Қорда қолган лолалар

Шарифа Салимова

 

Элимизнинг ардоқли шоираси Шарифа Салимова ўнлаб китоблари, бетакрор шеъру дос­тонлари билан халқимизга яхши таниш. Қолаверса, ўтган йиллар давомида давлат ва жамоат идораларида нуфузли вазифаларда меҳнат қилиб, ҳурмат-эътибор қозонган.

Таниқли адиба йигирманчи асрнинг суронли оламида Германияга ўқишга кетиб қатағонга учраган, не-не ноҳақлигу адолатсизликларни бошдан кечирган бир қанча ўзбек аёллари қисмати ҳақида шеърий роман ёзмоқда. Муаллиф айни пайтда ушбу асарини тугаллаш арафасида бўлиб, қу­йида “Қорда қолган лолалар” деб номланувчи ана шу асардан ўрин олган тошкентлик Хайринисо Мажидхонова ҳаёти, аччиқ қисматини ёритувчи фаслини муштарийларимиз эътиборига ҳавола этди. Шу кунларда ўзининг қутлуғ ёшини нишонлаётган севимли шоирамизни таҳририятимиз жамоаси ҳамда Сиз азиз газетхонлар номидан қутлаймиз.      

 

Қорда қолган лолалар

(Шеърий романдан парча)

 

Д Е Б О Ч А

Бу шеърий ғуссани тингламоқ оғир,

Шундоқ ҳам озурда нуктадон диллар.

Неча йил қаҳратон қўйнида ётур

Тарих хотираси ўчирган гуллар.

Қуёш нурин ичиб лола ёноқлар,

Баҳорга зориқиб чиқарди пешвоз.

Шудрингни жомига тўлдириб сархуш

Ойдин орзулардан сўйлар эди роз.

О, мен ичган қайғу – нақадар тахир,

Кўзим ёшларида қуйилган қисмат.

Нега қор қўйнида сен карахт ётдинг,

Дунёни ҳайратга солган,   Хосият!

Она, музликларда қақшадинг узоқ,

Неча сургунларда йиғлади изинг.

Ҳаёт, сен эдингми шунча бешафқат

Кўзлари тўла мунг Собира қизинг.

Хайринисо она, қайга кетдингиз.

Вужудингиз тилка-пора қилди ўқ.

Энди баҳордаги лолалар йиғлар:

— Хайринисо она орамизда йўқ.

Ой самода маъюс кезади узоқ,

Гўё сукунатда кесилган тиллар.

Музликлар қўйнида бизларга муштоқ,

Қисмати йўқликка кўмилган гуллар…

Оҳ, дунё! Неча бор йиғлаб қон қусдинг,

Тарих кипригида азоб қотади.

Муз аср кўксида тош қотган гуллар

Нурга интиқ, умрин кутиб ётади.

 

* * *

Жуда узоқ юрдим, ғуссага тўлиб,

Ўз-ўзимга бердим минглаб саволлар.

Тунлари хобимга кирди бостириб,

Қор қўйнида музлаб ётган аёллар.

Совқотдик… Қуёш бер, нур бер, оташ бер,

Кўксимиз янчмоқда зулм деган тош…

Бизни бир бор йўқла… Дуолар қилгин,

Бизни унутмагин, гўзал қариндош.

Биз миллат кўксида урмоқчийдик барқ.

Қисмат паноҳбони қилмади карам.

Бироқ…

             То қиёмат қадар Ватан биз билан,

Томиримиз миллат кўксида, болам.

То қиёмат қадар ….Гўзал умримиз —

Абас бўлган умр, абас ишқ, ҳавас.

Тунлари хобингни ўғирлаб дейди:

Бизни унутмасанг…

                               Унутмасанг бас...

 

БИРИНЧИ ФАСЛ

Хайринисо   МАЖИДХОНОВА

 

Муқаддима

“Томиримиз миллат кўксида, болам”

Йигирманчи асрнинг суронли оламида жуда узоқ адашиб юрдим. Жавобсиз саволлар тинимсиз кўксимни тирнади. Тушларимга қор кўксига улоқтирилган бир даста лолалар – тузумнинг қора қисматига жуда эрта дуч бўлган аёллар, миллатдошларимиз, ватандошларимиз кираверди. Улар Хайринисо Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Собира Холдорова, Тожихон Аҳмедова, Мақсуда Исҳоқова, Гулсум Раҳимова-Ашрафий ва бошқалар… Бундай қисматларни санашга бармоқ етмайди, умрининг азобли лаҳзаларини ёзмоқ учун қоғоз етмайди. Улар навқирон ёшда чиройли кўзларини сизга тикиб тураверади, бу ёрқин нигоҳлардаги “Гуноҳимиз нима эди” деган саволлар само қабатларига мангу ёзилиб қолаверади, шамоллар кўксида ингроқ бўлиб тоғлар кўксига урилаверади, афғон бўлиб, бош олиб саҳролар қўйнига чиқиб кетади. Гиря бўлиб бошини сойлар тошига тутади, ҳар баҳор яна қирларда лолаларга айланиб, миллат кўксини безайди.

Шундай аёллардан бири Хайринисо Мажид­хонова. У 1905 йилда кўҳна Тошкентнинг Мир­обод маҳалласида дунёга келди. Маърифатпарвар Мажидхон отанинг, гўзал волидасининг умр боғларини анвойи чечак бўлиб безади. Опаси Ойпошша билан ўз даврининг улуғ зиёлилари бўлган Мунаввар қори, Саодат Еникеева каби устозлардан сабоқ олди. 1922 йилнинг сўнггида – 17-18 ёшида бир гуруҳ ўзбек йигит ва қизлари билан Германия давлатига ўқишга юборилди.

Шоир Боту Хайринисо Мажидхон қизига аталган “Кичик армуғоним” шеърида шундай ёзади:

Тор қафасдан қочиб кўкда ўйнағон,

Эркинликнинг қучоғида дам олғон,

Гўзал қизнинг овчилари кўп бўлғай,

Вақти келса, қуш тубанга тортилғой…

Шоир Боту бу шеърида ўзи билиб-билмай Хайринисонинг келгусини башорат қилганмиди? Гўзал қизнинг овчиси манфур тузум бўлишини, “вақти келса, қуш тубанга тортилиши”ни билганмиди? Бироқ Олмониянинг Дармштат шаҳрида Ўқитувчилар семинарийсида, тиббиёт курсларида муваффақият билан таҳсил олаётган, немис тили ва адабиётини ихлос билан ўрганаётган Хайринисонинг мақсади   тезроқ ўқишни тугатиб, она Ватанига ёруғ юз билан қайтиш, унга сидқидилдан хизмат қилиш эди.

Хайринисо Мажидхонова дугонаси Марям Султонмуродова билан кундалик вазифаларни тиришқоқлик билан бажарар, тил ўрганишдаги фавқулоддаги зеҳни билан олмон муаллимларини ҳам ҳайратга соларди. Уни мафтун қилган Олмония маданияти, гўзал табиати, режа асосида иш юритиш – келгусида она Ватанида амалга ошириши мумкин бўлган улкан орзуларининг дебочаси эди.

1922 йил охирларида Бухоро халқ жумҳурияти вазирлар шўроси раиси Файзулла Хўжаевнинг Олмонияга сафари асносида таҳсил олаётган ёшлар билан кўришуви кейинчалик “Берлиндан мактублар” деб номланган мақоласида ифодаланиб, “Бухоро ахбори” газетасида босилган эди. Унда айниқса қизларнинг Оврупода   ўқиб, Ватанга мутахассис бўлиб қайтиши, хотин-қизларнинг илм олиши жамиятнинг ижтимоий тараққийси учун ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланган бўлиб, Олмонияда таҳсил олаётган қизлар фахр билан бирма-бир санаб ўтилган эди.

Хайринисо ва Марям   1927 йилнинг ёзги таътилида доимо дунёнинг диққат марказида бўлган Париж саёҳатига йўл олади. Гўзал Лувр, унинг тенгсиз жозибаси, осори атиқалар, кўҳна меъморий обидалар… У чексиз таассуротларини фахр ва шавқ билан кундаликларига қайд қилиб борарди. Париж шаҳрида яшаб турган юртдошлари Аҳмад Наим ва Туркистон Муваққат ҳукуматининг собиқ раиси Мустафо Чўқаевлар билан учрашиб қолиши… Кейинчалик бу учрашувларнинг унга айбнома бўлиб тақалиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Бир мунча муддат Австриянинг Вена шаҳрида бўлган Хайринисо 1928 йили Ўзбекистонга қайтди ва 1937 йили 13 сентябрга қадар Касаба уюшмалари Марказий Қўмитаси ходимлари ҳамда жумҳурият бош­ланғич ва ўрта таълим ўқитувчиларининг дам олиш уйида шифокор бўлиб ишлади.

1937 йил 13 сентябрда эса   у тўсатдан қамоққа олинди. Ўша кунининг ўзидаёқ ота ҳовлиси — катта Миробод кўчаси, 1-хонадонда тинтув ўтказилиб, Хайринисога тегишли мактуб­лар, ёзишмалар, ён дафтарлар, айрим китоб­лар олиб кетилди. Ҳовли ўртасида эса унинг Германиядан келтирган ва бу ердаги китоблари, фотоальбомлари, хатлари ёқиб юборилди.

Хайринисо ва унинг дўстларига қўйилган айб­лар мудҳиш эди. Ундан қон иси келиб турарди. Бешафқат тузум уни Ватанга хиёнатда, айғоқчилик, миллатчилик ташкилотларига аъзоликда айбларди. Хайринисо Мажидхонованинг Мус­тафо Чўқаев ва Заки Валидийлар ўтказган Туркистон талабаларининг учта йиғилишида қатнаш­ганлиги, Парижга борганлиги,   Ўзбекис­тондаги Ўрта Осиё тиббиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлаган Германия фуқароси профессор Энглянд билан муносабатда бўлгани ҳам гарчи у тергов даврида айбсизлигини такрор ва такрор айтиб, бу ғаразли айбловларни бўйнига олмаса ҳам, (гувоҳлар бўлмаса ҳам) айбдор деб топилди. СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясининг Алексеев бошчилигидаги сайёр гуруҳи айблов хулосасига кўра 1938 йил 9 октябрда Хайринисо Мажидхонова ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 62-, 64-, 67-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, олий жазо — отувга ҳукм қилинди ва ўша кунининг ўзида ижро этилди. Қуёш нурларини эмиб, ял-ял очилган, баҳор елларига юзини тутган, кўзларга тенгсиз қувонч бағишлаган лола – муҳтарама Аёл музлик салтанатининг   кўксига бешафқатларча улоқтирилди.

…Мен Хайринисо она каби миллатимиз фидойиларининг қабрларини хаёлларда ҳам қидириб тополмадим. Ўттиз икки ёшида йўқликка учган, бор йўқ бойлиги она Ватани бўлган Хайринисонинг руҳи Истиқлол кунларига етиб келди: 1999 йил 7 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи ўринбосари имзоси билан Хайринисо Мажидхонованинг оқланганлиги ҳақидаги хушхабар Мажидхон отанинг, “Қайдасан, Хайрижон, бир бора товушингни эшитсам” деб нола қилган онанинг қабри устига шуъла сочиб ўтди.   Хайринисолар эса юрт осмонида энди энг йирик, чақноқ юлдузлар каби мангу балқиди.

 

Дунёда бир сўз бор, қиличдан кескир,

Бургутдан шиддатли, асалдан тотлик.

Бу сўздан кишанлар эриб, титрар зир,

Бу сеҳрли сўзнинг номи Озодлик.

Озодлик. Руҳ ва тан самолашади.

Укпар қанотларда учади инсон.

Сен шундай озод, ҳур самони топдинг,

Сен само қизисан энди, Хайрижон.

 

                     -1-

  1. Тошкент. Миробод.

 

Қизалоқ дунёга келган маҳали.

Бутун бир маҳалла қутлаган эди

Донишманд, билимдон Мажид отани.

Мажидхон Москва, Питерда бўлган,

Дунё кўрган одам. У жаҳонгашта.

Қилни қирқ ёради, ғайратли, абжир

Ҳар қандай жумбоқни ечар бир пасда.

Чиркин хурофотга қилолмас тоқат,

Чаласавод кимса титраб турар зир.

Айримлар минғирлар пана-панада;

— Мажид ўрис, денглар. Бу – Мажид кофир.

Парво қилмас Мажид. Уй тўла китоб,

Улуғ битикларни айлар ул иншо.

Қизчасига ҳам ул гўзал ном бермиш:

— Хайруннисо бўлмиш, бул Хайринисо.

Йил ўтар… Қизалоқ   кўз очиб юммай,

Атак-чечак қилиб, йўлга киради.

Ҳовлида дарахтлар — ғалвирак бодом

Бу йил илк бор қийғос гулга киради.

