоп этилган “Огоҳ бўл, дунё” достони ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтмоқ жоиз.

Шоир вақтида йиғлаб, вақтида кулиши керак, деган гапни устозлар айтган. Бу сўзларнинг зиммасида, замирида залворли юк бор. Шу маънода, “Огоҳ бўл, дунё” достони айни вақтида айтилган шоирнинг Сўзидир. Кенг кўламли, қамровли сўзи, унинг ижтимоий ўрнини белгилаб берувчи назмий нидоси, шеърий бурчномаси. Достонни “Шоирнинг огоҳлик ва курашга чорлаб турадиган бадиий даъватномаси” деб устоз Абдулла Орипов жуда тўғри таъриф берган. Элда “Ёмғир билан ер кўкарар, тинчлик билан эл кўкарар” деган нақл бор. “Огоҳ бўл, дунё” достони шу сабабли дунёга келган, шунинг учун ёзилган.

Достон – шоирнинг ёвузликка, ёмонликка, риёю разолатнинг селига қарши кўнгил меҳнатхонасида тиклаган шеърий тўғонидир. Сўз қанчалик муҳташам бўлса унинг таъсир кучи ҳам шунчалик салмоқли бўлади. Мустақиллик йилларида мактабларимизда “Ватан дарси” деган гўзал сабоқлар таомилга кирди. “Огоҳ бўл, дунё” достони – шу эзгу дарслардан яна бир керакли сабоқ, ўтилиши, ўқитилиши, ўрганилиши ва билиниши керак бўлган зарур ва муҳим дарс. Шунинг учун:

 

Яшаётган одам учун

Жон бир тараф, шон бир тараф.

Адолатнинг туғин ҳар кун

Темур каби тутмоқ шараф!

 

сатрларини ўқиганда ҳам ёки “Мангуберди каби мангу Ватан учун ўлмоқ шараф” дейилганида ҳам ўқувчининг кўнгли бир қалқийди. Шоир воқеа-ҳодисаларнинг оддий иштирокчиси ёки айтувчиси эмас, воқеа-ҳодисаларни юрагидан ўтказади, унинг юраги – безовта, серташвиш, серхавотир давру замонга айланади. У давр хавотирига яна хавотир қўшмайди, одамларнинг ташвишини яна биттага кўпайтирмайди, аксинча, жисму жонидан тўлиб-тошиб чиққан сўзи билан даъват этади, огоҳликка чақиради.

Нонкўрлик, ношукурлик — дилкўрлик, онгкўрликдан бошланади. Давру замон шоирдан сўз сўрайди, сўз кутади. Манзилу макон, элу юртни сўз билан ҳам обод этмоқ керак. Чин Сўз – кўнгилларни кўтаради, “ишонч кўприклари”ни қуради, таскин-тасалли беради, ғурур уйғотади. Достоннинг зиммасига худди шу эзгу, инсоний вазифалар юклатилган. Мустақиллик даври шеъриятимизда шубҳасиз у ўз ўрни, мақомини топади. “Улуғ бошнинг ташвиши ҳам улуғ бўлади” дейилганидек, бугунги кунда юрт эгасидан тортиб то муаллиму деҳқонгача она диёримизнинг бахту камоли йўлида улуғвор заҳматларни бош­дан кечираётган, дўстлар хайрихоҳ, ғанимларимиз олайиб қараётган бир пайтда – керакли сўз, вақтида айтилган сухан нақадар муҳимлигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

“Достон умри инсон умрига ўхшар” дейди шоир. Ва бунда ҳам даъват, огоҳлантириш бор. Инсон – ўз умрининг қадрига етиб, эзгу амаллар билан яшасагина, умри – умр, ўзи эса инсон саналади.

“Мендан мени сўрама” китобида шоирнинг “Отамнинг ўкинчи” номли яна бир достони киритилган. Ҳурматли устозимиз, домла Озод Шарафиддинов “Қалбдан қайнаб чиққан қўшиқлар” сўзбошисида жуда ҳам жўяли таъкидлаганидек, “Бу асарда ҳам шоирнинг бошқа шеърларига хос иккита хусусият бор: биринчидан, достон қалбдан қайнаб чиққан, зўр самимият билан ёзилган. Иккинчидан, унинг мазмуни ўзига хос. Шоир ҳамма нарсага ўз нигоҳи билан қарайди. Ўз фикрларини айтишга, ўз туйғуларини ифодалашга ҳаракат қилади. Бу интилиши эса унинг шеърларида ҳам, достонларида ҳам қуйма мисраларда, ҳикмат шаклига бурканиб намоён бўлади”.

