Бодил

Улуғ Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомийга садоқати хусусида

 

Атоқли адабиётшунос олим, академик Азизхон Қаюмов мақтовга, бирор инсоний фазилатлари эътироф этилишига рағбатлари йўқ киши эди. Шундай пайт­ларда раҳматли атай гапни илмий муносабатга бурардилар. Ўзлари ҳам устозлари, замондош ҳамкасблари ҳақидаги мақолаларида уларнинг фақат илмдаги ютуқларинигина эътироф этганлар. Келинг, раҳматли устозни “илм тили”да хотирласак — сиз азиз муштарийларимизга бир илмий-тарихий характердаги асарларига оид мақолани ҳавола этсак.

Азиз Қаюмов Жомийга бағишланган “Назм ва тафаккур қуёши” китобида “Туҳфат ул – аҳрор” асари таҳлили давомида серзавқ китобхонга нисбатан “бедил”га қиё­сан “бодил”сўзини ишлатади. Олим демоқчики, А.Жомий ва унинг издошлари қатори уларнинг ижодий оламига яқинлаша олган, ундан баҳра ола билганлар ҳам бодилдирлар.

Рисоланинг илк мақоласи “Янги асар” деб номланган. Бу ном Жомийнинг “Туҳфат ул-аҳрор” (“Эркинларга тортиқ”) асарига ҳам, Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” (“Яхшиларнинг ҳайрати”) достонига ҳам дахлдор.

Улуғ Жомий беназир шогирдига ўқиб, фикр билдириши учун асарини берган. Навоий уни ўқиб шундай таъсирланадики, у асосда достон ёзади. Олим кузатувида Жомийнинг улуғворлиги Навоий наздида янада юксакликка кўтарилади: “Кичик бир том остида бутун бир жаҳон беркинган, унинг оти Жомий” ёки “Гулнинг яқин ҳамроҳи тикан эмасми? Юксак осмонда қуёш пайдо бўлгач, унинг нурлари ҳаммадан олдин тупроқ устига тушмайдими?”.

Навоий устози Жомийни гул, ўзини эса унинг ёнидаги тикан ҳамда устозини — Қуёш ўзини эса унинг нурлари тушган туп­роққа ўхшатгани айтилади.

Академик А.Қаюмов таҳлиллари ҳам икки аллома шоирнинг бир-бирларига ижодий таъсирлари доирасида амалга оширилади: масалан, Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо” достонидаги Юсуф акаларининг зулмидан эмас, ўсмирлигида ўз ҳуснига маҳлиё бўлганлиги учун Яратган уни обдон синайди. Зулайҳо ҳам эрига нисбатан хиёнаткор эмас. У Юсуф эгаллаши керак бўлган — чўққи. Навоий ҳам “Юсуф ва Зулайҳо” достонида ана шу ғояга суянган. Устоз ва шогирднинг халқ тили ва ёзма адабиётида мавжуд сюжет асосида ёзган асарлари шу жиҳати билан бошқа ёзма адабий нусхалардан ажралиб туриши асос­лаб берилади.

“Назм ва тафаккур қуёши”да шундай маълумотлар борки, олим кўзлаган мавзусини ёритиш учун ҳар сафар Навоий асарларини қайта варақлаб чиққанлиги кўринади. Яъни, у Навоийнинг олти асари — “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Беш ҳайратда қолдирувчилар”), “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Насойил ул-муҳаббат”, “Муншаот”, “Маҳбуб ул-қулуб”да Жомийга дахлдор маълумотлар борлигини аниқ кўрсатади.

Шунингдек, А.Қаюмов Жомийнинг “Сибҳат ул-аҳрор”, “Туҳфат ул-аҳрор” асарлари нафақат сюжет қурилиши жиҳатдан тасаввуф тараннуми билан ҳам бир-бирига яқин туришини исботлаб бераркан, назарий фикрларини Жомий асарларида келтирган ҳикоят ва ривоятлар билан жонлантириб боради. Чунончи, олим саховат тамадан тамомила холи бўлиши ҳақдаги мулоҳазаларини шундай ҳикоят орқали билдиради: “Бир мўмин мўътабар деб билган кишиларни туя сўйиб меҳмон қилади. Бир муддат иш билан чиқиб қайт­­са, меҳмонлар кетиш тараддудида. Қараса, хонтахта устида тилла танга тўла ҳамён. Мезбоннинг жаҳли чиқади. Дилдан чиққан меҳмондорчилигига жавобан савдогарларча муносабатда бўлганларнинг олдига ҳамённи улоқтиради”. Ҳасад аввало инсоннинг ўзини кемирувчи қумурсқа ҳиссиёт эканлиги, бундай иллат эгаларига қарши чиқиш уларга ўзингни тенглаштиришдай гап, мазмунидаги мулоҳазасини асословчи масал келтиради: “Тошбақа сув қушлари билан дўстлашади. Қушлар бош­­қа юртга учиб кетишаётганда яқинларидан ажралгиси келмай, ўзини бирга олиб кетиш­ларини сўрайди. Икки қуш бир чўпнинг икки четидан, тошбақа эса чўпнинг ўртасидан тишлаган ҳолда учиб кетишаётганда, кимдир пастда “Қаранглар, тошбақа қушлар билан жуфтлашибди” дея уларнинг устидан кулади. Шунда тошбақанинг жаҳли чиқиб, жаҳонда ҳосид кўр бўлсин, деган экан, пастга тушиб кетади”. Одам боласи барча ютуқларга ўзи эришиши кераклиги, энг аввал ўзига ишониб бир ишга қўл уриши лозимлиги ҳақдаги фикрдан сўнг қуйидаги ривоятни келтиради: “Бир ҳокимнинг ўғли отасининг баланд мартабасидан мағрурланиб юраркан. Бир куни уларнинг ҳудудидан яқинлари қуршовида савлат ва дабдаба билан подшоҳ ўтиб қолибди. Буни кўрган ҳалиги бола отасига, шон – шуҳрат шунақа бўладиган бўлса, бизнинг оддий фуқародан фарқимиз йўқ экан -да, дебди”. Бефаросат, лақмалар ҳақдаги муносабати шундай ҳикоят билан тўлдирилади: “Бефаҳм, лақма мусофир рўпарўсидаги дўкон ичида турган хонтахтада нонни кўриб, кириб нонни еб олади-да чопонини ечиб хонтахта устига чўзилиб ётади. Келиб қолган дўкон эгасининг энсаси қотиб, бу ерда ухлама, ҳадемай соқчилар келиб қолишади, улар тентираб юрган эшакларни йиғиб, олиб кетаяптилар, уларга оғир юклар ортиб, куни билан ишлатишади, сени ҳам олиб кетиш­лари мумкин, дейди. Лафзий истеҳзони анг­ламаган лақма дўконни тарк этади. Бориб шаҳар минорасига беркинади. Бир вақт ташқарида шовқин эшитилади. У, ҳалигилар эшакларни олиб кетишаяпти, деб ўйлайди. Ва шовқин келган томонга қараб бақиради: “Мен бу ерда йўқман!”.

Инсон ҳаётини қамраб олган мураккаб­лик олдида ҳаддан ташқари соддалик ҳам бечоралик эканлиги ҳақда ҳам олим ўзига хос фикрларни баён этади ва бир ҳикоятни келтиради: “Саҳройи, ниҳоятда содда одам шаҳарга тушади. Тиқилинч, шовқин-суронли бозорда эсанкираб қолади. Тўполонда ўзимни йўқотиб қўймоғим ҳеч гап эмас, деб қопидан бир қовоқни олиб оёғига боғлайди ва бир холи жойда уйқуга кетади. Қовоқ ўзлигининг белгиси эди. Бир ҳазилкаш қовоқни унинг оёғидан ечиб олиб ўзиникига боғлаб қўяди ва унинг ёнига чўзилади. Саҳройи уйғонса, оёғига боғланган қовоқ йўқ. У бошқаникида осилиб турибди. Шунда саҳройи унинг олдига бориб сўрайди: “Сен менмисан?!”. Ҳазилкаш маъқуллаб бош силкитибди. Саҳройи бундан ажабланиб деган экан: “Унда мен кимман?”.

Устоз Азиз Қаюмов фикрини асослаш учун Жомий келтирган ҳикоят ва ривоятлардан фойдаланганлигининг сабаби, рисоланинг маърифий аҳамиятини ошириш ҳамда Навоий ва Жомий асарларининг бу жиҳатдан ҳам фарқини кўрсатиш бўлган.

Рисоладаги “Лутфийнинг васияти” мақоласини ўқиб, аввалига олим нега бош­­қа мавзуга ўтиб кетди, деб ўйлайсиз. Кейин бу ҳам илмий асосга эга эканлигини биласиз. Яъни, Навоий Жомийни устоз сифатида қанчалик эъзозлаган бўлса, вақтида Жомий ҳам Лутфийни шу даражада ҳурмат қилганлигига ишора қиларкан, одам боласи дуо олсагина дуо қиладиган даражага етишиши мукин, деган ғояни илгари суради. А.Қаюмовнинг баён қилишича, Лутфий шогирдларининг бирига ғазалининг бир матлаи (биринчи байт)ни ёзганлиги, қарилиги панд бераётганлиги туфайли уни Жомий давом эттириши кераклигини тайинлайди. Байтнинг маъноси: ошиқ ишқи шундай бадфеъл, меҳрсизга тушгандан кўра, Чин кофирига тушгани яхшироқдир.

Жомий байт асосида гўзал ғазал ёзади ва уни ўз девонига киритади. Унда шундай дурдона фикрлар мужассам: қуёш турган ерга ўралашаверма, ўшандай баландликдан ерга тушгани ҳайф кетмасин, эгма қош­ларинг биз учун ҳузур меҳроби бўлди, улар бизнинг хатоларимизни кўзда тутиб чимриладилар…

Умуман, А. Қаюмовнинг “Назм ва тафаккур қуёши” рисоласи илмий-оммавий, маданий-маърифий йўналишда мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бош­лаб китобхонларга маънавият эшикларини очиб келади.

Илҳом АҲРОР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 1 =