Эсган шабадалар бодом гулини

Опа-сингилларнинг устидан сочар.

Хайрижон қиқирлаб, опасин қувлар,

Ойпошша онасин олдига қочар.

 

Тунлар аллаларга чўмар самовот,

Ой масрур. Нурини қуяр осмондан.

Юлдузлар жимирлар.Ухлар гўдаклар

Ота-оналари севувчи жондан.

— Ойи, кулча беринг, сувга оқизай,

Қўшни ҳовлисидан тутиб олайин.

“Хола-хола” ўйнай дўстларим билан,

Сизни меҳмон қилиб кутиб олайин.

— Ойи, ойижоним, эртаклар айтинг,

Тушларимга кирсин олтин ёлли от.

Яна тушларимга парилар кирсин,

Менга эртак айтиб берсин паризод.

Ойи, ойижоним”… Ярқирайди ой.

Яқинлашиб келар сутдайин саҳар.

Мудроқ кўзларини эриниб ишқаб

Тонгни кутмоқликка туради шаҳар.

 

* * *

Қувноқ, зийрак қизча тез ҳарф ўрганар,

Дугоналар билан тиллашар бийрон.

— Нега қуёш битта, нега ой битта,

Нега осмон жуда олис, отажон?

Ота, она кўкси тоғ қадар баланд,

Гулзорида сайрар Аллоҳ берган қуш.

Тиллар ўрганади қизалоқ хушнуд,

Ўтиб бораверар одатий турмуш.

Тотор дугонага тоторча сўйлар,

Олмон тилларида сўйлайди равон.

Пушкин эртакларин аслида ўқир,

Алжабр фанидан тиллари бийрон.

Сувдан сулув бўлиб вояга етар,

Этагини ўпар юрганда сочи.

Ўзбек хотин-қизлар билим юртида

У қизлар сарвари, қизлар гултожи.

Саодат хонимни ҳайратга солар,

Мунаввар қоридан олади сабоқ.

Қалбида мавжланар орзу булоғи,

Покиза юраги илмга муштоқ.

 

* * *

Бир минг тўққиз юзу йигирма икки.

Туркистон кўксида ширин бир ташвиш:

Бир гуруҳ истеъдод эгаси ёшлар

Олмония сари йўл олар эмиш.

Уларнинг сафида Хайринисо бор,

Дарёлар оқади нурга чулғаниб.

Туркистон бағрида куртаклар баҳор,

Чўлпону, Ботулар қутлайди ёниб.

 

                          БОТУ:

“Қора турмуш чангалидан қутулиб,

Эрк чечагин тақа олган кучли қиз.

Эски одат санамларин парчалаб,

Эрк-тангриға сажда қилган руҳли қиз.

Йўлинг тўғри, ортга боқма, кета бер,

Илгарилаш ашуласин айта бер!”

 

Табриклар ёғилар. Ёғилар қутлов,

Ўзида йўқ шоддир Мажидхон ота.

“Мен сизга ташаккур хати йўллайман,

Дилда севинчларим орта ва орта.

Бир тўп оқ кабутар галасимисол,

Ёшлик қанот қоқар келганда кузим.

Мен бахтли отаман. Олмонияга

Илм олайин деб кетмоқда қизим.

Биринчи қалдирғоч. Ўзбек қизи бу.

Бу менинг зурёдим. Кўзим қораси.

Бўй-бастига гуллар ўлчаб ўстирган,

Гулу райҳоним ул, умид лоласи.

У дунёга келган куни кулбамни

Жаннат райҳонларин ифори тутган.

Жилғалар чулдираб, қушлар чуғурлаб

Гулнинг яфроғига мактублар битган.

Ойнинг шуъласида, қуёш нурида

Бешикда гувраниб ётаркан хушҳол.

Кўксим қанотида елпиб ўтарди

Гўдагим сочларин силаган шамол.

Илк бор тетапоя қилган онида

Жонимни ҳовучлаб узатардим қўл.

Энди кўзим нури, фаришта қизим

Олис ўлкаларга олаётир йўл.

У миллат кўксида қуёш бўлгуси…

Юртни олиб чиқар асрий зулматдан.

Эзилган, таланган ғамгусор элни

Халос қилгуси у жоҳилиятдан.

Оққуш болаларим, оқ каптарларим,

Умид юлдузларим, бўлингиз омон.

Сизлар турк элининг суянган тоғи,

Илмингиз кўзига суртсин Туркистон!”

 

* * *

Дармштадт… Олис   олмон ўлкаси…

Шовуллаб ётади бунда ўрмонлар.

Ажиб ҳайрат ила қилар томоша

Туркистондан келган қизу-ўғлонлар.

Кимдир Бухородан, кимдир Хоразм,

Ёшлар ўзни тутиб туришар сипо.

Илм излаб келгач қалдирғочларни,

Қувониб бағрига босар Оврупо.

Бироқ ғанимларнинг кўксида оташ,

Фитна қалъасига байроқ илади:

Ўкирар аламдан рус муҳожирлар:

“Сартлар Оврупода нима қилади?”

Талабалар ортга қайтмоғи керак,

Бузуқ фикрларга бўлмай мубтало.

Бу даҳшатли хатар, олдин олмасак,

Бир кун бошимизга бўлади бало.”

Қоп-қора булутлар айланар кўкда,

Ногоҳ гумбурлайди момоқалдироқ.

Гўё хавфдан огоҳ бўлинг дегандек,

Туркистон бошида чақади чақмоқ.

Туркистон кўксида унган чечаклар,

Илмга ва нурга ташна болалар.

 

Туркистон чечаклари… Илм истаб Оврупога борган болалар… Улар эртага мамлакатнинг юзи, кўзи, осмонидаги чақноқ юлдузлари бўлади. Бироқ истибдод тузумида Туркистондаги раҳбарларнинг ёшларни Олмония ва Туркияга   ўқишга юбориши Москва расмийларини қаттиқ ташвишга солди. Матбуот саҳифаларида ёшларни Оврупога ўқишга юбормаслик керак, бу уларнинг тарбиясига таъсир қилади, деган мақолалар чоп этилди. Туркистон раҳбарлари шундай норозиликларни юмшатиш мақсадида Русияга ҳам талабалар жўнатиш лойиҳаси тайёрлашга киришдилар. Ўша йилларда Оврупога ва бошқа мамлакатларга юборилган талабалар билан Русияга ўқишга йўлланган ёшлар сон орасидаги фарқлар муҳитнинг сиёсий муносабатларини англашда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

* * *

Азиз отажоним, азиз онажон,

Дуо Олмония ўрмонларидан.

* * *

1937 йил 13 сентябрь

— Хола, эслайсизми, куз ойи эди,

Ерга тўкиларди барги хазонлар.

Тун бўйи озгина мизғиб олганча,

Ишга кетардингиз   яна азонлаб.

Қушда тиним бору сизда тиним йўқ,

Беморлар бошида минг бир парвона.

Жонига жон бўлиб, дардини олиб

Китоб титардингиз ёна ва ёна.

Тўшакка михланиб қолган беморми,

Ёки фарзанд кўрмай ўксиган жувон.

Ёки маҳаллада унут бўлган ким,

Сиз учун севимли эди, холажон.

Мен жажжи қизалоқ — биринчи синф,

Сочим ювиб-тараб, қўйсангиз ўриб.

Ипак қўлларингиз юзимга босиб,

Сизга боқар эдим тўйиб ва тўйиб.

Сиз… нақадар гўзал… тим қора кўзлар

Гўё кўкда Зуҳро кулар эди ним.

Дунёда ҳеч кимга қилмайин қиёс,

Сизни фариштага ўхшатар эдим.

Бир кун… уйимизга келди одамлар,

Тонгда ҳали ҳеч ким турмаган эди.

Илондек вишиллаб, қузғундек қақшаб,

“Қизинг қани, бизга тезроқ айт”, — деди.

Бобом, шўрлик бобом тош каби қотди,

Тили айланмасди, келмасди сўзга.

Сизни ишхонадан олиб келишди…

Дарахт япроғидан айрилди кузда.

— Қани, олиб келган китобу хатлар,

Қани, айбингни фош қилгувчи ҳужжат.

Уйни тинтув қилинг, тезроқ, киришинг

Ватан хоинига қилмангиз шафқат.

— Болам, жоним болам, ундоқ демагил,

Қайси уйинг куйгур бу сўзни, деди.

Бошидан зарб ея қулайди она…

Хола, шунда баҳор эмас… куз эди.

* * *

Сандиқ қулфин бузиб, исковуч итдек

Ҳидлаб ҳар бир хона ва ҳар бурчакни.

Ҳовли ўртасига тўплашди тоғдек:

Отдилар Гёте, Руссо, Бальзакни.

Қафасдаги йўлбарс ўзини отиб,

Оломондан четга бурганидек юз.

Рангингиз оқ девор тусини олди,

— Китобларим, дея, сиз чўкдингиз тиз.

Ёндирманг, уларнинг гуноҳи нима?

— Ўчир овозингни.

                       Келтиринг гугурт.

Ўтган кунларингни ёдингдан чиқар,

Энди кимлигингни батамом унут.

Гуриллаб ёнади китоблар. Даҳшат.

Гёте ёнади. Ёнади Байрон.

Мактублар ёнади зорланиб, инграб,

Кундаликлар ёнар, юраги вайрон.

Авайлаб, боладек асраб, йўлларда

Елкаси майишган фикрат ёнади.

Файласуф олимлар, тиб султонларин

Кўксида яширган ҳикмат ёнади.

Сўнгги бор ортига кўз ташлади у:

Юзига урилди олов нафаси.

О, қандайин жирканч зулм дарахти,

О, қандайин аянч руҳ талвасаси.

Нега? Юрагига санчилади тиғ

Бу сотқин тузумнинг ҳийлакор дори.

Наҳот гулханларга айланди умид,

Наҳот сароб экан қурган девори

Сўнгги бор ортига кўз ташлайди ул,

Англади, у энди боридан жудо.

Тишлар орасидан сизади нола:

— Алвидо, отажон, она, алвидо.

Бармоқларим тафти қолган китоблар,

Менга атир тутган оқкўнгил райҳон.

Алвидо, мен ўсган сирдош кўчалар,

Кўнглимдаги эркам, дўсти ёрижон.

— Тезроқ юр, — турткилар бешафқат қўллар,

Кўзлари олайган, кезарган туси.

Хайринисо тилдан қолгандек беҳол,

Ногоҳ уйғотади ота товуши.

— Онаси, қизингдан айрилиб қолдинг…

Кўкни ларзаларга солар бу фарёд.

Она мук тушганча юм-юм бўзлайди:

— Дод дастингдан фалак, дод, дод, дод…

Гуриллаб ёнади китоблар…Эвоҳ,

Самони қорайтар истибдод дуди.

Унинг на ёри бор ва на боласи,

Ахир Ватан эди унинг бор-буди.

* * *

1937 йил 22 декабрь

Қаршисида турар терговчи – муздек,

Қарашлари жирканч, қарашлари ўқ.

— Гапир, бўйнингга ол хоин эканинг,

Энди сени қўллаб тургувчилар йўқ.

Гапир, индамайсан забонсиз қулдек,

Ёки олайинми суғуриб жонинг.

Ким сенинг паноҳинг? Дўстларингни айт,

Файзулла Хўжами ё паноҳбонинг?

Садо чиқмас сира маҳкума қиздан,

Терговчи пишқирар, тинмай қилар дўқ.

— Айбингни бўйнингга оласанми, ё.

— Қандай айб… Мутлақо менинг айбим йўқ.

Айғоқчи эмасман, хоин ҳам эмас,

Ватанфуруш бўлмоқ ўлим билан тенг.

Биргина айбим бор   илмни севдим.

Тубсиз уммон илм умрим билан тенг.

—Унда айт, ким Чўқай, Заки Валидий,

Ким у Аҳмад Наим ёнингда юрган.

Саёҳат баҳона Париж шаҳрида,

Кўчаларни кезган, суҳбатлар қурган?

— Тўғри, биз Парижни ихтиёр этдик,

Дўстим Марям билан таътил маҳали.

Бегона шаҳарни кўрмаган эдик,

Бирор кўчасини билмасдик ҳали.

Бизга миллатдошлар ёрдам қилишди,

Бизга ёрдам учун улар чўзди қўл.

Ватанга жосуслик, хиёнат қилмоқ

Ҳатто тушимизга кирмаган буткул.

Туркистон ёшлари йиғинларида

Яширмам, қатнашдик биз бир неча бор.

Сўнг юртимга қайтдим, қалбимда орзу,

Ўзбек қизи бўлиб, чексиз бахтиёр.

Мен Ватанни севдим, уни сотмадим,

Унга қўл кўтармоқ мудҳиш жиноят.

Сиз эса қалбимни титкилаб тинмай,

Йўқ айбни бўйнингга ол, дейсиз фақат.

Айбим йўқ… Айбим йўқ, такрор айтаман,

Ярадор оққушман. Аҳволим ёмон.

Биламан, кун келар, менинг кимлигим

Билиб, кўзга сурар замину замон.

Сиз жирканч маҳлуқлар ўчиролмайсиз,

Тарихнинг кўксида қолган изларни.

Аҳли Туркистон то қиёмат қадар

Лаънатлаб ўтади сизларни.

Бошқа сўз демайди.  

                         Хайринисо жим.

Терговчи бир тепар. Синади тиши.

Зулмат водийсининг мўриларидан

Ҳавога таралар иссиқ қон иси.        

Бошқа сўз демайди.  

Хайринисо жим.

Қон туфлар. Турткилаб, силтайди соқчи.

Ҳали тонгга борар йўл жуда узоқ,

Мўралаб қўяди махсус айғоқчи.

Юлдуз кўринмайди. Кўринмайди ой.

Қиз кўксини ғусса ўяр беомон.

Қулоғи остида она товуши:

— Онанг садқа бўлсин сенга, Хайрижон.

Болам, жон-жонингдан совуқ ўтдими,

Худодан мен сенга тилайман тўзим.

Наҳот қаро кунлар қисматингга ёр,

Кунларим қоп-қора бўлди, юлдузим.

Оҳ… Қайдасан… изинг, сўзинг йўқ, эркам.

Келиб қоласан деб кўз юммай кутдим.

Хайринисо қизим, ақлли қизим

Сенинг товушингни соғиниб кетдим.

Болам, айт, қайдасан, кўрай бир бора…

Бағримга бир боссам қолмайди армон.

Соғинчдан юрагим бўлди минг пора,

Лоақал тушимга киргин, Хайрижон!

Сендан сўнг дунёни босди зулумот,

Бир тунда оқарди сочим толаси.

Бизни аямасдан қилишди сўроқ,

Ватан хоинин, деб, ота-онаси.

Дод, дедим, ёлбордим ва чекдим фарёд…

Шафқат тиладим мен бағри тошлардан.

Мени мазах қилиб, тиржайди жаллод,

Тезроқ қутулай, деб сотқин бошлардан.

Отанг чинор эди. Қулади ногоҳ,

Сўнгсиз азоблардан вужуди толди.

Жаллодни қарғадим. Мени тепди у…

Бир ҳовуч оқ сочим қўлида қолди.

Отанг билан мени қамашди узоқ,

Ит азобин тортдик, йиғладик ёмон.

Ахир, не кўргулик бундай азоблар,

Биз кимга ёмонлик қилдик, Хайрижон?

Худо ҳақни ноҳақ, қилмайди болам.

Бу кунлар уволи кимни тутади.

Юртда кун кўрмаган одам қолмади,

Ҳар куни бир қисмат оҳ, қон ютади.

Сени излаб, неча даргоҳни кездик,

Соқов деворларнинг кесилган тили.

Наҳот зулматларда қирилиб кетса.

Оқкўнгил, меҳнаткаш Туркистон эли.

Болам, жоним болам, қайдасан қўзим.

Бир бора кўриб, сўнг майли берсам жон….

Она бўлмай ўлай, не кунга қолдим,

Энди қайдан топай сени, Хайрижон.

Сачраб туради қиз. Қайдан бу нидо,

Қайда бўзламоқда оқ сочли Аёл.

Камера ўшшайиб ютаман дейди…

Бу бир хаёл экан, бор-йўғи хаёл.

 

* * *

Қисмат нима ўзи? У қандайин сир…

Инсон ҳаётига чиқувчи эга.

Қизнинг теграсида айланар савол:

Нега? Нима учун? Наҳотки? Нега?

Чирқирар, чинқирар, йиғлар саволлар

Аччиқ қисмат наҳот шу саволга жо?

— Унда нега подшо болалигимда

Шу қадар сеҳрли эди бу дунё?

Хаёлидан ўтар шоир шеърлари

Чақмоқ каби чақиб, жонини ёқар.

Камеранинг қора туйнукларидан

Қиз қалби инграниб умидсиз боқар:

— Тор қафасдан қочиб кўкда ўйнағон,

Эркинликнинг қучоғида дам олғон,

Гўзал қизнинг овчилари кўп бўлғай,

Вақти келса, қуш тубанга тортилғой…

Оҳ, шоир, тубанга тортилди-ку қуш,

Айтинг, буни қандай билган эдингиз.

Шоир қалби билан сезиб сезмайин,

Балки сиз башорат қилган эдингиз.

Айтинг, шоир оға, оғзим қонини

Кўнгил кўзгусида кўраяпсизми.

Ёки сиз ҳам мендек қаро зулматда

Саволларга жавоб бераяпсизми?

Айтинг, шеър ёзолмай бармоқларингиз

Давр жодисида қирқилдими ё.

Айтинг, азобларда ингроқ чоғингиз

Юзини тескари бурдими дунё?

Ўлим нима ўзи? Бир қора шарпа,

Мен ундан қўрқмайман – бу аёл сўзим.

Бироқ қора зулмат парда ортида

Бир ёруғ жаннатни кўрмоқда кўзим.

Шундай кун келади… Элим кўксига

Тоғлардан эсади ҳур-ҳур саболар.

Шунда алвон кўйлак кийиб уйғонар

Баҳорнинг кўксида Хайринисолар.

Оға, шоир оға, дуолар қилинг,

Ўлимнинг кўзига боқай энди тик.

Туркистон қизлари завол билмайди,

Туркистон қизлари абадий тирик.

       Фақат….

Сўнгги кеча… Ойнинг нафасларини

Сўнгги бор энтикиб шимирсам қани.

Чақноқ юлдузларнинг ҳавасларини

Куртаклар бўйнига илдирсам қани.

Шошиб оқаётган анҳорларимнинг

Сувига бир бора юзимни чайсам.

Оҳ, ипак рўмолим ёр келади деб

Сездирмай меҳрибон йўлларга ёйсам.

Падарим қўлларин суртиб кўзимга,

Маккам деб бир бора айласам тавоф.

Онам этагини меҳроб деб билиб,

Ибодат қилсаму чекилса азоб.

Дўстларим – бебаҳо китобларимни

Қанийди бир бора кўзимга сурсам.

Гўдак бўлиб қолиб, онам товшидан

Тонгда гуллар каби яна уйғонсам.

Тўхта?

Кўз ёш тўкма?

Сўнгги кеча бу.

Бирдан хотиралар келган жунбушга.

Наҳот мўъжизалар рўй беради деб

Алдангинг келмоқда ҳийлакор тушга.

Қандай хато қилдим? Нечун қабоҳат

Қўллари беаёв бўғзимдан тутар.

Бу зулмат, бу хўрлик, зулм тиғида

Қисмат яна қандай битиклар битар?

Наҳот, умрим абас, энди товушим

Тўрт девор нарига ёриб ўтмасми.

Оҳ, десам, қабоҳат девори қулаб,

Дунёнинг кўксига ўтлар кетмасми

Алвидо, Ватаним! Алвидо, она,

Алвидо, юзларим сийпаган қуёш.

Олис Олмония ўрмонзорлари,

Алвидо, дуогўй дўсту қариндош.

Мен, ким, Хайринисо Мажидхон қизи,

Сўнгги сўзларимни битаётирман.

Дунёсига йиғлаб келгандим она,

Дунёдан кафансиз кетаётирман…

 

* * *

“Қарс” этар… тунларни тилкалаб товуш,

Деворга сачрайди Гул сиёҳли қон.

Ҳали баҳорларга етиб келмаган,

Ҳали ойу қуёш туғмаган осмон:

Хайрижон…

“Қўлимда сўнгги тош қолди,

Кўзимда сўнгги интилмоқ.

Кўзимда сўнгги ёш қолди

Кучимда сўнгги талпинмоқ…”

“Қарс” этар… фалакни тилкалар товуш,

Ногоҳ она кўксин ғажийди нола.

Қизил қор қўйнига улоқтирилди,

Туркистон кўксида юз очган лола…

 

* * *

Дунёда бир сўз бор, қиличдан кескир,

Бургутдан шиддатли, асалдан тотлик.

Бу сўздан кишанлар эриб, титрар зир,

Бу сеҳрли сўзнинг номи Озодлик.

Озодлик. Руҳ ва тан самолашади.

Укпар қанотларда учади инсон.

Сен шундай озод, ҳур самони топдинг,

Сен само қизисан энди, Хайрижон.

                                             Хайрижон…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =