“HURRIYAT”ни ўқиганим сари ундан ҳурриятни топаман”

ёхуд газетанинг чорак асрлик йўлига бир назар

 

“Hurriyat” газетаси ҳақида эшитмаган киши бўлмаса керак. У республикамиздаги илк мустақил нашр сифатида 1996 йилдан бери ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Ҳозир эса ҳам босма, ҳам электрон форматга эга бўлган газеталардан бири. Хўш, “Hurriyat” чорак асрлик вақт мобайнида қандай йўлни босиб ўтди? Газетанинг бир ОАВ сифатида эришган ютуқлари нимадан иборат? Бугун у ўқувчиларини қандай ахборотлар билан таъминламоқда ёхуд замонавий ахборот алмашинуви жараёнида у ахборот тарқатувчи манба сифатида ўз мавқеини қай даражада ушлаб келмоқда?

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мус­тақил, хусусий газеталарга эҳтиёж сезилди. Бунга сабаб совет тузуми даврида газеталарнинг бир қолипга тушиб қолгани бўлса, иккинчи томондан ахборот олиш борасидаги қийинчиликларнинг мавжудлиги эди. 1996 йили матбуот ҳаётида катта ўзгаришлар содир бўлди: мамлакат Интернет тармоғига уланди, илк хусусий нашрлар пайдо бўлди. Хусусий нашрларнинг пайдо бўлиши матбуотга тўлиқ эркинлик бера олмади. Бироқ “Hurriyat” ўзига хос йўналишда, бошқаларга ўхшамаган чиқишлар билан жамоатчилик эътиборини торта олди. Шу сабаб, газетанинг илк сонларида танқидий-таҳлилий мақолалар чоп этилди.

Тадқиқотчи олим Х.Дўстмуҳаммад 1996–1997 йиллар Ўзбекистон ОАВнинг ҳуқуқий асосини яратиш даврига айланганини келтиради. Хусусан, 1997 йили “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунлари қабул қилинди. Бу эса нафақат “Hurriyat”, балки бошқа газеталарнинг ҳам фаолиятини жадаллаштирди, мавзулар кўламининг ортишига сабаб бўлди.

“Hurriyat”нинг 1999 йил 15-сонида эълон қилинган “Бир қадам олдинга, икки қадам орқага”, шу йилнинг 23-сонида эълон қилинган “Раҳбарга нима “положено”?”, “Тест синовлари: уч танқидий мулоҳаза” кабилар ўша даврда эълон қилинган кучли танқидий мақолаларга мисол бўла олади. Шунингдек, газета бу вақтда ҳақиқий баҳс майдонига ҳам айланган эди. Жумладан, газетанинг 1999 йил 23-сонида, 18-сонида эълон қилинган “Пахтакор ўзбек спортига муносибми?” мақоласига жавобан Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раисининг “Тегишли чоралар кўрилди”, 28 апрель сонида эълон қилинган “Эгилган ҳақиқат” мақоласига жавоб хати, шунингдек, 24-сонида эса 23-сонда эълон қилинган З.Исомиддиновнинг “Тест синовлари: уч танқидий мулоҳаза” сарлавҳали мақоласига жавобан тарих фанлари номзоди Б.Аминов ва филология фанлари номзоди Н.Маҳкамовнинг “Билмаганни сўраб ўрганмаган олим” номли раддияси, 23-сонда эълон қилинган “Ўзбекча гапиролмайсизми?” мақолага жавобан “ЭКОСАНИНФОРМ” ташкилотининг “Халқ манфаатини кўзлаб…” номли жавоб хатлари эълон қилинган.

Газета шу йиллар мобайнида аудитория билан самарали мулоқот ўрнатишга эришди. Бу борада ўқувчилардан келган мактублар, турли шикоят хатлари, таҳририятдан маслаҳат сўраб ёзилган илтимосномалар ҳам эълон қилинди. Хусусан, газетанинг 1999 йил 15-сонида “Арз” рукнида сирдарёлик мухлис Дармонова Замиранинг “Қаровсиз қолдик” номли мактубига жавобан таҳририятнинг “Қаровсиз қолмайсиз, Замира!” сарлавҳали жавоб хатининг эълон қилинганини мисол келтиришимиз мумкин.

Ўша йиллари газета Бош муҳаррири бўлган Х.Дўстмуҳаммад газетанинг 1999 йил 25-, 26-сонларида газеталар фаолиятини таҳлил қилиб шундай ёзади: “Ўтган бир йилимизни мухтасар сарҳисоб қилар эканмиз, яна бир ҳолатга айрича эътибор қаратиш жоиз… 16 февраль воқеалари бизга ижтимоий барқарорликнинг аҳамиятини кўрсатди-қўйди. Айни пайтда халқнинг Ҳақ Сўзга нисбатан нақадар чанқоқ эканини ҳам намойиш этди… Бу ўринда айниқса ОАВдан телевидениенинг нақадар катта аҳамият касб этиши ҳам яққол сезилди”. Яъни Х.Дўстмуҳаммад нафақат “Hurriyat”, балки бошқа газеталарни ҳам ҳаёт ҳақиқатини тўлақонли намойиш этишга чорлади.

2000 йилда чоп этилган мақолаларни кўздан кечирар эканмиз, қаламкашлар кўтариб чиққан мавзулар кўлами ошгани, қўрқмасдан танқидий, таҳлилий материалларнинг эълон қилинганига гувоҳи бўламиз. Газетанинг ҳар сонида бирор таҳлилий мақола, ўқувчининг эътиборини тортувчи маълумот эълон қилинган. Мисол учун, ўша йилнинг 3-сонида чоп этилган “Қўқон манзаралари” номли танқидий мақола, 5-сонида эълон қилинган “Коммуна” “намуна”га айланди, ишлар эса намуна бўлмади…” сарлавҳали журналистик текшируви, 17-сонида эса “Саёҳатчи” телевизорлар мақоми: жиноят борми-йўқми?..” сарлавҳали материалларни мисол келтиришимиз мумкин. Ушбу вақтда газета шу қадар мавқега эга эдики, фуқаролар томонидан таҳририятга шикоят хатлари келиб тушар, таҳририят ҳам уларнинг ечимини излар ёки мутасадди ташкилотлар билан боғланар эди. Бир сўз билан айтганда, газета халқ билан мулоқот ўрнатишга эришган эди. Мисол учун, 2000 йилнинг 17-сонида эълон қилинган “Шикоятлар нега жойида ҳал бўлмайди?” сарлавҳали мақолада ҳар бир вилоятдан келган жавобсиз қолган шикоят хати бирма-бир санаб ўтилади. Шунингдек, 1999 йилнинг 44-сонида босилган “Эътиборсизлик қачонгача” сарлавҳали материалга нисбатан йўлланган жавоб хати эълон қилинади. Бу борада у йилнинг 47-сонида “Кўчада қолаётган оила” сарлавҳали журналистик текшируви эълон қилингач, таҳририятга қатор мактублар ҳам келиб тушади. Бундан кўриниб турибдики, “Hurriyat” қисқа фурсат ичида босма нашрлар ичида алоҳида мавқега, аудитория ишончини қозонган ахборот тарқатувчи манбага айланди. Бу борада газета ўта расмий бўлмаган, бироқ ўта “сариқлашмаган” ҳолда фаолият олиб борди. Чунки унинг дизайни расмий газеталарни, карикатура ва бошқа кўнгилочар материалларни бериши эса хусусий газеталарни эслатар эди.

“Hurriyat” 2002 йилгача ана шу зайлда ўз фао­лиятини давом эттирди. Танқидий чиқиш­лар, журналистик текширувлар, аччиқ киноялар, очиқ хатлар газетанинг деярли ҳар сонида бериб борилди. Мисол учун, 2001 йилнинг 17-сонида эълон қилинган “Тўққиз эътироз ва уларнинг исбот топмагани ҳақида” сарлавҳали журналистик текшируви, 36-сонида “Ҳар жойни қилма орзу” сарлавҳали муаммоли мақола, 49-сонида эълон қилинган “Ариқча тепасида туширилган тарсаки” сарлавҳали журналистик текширувларни мисол келтиришимиз мумкин. 2001 йилнинг сўнгги сони ва 2002 йилда чоп этилган биринчи тўққизта сон 8 саҳифага ўтгач, мавзулар кўлами янада хилма-хиллашди. Газетанинг ушбу йилда эълон қилинган сонларини варақлар эканмиз, маънавият, ижтимоий ҳаётдаги муаммоларга кўпроқ урғу берилганининг гувоҳи бўлдик. Мисол учун, 12-сонида “Тест, абитуриент, адолат”, 15-сонда “Аввал ҳоким рухсат берсинлар…”, “Ўзбек менталитети: жамоавийлик ва индивидуаллик нисбати”, 45-сонида “Имони бутун панага ўтмайди” сарлавҳали мақолалари мисол бўла олади.

Газета 2002 йилнинг бошидан яна 4 саҳифада чиқа бошлади. Янги тайинланган бош муҳаррир Амирқул Каримов ахборот беришнинг янгича дизайнини жорий этишга ҳаракат қилган. Бу ўринда ё сифати мақолаларнинг сони камайгани ё газетанинг молиявий томондан қийинчиликка учраганлигини тахмин қилиш мумкин. Мисол учун, газетанинг 11-сонида эълон қилинган “Даракчи 50 сўм!..” сарлавҳали мактубда газеталарнинг нархи қиммат бўлгани учун уларни ижарага бериш йўлга қў­йилаётгани ҳақида ёзилади. Бу эса газеталарга нисбатан талаб юқори бўлгани, бироқ чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг уни сотиб олишга ортиқча маблағи бўлмаганидан далолат беради.

Газетанинг 2003 йил 13-сонида мухлисдан келган хатни эътиборингизга ҳавола қиламиз: “Матбуот нашрлари “бола”лаб бораётган бугунги кунда барча газета журналларга бирдек обуна бўлиш ёки дўкондан сотиб олиш ақлга сиғмайди, ҳамён кўтармайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда республикамиз миқёсида чиқаётган мустақил газета “Hurriyat”нинг ўрни катта. Бир муштарий сифатида шуни тўла ишонч билан айта оламанки, “Hurriyat”ни ўқиганим сари ундан ҳурриятни топаман”. Аммо назаримда, шу йилдан бошлаб газетада   сарлавҳа танлаш борасида сезиларли камчилик­ларга йўл қўйилди. Улар ўқувчи эътиборини тортмас, оддий, шу билан бирга мақолани ўқишга эмас, сарлавҳаданоқ ўзидан итаришга туртки бўлди. Мисол учун, 2003 йилнинг 19-сонида эълон қилинган “Кўзбўямачилик” ва “Миссия” сарлавҳали мақолалар, 31-сонида эълон қилинган “Ишонч ва масъулият”, “Ҳимояланиш ҳуқуқи”, “Автобуслар миқдори кўпайди” каби сарлавҳали мақолаларни келтириш мумкин. Бу борада танқидий чиқишлар эмас, кўпроқ маиший муаммолар, шахсий мулоҳазалар эълон қилина бошлади. Афсуски, мақолалар қанчалик долзарб ёзилмасин, сарлавҳаларнинг жўнлиги мақолаларнинг ўқиш кўрсаткичига, шунингдек, обунага сезиларли таъсир кўрсатди.

Журналист М.Обидовнинг келтиришича, 2005 йилдан бошлаб таҳририятларда ички цензура кучайди. Бунинг натижасида газетада ахборот манбаи берган маълумотни давлат манфаатига мос тарзда ўзгартирилишига, радио ва телевидениеда эса асосий мазмун йўқоладиган даражада монтаж қилинишига сабаб бўлди. Шунингдек, телевидение фаолиятининг кучайиши газета тарқатаётган хабар ва маълумотларга нисбатан талабни пасайтирди. Натижада, босма таҳририятлардаги журналистлар танқидий чиқишлардан кўра, кундалик мавзуларни ёритиш билан чегараланди. Газетанинг шу йили чоп этилган сонларини варақлар эканмиз, газета замонга мос тарзда турғун фаолият олиб борганини, шов-шувли мақолалар бармоқ билан санагудек эканини келтиришимиз мумкин.

Газета 2007 йилнинг бошида яна жонланади. Жумладан, шу йил 6-сонида “Қоринда қолган дока” журналистик суриштируви, 32-сонида “Аслида қандай бўлган эди” жавоб хати жамоатчилик эътиборига тушди. Бу борада газетанинг бошқа мустақил газеталардан фарқли томонларини ҳам санаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Газета ижтимоий масъулият тушунчасини яхши англаган ҳолда холис ахборот тарқатар, сенсация кетидан қувиб ёки кўпроқ даромад топиш мақсадида ҳуда-беҳуда хабарлар билан ўқувчини чалғитмас эди. Бироқ бошқа нашрлардан фақрли равишда газета журналистлар билан боғлиқ материалларни нисбатан кўпроқ тарқатган. Бу борада муассис омилининг ҳам ўрни катта бўлган.

Газетанинг кейинги ўн йиллик фаолияти ривожланишга қаратилди. Рангли форматга ўтилди. Расмий сайти хилма хил материаллар билан бойитилди, танқидий чиқишлар сони кўпайди, саҳифалар сони ортди, мавзулар кўлами ошди, газета фаолиятига ёш кадр­лар кириб келди. Бир сўз билан айтганда, “Hurriyat” газетаси ўзига хос йўналишда фаолият олиб борди. Бироқ Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожи газеталарга бўлган талабни анча-мунча пасайтирди. Гарчи долзарб мақолалар кўтариб чиқилса ҳам, талаб ва таклифнинг пасайиб кетиши нашр фаолиятига сезиларли таъсир ўтказди.

“Hurriyat” газетаси 2019 йилнинг дастлабки ойлари нашр этилмади, бунинг натижасида жамоат арбоблари эътироз ва хавотир билан чиқди. Мисол учун “Daryo.uz” интернет нашрида “Ўзбекистонда “Hurriyat” мустақил газетасининг чиқмай қолганидан ташвиш билдирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда қуйидагича фикрлар келтирилган: “Ўтган йигирма йилдан ортиқ вақт ичида “Hurriyat” ўз олдига қўйилган мураккаб вазифани бажариш йўлида кўп ишлади, яхши натижаларга эришди, танқидий-таҳлилий мақолалари, журналистик суриштирувлари, топилма рукнлари билан мамлакатнинг ўқиладиган (шунчаки варақлаб қўйиладиган эмас), тахлам қилиб сақлаб қўйишга арзирли газеталаридан бирига айланди. Газетанинг кўпсонли мухлислари билан бирга, қалами ўткир, сўзи журъатли, нигоҳи зукко муаллифлари ҳам пайдо бўлди. Бугун миллий журналистика, ижтимоий публицистика ва бошқа жанрларнинг кўзга кўринган вакиллари бўлмиш кўплаб фаол муаллифларнинг энг сара мақолалари, очерк ва эсселари айни шу газетада босилган… Кейинги олти-етти ой ичида газета ўзининг журъатли йўлини янада мустаҳкамлади, ички ва ташқи қиёфасини ўзгартирди. Мавзуларининг қамрови кенгайди. Бундан ҳамма хурсанд бўлиб турганида 2019 йилги обунани ташкил этишдаги баъзи англашилмовчиликлар ишнинг белига тепди. Биргина “Hurriyat”чиларга эмас, ҳаммамизга тегиш­ли сабоқ бу! Негаки, газетхоннинг ҳам, журналхоннинг ҳам диди, талаби ошиб бормоқда. Эски андозалар, амал курсисини қимирлатиб қўйишидан чўчиб, ҳар жиҳатдан силлиқланган, тиш-тирноғи олинган, пати юлинган, ўқиса ҳам, ўқимаса ҳам бўлаверадиган мақолалар билан иш битмайди. “Hurriyat” — ҳаммамизга бирдай тегишли, бирдай қадрдон, миллий матбуотимиз рўйхатини номи билан ҳам, мазмуни билан ҳам безаб турган газета. Унинг тақдирига бефарқ қараб тура олмаймиз. Унга ёрдам қўлини чўзайлик”.

Газетанинг сўнгги уч йиллик фаолиятини таҳлил қилар эканмиз, обуна масаласига тўхталиб ўтишни маъқул топдик. Агар газета адади 2020 ва 2021 йили 5000 нусхани ташкил этган бўлса, 2022 йили 5300га яқинлашди. Мазкур газетанинг келгусида ҳам обуначилари кўпайишини тилаб қоламиз. Бу борада реклама ва маркетингни кучайтириш, айниқса, ижтимоий тармоқларда оммалаштиришни, сайт фаолиятини кучайтиришни таклиф этган бўлар эдик. Чунки бугун ахборот бозоридаги тажриба сифатли маҳсулотдан кўра мақталган товарни оммалашишини кўрсатиб бермоқда. Зеро, мус­тақил нашрларга қўйиладиган асосий талаб ҳам шундан иборат. Шу маънода “Hurriyat” мақталиш, намуна бўлиш, таклиф этишга ҳам арзийдиган нашр.

Ҳамида МИРСУЛТОНОВА,

ЎзЖОКУнинг 1-босқич докторанти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + one =