Домланинг сўзларига албатта, бир нима қўшимча қилиш қийин. Бироқ керакли бир нуқтани айтиб ўтиш зарур. Маҳмуд Тоир ҳамма учун жайдари, кундаликдай туюлган воқеа-ҳодисаларга кўлам бағишлай олади, инсоний кечинмалар, фикр­-мушоҳадаларни назмий йўсинда, шоирона тарзда ўқувчига етказа билади ва шунинг натижасида одамларнинг кўнгил кўзларини очишга ҳаракат қилади. Мавзудан, достон салмоғидан чўчимай, кўзланган мақсадни якунига етказишга эришади.

Шоирнинг янги китоби – маълум маънода унинг ўқувчилари, ўзи ва қалби олдидаги янги ҳисоботи. Йиллар ўтгани, ижодий тажриба ортиб боргани сайин фикрлар қуймалашиб, шеърлар ҳикматлардек янграй бошлайди. Тўпламлар ортидан энди ҳаётда ўз хулосалари, инсоний тутум ва тартиб-­қоидаларига эришиб бўлган, ўз сўзи, нуқтаи назари бор катта шоир ва шахснинг донишмандона қиёфаси ёмғир ювган ойналар ортидан аксланган мисол кўриниб туради. “Шеър кўнг­лимнинг гуллаган пайти” дейди шоир ва сиз салкам икки юз бетлик китобнинг бошдан оёқ гуллаб ётган кўнгилдан иборат эканлигига унинг мутолаасидан сўнг астойдил амин бўласиз.

 

Мен қадрни қатралаб топдим,

Бахтим сизга бахт тилаб топдим.

Гарчи дўстнинг ортидан чопдим,

Соғинтириб яшагим келар.

 

Соғинч қариганда нима бўлади? Шоир учун у шеърларга, достонларга айланади. Оналарнинг оқ сочлари – уларнинг умрлик, кексайиб қолган соғинчларимикан? Устозлардан бирининг “Оналар етим қолар, болалар кетиб қолар. Сен боламсан менинг, ташлаб кетган боламсан, она!” деган дардли, аламли шеъри бор. Бундоқ дейиш балки шарқона таомилга, бизнинг одоб-ахлоққа тўғри келмас, бироқ бу ўринда соғинч ва фироқнинг асл фожиаси мантиқан тўғри ва ҳаққоний берилган. Дунёда болалари тақдир ва тириклик кўйида йироқлаб кетган, ой-ю йиллар, баҳору кузларни йўл қараб ўтказган ёлғиз онадан зорроқ, етимроқ зот борми?

Маҳмуд ака она ҳақида катта меҳр, баланд муҳаб­бат, мунаввар соғинч ва дард билан шеър айтади. “Мендан мени сўрама” тўпламидаги энг гўзал шеър­лардан бири “Онам билан кетмон чопган аёллар” шеърида, жумладан, шундай мис­раларни ўқиймиз:

 

Пешонангиз тери томган Момо ер,

Қайда қолди фариштадек момом дер.

Қалдирғочлар қўлингиздан таом ер,

Онам билан кетмон чопган аёллар.

 

Сочларингиз қорлардан ҳам оқ бугун,

Кўнгил ярим, кўнгил бунча тоқ бугун,

Ўнингиздан тўққизингиз йўқ бугун,

Онам билан кетмон чопган аёллар.

 

Шу сабабдан шоир “Шеърингни қўй, Маҳмуд, онанг кўнглин топ, Жаннатларнинг посбони ҳам онадир” дейди ва бу сатрлар ортида донишманд, сочлари оқариб кетган меҳр билан соғинчнинг нуроний сиймоси турганини илғайсиз.

* * *

Шоир ҳаётидаги йўқотишлар… Саид Аҳмад домла “Топганларим ва йўқотганларим” деса, “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор” дея баралла куйлаган Ҳалима опамиз “Йўқотганларим ва топганларим” дебон армон чекади, нима учун? Йўқотганлари топ­ганларидирми, топганлари йўқотганларидирми ё?

Маҳмуд ака бир “қумридил шоир” (устоз Абдулла Орипов ибораси)ни астойдил яхши кўрарди, қумридил шоирнинг ҳам унга меҳри-интилиши бўлакча эди. Муҳаммад Юсуфни йўқотганда ўзи ҳам, ҳаёти ҳам бир қалқинди, бир қалқинди-ей!

Волидаи муҳтарамаси Рафиқа аяни бериб қўйганларида, устоз айтгандайин, “бошига осмон қулаб тушгандай” бўлди. Суюкли умр йўлдоши Гулчеҳра янгамиздан айрилгандан кейин айниқса, қандайдир зор ва маъюс тортиб, яккаланиб, ёлғизланиб қолгандай – бутун ёруғ олам ва тириклик кўзига тор ва нурсиздай туюлган оғир дамларни ҳам бошдан ўтказди. Бироқ…

Ҳаёт барибир ҳаёт-да. Ғафур Ғулом муаллим “халқ бор, Ватан бор” дея далда бергандай, Маҳмуд ака ноумид бўлмади, барча ўлимларга қарама-қарши ўлароқ ёзув столини иҳота қўйиб, бор изтироб ва соғинчларини қоғозларга тўкди, гўзал шеър ва дос­тонлар ижод қилди. Унинг фаолиятида оғир-вазмин донишмандлик даври бошланди. Шу боисдан “Мен офтобга алишмаган аёллар” китоби бу фаслнинг ёрқин соғинчномаси бўлиб дунёга келди. Умуман олганда, ушбу маж­муа ўзбек оналари, опа-сингилларимизга аталган шоирнинг порлоқ меҳрномасидир.

* * *

Шеърларни ўқийверсангиз қизиқ-қизиқ ташбеҳлар хаёлга келаверади. Масалан, бу шеърлар худдики қумрилару мусичалардирлару айтувчилари, яъни шоирнинг ўзи уларнинг қанотлари, патларини силаб-сийпалаб, атрофига тўплаб дон сепиб юргандайин. Бирдан “пов” этиб бетингизга бир олов урилгандай, юзингиз қизиётгандай туюлади. Эҳ-а, бу – нав­батдаги шеърнинг алангаси экан: “Менга олов керак эмас, ёнаётир юрагим, лолалар ранг сўрабди, қонаётир юрагим” сатр­ларини ўқиганингиз замоно аланга оташи юракка кўчади:

 

Ассалому алайкум,

Толиқмаган тилагим.

Мен кўксим осмонидан

Оқ ниятлар элагум.

 

Жисмимдаги жоним-ов,

Азроилга керагим.

Булбуллар бешигига

Келар сени белагим.

 

Давомидан эса олов янада гуриллай кетади, томирлар томир ёзаётгандек, уларда бир ёлқин ўзига манзил истаб югураётган, жисму жон ҳам ёлқинланиб, алангаланиб бораётгандек:

 

Иймон – умр чироғи,

Қиёматда керагим.

Қиёматга сен билан

Кетаяпмиз, юрагим!

 

Ҳамма гап мана шу умр чироғи бўлмиш иймон нуқтасида. Бу нуқта бир замонлар – ўтган асрнинг қатағон йилларида шоир ва адибларимиз кўксига қўрғошиндан нуқталар қўйилишига сабаб бўлган. Шу туфайли Истиқлол даври шоирининг онаси, Ватани, фарзандларининг бахт-саодати учун авж пардаларда, баралла шеър айтишга тарихий асос ва сабаблари ҳам, ҳаққи ҳам бор.

Биз бу китобда ажойиб-ажойиб умр ҳикматларини ўқиймиз. Баъзиларидан завқлансак, баъзиларидан маъюсланиб қоламиз, айрим шеърлар хуш кайфият бахш этса, айрим байт­лар маҳзунликка элтади. Баъзан икки сатргинанинг озғин елкаларига бир умрлик ҳикмат юки юкланганини кўриб, чуқур ўйларга толамиз:

 

Қувонч қариганда қайғу бўлармиш,

Қайғу қариганда одам ўлармиш.

 

Яна кўп мисолу тамсилларни келтириш мумкин. Ғайратчан, толиқмас шоир оғамиз Маҳмуд Тоирнинг шоирлик фао­лияти шеърлари ё китоблари билангина чегараланиб қолмайди. У мамлакат адабий ҳаётидаги йирик-йирик бадиий анжуманлар, юртнинг катта-катта байрамлари муносабати билан ўтказиладиган тадбир ва учрашувларнинг фаол иштирокчиси, гоҳ Қорақалпоғистоннинг Мўйноқу Элликқалъасида, гоҳо Фарғона-ю Андижон меҳнаткашлари ҳузурида кўрсангиз, бир сафар Сурхондарёнинг Боймоқлисида, яна бир пайт Ўзбекистон Миллий университети ёки Самарқанд давлат университети талабалари орасида учратасиз. Ёзувчилар уюшмасининг пойтахт вилоят бўлими раҳбари, эл суйган шоир сифатида Тошкент вилояти, айниқса, Паркент адабий муҳитининг бедорлиги, замон билан ҳамнафас бўлиши учун қурби етгунча ҳаракат қилаётган, интилаётган беҳаловат, бедорқалб шоир ҳақида, у туғилган тупроқ, тарбия топган хонадон, волидаси-ю, дилбандлари, сув ичган дарёлари ҳақида яна кўп-кўп илиқ гаплар айтиш мумкин. Бироқ буларнинг ҳаммасини шоиримиз ўз шеърларида айтиб келаётибди. Шу шеърлар, оҳанг­лару наволар, Момо ернинг қадрли қўшиқлари бардавом янг­райверсин, деймиз.

 

Маҳмуд деган ошиқ келар,

Изларидан қўшиқ келар.

Лекин баъзи шоирларнинг

Ортидан ош, қошиқ келар.

 

Маҳмуд деган ошиқ келар,

Изларидан қўшиқ келар.

Бу қўшиқлар қалбингизнинг

Боласига бешик бўлар.

 

* * *

Яна бир гап: Юқорида шоиримизга ёзилган мўл ва сероб бағишловлар ҳақида тўхталган эдик. Шоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан, айнан шу бағишловлар, мақола ва изҳори диллар жамланган “Маҳмуд Тоир ва замондош­лари” номли муҳташам мажмуа эрта-индин босмадан чиқиш арафасида турибди. Кўп экан-да, шоир акамизни чин дилдан севгувчи элдошлари ҳам, дилдошлари ҳам кўп экан. Уларнинг орасида оддий ўқувчидан тортиб давлат арбоблари, академикларгача борлиги – Маҳмуд аканинг қамрови-ю салмоғидан дарак беради. Бу кўнгилномаларни ўқиб, беихтиёр, бир кеча-кундузда 24 соат бўлса агар, йигирма беш соат ишлайдиган бетиним шоир, беором сенатор, бедам-беҳаловат бош муҳаррир шу Маҳмуд ака экан-да, дея имон келтирасиз.

Давлатимиз раҳбарининг сиёсий ирода ва шижоати билан бошланган Учинчи Ренессанс даврининг мустаҳкам асос ва пойдевори мана шундай миллион-миллионлаб бедор қалбларнинг метин ғиштлари билан бунёд бўлмоғи бугун барчамизга беш панжадай аён.

Адабиёт – халқнинг юраги дея олий минбарлардан янграган даъватлар ҳам бежиз айтилмаган.

Шоир акамиз шунчалар қизғин, тиғиз ва жўшқин иш фаолиятига қарамай “Адабиёт зиёси” номли кўркам ва ўқимишли газетани ҳам чиройли дизайн ва катта нусхада, қулинг ўргилсин қилиб, чиқаришга эришмоқдаки, рўзнома қисқа вақт ичида минг-минг­лаб ўқувчилар кўнглига йўл топиб, машҳури жаҳон бўлганига таҳсин-тасаннолар айтсангиз арзийди. Демак, адабиёт ўз зиёсини таратаётир. Шу боисдан марказий идорадагиларнинг “Маҳмуд ака кўринмай кетдими?” деган жўяли саволига бизнинг муқобил жавобимиз шулдир:

 

Машҳур шоир, махмур шоир Маҳмуд Тоир,

Дўсту ёрни кўрайин деб кўпам уринмас.

Паркентдаги қуёш ютгичлардай шоир,

Иссиғи-ю нури келар – ўзи кўринмас.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 6 =