Боболаримиз қандай саломлашган?

Биз — туркийлар қадимда бир-биримизни ёки бошқа бир кишини кўрганда қандай саломлашганмиз? Ўз тарихимизни ёритишдан олдин бошқа халқларда бу одат, удум қандай кўринишларда бўлган ва ҳозирда қандай ҳолатдалигига бироз тўхталайлик. Мисол учун, маори халқи кўришганда бурунларини бир-бирининг бурнига теккизиб кўришишади. Тибетлик­ларда бир пайтлар саломлашиш удуми бир-бирига тилини чиқариб кўрсатиш бўлган экан (бунинг алоҳида тарихий сабаби ҳам бор). Туалилар (туркий тувалар эмас) кўришганда юзларига юзларини теккизиб кўришишади. Японлар ҳалигача бўйнини эгиб, катта ҳурмат юзасидан эса белигача эгилиб, саломлашади. Худди шундай эгилиб кўришиш хитойликларга ҳам хос. Таиланд, филиппин, ҳиндларда икки қўлни қовуштириб, олдинга чўзганча ва қанчалик баланд кўтарилса, шунчалик ҳурмат кўрсатиш ҳолатида саломлашилади.

Бизда-чи? Ҳозирча айтишимиз мумкинки, (қуйида батафсил тўхталамиз) ўнг қўлини ёки иккала қўлларини кўксига қўйиб, эгилиб саломлашиш бизда энг қадимий одатларимиздан биридир. Бунга мисолларни девор ва қоятошларда қолган минг йиллик суратларда кўришимиз мумкин. Демак, бу йўналишда бизнинг ўз удумимиз бўлганига далиллар бор.

Кўришганда халқлар орасида ишлатиладиган сўзлар ўта тарихий аҳамиятга эгалиги маълум. Масалан, биргина бизнинг туркий тилларда “Омонмисиз?”, “Яхшимисан?”,  сўзларининг ўзи фиръавнлардаги яратгувчи Омонга бориб тақалишини фақат катта тасаввур эгаларигина билади, холос. Бу ўринда бу сўзни тарихий алоқаларни кўрсатувчи қадимий қадрият сифатида ҳам тушуниш мумкиндир. Сўз этимологияси билан шуғулланувчилар учун кенг майдон бу аслида. Яъни, “омон” сўзи аслида Таврот ва Инжилда ҳам учрайди. У Миср фиръавнлари пайтидаги, яҳудийлардаги эрадан аввалги VII асрда топинилган илоҳ. Фиръавнлар уни “Қоронғи кўкнинг яратгувчиси” деб, Тангри даражасида тушунишган. Ке­йинчалик уларнинг ўзлари “Мен ердаги Омон”, дея даъво қилишган. Бу муқаддас китобларда ҳам айтиб ўтилган.

Демак, биздаги ҳар бир кишини, инсонни ҳурмат қилиб, сўрашиш “омонмисан?” сўзида жамлангандек. Қолаверса, бу сўз бизнинг нафақат мисрликлар билан алоқамизни, қолаверса, маънавий ва маърифий жиҳатдан бир пайтлар муштарак бўлганимизни ҳам кўрсатади. Худди шу ҳолатни ҳиндлар ва Ҳиндистон билан алоқаларимизда ҳам кўрамиз. Ўша даврлардан бизга кўришиш ва сўрашишдаги “Омонмисиз?” етиб келган бўлса, ҳиндлар билан алоқаларимизни кўрсатадиган сўз ва бирикмалар бўлиши ҳам бор. “Намасте” сўзи алоҳида “намас” – таъзим ва “те” – сенга маъноларида келади. Бу — инсонга кўрсатилган ҳурмат, уни илоҳий даражага кўтариш, унга қут, барака, соғлик омонлик тилаш, ҳурмат кўрсатиш белгисидир. Биздаги удумга айланган “Омонмисиз?” сўзи каби.

Шу ўринда бу борада “Бизда умумтуркий алоҳида бир удум, Ислом дини кириб келгунгача даврга тааллуқли бирор сўз  борми?” деган савол юзага келади. Бу саволга очиқчасига “Йўқ” деб мулоҳазага нуқта қўйса бўлади. Аммо борлигини ва сақланиб қолганини ҳам исботласа бўладиган ҳолатлар мавжуд. Бунга, албатта, ҳозирги қозоқ тилида сақланиб қолган “Армансан”, “Арманмисан?” ва бошқаларни мисол қилиш мумкин. Ўйлайманки, бунга ўхшаш қадимий сўрашиш удуми ва сўзлари бошқа туркий халқларда ҳам сақланиб қолган бўлиши керак. Анча аввал бошқирдис­тонлик бир олимнинг мавзуга оид мақоласи билан танишган эдим. Бу мақола мени ўша пайт ниҳоятда ҳая­жонлантирган ва ўзимизнинг тарихимизни излаш ва тиклаш учун қалбимга олов солган эди.

Бизда — ўзбекларда ҳам, қозоқ, қирғиз, туркманларда ва бошқа туркийларнинг кўпида ҳам, асосан, “омон, эсонлик” сўзлари ва унинг синонимлари ишлатилади. Аммо қозоқларда яна бир сўз “Армансан”нинг минг йиллардан бери ишлатилиб келинишини айтишимиз мумкин. Бу сўзнинг ўзак қисмидаги  маъноси Эр, Ар, Арий, Мен ва Сен эрмиз, армиз. Яъни, улар “Мен эрман, сен ҳам эр сан” маъносини мингйилликлар масофасидан етаклаб келишмоқда.

Шундай экан, халқлар орасида кўришиш ва саломлашиш ҳам йиллар ва асрлар давомида янгиланиб келганлигини кўриш мумкин. Охирги минг­йилликда Марказий Осиё туркийларида, ҳатто ундан сал нарироқларда, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ислом етиб борган жойларда “Ассалому алейкум” сўзи “Мен сизга тинчлик тилайман” ибораси кириб, ўрнашиб қолган. Шунга қарамасдан, туркий халқлар оилавий давраларида, яқинлари орасида ўзларига таниш бўлган “омонлик, эсонлик, тани-жони соғлигини, мол-жонларнинг соғлигини, уйида оқлик, сут-қатиғинг борми-йўқлиги”ни айтиб сўрашишни унутмай келаяпти. Ахир биз уйда одатда “Кел, болам, омон-эсон юрибсанми, бола чақанг соғ-омонми?” деймиз-ку. Менинг бу фикрларимга кимлардир қарши ҳам чиқиши мумкин. Аммо асл ҳолат мана шундай. Бу жойдаги “омон” сўзи ҳам асли фиръавн Омондан қолганлигини кўплар ўйлаб ҳам кўрмагандир.

Бу билан саломлашиш урф-одатидаги намуналар ҳам абадий ўрнатилган удум эмас ва бу ҳам ўзгариб туриши мумкинлигини таъкидлаш жоиз. Шундай экан, яна ўша саволга қайтамиз: “Биз туркийлар исломгача қайси расмий саломлашиш удумини қўллаганмиз?” Бу жойда расмий, деб кенг расмий доираларда қўлланилган удумни айт­моқчимиз. Чунки халқ орасидаги омон-эсонлик ва эрман, арманлик ҳақида тўхталиб ўтдик. Х асргача туркийлар орасида ҳозирги қозоқ тили воситасида бизгача етиб келган “Армисан?” сўзи амалда бўлганлиги фикримизча ҳақиқатга яқинроқ. Шу ўринда айтиш керакки, бу сўзнинг ўзагидаги ар қозоқларда учрайдиган Арман исмидаги ўзак билан бир. Аммо бу сўз ўзбек тилидаги “армон”га алоқасиздир. Баъзи қозоқ сўз талқинчилари арман сўзининг ўзбеклардаги “ҳорманг” ёки “армон ва орзу” сўзлари билан яқинлигини мисол сифатида келтирган. Бунга қарши хулоса шуки, ҳорманг сўзидаги Ҳ товуши бу бизга аслида ҳинд тилидан кириб келган ва бу эса қиёслашнинг ноўринлигини кўрсатади.

Энг асосли манба шуки, Маҳмуд Қашғарий бобомиз туркийларда сўрашиш учун қўлланиладиган сўз сифатида “Ши” иборасини ёзган (Маҳмуд Қашғарий “Девону луғати турк” 3 ж. 228 бет., Ўша луғат Индекси 338 бет.). Бу бизни “Ши” сўзининг тарихини ва маъносини излашга ундайди. Олдиндан айтиб ўтишимиз мумкин: бу сўз санскритдаги Шакти, Шива, Шивас, Сивас, свастика, шакямуна сўзларидаги умумий ва маънодош қисмдир: Шакти – шиванинг қуввати. Шива – қут, бахт, яхшилик, эзгулик келтирувчи. Шивас – эзгулик, қут барака. Ши(в)аст қут барака, аст – бор сўзи бўлиб, у қадимий  санскрит тилидан. Ана энди свастика сўзига келсак, бу сўзнинг асл маъноси қувват ва бахт берувчи сифатида юқорида берилди. Чунки қадимий ҳинд, санскрит адабий тилида свасти (свастика) омад, қут, эзгулик ва мурувват, омад келтирувчи маъноларида келади. Айни шу маънолари учун бу белгидан ҳиндуизмда, буддизмда ва жайнизмда кенг фойдаланилган. Бир вақтлар бизнинг туркий боболаримиз буддизмни ихтиро қилишгандан кейин бу белгидан кенг фойдаланишгандир. Бундай дейишимнинг сабаби қадимий битикчилардан бири бўлмиш эрадан аввалги учинчи асрда ижод қилган Ашвагхоша исмли киши “Будданинг туғулиши” асарида келтиришича, Будданинг ватани айнан мана шу бизнинг Сурхон-Хоразм воҳалари бўлган. Демак, Ши ва Си бизлар учун қадимий ўзимизнинг сўз ва атамаларимиз десак ҳам бўлади. Чунки, тилчиларнинг айтишига қараганда, ҳамма тиллар ўз индаллосини айнан мана шу санскритчадан олади. Демак, Ши — қадимий саломимиздир.

Шу жойда “шакти” сўзи ҳақида ҳам бир оғиз: шакти ва сакти сўзлари асл маънода бизнинг тилларда “с” ва “ш” нинг талаффузда турли шева вариантларида келиши ва асл маънода бирлигини кўрсатади. Ана шу жойда яна бир сўзни келтираман, бу ҳам бўлса Шакямуна сўзи. Бу сўз ўзаги Сакларни ҳам эслатади. “Муна” қисми эса ҳиндларда авлиё маъносини беради. Энди қаранг, буддизмнинг бизнинг воҳаларда юзага келиши ва шакямунанинг Саклардан келган авлиё маъносини бериши халқларимизнинг тарихий бирлигини кўрсатмайдими?!

Қизиғи шундаки, 1908 йили археологлар ҳозирги Украинанинг Чернигов вилояти Мизин қишлоғи атрофидан бир мамонт мугузига  ишланган қушнинг расмини топишади. Қушнинг суратига эса ўта маҳорат билан айнан мана шу “Ши, Си-вастика” тасвири туширилган эди. Маълумки, бу жойларда қадимий туркийлар яшаган ва улар, албатта, мана шу қувват ва бахт келтирувчи белгини сақлаб келишган. Бу мингйиллик археологик манбанинг ёши 15 минг йил эканлиги аниқланиб, у дунёдаги энг қадимий ёдгорликлардан бири ҳисобланади. Қолаверса, Ши ва свастика белгиси Европанинг бошқа жойларидан ҳам топилган ва уларнинг ёши 6-7 мингйиллик деб аниқланади.

Ҳозирги Сибир ва узоқ Шарқ томонларда бурят, монгол, қолмиқ, тува, хокос ва бошқалар Менди сўзининг ишлатилишини кўрамиз. Менди сўзининг маъноси ҳам соғлик, омонлик, қут, барака ва бахт тилашга бориб тақалади. Амалда бу саломлашиш жараёнида киши ўз таниши билан “Менди” деган сўз билан биргаликда ўнг қўлини баландга кўтариб, кафтлари очиқ ҳолда салом беради ва алик ҳам шундай қабул қилинади. Биз ҳам бу ҳолатни баъзан қўллаймиз ва сўрашаётганлар бир-бирига “салом” деган ҳолда ўнг қўлини кафти очиқ ҳолда кўтариб қўйганини учратамиз. Айнан мана шу ўнг қўлини кўтариб турган киши тасвирини қадимий қоятошларда ҳам учратишимиз мумкин ва уларни биз кўпинча бир-бирини кўриб саломлашаётганлар сифатида қабул қиламиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, қадимий боболаримизда саломлашиш маданияти азалдан юқори бўлган. Бу эса бизнинг маънавиятимиз ҳам қадим илдизлардан сув ичганини исботлайди.

Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ,

психология фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =