Жингиллар паноҳидаги чечак

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси йўлланмаси билан

 

(Учинчи мақола )

 

Шарқда шундай мазмундаги афсона мавжуд: (албатта), ошиқ-маъшуқ қайсидир йўллар билан танишадилар. Балки тушларида кўришгандир, балки қуш ҳаводан ишқий мактуб олиб боргандир, хуллас, бир-бирларини қаттиқ севиб қоладилар. Ишқ изтироблари беаёв, аммо севишганлар бир-бирларига ета олмайдилар: ўртада ўтиб бўлмас тоғлар бор ёхуд бир-бирларини жуда яхши кўришиб, Яратганни унутиб қўйишган ва шундай жазога лойиқ кўрилгандирлар. Бинобарин,   севги оташи қанча аланга олмасин, висолга етиш имкони йўқ. Шунда икки дил дарёга айланиб, бир-бирларини излаб йўлга чиқибдилар. Ниҳоят,   тоғлардан ошиб, боғларни ортда қолдириб, текис­ликларни кесиб ўтиб, бепоён борлиқда учрашибдилар. Улар висолга етган жой жаннатий бир мас­кан экан…

Худди шундай руҳдаги афсона машҳур ҳинд кинофильми “Сангам”нинг асосида мужассамлашган: Ганга ва Жамна – икки ошиқ бир-бирларини излаб, йўлга чиқадилар ва Сангам водийсида топишадилар. (Фильмда уч тақдир юзасидан гап кетади).

Афсоналарда ҳаёт ҳақиқатлари ақл бовар қилмайдиган   тарзда акс этади: дарёлар учрашган кенг­лик ризқ-рўзга бой, дунёнинг жами гўзаллиги мужассамлашган ўлка экан (ёки шундай ўлкага айланибди). Қирғоқни ёриб юборадигандек осмонўпар тўлқинлар шовуллаган денгиз ичра мармар балиқлар жавлон урар, уммон қирғоқларида ўрмон шовуллар, унда дарахтлару ўт-ўланлар мавж ураркан. Хуллас, таърифлашга тил ожиз.

Агар сезаётган бўлсангиз, бундан юз йиллар олдин Орол ҳавзаси ана шундай мафтункор гўша бўлган. Висолга интилган икки қалб – икки дарё: Аму билан Сир туташган жой чинакамига жаннатий чирой касб этган, бу бойликдан миллионлаб одамлар баҳраманд бўлган.

Бугун бу гаплар даҳшатли оғриқ қўзғайди: қайга кетди у гўзаллик, қани ўша рўшнолик, дилларнинг шодлиги, рўзғорларнинг ободлиги?! Ҳа, икки ошиқни – икки дарёни бир-биридан айирдилар ва унинг заволига қолдилар. Энди денгиз ўрнида саҳро гувлайди, айрилган ва аллақачон маҳв бўлган ошиқлар фарёди, тўлғоқ-талвасаси дунёни ларзага солади. Кўтарилаётган қум бўронлари маъшуқасини излаб саросар кезинаётган ошиқнинг қалб туғёнлари эҳтимол.   Бугун ўша фараҳли кунлардан қайтмас соғинч (ностальгия) унсиз фарёд чекади, энди бутунлай сокинлик комига гирифтор бўлган Мўйноқнинг Оролга туташ қирларини жунбушга келтиради…

Тушмиди у кунлар?! …Мўйноқда ҳаёт қайнайди, денгизда кемалар шовқин солади, минглаб одамлар иш билан банд, рўзғорлар тўкин, балиқ заводи конвейерларидан сархил маҳсулотлар (бир кунда 40 тоннагача балиқ консерваси ишлаб чиқарилган экан) дунёнинг кўз илғамас нуқталарига жўнатилади, ҳатто Чоржўй, Хўжайлидан паромлар келади.

— Денгиз бўйида битириш кечаларини ўтказиш урф бўлганди, – дейди Мўйноқда мен билан суҳбатлашган пенсионер Бибихон Ўтаметова, — тонг отгунча қирғоқда сайр қилиб, ойдин орзуларимизни сувларга айтардик. Бундай тадбир охирги марта 1978 йилда, биз мактабни битирган йили ўтказилди, менимча.

Бугун эса кўнгил кечинмаларини қумлар тингламоқда. Шу жойда музей ташкил қилинган, унинг жиҳозлари олис ўтмишдан бугунгача бўлган тарихдан сўзлайди. Шу жойда сайёҳ­ларга дуч келдик. Улар Германия ва Польшадан келишган экан. Ўз автомобилларида.

— Бу урфга айланган, – дейишди ҳамроҳлар, – йўлини топиб, келишади. Ишқибозлар кўп. Энди бу жойлар сайёҳликдан катта даромад келтирадиган масканлар бўлиб қолса, ажаб эмас.

Интернет тармоқларида дунёдаги экологик ҳалокат манзиллари ҳақида маълумотлар жойлаштирилган. Табиий эмас, техноген ҳалокат ҳудудлари сифатида қайд этилган масканлар рўйхатини кўздан кечирсангиз, қайсидир мамлакатда авария туфайли денгиз ёки дарёга заҳарли ашёлар тушиб кетгани, дарё дамбасини сув ювиб юборгани сингари ҳалокатлар жаҳон жамоатчилигининг назарини тортганлигига, шу ҳолатларга дунё бепарво бўлмай, муносабат билдирганига гувоҳ бўласиз. Аммо рўйхатдаги атом қуроли ёки атом иншоотларидан зарар кўрган Хиросима ва Нагасаки, Чернобиль, Фукусима фожиаларининг даҳшати ҳақида етарлича бонг урилганини ҳам яхши биламиз. Бундай мислсиз қурбонлар келтирадиган фалокатларнинг олди олиниши учун кўрилган чоралар ҳам яхши маълум.

Аммо шу рўйхатнинг белидан жой олган “Орол денгизининг ҳалокати – денгизнинг қуриши” тарзида қайд қилинган фалокатнинг кўлами улардан ҳам бемисл эканини ҳар қандай маълумотли одам тасдиқлайди. Бундай ҳолат – улкан ҳудуддаги сув манбаси – денгизнинг қуриши бу цивилизацияда кузатилмаган ва атрофидаги ҳудудларда истиқомат қилувчи 50 миллиондан ортиқ аҳолининг яшаш шароитини издан чиқариб юборган бу қадар катта фожиа дунёда ҳали қайд қилинмаган. Бу табиий ҳалокатнинг кўлами бутун дунёни қоплаб олаётгани ҳам ҳақиқат. Ҳар йили 30-50 кун давом этадиган, баланд­лиги 4 километргача кўтарилган, олти юз километр кенгликкача тарқаладиган буҳронлар дунё иқлимига кучли салбий таъсир этмоқда.

Бундай манфур “натижа”га эришиш учун етмиш йил, балки ундан ҳам кўп вақт талаб қилинди. Одамзод бу ҳолни томошабин сифатида кузатиб турди. Балки кимдир “Болам чўкиб бораяпти!!” дея қирғоқда ҳайқириб, уввос солиб юргандир, бироқ унга чинакам жонкуйди бўлмади. Кўрилган чоралар ҳам, резолюция ва қарорлар ҳам наф бермади, чунки бош мақсад сир тутилган, кўрилаётган чоралар денгизга томчи ҳам бўлмаслигини ўшалар тушуниб турарди. Хуллас, улкан кема ҳалокат сари кетаётганида унинг рулини нажотга буриб юборадиган кучли қўл топилмаган.

Ўзи, фалокат ана шундай сездирмай келади. Кўлами жиҳатидан Оролдан кейинги ўринда турувчи Хиросима (1945 йил 6 август), Нагасаки (ўша йил 9 август) фожиасини ҳам жамоатчиликнинг англаб етиш тадрижи қизиқ экан. Хиросимада тонг пайти бомба портлаганда ҳеч ким нима бўлаётганини билмаган. Пойтахт Токио билан алоқа бутунлай узилган. Бундай ҳолдан ҳайрон қолган маъмурият аҳволни билиш учун бир учувчини Хиросимага юборади. У 160 км. масофани 3 соатда босиб ўтиб, манзилга келса, шаҳар усти қалин тутун билан қопланган, пастда олов – атроф ёнаяпти. Шу хабар билан ортга қайтган.

Шунда ҳам ақлли японлар нима рўй берганини аниқ билмаган экан, чунки бу кўргулик олдин учрамаган-ку. Орадан 16 соат ўтиб, Вашингтон “янги урушга тайёрланаётган Япо­нияга” атом бомбаси билан зарба берилгани ҳақида расман эълон қилмагунча дунё жамоатчилиги гапнинг тагига етмаган. Орол фожиаси эса йиллар давомида ривожланиб бориб, воқе бўлди. Ўшанда Японияда бир урушда 80 минг одам, икки портлашда 1945 йилнинг охирига келиб нурланиш ва онкологик касалликлардан Хиросимада 90 мингдан 166 минг, Нагасакида 60 мингдан 80 минггача одам нобуд бўлгани қайд этилган. Орол фожиаси қанчалаб инсонларнинг умрига завол бўлди ва бўлаяпти – бунинг ҳисоб-китоби бормикан?!

Бутун жаҳон метерология ассоциациясининг хулосасига кўра, Оролнинг қуриши ХХ асрдаги энг йирик антропеген экологик халокатлардан бири ҳисобланади. Денгизнинг бурунги чегарасидан 100 км. радиусда иқлим кескин континентал (қишда 50 даражагача совуқ, ёзда 50 даражагача иссиқ) ўзгаришга учради. Қор-ёмғир ёғиши бир неча мартага қисқарди, 130 дан ортиқ ҳайвон турлари, 30 турдаги балиқлар йўқолди, тўқай ўрмонлар кунпая-кун бўлди. Денгиз тубида пайдо бўлган қум ва кимёвий заҳарлар билан қоришган чанг бўронлари узоқ-узоқларга тарқалмоқда. Ҳар йили 60-100 миллион тонна қум ва туз осмонга кўтарилади. Орол ҳудудининг заҳарли тузларини ҳатто Антарктидадаги пингвинларнинг қонидан топишди, Гренландия музликларигача етиб боргани исботланди. Шунингдек, Нидерландия ўрмонлари ҳамда   Беларусь далалари ва бошқа жойларга ҳам етиб борди бу заҳри қотиллар. Бугунги аҳвол мана шундай аянчли.

Мутахассисларнинг фикрича, Оролни тўлдириш учун Аму ва Сирнинг ўтган асрдаги 60-йиллар ҳажмида сув қуйганда ҳам юз йил камлик қилади. Вазият   энг камида қарийб юз мингта иш ўринлари йўқолишига олиб келди. Бугун у яна бир бор дунё ҳамжамияти эътибори марказида. Энди унинг “қутқарилиши”дан умид йўқ. Орол инқирози — замонамизнинг энг йирик экологик фожиаси. Эндиликда юзага келган муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Бунинг учун 1993 йилда “Оролни қутқариш халқаро жамғармаси” тузилган. АҚШ, Япония, Германия, Франция ва бошқа ривожланган давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва турли давлат ҳамда нодавлат халқаро ташкилотлар бу аср муаммосини ижобий ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Айни чоғда Норвегия ҳозирнинг ўзидаёқ траст фондига 1,2 миллион доллар миқдорида ҳисса қўшишини эълон қилди. Африкадан Нигериянинг ҳамкор давлатлар қаторига кириши эътиборли.

Гап шундаки, БМТ ўзининг 77-сессиясидаги муҳтарам Юртбошимизнинг нутқида кўтарилган долзарб масалаларни эътиборга олиб, Ўзбекистон ташаббусини маъқуллади ва Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бў­йича кўп томонлама шериклик асосида, бир нечта ҳамкорлар иштирокида траст фонди тузилишини эълон қилди. Бу тўртта долзарб вазифани ҳал этишга кўмак беради: Биринчидан, Оролбўйининг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига маблағлар йўналтирилади. Иккинчидан, комплекс интеграл ёндашувлар таъминланиб, халқаро жамоатчилик, БМТ институтлари ва бошқа ташкилотлар саъй-ҳаракатлари бирлаштирилади. Учинчидан, молиявий маблағларни ўзлаштириш учун янгича ёндашувлар ишлаб чиқилади ҳамда улар минтақани инновацион ривожлантиришга қаратилади. Бу эса маблағлардан оқилона фойдаланиб, кўпроқ вазифаларни ҳал этиш имконини беради. Тўртинчидан, ажратилаётган ресурслар самарали ишлатилади.

Кейинги 4-5 йилда Орол ва Оролбўйи минтақасида экологик аҳволни яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани одамлар ҳаёт тарзида ўз амалий ифодасини топмоқда. Айниқса, денгиз тубини ўрмон билан қоплаш чораларининг кўрилаётгани чанг-тўзонлар кўтарилишини камайтирмоқда. Аммо гапнинг сирасини айтганда, тадбирларнинг яна ҳам самарали бўлиши, кўпроқ наф келтиришида ҳозир ҳам бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, “иш ўрнида гап” кўпаяётгани ёки аниқ мақсадга хизмат қилмайдиган мажлисбозликларнинг камаймаётгани ҳам бор гап. Мана, эътибор беринг: “Агенство МФСА” ўз сайтида қуйидаги хабарни жойлаштирган (у рус тилида бўлиб, ўзбекча нусхасини бошқа сайтлардан топа олмадик, шунинг учун баҳолиқудрат ўзбекчалаштирдик). Уни ўқиб, мукаммал хулоса чиқариш учун жузъий қисқартиришлар билан эълон қилишни маъқул кўрдик:

“Шу йил 20 сентябрда Тошкент шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) ижроия қўмитаси (ИҚ)нинг 3-мувофиқлаштирувчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш Жаҳон банкининг CAWEP дастури қўллаб-қувватлаши билан ташкил қилинди. Унда ОҚХЖ таъсисчи давлатларининг қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув хўжалиги вазирлари, экология, геология ва табиий ресурслар вазирининг ўринбосарлари, Қозоғистондаги Нидерландия   Қироллигининг элчиси, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бошчилигидаги делега­циялар қатнашди.

Шунингдек, тадбирда ОҚХЖнинг ҳудудий ташкилотлари (НИЦ МКВК, НИЦ МКУР) (?) раҳбарлари, МКВК (?), МКУР(?) котибиятлари,   “Сирдарё” БВО (?), “Амударё” БВО (?), ОҚХЖ ИҚ нинг Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон Рес­публикалари филиаллари ва Нукус филиали раҳбарлари, Марказий Осиё республикалари Ташқи ишлар вазирликларининг вакиллари, сув хўжалиги, табиат муҳофазаси бўйича экспертлар, шу қаторда манфаатдор бошқа идоралар, нодавлат ва жамоат ташкилотлари, академик муассасалар, илмий жамоатчилик, хусусий сектор вакиллари ва бошқалар қатнашди.

…Йиғилиш якунига кўра, ҳамкорлар ОҚХЖ ИҚ фаолиятини кейинчалик ҳам қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Улар ОҚХЖ таъсисчи давлатлари ва ҳамкорлар ўртасида ахборот алмашиш ва ишларни мувофиқлаштириб бориш ОҚХЖ платформасини ижро этиш, ҳудудда дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда муҳимлиги таъкидланди”.

Албатта, расмий ахборотларга хос услубда ёзилган ҳисоботдан бирор маъни ажратиб олиш бир оз малакани талаб қилиши аниқ бўлса-да, ўқиб чиқиб, бир оддий ҳақиқатга ишонч ҳосил қилиш мумкин: қаранг, Орол тақдири билан қанча ташкилот қизиқар экан? Улар шунчаки “ҳаваскорлар тўгараги” эмас, балки қўл остида етарлича маблағи ва имконияти бор муассасалар! Хўш, бундай йиғилишларнинг, яъни тадбирларнинг аниқ мақсадга нечоғлик дахли бор? Олдин таъкидлаганимиздек, улар Оролга “қалдирғоч тумшуғида олиб келган сув”чалик наф қилармикан?

Аслида, Оролни ана шундай юзаки ёндашувлар қуритмадими, лоқайдлик, бюрократизм денгизнинг бошига етмадими? “Оролни тўлдириш умуман мумкин эмас!” деб турилганда “Оролни қутқариш…” деб жар солинишини қандай тушуниш мумкин? Хуллас, бу борадаги мулоҳазаларни давом эттиришни ҳар кимнинг ўзига қолдирамиз. Нафсиламбрини айтганда, вазирлар, элчилар, нуфузли халқаро ташкилот вакиллари иштирокида ўтган машваратнинг ташкилий томонлари ҳам анча сарф-харажатни талаб қилгандир. Агар бу тадбирнинг 3 кун (шўъбалар ва умумий йиғилиш тарзида) давом этганини ҳисобга олсак, саволлар ҳам 3 ҳисса кўпаяди.

…Халқимизда “Оққан дарё — оқади” деган пурмаъно мақол бор. Инсониятнинг миллион йиллар билан ўлчанувчи тарихида юз-икки юзлар бир лаҳзадек гап. Тарихий маълумотлар Орол денгизи бир неча марта қуриб, яна тўлганини ҳам иншо этар экан. Замонлар келиб, бу ҳол такрорланса, не ажаб?!

“Ҳинд тилида “санг” – бирлашиш, туташиш деган маънони билдиради, деб изоҳ берганди фильмнинг ўзбек тилидаги таржимони марҳум Амир Файзулла, — “Сангам” эса мустаҳкам бирлашиш, ажралмас бўлиб бирлашиш маъноларини ифодалайди. Ганга ва Жамна учрашган водий Сангам деб аталган ва жой Ер юзининг чинакам жаннати бўлган: унумдор ерларда мўл-кўл ризқ-рўз унган, қут-барака ёғилиб турган, одамлар бахтли яшашган. Гўзал ишқий саргузаштлар асосида қурилган фильм моҳиятида ошиқларнинг бахти умум­инсониятнинг бахти сифатида талқин қилинган. Сангам – бахт-иқбол порлаган ўлка рамзи”.

Бундай тақдирнинг акси Аму билан Сирда ҳам такрорланди чамаси. Икки ошиқ мангу айрилиққа мубтало этилди ва воҳадан ҳамма яхшиликлар йўқолди. Талвасага тушган жабр­дийдалар эса нажот излайди. Бугун инсон ва табиат Орол ҳудудида худди жанг майдонидагидек юзма-юз турибди. Бир томонда ўзаро муносабатларнинг тушунмовчиликлари, балки хатолари туфайли юзага келган Оролқум, иккинчи тарафда эса ўз номардлигидан изтироб чеккан ва шафқат сўраб ёлвораётган (балки ҳамон тавба қилмаган) Одам авлоди.

Муҳораба давом этмоқда. Энди жанг натижаси буткул аниқ бўлиб қолган. Мағлуб тараф ўз хатолари туфайли туп­роққа беланиб кечирим сўраб турибди. Унинг илтижолари керакли жойга етиб борармикан, оҳу фарёдлар, нажот тилаб чекилган нолалар ижобат бўлармикан?! Бир нарса дейиш қийин. Аммо табиат зуғуми тўхтамаяпти, инсон эса ўз иродасини гаровга қўйиб, бор имконияти билан ҳаракат қилаяпти. Бу ҳаракат талваса эмас, балки вазиятдан чиқиб кетиш, уни юмшатиш учун қилинаётган онгли ҳаракат. Биз ҳам бир ожиз банда сифатида табиатдан шафқат сўраб қоламиз.

…Бийдай далани бутасимон дарахтлар, шўр ва тақирга мослашган ўсимликлар қоплаган. Ҳозирги техника асрида бир комбайн   яратилса-ю, ҳаммасини сартарошдек тарашлаб, мўл-кўл озуқа базаси (!) яратса ва минглаб бош чорва моллари боқилса, тўкин турмуш юзага келармиди? Ҳақиқатан, бу жойларда чорвачиликни ривожлантириш имкониятлари чексиздек (фақат сув бўлса!). Тўранғиллар қоядек кўзга ташланади, саксовуллар шамолда рақс этади, оқ пуштими, қизил-қирмизими, бетимсол бир рангда жинғил (юлғун)лар гуллаган. Бу ранг борлиққа гўзаллик таратиб турибди. Ана шу қирмиз-қизил гулли жинғиллар панасидаги саҳро чечаги бутун бўй-басти билан ҳаётга муҳаббат қўшиғини куйлаётгандек. Миллион йилларнинг юзини кўрган бу кенгликларда ҳаёт мангу давом этаверади…

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =