“Буёғига қандай яшайман?”

Талабалигимда Абдулла Қаҳҳор уй-музейида илмий ходим бўлиб ишлаганман. Бахтимга уй-музей таъмирда эди, куним бир-икки  қўнғироқларга жавоб бериш ва адиб кутубхонасидаги китобларни ўқиш билан ўтарди.  Мана шу маънавий қарздорлик боисми ёзувчига доир  неки  гап-сўз бўлса ҳеч бири мени четлаб ўтолмасди. 

“Ҳақиқат — мендан устун” ҳужжатли фильмининг сценарийсини ёзиш учун Абдулла Қаҳҳор дунёсига  яна бир бор шўнғишимга тўғри келди. Ўтган йиллар ичида Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ҳаққул ардоғидаги Қаҳҳор домлани  англаш билан бирга  Наим Каримов, Шуҳрат Ризо, Сувон Мелиев билган қаҳрли Қаҳҳорни ҳам танигандек бўлдим. Ҳар бирида жон бор эди гўё. Ҳақиқат ким томонда? Асл қиёфа қандай?  Руҳимда тинимсиз курашган икки тўлқин орасидан кўзида йиғи қотиб қолган, синиқ табассумли, бемаҳал майиз бўлган мўйсафид сиймоси чиқиб келаверарди. Фурсат ва имкон берилганда эди, ҳужжатли фильм тошбақа косаси мисол гуноҳини бир умр    кўтариб юрган  зиёлининг маҳзун драмасига бағишланарди. 

Музейда ишлаб юрган пайтимда адибга тегиш­ли қўлёзмаларни топиш учун Марказий Архивга киришимга тўғри келган.   Ўшанда шоир Элбек сўроқ қилинган стенограммани ўқиб қолдим. Илк бор номаълум Қаҳҳорга дуч келганимдан анчагача ўзимга келолмадим. Қандай сир бор, билмайман, вазият тақозосидан Абдулла Қаҳҳор дунё­сига қайта-қайта юзланяпман. Бирида ҳақгўй, оқил одам ғолиб келар,  яна бирида эса маккор ақлига эга уста… Лекин юрагимда ўгайлик эмас, гиря  қотиб қолди. Аслида ўша ўкирикни чиқаришим керак эди. “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси  кўксимдаги гиря­­ни кўзимга кўчирди. Мен халос бўлдим.

 

* * *

“Ўтмишдан эртаклар” автобиографик қиссаси ёзувчи умрининг адоғида ёзилган. Асар уста Абдуқаҳҳорнинг сотқинлигига ишора билан, боши хам ўғилнинг “Энди нима бўлади?” саволи билан якунланади. “Энди нима бўлади”нинг  қат-қатларидан “буёғига мен қандай яшайман?” деган  ҳас­ратли садони эшитгандай бўламан. Ёзувчи бу саволни ўзига кўп берганга ўхшайди.

Адиб  болалигини  отанинг  хорланиши,  онанинг камситилиши, жигардорликнинг аччиқ жудоси, ҳайдалиш азоби, ҳиссиз тўда деди-дедиси, қашшоқликнинг қаттиқ нони ва айбдорлик ҳисси барбод қилди. Дийдаси темирга айланиб бўлган темирчи отанинг тирикчилик учун курашлари ўғилнинг қисматида бирмунча маҳобатлироқ, бирмунча машъумроқ тус олди, бир умрлик оғир из қолдирди.  Сарсон болаликнинг чанг кўчалари ва ота танлаган йўл уни  фирқа-шўро интернатига, “Коммуна” мактабига олиб боради, чигал ТУЗОҚқа туширади.  Темирчи ота қизиллар хизматига ўтганидан кейингина  улар рўшнолик рангини кўргандек бўладилар. Кирмоқ бору чиқмоқ йўқ. Ер-сувлар камбағалларники, тенглик  каби ғоялар қанчалар жозибали-а?

Советнинг жаҳаннамини ҳам, жаннатини ҳам кўрган бу авлод устидан ҳукм ўқишдан олдин  ҳақиқатга олиб борувчи изтироб илдизини излаш зарур, деб ўйлайман.  Абдулла Қаҳҳор юрагидаги аччиқ алам билан  Демон, Печорин  ёки Дориан Грейнинг эмас,  фақат Настасья Филипповнанинг исёни бўйлаша оларди.  “Валинеъмат” Афанасий Тоцкий ғўр Нас­тасьянинг болалигини бадном қилди,   туйғуларини топтаб, маъсумиятдан буткул мосуво этди. Гуноҳ аталмиш лаънати ёзиқни қисматига битди, эвазига унга ҳашам ҳаётни, кибор доиранинг хоними мақомини туҳфа этди. Шунинг учун ҳам қурбони олдида ўзини заррача айбдор сезмайди. Бироқ ҳамма аёл ҳам бундай “мурувватни” бадбахтлик демаганидек, тузум тоцкийлари тўлаётган товонни, яъни салтанат садақасини марҳамат деб кўзига суртган ижодкорлар ҳам ҳамма замонда етарлича топилади.  Настасья Тоцкий аталмиш нусханинг ичак-чавоғини қанчалар нафрат билан кўрган бўлса, Абдулла Қаҳҳор ҳам ўзи сажда қилган сиёсат  қандай гуноҳлар эвазига гуркираётганини  минг бир надомат билан кўради.

Синчи адиб Шароф Рашидовнинг кимлигини, унинг имкониятларини, ўзбекнинг пешонасидаги шарафли ўрнини билмаслиги мумкин эмас  эди, назаримда. Рашидовнинг асарларига муносабати соф адабиёт учун кураш эканини ҳам инкор этолмаймиз. Лекин бу ерда яна бир оғриқ кўзга ташланади: у Рашидов тимсолида  ўзини бир умрлик виждон азобига маҳкум этган тузумни кўрмаганмикан? Асл  исённинг илдизини  шунда  топгандек бўламан.

 

* * *

Истеъдод — маконинг қаерда? Қай жонда илдиз отасан? Куч-қудратни нимадан оласан? Ғиж-ғиж маълумотга тўла бош­данми? Ёки  даргоҳинг — меҳр-муҳаб­батга бой қалбми? Менимча, СЕН  озод руҳда қўним топсанг керак. Бўй-бастинг­­ни, сир-синоатингни парвозга шайланган руҳда кўрсатасан. Тутқун бошу  қоринга қарам вужуд фалаж фикрлар, тўмтоқ туйғулар ишлаб чиқарадиган бир корхона, холос. Ёш истеъдодларнинг нажот  қўрғонига айланган Абдулла Қаҳҳор учун ёшларнинг ўзи нажот фариштаси эди. У ўзларининг авлодлари  йўл қўйган хатоликларни адабиёт келажагида кўришдан қўрқарди. Хоҳ ижтимоий бўлсин, хоҳ ижодий.  “Мен адабиётни пропаганда қуроли деб билганман, лекин сенларни бундай ўйлашга ҳаққинг йўқ!”. Афоризмга айланган “Адабиёт атомдан кучли, унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак” фикри, эҳтимол, биринчи навбатда Қаҳҳорнинг ўзига айтган дашноми эди.  Тарғибот-ташвиқот воситасига айланган адабиёт тарих ахлатхонасидаги чиқинди эканини ўзининг ишлари мисолида тан олади. Аввалида адабиётни cиёсатнинг сўзи деб адашган ёзувчи бора-бора  унинг санъат эканини англай бошлайди. Жаҳон адабиётини идрок этиш    орқали ўзи ва сафдошлари нотўғри йўлдан кетаётганини англайди,  замондошлари уни   “сўз заргари” дея эътироф этадилар.

Ижтимоий буюртмалар истеъдоднинг кушандаси. Ижодкордаги неки ўзига хослик бўлса барини битталаб  тозалаб чиқади. Руҳий қуввати сўнган, қиёфасини йўқотган  қаламкашнинг ҳар бир қораламаси эгасини ҳечлик томон судрашга хизмат қилади.   Абдулла Қаҳҳор ҳар ҳолда ҳаддини  ва ўрнини ўз вақтида билди.

Ёзувчида истеъдодни илғаш қобилияти кучли эди. У адабий майдонга кириб келаётган ҳурфикр ёшларни сиёсатнинг нафақат тазйиқидан, балки миннатли саховатидан ҳам асрамоқчидек тасаввур уйғотади. Замондошларининг хотираларини синчиклаб ўқисангиз, адиб ёш ижодкорларни ҳам маънавий, ҳам моддий қўллашга ҳаракат қилган. Нон ва ном ғавғосини адабиётга аралаштирмасликни талаб қилади.  Уларнинг тепага талпинишини истамайдигандек, ҳукумат ҳимматидан қизғанадигандек таассурот қолдиради. Албатта, бу  ҳам кимлар учундир ғайирлик бўлиб кўриниши мумкин.

Одил Ёқубов билан Озод Шарафиддинов табиатидаги ёвқурликни танийди ва теппа-тенг ҳисоблашади. Шукур Холмирзаевнинг ижодий салоҳиятини сезиб, узрхоҳлик ва истиҳола ила “Бизлар саводсиз бўлганмиз, болам, фақат Гоголь билан Чеховни ўқиб ёзувчи бўлдик”, дейди. Учқун Назаров ва Ўлмас Умарбековга талаби янада қатъийлашади, адабиётни жўн тушунишга, ўзи қилган хатоликларни улар такрорлашига ҳаққи йўқлигини бот-бот таъкидлайди. Эркин Воҳидов ҳақидаги фикрида бургутнигоҳ донишманд  чиқиб келади: “Эркин жуда ақлли, билимдон, ўта серандиша, етти ўлчаб бир кесадиган йигит кўринади.  Буни шеърларидан ҳам билса бўлади… Лекин  ўта эҳтиёткорлик ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди…” Мана шу эҳтиёткорлик қачондир ва қаердадир панд беришини, шоирнинг ижодий ва инсоний парвозидаги катта ғов эканини башорат қилганди гўё.

* * *

2003 йил. Раҳматли Кибриё опанинг сарғиш тусга кирган газета-журналларини саралаяпман. Қайта қуриш йилларидаги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бир нашрида  Александр Фадеевнинг ўзини отишдан олдин ёзган хатига кўзим тушиб қолди. Ютоқиб ўқийман… “Мени киракаш аравани тортадиган отга айлантирдилар, бутун умрим кераксиз, ярим чақага ҳам арзимайдиган “юкларни ташиш” билан ўтди. Бу расмиятчи тўрачиликнинг беҳисоб, нозарур ишларини ҳар қандай одам ҳам эплай оларди. Ваҳоланки адабиётга катта, гўзал ниятлар билан келгандим…” Ўшанда ўқ  овозини юрагим билан эшитдим.

Ҳамон ўйлайман, нега тақдир менга бу васиятни айнан Абдулла Қаҳҳорнинг ижодхонасида ўқишни буюрди? “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг таҳририятида ёки дадамнинг кутубхоналарида ҳам ўқиб қолишим мумкин эди-ку! Ўзимча жавоб топгандек бўламан. Тушларимда ҳам таъқиб этадиган сочлари оппоқ,  синиқ табассумли, кўзлари маъюс,  нурли қария эллигинчи йиллардаёқ ўзига  ҳукм ўқиб бўлганди. Фадеев етиб келган ҳақиқатга у бора олмасмиди? Бора оларди!  Бошқаларни билмайман-у, лекин Абдулла Қаҳҳор ўзига шафқат қилмасликка қодир шахс эди. Шунинг учун ҳам атоқли адиб ҳаётининг сўнгги ўн йилида унинг учун икки дунё бир қадам бўлиб қолганди…

Иқбол ҚЎШШАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =