Саммитнинг асл мақсади
Ҳар бир нарсага ичкаридан туриб қараш – бор ва ташқаридан туриб қараш ҳам – бор. Агар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтган саммитига ташқаридан туриб қарасак, унга аъзо 8 давлатда дунё аҳолисининг 40 фоизи истиқомат қилади. Бу – жуда катта куч. Ер юзида аҳолининг бундай улкан қисмини қамраб оладиган халқаро ташкилот ҳам у қадар кўп эмас.
Лекин ҳаётда битта “олтин” қоида – бор: ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак!
Ўз аравасини ўзи тортиши учун ана шу 40 фоиз аҳоли Ер юзининг энг камида 40 фоиз маҳсулотини ишлаб чиқариши лозим-да. Ўшанда бу ҳудудлардаги халқлар дунёнинг бугунги ўртача иқтисодий даражасига етиб олган бўлади.
Демак, саммитнинг асосий мақсади – тараққиётга эришиш!
Бирлашмай туриб, тараққий этиб бўлмаслигини башарият тарихи минг карра исботлаган.
Юксак тараққиётга эришиш учун бирлашаётганимиз муборак бўлсин! Жонида жони бор одам ўзини, оиласини, халқини бу умумий қолоқлигимиздан қутултирмоқ учун тиришмоғи даркор!
Ахир, нега биз ўзимизни бировлардан кам олиб, ўксиб, қарам бўлиб яшашимиз керак экан?!
Нима, биздан юқори тараққиётга эришганларнинг бошида шохи борми?
Йўқ, албатта. Шу боисдан ҳам янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси — улуғ мақсад. Яна Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобини бугун ҳамма, айниқса, катта-кичик раҳбарларнинг бари ўқиши, уқиши керак деб ўйлайман. Нима учун? Чунки бу китобда барчаси дастуриламал тарзида, нафақат бугун ва эртамиз, балки яқин келажакда амалга ошириладиган ишлар жуда чуқур, жуда тушунарли тарзда баён этилган. Унда миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришдан тортиб, эркин ва очиқ фуқаролик жамиятини қуриш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишдан тортиб, қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, туризм ва рақамли иқтисодиёт муаммолари-ю соғлом турмуш тарзи маданиятига эътибор, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, маънавий-маърифий ислоҳотлар, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши лозим бўлган ва бошқа кўпдан-кўп масалалар қамраб олинган.
Очиғи, минг афсуски бугун ана шу китобдан, унда ёритилган улуғ мақсадлардан лозим даражада фойдалана олаяпмиз деб айтолмаймиз.
Бутун дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотган Самарқанд саммити тафсилотлари билан матбуотда танишар эканман, каминанинг кўнглидан юқоридаги мулоҳазалар кечди.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими