Барханларнинг оқ тушлари

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси йўлланмаси билан

 

(Биринчи мақола)

… Нукусдан Мўйноққа етиб олишнинг андак муаммолари бор экан: йўловчи таксилар тушдан кейин бўларкан. Яъники, эрталаб ул ёқдан келган машиналар фақат тушдан кейин бул ёқдан қайтаркан (демак, уловлар атайлаб келишади ва қайтишга мажбур). Дастлабки таассуротларим чўлнинг шиддатли шамолларидек кескин тартиблардан хабар бермоқда эди. Ихтиёринг ўзингда эмас, амалдаги турмуш йўсинига бўйсунишга мажбурсан. Менинг мезбонларим мақбул йўлни таклиф қилишди: дастлаб Қўнғиротгача бориш ва кейин Мўйноққа жўнаш. Ҳар ҳолда бу анча жўяли ечим бўлиб туюлди ва мен Қўнғиротга йўл олдим.

Бошқа соҳаларни билмадим-у, транспорт масаласида қийинчилик йўқ. Нукусда ҳам бу йўналишда “креатив” усуллар жорий қилинган экан, ишонч билан сим қоқасиз, тойчоқ гижинглаб турибди-да. Шундай бўлди. Салонга кирдим-у, ҳайдовчининг “қўшиғини айта бошладим” – яна кузовни тўлдириш учун аллақайлардан одамларни йиғиши лозим экан. Шундай ҳам бўлди, икки-уч тор кўчага кириб-чиқди, машина барваста одамлар билан тўлди.

Йўл манзаралари таассуротларга бой, айниқса, бу жойларга биринчи бор қадам қўйган киши учун ҳаммаси жозибали, ҳикматли туюлаверади.

Паст бўйли буталар, ипакдек эшилиб ётган қум даласи, баъзан қалин туз қатлами кўзга ташланади. Қандайдир маънода танишлик, яқинлик, ҳамоҳанглик бордек тую­лади. Идрок этсам, улуғ ёзувчи Чингиз Айт­матовнинг машҳур романларида тасвирланган ҳаёт манзаралари жонланаётган экан. Худди ўша – ташқи томондан сокин, аммо ботинида катта ҳикмат ва асрорлар яширинган турмуш тарзи, барханлар салтанатида чийралган одамлар.

Нукус – Бейнав йўли халқаро талаблар даражасида бунёд этилган, у Хўжайли, Шуманай, Қўнғирот туманларидан ўтиб, қўшни мамлакатда давом этади. Қатнов тиғиз, машиналар кўп. Қўнғиротга етгач, темир кўликни алмаштиришга тўғри келди. Бозорга ўхшаш тор кўчадан (ҳозир ҳамма жой бозор) таксилар жўнар экан. Одатдагидек, тирикчилик арқонига чирмашган одамлар, турли юмушлар билан югуришади, аммо бу тўрдан чиқиб кета олмайди. Уларнинг сафида гўё фақат мен ташвишлардан холидек эдим.

Ҳассасини оёқ орасига қистириб олган одам ўриндиқни тўлдириб, олдинда ўтирибди. Орқа ўриндиққа ўрнашдим, ҳайдовчи чарх уриб одам излайди. Бир аёл ашқол-дашқолини багажга тиқди-ю, кира солиб уйқуга бош қўйди. Яна бир ўрин бўш. Олдиндаги кимса “Ана, биздинг овулдинг келинчаги, шу кетар чиқар” деб қолди. Ҳайдовчи гаплашиб, кўндириб келди. Келинчак чол билан икки қўллаб кўришди, менга ҳам қўл чўзди. Фақат жиндай кутиш керак бўлди, ҳали сулув келинчакнинг юмушлари битмабди. Шу тахлит “Мўйноқ экипажи” шакл­ланиб йўлга чиқдик. Мўйноқда бўлмаганман, лекин унинг таърифи турли ахборот воситаларида етарлича келтирилмоқда, у “трендга айланган”, мен ҳам шу маъракада иштирок этиш учун топшириқ билан боряпман.

Мўйноқ ўлканинг энг чекка ҳудудида жойлашган. Унинг жони ҳам, бойлиги ҳам Орол денгизи бўлган. Бугун бу тарих жаҳон аҳлига маълум: Орол Мўйноқни ҳам, уни қадрламаган, асраб-авайламаган одамларни ҳам тарк этиб, тубсиз саҳрода гумдон бўлди. Энди фақат у ёқлардан ёқимсиз хабарлар келади: денгиз олдин иккита, кейин тўрт-бешта кўлларга бўлиниб кетган… Энг сўнгги маълумот эса сув деярли тугаган, фақат чуқур жойларда ботқоқлик қолган.

Балки бу изтироблар айни дамда менинг ботинимда кечаётгандир, ҳамроҳларим эса шу жойларда умргузаронлик қилиб қартайган одамлар, уларга иссиқ ҳам, совуқ ҳам таниш, иссиқ ҳам, совуқ ҳам фарқсиз. Турмуш араваси уларни янги бекатларда судрайди, ташвишларнинг тиғизлигидан хотира қатларини кавлаб ўтиришга, қолаверса, миллион марта такрорланган қўшиқни хиргойи қилишга ҳожат йўқ. Келинчак катта қозон юклади, унда молга кунжара қайнатадими, рўзғорга овқат тайёрлайдими (шундай бўлса, каттагина хонадон экан-да) унинг иши, аммо унга аёл кишига унча қовушавермайдиган шу юмуш тушган экан.

Қатнов кам, очиғи, икки соатлар чамаси йўлда юрган бўлсак, қарши тарафдан етти-саккиз авто­улов дуч келди, биронтаси қувиб ўтмади-ёв. Биз эса жамоатчиликнинг назарини тортган Мўйноққа кетаётгандик.

Демак, шаҳарча анча хилватда жойлашган, унга атайлаб борилмаса, йўловчи машиналар бўлмайди. Бундай жойларни “халта-кўча” ёки оддий қилиб, “тубканинг туби” дейишардими? Муаммонинг жиддийлиги қирраларидан бири ҳам шу экан-да. Ҳар ҳолда, карвон йўлларининг устида жойлашган манзилларга ўз-ўзидан одамлар оқими ва тараққиёт ташриф буюради. Бу ҳол ҳам бир омад.

Салонда сукунат, овулдошлар саломлашиб олишгач бошқа суҳбатга ўрин бўлмади, шекилли, гап­лар узилди. Олдинги ўриндиқдаги ҳассали чол ҳайдовчи билан ўзаро мулоқот қилиб кетаяпти, уни таниши, яна танишларини тилга олди. Бу томон эса камгап. Саксовул, тўранғил (бу жойларда уни “тол” дейишаркан) йўл четларида қўр тўкиб турибди, давомида эса шумурт, жинғовул ва янтоқлар. Ҳаким ота, Жонтемир эшон, Ажиниёз зиёратгоҳлари ортда қолди, уларни чўл буталари панасида кўриш қийин, фақат йўл четидаги ёзувлар эслатиб турибди. Уларнинг қаторида яқинда бунёд этилган “Оқ кема” болалар оромгоҳи кўзга ялтираб ташланади – биёбонга зеб бериб турибди.

Ниҳоят, одамлар масканлари кўзга ташлана бош­лади. Чол машинани ўнгга қайиришни сўради. Илон­изи йўлдан бориб, кўк дарвоза қаршисида тўхталди. Ҳассасига таянганча қийналиб тушган чол ўзини ўнглаб олгач, “Пулим эсимдан чиқиб ўйда қолган экан, кейинги сафар оларсан” деганча бепарво узоқлашди. Аммо ҳайдовчи қош учириб ҳам қўймади, ҳеч нарса бўлмагандек, орқага қайтди. Беихтиёр юз сўм учун уйгача қувиб боришга тайёр шаҳардаги автобус назоратчилари ёдга тушди. Бир оздан кейин келинчак ҳам манзилини айтди: “Катта толли ҳовли…”. Машина кетаяпти, тўхташга ишора йўқ. Ниҳоят, ҳайдовчи: “Ҳовлингиз эсингизда борми?” деди. Келинчак эса аланглаб, “Ўтиб кетдингиз-ку. Бизнинг ҳовлини билмайсизми?” деди гинали, гўё дунёдаги барча ҳайдовчилар, қолаверса, ҳамма одамлар унинг уйини билиши керакдек ишонч билан. Келинчакнинг бу беғубор иддаоси менга шу ерликларнинг оламшумул дунёқараши ифодаси бўлиб туюлди. Бағрикенгликни қарангки, гўё дунё яхлит макон ва унда ҳамма бир-бирини таниши лозим.   Кенгликлар бағридан Мўйноққа етиб қолганингизни таниш ёзувли лавҳ ёдга солади.

5-6 чақиримга чўзилган кўча кенг ва равон, икки тарафига ҳашаматли чироқлар ўрнатилган. Ўзингизни катта шаҳардагидек ҳис қиласиз. Йўл четида маъмурий бинолар, кутубхона, спорт саройи, сузиш бассейни, музей, ҳатто курант жой   олган.   Йўлнинг ўнгга қайрилган тармоғи денгиз тўлқинлари шашт билан урилиб, камар ҳосил қилганча ортга қайтган қирғоққа олиб чиқади. У шаҳарчадан 3-4 чақирим нарида, овоз чиқариб чақирса, эшитиладиган жойда. Бугун ўша сеҳрли қирғоқ узоқ-узоқларга чекиниб кетган, балки қочиб кетган денгизининг ортидан хўмрайганча қараб турибди. Қўл етгудек жойда, қу­йида “кемалар қабристони” . У 2010 йилда ўша пайт­даги БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг ташрифи муносабати билан “ташкил қилинган”.

* * *

Мўйноқнинг кейинги тақдирида жиддий ўзгариш ясашга туртки бўлган ташаббус 2017 йил Президентнинг сайловолди учрашувида янг­ради. Бу ҳақда ўша кунларнинг жонли гувоҳи, Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Бибихон Ўтаметова шундай эслайди:

— Сайловолди учрашуви Кегейлида бўлиб ўтган эди. Ўшанда Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги аҳволни яширмай, бутун борича маълум қилди. Йиғилганлардан энг муҳим, долзарб бўлиб турган муаммолар ҳақида сўради. Деярли ҳамма ичимлик суви етишмаслигини такрорлаб ўтди. Номзод барча масалалар бўйича ўзининг тасаввури борлиги ва уларнинг ечими юзасидан режалари мавжудлигини таъкидлаб, биринчи даражали ишкалларни ҳал қилиш мақсадида 1 триллион сўм ажратилишини маълум қилди. Бундай эътибор юрагимизда сўниб бораётган умид учқунларини алангалатди. Гап-сўзлар жиддий бўлди, уларга ишонмаслик мумкин эмас эди.

Сувнинг иккинчи номи – ҳаёт, оби ҳаёт! Сув бўлмаса тирикчилик, умуман, ҳаёт бўлмаслиги кундек равшан ҳақиқат. Афсуски, қорақалпоқ заминида йиллар давомида денгизнинг қуриган ҳудудидан кўтарилган қум ва туз туфайли бутун борлиқ шўрланиб улгурган, айниқса, ичимлик суви билан таъминланиш ўта жиддий муаммога айланган эди. Гарчи бу борадаги аҳвол беш қўлдек маълум бўлса-да, гаплар ваъдадан нарига ўтмас, 20-25 йиллик қуруқ гаплар эса одамларнинг энсасини қотириб, ҳафсаласини пир қилиб улгурган эди. Очиғи, ўшанда кўпчилик бу гапларни яна навбатдаги қуруқ ваъда деб ўйлаганди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги ташрифида гаплар яна ҳам очиқ ва дангал бўлди. Давлат раҳбари масалани кўндаланг қўйиб, бўладиган гапни очиқ айтди: “Олти ойда сув келади!” Бу ичимлик сувини неча ўн йиллардан бери кутиб юрган одамлар учун катта янгилик эди. Ўшандаги кайфиятни учрашув иштирокчиси Бибихон Ўтаметова шундай ифодалайди:

— Йиғилиш Қўнғирот тумани марказида бўлганди. Минбардан давлат раҳбари ишонч билан сув келишини айтди, қарсаклар янгради. Йиғилишдан сўнг мўйноқлик вакиллар машинада қайтаяпмиз, тўғриси, нималар бўлаётганини идрок эта олмаяпмиз. Ҳақиқатан, кейинги 2-3 йилда Мўйноқ ҳаётида шунчалар катта ўзгаришлар рўй бердики, улар тушимизга ҳам кирмаганди. Одамларимиз асфальт йўлни орзу қиларди, тротуарни кўрмаганди, қулай шароитларга эга замонавий уйлар фақат хаёлда эди. Аммо уларнинг ҳаммаси Мўйноқ ҳаётида бўй кўрсатаётган эди. Сув ҳақидаги хушхабарни эшитиб, ҳамма ҳаяжонда, қувончини қай тарзда ифодалашни билмайди. Ҳа, тоза ичимлик суви бизга ўзини шунчалик азиз қилган эди, ҳовучни тўлдириб сув ичишни тушларимизда кўрардик, холос.

Ҳақиқатан, давлат раҳбарининг гапи – гап эди, олти ойда Тўямўйиндан Қўнғиротга тоза ичимлик суви келди. Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини ҳал қилишга қаратилган Қўнғирот-Мўйноқ сув иншооти қурилди, ниҳоят 101 километр узунликда водопровод қувурлари ётқизилиб, тоза ичимлик суви етказиб берилди. Мазкур бунёдкорлик ишларига 26,6 миллиард сўм сарфланди.

Кўзга ташланадиган иккинчи амалий қадам — Оролнинг қуриган тубига буталар экиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган 42 йилда 400 минг гектар майдонда саксовуллар экилган бўлса, 2018-2019 йилда қарийб 500 минг гектарда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Тўп­ланган тажрибадан келиб чиқиб, яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Албатта, республикамиз жамоатчилиги ахборот воситалари орқали кейинги 4-5 йилда Орол бўйида олиб борилаётган кўкаламзорлаштириш тадбирларидан яхши хабардор. Эрта баҳор фаслида бийдай майдонларда қатор бўлиб, ариқ олаётган тракторлар карвони гўё саҳрода янги ҳаёт элчиларига ўхшайди. Бу юмуш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланмиш ҳашар тарзида ташкил қилинди, яъни бу хайрли ишга барча вилоятлар, ташкилотлар ўз ҳиссасини қўшадиган бўлди. Шубҳасиз, бу даражадаги ишни уюштириш осон эмасди: неча юзлаб техникалар, минглаб одамлар сафарбар қилинганди. Уларни вилоятлардан жамлаш, жуда узоқдаги чекка ҳудудга етказиб келиш кенг кўламли ташкилотчиликни талаб қиларди.

Ҳар ҳолда, муҳтарам Президентимизнинг қатъий талабчанлиги ва моҳир ташкилотчилиги туфайли ҳаммаси муваффақиятли уддаланди. Бундай кенг кўламли юмуш биринчи марта ташкил қилинаётган эди. Вазифа аниқ: денгизнинг сув тарк этган заминига саксовул ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғини қадаш. Шу билан қуриган денгиз тубида яшил қоплама яратиш. Агарки, Оролни тиклаш имкони бўлмас экан, энди қум кўчишининг олдини олиш сўнгги чора бўлиб турибди.

Денгизнинг қуриган қисми 5,5 миллион гектар бўлса, шундан 3,5 миллиони Қорақалпоғистоннинг ҳудудига тўғри келади. Унинг 2 миллион гектари ўрмонзорга айлантирилса, вазият анча яхшиланади. Бунинг учун эса ҳар йили 100 минг гектар майдонга уруғ қадаш керак бўлади. Агар шу тарзда жадал ҳаракат қилиб, денгизнинг қуриган қисми яшиллик билан ўралса, 15-20 йил орасида қум кўчиш хавфини бартараф этишга эришиш мумкин. Кейинги 4 йилда 1 732 796 гектар майдонга чўл ўсимликлари уруғи қадалди. Бу борадаги тажрибаларни қозоғистонлик­лар ҳам ўрганиб кетишди. Қуриган денгиз тубида яшил ҳудуд барпо қилинаётганининг ижобий таъсирини аҳоли билаяпти. Кейинги пайтларда қум бўронларининг кўчиши сезиларли камайди.

Албатта, буларнинг ҳаммаси одамларнинг меъёрида ҳаёт кечиришларига қаратилган чоралар. Келажак ҳақида ҳам етарлича ғамхўрлик қилиняпти. Туманда 93 фоиз бола мактабгача тарбия муассасаларига жалб қилинган. Бу мамлакат бўйича юқори кўрсатгичлардан ҳисобланади. Бундай натижани таъминлаган давлат даражасидаги юксак ғамхўрликни ҳис этмаслик мумкин эмас. Жумладан, хусусий боғчалар тармоғини кенгайтиришга катта эътибор берилди. Уларга 1 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилди. Замонавий шаклда бинолар қурилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ана шундай замонавий, ҳатто намунали тарбия муассасаларидан бири Фурлитов овулида ташкил этилди.

— Бу овул тарихида болалар таълим муассасаси – боғча нималигини билмаган, — дейди мудира Улбўсин Ортиқова, — айни пайтда овулда юз ўринли хусусий боғча фаолият кўрсатяпти.

Улбўсин математика ўқитувчиси сифатида ёш авлодга таълим-тарбия берди, туман халқ таълими бўлимини бошқарди. Ўша йиллардаги аҳвол унинг кўз ўнгида. Бир болага бир кв.м ҳам жой тўғри келмасди, ҳозир унинг “Хадича” деб номланувчи боғчасида барча замонавий талаб­лар жорий этилган (жумладан, бир болага 3,5 кв.м жой тўғри келади), боғчалар таъмирлаш нималигини билмай, ота-­оналарнинг жамғармасига қараб турарди. Овулдош­лар янги тарбия масканининг афзаллигини аллақачон ҳис этишибди,   талаб жуда юқори экан. Ҳамма жойлар банд, истовчилар эса кўп.

Бибисора Турумбетова нефьт-газ соҳасида ишлади, жамоат юмушларида фаол бўлди, хуллас, онгли ҳаётини туманнинг равнақига бағиш­лади. Айни пайтда хусусий боғча ташкил қилиб, келажак эгаларининг комил тарбия топишларида фидойилик қилмоқда. 2019 йилда имтиёзли кредит олиб, иш бошлаган эди. Онахон давлатимизнинг эътибори туфайли янги иш ўринлари яратилганидан, даромад манбалари кўпайганидан мамнун.

— Саксовулзорлар барпо қилиш ғоясининг нақадар ҳаётийлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда, — дейди Бибисора Турумбетова. — Қум кўчишлари камайиши билан бирга яшил ўрмон яратишга ихтисослашган мукаммал хўжалик тизими пайдо бўлди. Ҳозир кўплаб оилалар саксовул уруғини йиғиш билан банд. Ҳатто ўн тонналаб уруғ йиққан, 70-80 миллион сўм даромад кўрган оилалар бор.

“Интилганга толеъ ёр” деганларидек, илмий изланишлар, юзага келган экологик ҳолатдан мақсадли фойдаланишга интилиш борасида баъзи ютуқлар қўлга киритилмоқда. Мутахассислар ўта шўрланган сувда бемалол яшай оладиган мавжудотни аниқладилар. Бу артемия бактерияси бўлиб, жониворлар бирин-кетин йўқ бўла бошлаган шароитда артемиялар ўша жадалликда кўпая бошлади, чунки денгизда уларни ейдиган балиқлар қирилиб кетди. Артемия цисталари аквамаданият, агросаноат, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда қўлланилади. Айни пайтда маҳсулот чет элга экспорт қилинмоқда.

Шундай қилиб, икки мингинчи йиллардан бош­лаб Қорақалпоғистонда артемия саноатига асос солинди. 2009 йилда бу ерда артемия овлайдиган битта корхона бўлиб, йилига 3 тонна артемия цистасини йиққан бўлса, 2018 йилга келиб уларнинг сони 23 тага, йиғилган маҳсулот эса 580 тоннага етди. Эътиборлиси, бу ишга чет эл корхоналари ҳам катта қизиқиш билдирди ва “Жасмин голд” МЧЖ негизида “Орол артемияси” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси тузилди. У 2017 йилда ўз фаолиятини бош­лади. 2021 йилда 29 корхона фаолият кўрсатиб, 9 105 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Мўйноқдаги 6 корхонанинг улуши 5, 9 миллион долларга тўғри келади.

Унутилган Мўйноққа янги ҳаёт қайтиши билан кўплаб янгиликлар пайдо бўлди. Ҳатто такси хизматининг йўлга қўйилгани оламшумул ўзгариш бўлди: телефонда буюртма берасиз, кўз очиб-юм­гунча улов тайёр. Ҳолбуки, авваллари бу ерда бирон жойга боришнинг ўзи катта дахмаза эди. Равон йўллар очилиб, уларнинг четларида чироқлар ўрнатилди, кечалари шаҳарча чароғон бўлиб кетади. Одамлар тўй-тантаналарини ораста ресторанларда ўтказадиган бўлди. Замонавий уйлар қурилиши билан хонадонларни харид қилиш имкони яратилди, қанчалаб оилалар бошпанали бўлди. Бу ахборотлар кимларгадир шунчаки оддий тафсилотлардек туюлиши мумкин, аммо уларнинг аҳамиятини ҳис этиш учун 5-6 йил олдинги ҳаётни кўз олдига келтириш лозим бўлади. Инсон яхшиликни ҳис этиб, эзгуликни қадрласа, бугунги ўзгаришларнинг қадрига етади.

Туман марказида яна қандай ўзгаришлар рўй берди? “Ҳунармандлар қишлоғи”да балиқчининг эски уйи қайта таъмирланиб, уй-музейига айлантирилган. У ерда худди ўтмишга қайтиб, Орол балиқчиси каби хаёл суришингиз мумкин. Айнан шу музей ёнида сайёҳлар учун хостел ҳам ташкил қилинган. Шунингдек, уй-музейи қошидаги дўконда Орол, Мўйноқ ҳамда қорақалпоқлар ҳаётига оид ҳар хил сувенирлар сотувга қўйилгани кўпчиликка манзур бўлмоқда.

* * *

Бошидан қанча сиру савдоларни ўтказган Мўйноқ тупроғи кўплаб машҳур зотларга бешик бўлганини кўплар билмайди. Тасаввур қилинг: қўл етгудек жойда денгиз мавж уриб турибди. Унинг бағрида ва теварак-атрофида нақд хазинанинг ўзи ҳисобланувчи наботот ва ҳайвонот олами кенгликларга кўрк бериб ястаниб ётибди. Албатта, бундай серфайз жойда ҳаёт қайнайди, одамлар унинг баракали ва оромбахш қучоғига интилади. Худди шундай, илм-фанда, адабиёт-санъатда, жанговарлик ва ботирликда ўчмас ном қолдирган кўплаб зотлар таржимаи ҳоли Мўйноқ билан боғлиқ. Ҳатто уларнинг номини бир қур санаб ўтганда ҳам каттагина рўйхат бўлади.

Албатта, Сулаймон Боқирғоний – Ҳаким отани юртимизда жамоатчилик яхши билади. Машҳур шайх Аҳмад Яссавийнинг суюкли шогирди, Занги отанинг пири комили бўлган зот асли Хоразм диё­рида дунёга келган бўлса-да, илмда камолга етгач, Мўйноқ заминига ташриф буюрган, яъни устози башорат қилганидек, у минган оқ туя ҳозирги Мўйноқдан 70 километр, Қўнғиротдан 23 километр берида ястанган ҳудудда “бақирган” (“Боқирғон” номи шундан), шу билан   комил шайх ва шоирнинг маскани ана шу обод гўша эканини хабар қилган.

Айни пайтда машҳур машойих умргузаронлик қилган, баъзи манбаларда Оққўрғон деб қайд этилган, айни чоқда Мўйноқ туманидаги Ҳаким ота маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида   жойлашган авлиёнинг марқади устида катта меъморий ёдгорлик барпо этилган. Унинг бунёд қилинишида Тошкент вилоятидан ташриф буюрган қурувчи ва меъморлар астойдил ғайрат қилганлар. Ҳозирда бу ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаяпти.

Тошкент вилоятидан келган усталарнинг ташрифини шогирднинг устозга ҳурмати тарзида қабул қилиш лозим. Зеро, Занги ота зиё­ратгоҳи мазкур вилоятда жойлашган, келгусида Ҳаким ота марқади ҳам худди шу даражада обод қилинади ва юртдошларимизнинг табаррук масканларидан бирига айланади – бу вазифа Юртбошимизнинг шахсан топшириғи сифатида қабул қилинган. Айни пайтда Ҳаким ота зиёратгоҳида қўш гумбазли мақбара қад кўтарган, ҳашаматли бино ҳам қурилган, у қироатхона ва музейга айлантирилади. Катта шаҳарларникидан қолишмайдиган намозгоҳ масжидда ҳамма замонавий шароитлар мужассам.

Рости, ҳозирча атрофи баланд ёвшанлар, жинғил, шувоғу янтоқлар билан қуршалган тақирда мовий гумбазларнинг қад кўтариб туриши инсон хоҳиши ва иродаси ҳамма нарсага қодирлигини тасдиқлаб тургандек туюлади. Гўё бир пайтлар пири комилнинг “Туя чўккан манзилда бир гул очилиб турган бўлади” деган башорати неча юз йиллар ўтиб бугун қайтадан намоён бўлаётганга ўхшайди. Ҳа, “оққан дарёлар оқаверади”, Орол атрофида ҳам бир кун гавжум ҳаёт қайтади. Мўйноқнинг умидга тўла кенгликларида шундай садо янграгандек бўлди.

Мўйноқликлар машҳур Бердақ ҳам шу ҳудудларда дунёга келган, деб таъкидлайдилар. Ажиниёз Қуёнбой ўғли, Эрназар Олакўз ўғли сингари ижодкорликда ўзларини намоён қила олган ва миллат маданиятида маълум даражада из қолдиришга улгурган зотлар ҳам юртдош­ларининг чинакам фахрига айланган. Ҳатто жамоатчилик унча билмайдиган, аммо мақбараси шу яқин жойда қад ростлаб турган, ҳозир ҳам ихлосмандларнинг қадами узилмайдиган Жонтемир ботир ҳақида ҳам кўплаб хотиралар, ривоятнома ҳикоялар мавжуд эканки, уларни тартибга солиб ўрганиш, аввало, тўплаш фақат Мўйноқ эмас, балки қорақалпоқ миллати тарихидаги баъзи воқеаларга аниқлик киритиши, тўлдириши мумкин.

Шунингдек, қорақалпоқ ўтмиш адабиётида тез-тез тилга олиниб турадиган Кунхўжанинг ватани ҳам Мўйноқ деб ҳисоблайдилар. Албатта, бу даъволарни тасдиқлайдиган далиллар мавжуд, фақат уларни яна ҳам теранроқ ўрганиш, атрофлича тадқиқ қилиш бугуннинг вазифаси бўлиб қолаётир. Шунингдек, ХVIII-ХIХ асрлар адабиёти саҳифаларида Утиш, Умар, Абдиқодир номлари ҳам бот-бот эсланади. Бу ижодкорлар ҳам Орол мавж урган ҳудудларда дунёга келганлар, бу жойларнинг табиатидан илҳомланганлар, бой ижодий муҳитидан баҳра олганлар, ўз асарларида юртдошларининг ҳаётини жўшиб куйлаганлар.

Албатта, бу плеяда узлуксиз давом этган. Бу ҳолни ярим ҳазил, ярим чин тарзида Оролнинг хосиятидан, унинг балиқлари шарофатидан, деб изоҳлашади (эътибор беринг, инсоният қандай бебаҳо бойлигини бой бериб турибди!). Ўтган асрнинг бошларида ўлкага раҳбарлик борасида анча донг таратган Асам Бегимов номини ҳурмат билан тилга олишди. Ўзида ҳақиқий етакчилик, йўлбошчилик қобилиятларини мужассамлаштирган   А.Бегимов 35 ёшида машҳур раҳбар сифатида танилган экан.   Таниқли олимлар Тиловберген Жумамуратов, Жуманазар Бозорбоев ва яна кўплаб зиё­лилар бугун унутилаёзган Мўйноқ ўтмишининг ёрқин дамларини эсга солиб туради.

— Мўйноқликларнинг эртанги кунга умиди, ишончи ўтмишнинг ёрқин лаҳзаларидан куч олади, — дейди узоқ йиллар “Орол балиқчиси” газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган Кунсулув Носирова, — бунёдкорлик, ободончилик ишлари билан баравар маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Туман марказидаги Адиблар хиёбони ёки “Китоб-кафе” қироатхонаси ана шундай маънавий қадриятларимизни эслатиб туради. Бу масканларда эртанги кунга умид ва унинг яқинлигига ишонч яшайди.

Оролбўйи аҳолиси ҳаётини яхшилаш ҳақидаги гап-сўзлар 50 йиллардан бери давом этади, лекин ваъдалару қуруқ тадбирлар билан ўтган неча ўн йиллар бир тараф, кейинги 4-5 йилда қилинган амалий ишлар бир тараф. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги “Траст-фонди” тузилди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбў­йида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда. Орол ҳудудига жон ато этадиган бу саъй-­ҳаракатлар ҳаётбахшдир.

Энг кейинги янгиликлардан бири – авиақатновларни йўлга қўйиш борасидаги орзулар ҳам амалга ошди.   12 сентябрь куни Тошкент – Нукус – Мўйноқ йўналиши бўйича учган самолёт Мўйноққа қўнди. Энди бу парвоз доимий бўлади, ҳафтанинг душанба кунлари ҳатто Мўйноқдан Нукусга самолётда бориш имкони яратилди.

Денгиз мавжлари тўхтаган ҳудудда яратувчилик, бунёдкорлик бир зум тиним билгани йўқ. Худди шундай! “Келинг, дўстлар, Мўйноқ ёққа; келсангиз, келажак учун олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўласиз”, дейди меҳмондўст дўстлар.

 

Жонингни таслим қилмай тупроққа,

Келсанг бўй бермасдан қийноққа.

Янги жаннат руҳи ҳамроҳ бўлади –

Қадам босишинг билан Мўйноққа!

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 14 =