Навоийшуносликда ҳам аниқлик керак!

“Мантиқ ут-тайр”ни неча ёшида ёдлаган?

“Лисон ут-тайр” достонида шоирнинг ўзи мактабда ўқиб юрган кезлари ота-онаси Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини ўқишга ҳаддан ташқари берилиб кетганидан ҳадиксираб, яъни бу кетишда телба бўлиб қолишидан қўрқиб, китобни ундан олиб, яшириб қўйганини, лекин бунинг бефойдалигини, чунки уни ёдлаб олганини битади. Мана ўша байтлар:

 

Бўлмағайким, даст бергай телбалик,

Чеккулик бўлғай салоҳидин илик.

Ёшуруб, дафтарни маъдум эттилар,

Шуғлидин кўнглумни маҳрум эттилар.

… Лек чун ёдимда эрди ул калом,

Ёшурун такрор этар эрдим мудом.

 

Бўлажак шоирнинг “Мантиқ ут-тайр”ни ёдлагани ҳақида бошқа бирон-бир манбада маълумот йўқ. Лекин навоийшуносларнинг бири ёш Алишер Аттор достонини 5, иккинчиси 7, учинчиси эса 10 ёшида… ёдлаганини қайд этаверади. Ахир ҳеч ерда шоир ўшанда неча ёшда эканини билдирмаган-ку!

“Фоний” — шоирнинг ҳам форсий, ҳам туркий тахаллуси

Шўро давридаги ўзбек навоийшунослигида: “Алишер Навоий туркий тилда ёзган шеърларига “Навоий”, форсий тилдаги шеърларига “Фоний” деб тахаллус қўйган”, — деган қараш қатъийлашган эди. Тўғри, шоирнинг форсий шеърлар тўплами “Девони Фоний” деб номланган. Лекин машҳур академик Евгений Эдуардович Бертельс бундан бир аср бурун ёзган “Навоий ва Аттор” мақоласида “Лисон ут-тайр” дос­тони туркий тилда битилган бўлса ҳам, унда “Фоний” тахаллуси қўлланганини алоҳида қайд этган эди. Ушбу сатрлар муаллифининг 1992 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” рисоласида эса шоир нега бу достонида айнан форсий шеърларидаги тахаллусини қўллагани сабабларини таҳлил этиб берган, шу тариқа “Фоний” унинг ҳам форсий, ҳам туркий тахаллуси эканини батафсил исботлаган эди. Ахир “Лисон ут-тайр” ҳажман қарийб шоирнинг форс-тожик тилида битилган лирик шеърлари жамланган “Девони Фоний”ига тенг келади ҳам.

Йўқ-да! Манбасини келтириб ўтирмайлик, лекин яқин-яқинларда ҳам матбуотда айрим чала мутахассислар: “Фоний” — шоирнинг форсий тахаллуси”, деб ёзаверди-да.

Бу кетишда хатоларни қачон тузатамиз? Илм қачон янгиланади?

Навоий нечта жанрда ижод қилган?

Устоз навоийшунос Ёқубжон Исҳоқов Навоий лирик хазинаси бўлмиш “Хазойин ул-маоний”да 16 жанр­дан фойдаланилганини ёзган. Бўлди-ку. Матбуотда унда-бунда: “Навоий 16 жанрда ижод қилган”, — деган қайдларга дуч келаверамиз-да.

“Вей, барака топкурлар, ахир Ёқубжон Исҳоқовнинг бу маълумоти Навоийнинг фақат лирикаси ҳақида айтилган, унинг барча асарларига тегишли эмас-ку!” дейдиган мард йўқ.

Ҳолбуки, жанрларни санаш у қадар қийин иш эмас-ку. Ахир Навоийнинг “Мукаммал асарлар тўп­лами” чоп этилган бўлса. Лекин ҳеч ким шу пайтгача санамаган экан. Охири шу масалага аниқлик киритилиб, буюк соҳиби қалам жами 32 жанрда ижод қилгани қайд этилди (қаранг: Адабиёт зиёси, 2020 йил, 6 февраль).

Ана, кўрасиз, ҳали яна кўп йиллар айримлар шоир қўллаган жанрлар ҳақида ўйламай-нетмай яна “16 та” деб айтишаверади.

Улуғ шоир нечта асар яратган?

Адабиётшуносликда бор-йўғи икки қатордангина иборат фард ҳам бир асар ҳисобланади. Шундан келиб чиқилса, умридан ўта баракали фойдаланган Навоий қанча асар яратиб кетди экан?

Бу саволга 2020 йилга қадар эълон қилинган навоийшуносликка оид китоб ва мақолалардан жавоб қидириб ўтирманг. Овора бўласиз. Чунки аксар манбаларда унинг “30 та асар битгани” қайд этилаверади. Кимдир қай бир замонда муаллифнинг китоблари номидан келиб чиқиб, шу рақамни қайд этган. Бўлди, энди буни ҳамма такрорлайверади. Шуни такрорлаётганларнинг деярли ҳаммаси шоир туркийда битган ғазалларининг ўзидан “Хазойин ул-маоний”га 2 минг 600 тасини жойлаганини жуда-жуда яхши билади.

…Яқинда бир ўзбек ошпази ошга сабзи тўғрашнинг оддийгина қурилмасини яратиб, ижтимоий тармоқларга қўйибди. У худди бир пайтлар қишлоқлардаги ҳар бир ҳовлида бўладиган еростидан сув тортадиган қудуқнинг ўзгинаси. Фақат бундай қудуқ учун ишлатиладиган қувур диаметри 10 сантиметр бўлган бўлса, сабзитўғрагичнинг қувури диаметри 5 сантиметрча келади. Тагига тешиклардан иборат металл пайвандланган. Арчилган сабзини соласиз, устидан ўнг қўл билан анорнинг сувини сиқадигандек поршенни босасиз, таппа-тайёр майдаланган сабзини чиқариб бераверади.

Шундан завқланиб, телеграм каналимга шу видеони қўйдим-да, тагига: “Биз — ўзбеклар ҳам ихтирочи бўляпмиз. Шукур!” деб ёздим. Нақ балога қолдим-ку. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист укамизнинг жон-пони чиқиб кетибди-ку: “Устоз: “Биз — ўзбеклар ҳам ихтирочи бўляпмиз”, дебсиз. Бу нима деганингиз? Биз азалдан кашфиётчимиз-ку!” деб ёзибди. Камина ҳам қўймадим: “Азалда-да фақат! Ҳозир дунё қайси кашфиётимиз маҳсулини ишлат­япти? Биз ишлатаётган нарсаларнинг ҳаммасини Европа ихтиро қилган. Ҳатто бутун Осиёнинг бирор ихтироси маҳсули Ер юзи бўйлаб ишлатилаётгани йўқ. Битта ролтонни японлар ихтиро қилган экан, европаликлар унинг ҳам ракка олиб келишини исботлаб беришди”.

Ахир уйингизда ишлатаётган нарсаларни — велосипед, скутер, телевизор, иситиш тизими, ошхонангизгача оқизиб келинган газ, машина, телефон, холодильник, электр токи, кир ювиш машинаси, микровольновка, соч қуриткич, тиш пастаси, тиш чўткаси, устара, дрель, компьютер, кўзойнак, сканер аппарати, принтер, ванна, раковина, жўмрак, дарвозангиз тепасидаги видеокамера… Эҳҳе, яна нимани санай?

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти — Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабридаги Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида: “Чиндан ҳам, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, — деди.

Ҳаммамиз ҳар куни ён-веримизда Ғарб илм-фанининг биздан нечоғли олдинлаб кетганини кўриб-билиб турибмиз-у: “Биз азалдан буюклар етишиб чиққан халқмиз”, — деб ўтирибмиз. Ҳамма гап шундаки, бу гап миямизга қайта-қайта айтилавериб, қуйилиб қолган. Лекин шу пайтгача: “Ғарбдан жуда-жуда орқадамиз”, деб ҳеч ким айтмаган.

Навоийшуносликда ҳам шундай ҳодиса юз беряпти. Шоирнинг минг-минг асари борлигини билганлар ҳам “30 та асар ёзган” деяпти. Охири, буни ҳам эринмай санашга тўғри келди. Ҳозирча унинг 4 минг 585 та асар (!) ёзгани аниқланди (Қаранг: Адабиёт зиёси, 2020 йил, 6 февраль). Аммо бунда насрий-шеърий аралаш битилган асарларидаги шеърлар алоҳида асарлар сифатида саналмади. Бу — тадқиқотчисини кутиб ётган вазифа. Улардаги фард, рубоий, қитъа ва бошқа жанрларга мансуб шеърий асарлар ҳам саналса, бу рақам яна ҳам катталашади, албатта.

Навоий неча шайх ҳақида тазкира битган?

“Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асари Навоийнинг устози ва пири Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазкирасидан айрим қўшимча ва қисқартиришлар билан қилган таржимаси ҳисобланади. Чунки тазкиранинг 1968 йили чоп этилган қисқарган вариантида бор-йўғи 153 нафар шайх ҳақида маълумот қолдирилган эди, холос. 2001 йилга келибгина бу асар тўлиқ ҳолда нашр этилди. Унда ислом оламида XV аср охирларигача ўтган шайхлар ҳақида маълумотлар берилади.

Хўш, тазкирада неча нафар шайх тўғрисида маълумот мавжуд?

Бу саволга жавоб топиш учун, аввало, шу нашрнинг ўзига мурожаат этамиз. “Институтдан” деб берилган қисқа муқаддимада шундай сўзларни ўқиймиз: “…Навоий Жомий асарига эркин, ижодий муносабатда бўлади ва унинг асаридаги маълумотларни тўлдириб ёхуд қисқартириб боради ва 618 та шайхлар сонини 770 тага етказади” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 17. — Тошкент: Фан, 2001. — Б. 5).

Ҳақиқатан ҳам, китобда шайхлар ҳақидаги маълумотлар бир-биридан ажратилиб, рақамлаб борилган ва асар Бибичайи Мунажжима ҳақидаги 770-фиқра билан тугайди.

Лекин асло бунга ишонманг!

Нега?

Чунки тазкирани ўқиб чиқсангиз, рақамлашда жуда катта хатоликларга йўл қўйилганига амин бўласиз.

Хўш, қаерларда хатога йўл қўйилган?

411-рақам билан берилган фиқра сарлавҳасида: “Шайх Аҳмад Чиштий ва иниси Хожа Аҳмад Исмоил қуддуса сирруҳу” (Б. 234) деб аниқ-тиниқ битилган. Демак, бу парчада икки киши — ака-ука шайхлар ҳақида гап боряпти. Рақамни ҳам бу ерга: “411-412” деб қўйиш талаб этилар эди.

544-рақамли фиқрага Навоий: “Қирқ абдол қуддуса сирруҳу” (Б. 364) деган сарлавҳа битган. Кўрга ҳасса каби маълумки, бу парчада 40 нафар шайх ҳақида сўз боряпти. Демак, рақамни ҳам шунга мослаб, юқоридагини ҳам қўшганда: “545-584” деб белгилаш шарт эди.

552-рақамли фиқра сарлавҳасида: “Мир Бузург ва Мир Хурд Маъруф б-ис-Содоти Нуҳқа қуддуса сирруҳу” (Б. 366) деб белгиланган. Демак, бу фиқра ҳам икки шайх ҳақида. Буни: “592-593” рақамлашдан бошқа илож йўқ эди.

556-рақамли фиқра сарлавҳасига Навоий: “Шайх Абубакр Тусий ва Шайх Маликёр Паррон қуддуса сирруҳу” (Б. 369) деб ёзган. Буни ҳам: “597-598” деб белгилаш зарур эди.

596-рақамли фиқра бошида: “Шайх Саъд Ҳаддод ва анинг муриди Шайх Жавҳар раҳматуллоҳи” (Б. 405) деган сўзларни ўқиймиз. Буни ҳам икки рақам билан: “639-640” тарзида ифодалашга тўғри келар эди.

Чунки ахир шайхлар сонига кўра рақамланяптими ёхуд фиқралар сонига кўрами? Агар фиқраларга суянилган бўлса, нега унда муқаддимада 770 нафар шайх тилга олинди?

Хулоса қиламизки, “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида 770 эмас, 813 шайх ҳақида маълумотлар келтирилган.

Битта-иккитага хато қилиш мумкиндир, лекин нақ 43 та шайх тўғрисидаги маълумотлар берилган бўла туриб, уларни саноқда акс эттирмаслик эътиборсизликдан, ўта жиддий бўлган ишни қўл учида бажаришдан бошқа нарса эмас, албатта.

Ёмонлиги, шу тазкирани қайта-қайта ўқиётганлар ҳам ўша муқаддимадаги 770 рақамига ишониб кетаверади-да.

Бу худди уйида фақат ва фақат европаликлар ихтиро қилган нарсалардан фойдаланиб туриб ҳам: “Йигитнинг сўзи битта бўлади: ўзбекларимиз ихтирочи бўлган!” деб туравериш билан баб-баробар.

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари доктори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =