Қадрингни қачон баланд тутамиз Она тилим?

Тил – инсоният тарихидаги энг буюк кашфиёт, ҳар бир миллатнинг кўзгуси ҳисобланади. Тил бор экан, миллат барҳаёт. Бежизга тил Онага қиёс­ланмайди. Ҳар бир инсон ўз онасини қанчалик яхши кўрса, эъзозласа, ўз тилини ҳам шунчалик қадрлаши керак. Тил тараққиёти – мансуб халқ маънавияти, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланишининг ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофати, жозибаси ва таъсир кучи, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”, дея бежиз таъкидламаган эди.

Албатта, она тилига эътибор фақатгина тил байрами кунлари ўтказиладиган тадбирлардан иборат бўлмаслиги керак. Бу туйғу ҳар бир инсоннинг қалб қўрида яшамоғи шарт. Унга муносабат ҳам шунга яраша бўлиши керак. Лекин минг афсуски, бизда аҳвол, тилга муносабат кўнгилни куйдирадиган, юракни оғритадиган даражада десак хато бўлмайди.

Қашқадарё вилояти, Касби Маданият бўлими томонидан туман “Маданият саройи”да 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Қадри баланд, она тилим!” мавзусида байрам дастури бўлиб ўтди. Бунда вилоят ҳокими маслаҳатчиси Зиёда Аминова ҳамда вилоят Маданият бошқармаси бош­лиғи Исҳоқ Тўраевлар сўзга чиқиб, анжуман қатнашчиларига она тилимизнинг таровати, тенги йўқ чиройи, бетакрор олами хусусида ўз мулоҳазаларини баён этишди. Сўзга чиққанлар она тилининг муқаддаслиги ҳақида гапирдилар. Юқоридаги мулоҳазалар ҳам тадбир иштирокчилари томонидан айтиб ўтилди.

— Ҳар бир давлатда қилинадиган ишлар, имзоланадиган ҳужжатларнинг барча-барчаси ўз тилида амалга оширилади, — деди Исҳоқ Тўраев, — Шундай экан, ўз тилимизни асраб-авайлашимиз, уни асл ҳолича келажак авлодга етказишимиз инсоний бурчимиздир. Афсус­ки, баъзи ёшлар миллий тилимиздан кўра ўзга тилларда сўзлашишни устун билишади. Йўқ, аввало, ўз тилимизнинг қадрига етайлик. Шунда бошқа халқлар тиллари олдида ўзбек тилининг афзал жиҳатларини ҳис қила оламиз, уни янада бойитиш даражасига эришамиз.

Суннатилло БОЙТУРДИЕВ,

Касби туман Маданият бўлими

бош мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − three =