“Ажралиш куйи”ни чалманг

Оилавий ажримларнинг “мўда”га айланаётганлигига сабаб нимада?

 

Оила — жамиятнинг асосий бўғини, муқаддас маскан. Мамлакат тараққиётини ҳаракатга келтирувчи асосий ҳужжат — Бош Қомусимизда оила масаласига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қў­йилган. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Яъни оила маънавий жиҳатдан бутун бўлсагина, мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оилалардан ташкил топган мамлакат эса, албатта, қудратли бўлади.

Агар ота-оналар бир-бирларига меҳр-муҳаббат қўйиб, дўст ва аҳил бўлиб яшасалар, уларнинг фарзандлари ҳам дилкаш, меҳрибон, имонли инсонлар бўлиб етишади. Лекин ота-оналар аҳил яшамаса, бир-бирини тинмай ҳақорат қилсалар ичкиликбозликка берилса, болаларини урса, бу ҳолат бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган хавотирли масаладир. Маълумотларга қараганда, ажрашишлар сони юртимизда жорий йилда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан анчагина кўпайган.

Маҳаллалар кесимида ажралиш­ларни кузатиб рости ёқамни ушладим. Айниқса, бир нечта фарзандлари бўла туриб ажрашаётган ота-оналар фарзандларининг тақдирини ўйлаб кўришаяптимикин деган савол туғилди. Арзимаган важлар сабаб оилани барбод этиш, албатта, болалар тарбиясига салбий таъсир этади. “Боланинг уволи тутади”, деган гаплар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Афсуски, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини ўйламайдиган ота-оналар ҳам орамизда йўқ эмас.

Халқимизда “Отасиз етим – гул етим, онасиз етим – шум етим” деган мақол бор, шахсан мен кейинги йиллар мобайнида отасиз қолган болалар ҳам яхши одамлар бўлиб етишиши мумкинлигини исботлашга уриндим.

Бир маҳаллага бир ойда бештагача ажралиш тўғрисида аризалар келиб тушибди. Яраштирув комиссияси бу аризаларнинг олдини олиш учун бор салоҳияти билан иш олиб бормоқда, лекин ниятларидан қайтариб бўлмайдиган оилаларнинг сони кундан-кун ортмоқда.

Хўш, бунинг асосий сабаби нима экан? Ҳақиқатдан ҳам иқтисодий сабабга тақалганмикин ёки…

Бир оила вакили судга ажрашиш учун ариза берган, ўзи тадбиркор, топиш-тутиши яхши. Икки фарзанди ҳам бор экан. Қайнона келинидан рози. “Бу оилани яраштирса бўлар” дедим ўзимча, лекин чучварани хом санаган эканман. Эр аллақачон бошқа аёл билан шаръий турмуш қуриб, бирга яшаётган экан.

Яна бир ҳолатда маҳалладаги яраштирув комиссиясига ажрим ёқасидаги аёл бўлажак эри билан келди. Уларнинг ҳам ўртада фарзандлари бор экан.

Эндигина турмушига 3 ой бўлган ёш жуфтлик ҳаётининг энг гўзал дамларида ажрашамиз деб ФҲДЁга ариза берибди. Маҳалла идорасига келган қизнинг уялмасдан “тезроқ ажрашсам эрга тегаман”, деган гапларидан тўғриси пешонамдан тер чиқиб кетди. Эр ёки хотин топиш шунчалик осон бўлиб қолдими?!

Бугунги ажрим ҳолатларни занжир реакциясига қиёсладим – бир аёл ажрашади ва бошқа оилали эркакни оиласини бузади, иккинчи оилада ҳам ажрашиш ҳолати, тирик етим гўдаклар пайдо бўлади, энг қизиғи, етим қолган фарзандларнинг келажак тақдири нима бўлар экан? Айни кунда аксарият ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатиляпти. Ёки бўлмаса, бошқа ҳуқуқбузарликлар, одам савдоси қурбонлари, ноқонуний йўл билан чет давлатларга чиқиб кетаётган ёшлар, аёллар, албатта, буларнинг аксарияти асосан ажралиш оқибатида юзага келган ҳамда нотўлиқ оилаларда бўлаётгани ачинарли.

Беш оиладан атиги биттаси эри ишламагани учун, икки нафари иккинчи турмуши бўлганлиги, яна икки нафари ота-оналарининг аралашуви билан ажримга муқаррар юз тутдилар.

Ёшларнинг психотроп дори воситалари истеъмол қилишлари ҳам кенг ажримларга сабаб бўлмоқда экан. Қандай қилиб дейсизми?! Психотроп таблеткаларни истеъмол қилиш бангиликдан ўзга нарса эмас-да. Бундай йўлга кирганларга эса на оила, на боланинг қизиғи қолади.

Бештагина ажрим катта кўрсаткич эмасдир, лекин мамлакатимизда ўн мингга яқин маҳалла борлигини инобатга олсак, ташвишли рақамлар келиб чиқмоқда.

Бундай ажралишлар сонини камайтириш учун ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш зарур. Оила тинчлиги учун энг аввало маҳалла аҳли, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик жавобгардир. Бугунги кундаги ислоҳотлар асосида яратилган янги лавозимлар – “Ҳоким ёрдамчиси”, “Ёшлар етакчиси” ва “Аёллар фаоли” айнан оиланинг, шахснинг осойишталиги, тинчлиги, иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун тузилди. Мазкур вакиллар бир қатор омилларга эътибор қаратиш лозим бўлади, яъни оиладаги ажримларнинг олдини олишда, асосан, ёшларни оила илмига ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Уларда оила муқаддас қўрғон эканлиги тўғрисидаги тарғибот-тушунтириш ишларини бутунлай янгичасига олиб бориш керак.

Инсонни шакллантирадиган омил – ҳамкорлик, уни инсонгарчиликдан чиқарадиган нарса эса ноаҳилликдир. Аҳилликнинг нималарга қодир эканлигини бизнинг маҳалламиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бир мисол. Кўча бошида бир кўп болали ёш оила истиқомат қилади. Самандар ишламасди, иш таклиф қилсам ҳеч унга маъқул бўлмасди. Аёлининг эса ёш боласи борлиги учун ишлашга имкони йўқ. Хонадонда қайнона келин ўртасида можаро чиқди. Йўқчилик ҳам бу жанжалга қоришиб ёшлар ажрашаманга тушдилар. Охир-оқибат оилавий масалага аралашдим. Ўйлаб бир қарор қилдим. Бу оила деб аталмиш даргоҳни мустаҳкамлаш учун уларни бир мақсад остида бирлаштиришни режаладим.

Самандар чилангарлик касбини эгаллаб, бир пайтлар шу соҳада ишлаган экан.Уларга тадбиркорлик режаси тузиб берилди. Хуллас, субсидия асосида компрессор ва пайванд аппарати олиш учун тавсия киритилди.

— Сиз ўзингизни-ўзингиз банд қилиб бошланишига хонадон дарвозаларини бўяйсиз, даромадингиз кўпайиб дарвоза ясашни бошлайсиз, шу қўлингиздан келадими? — деб Самандарга таклиф бердик. Аёлининг кўзи ёришиб кетди, Самандар ҳам бирдан: “Ҳа, бу қўлимдан келади”, деб жавоб қайтарди. Сал олдин ажрашаманга тушиб турган оила бир бўлиб тадбиркорлик режасини маслаҳатлаша бошладилар. Шунда ўзимга-ўзим — тўқчиликдан ажрашаётганларни яраштириб бўлмаса ҳам, йўқчиликдан ажрашаётган оилаларни сақсаб қолса бўларкан, – деган хулосага келдим.

Ёшлар оила деб, аталмиш муқаддас даргоҳ остонасига қадам қўяр экан, “Мен оила қуришга тайёрманми? Оилам мустаҳкам бўлиши учун нималар қилишим керак?” деган саволларни ўзига берса, мустақил ҳаётга юзаки эмас, ўта жиддий масала деб қараса, оилаларда пайдо бўладиган баъзи бир нохуш ҳолатларнинг олди олинади.

Жаҳонгир НОСИРОВ,

Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги

“Чилтўғон” МФЙнинг   ёшлар етакчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − 2 =