Номуссизлик

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларни ларзага солаётган “Хоразм воқеаси”дан хабарингиз бор, албатта. Маълумот учун: телеграм каналларнинг бирида шу йил 31 март куни Хоразмда вилоят адлия бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари оилавий “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари бўлган вояга етмаган қизларни мунтазам зўрлаб келгани ҳақида хабар жойланди. Унда 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган суд мажлисида ўша оилавий “Меҳрибонлик уйи” раҳбари, вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиғига нисбатан қўзғатилган иш кўриб чиқилгани айтилган. Энг ажабланарлиси эса “одил суд” қўшмачи аёлга беш йил озодликдан маҳрум қилиш, қолган икки виждонсизга эса бир ярим йиллик озодликни чеклаш тўғрироғи “уй қамоғи” жазосини берган.

Бундан ҳам қизиғи эса “икковлон”га орадан уч ой ўтиб, соат 22:00 дан 6:00 гача уйларида ўтириш оғирлик қилган, шекилли, апеллация инстанцияси судига белгиланган жазодан норози бўлиб мурожаат қилишган. “Одил суд”га “тасанно”ларки, бу “оғирдан-оғир” жазони ўзгаришсиз қолдиришибди. Хўш, энди ўйлаб кўрайлик: халқ жунбушга келиши, ахборот майдони “портлаши”га сабаб бўлган бу ҳолат агар ошкор бўлмаганида ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолмасмиди?! Она сути оғзидан кетмаган қизларни зўрлаб, суд залида ҳеч таб тортмай “уларнинг ўз хоҳишлари билан рози бўлишгани”ни айтган номардлар халқ орасида, миллионлаб ёш қизлар атрофида юраверармиди?! Амал, мартабаси бўлмаган, оддий шахслар шу ишни қилса, унинг ўзигагина тош отиларди. Бу ҳолатда давлат хизматчилари томонидан бу жирканч иш мунтазам қилиниб келингани нафақат уларнинг ўзига, балки соҳаларига ҳам доғ! “Масъул лавозимларда кимлар ишлаяпти, уларнинг ахлоқ мезонлари қандай?” каби саволларга жавоб топиш халқнинг ҳақли талабига айланди. Ахир, етим қизларни ишонган тоғимиз бўлган давлат кишиларидан ҳам асрашимиз керакми?! Айни шу савол кўплаб одамлар дилини вайрон қилгани шубҳасиз. Бу борада Саида Шавкатовна Мирзиёеванинг фаол муносабатини ва қуйидаги фикрини эътироф этиш лозим: “Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахс­лар фойдаланиб қолаётганини кўрсатади”. У иккинчи апрель кундаги муносабатида эса жабрланган қизларнинг хавфсизлиги таъминланганини билдирар экан: “Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди” деди.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжоновнинг мавзу доирасидаги қуйидаги фикрини минглаб юртдошларимиз, интернет фойдаланувчилари қўллаб-қувватлади: “Педофилларга нисбатан ким­ёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди!

P\S: Агар бу масала дунё тажрибасисиз бўлмайди, қайда бор бу жазо, десангиз Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва ҳоказо давлатларни кўринг. Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан”.

Журналист-блогерлар ҳам ўта фаоллик билан ахборотлар оқимида туришди, фикр ва мулоҳазаларини ўртага ташлашди. Таниқли журналист Ҳусан Эрматов Фбдаги саҳифасида муносабат билдирар экан, жумладан, шундай деб ёзади: “Одамнинг баъзида бир нима бўғзига келади тиқилиб, биз ўзи қанақа халқмиз, шу халқнинг обрўси, эртасига шунчалар ҳам бефарқ бўлиш мумкинми? Назаримда, бу жирканч ишлар жамиятнинг кўзгудаги акси, бошқа нарса эмас”.

Таниқли тележурналист Шоҳира Ҳамро эса аччиқ кесатиқ оҳангида ёзган: “Бандамиз, хотирамиз калта… Марғилондаги воқеани унутдик, Сергелида зўрлаб ўлдирилган қизалоқни унутдик, Хоразм фо­жиасини ҳам унутамиз…”

“Бу хунрезлик, шунчаки даҳшат! – дейди ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев. – … Шахсан мен буни адолатсиз ҳукм деб ҳисоб­лайман! Хуллас, ушбу жиноят ишида “ўйин” бўлгани аниқ. Таниш-билишчилик, коррупция ҳиди анқиб турибди”.

“Педофилларга ўлим жазоси берилиши керак. Бўлмаса, қамоқдан чиқиб, яна қайсидир қизнинг умрига зомин бўлиши мумкин” дея вазиятга баҳо берган журналист Наргис Қосимова.

Турли касб-кордаги миллионлаб интернет фойдаланувчилари воқеага турли ракурслардан қараган, турлича фикрлар баён этилган. Уларнинг деярли барчасида вояга етмаган қизларнинг ҳимояси ва “олий маълумотли педофил”ларга кескин жазо сўралган. Жумладан, Маҳбуба Соқиеванинг мулоҳазаси янада кескин: “Жалолиддин Мангуберди ҳаёт бўлганида бу маразларни қиличдан ўтказар эди. Ор, номус учун аҳли оиласини дарёга чўктирганини эсланг”. Кенжахон Усмонова эса бундай изоҳ ёзган: “Ҳозирги пайт­­да ҳам оддий одамлар бундай жиноят қилса, 10-15 йил қамоқ жазоси берилади. Амалдорга бир ярим йил фақат “кечаси уйингда ухла” де­йиладими? Қани адолат?!” Феруз Аллабердиев деган киши “Юртимиздаги барча меҳрибонлик уйлари, кар-соқовлар мактаблари, мурувват уйларида жиддий текширув ўтказилиши керак. Болалар билан мутахассислар суҳбатлашиши керак. Аслида педофиллар учун ўғил бола ёки қиз боланинг фарқи йўқ. Болаларни бундай маразлардан ҳимоя қилолмас эканмиз, биз ҳеч киммиз!” дейди. Яна бир ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланувчи одам Замон Абдуллаев қуйидаги фикрни ўртага ташлаган: “Тергов ҳаракатларини олиб борган терговчилардан тортиб, ҳукмни ўқиган судягача, қатъий чоралар кўрилмас экан, бу каби фожиалар давом этаверади”.

Талаба ёшлардан бири Эркин Шукуров эса “Янги Конституцияга педофилларга қаттиқ жазо бериш моддаси киритилса, мен эрта тонгдан бориб референдумда овоз бераман” деб ёзибди.

Умуман олганда бу мавзу нафақат интернет тармоқларида, балки бошқа оммавий ахборот васиталари, кўча-кўй, жамоат жойлари, хонадонларда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, “Оriyat dono” радиоканали жонли эфирида муҳокама қилинган мазкур мавзуда таниқли журналист Нозима Воҳидова телефон орқали боғланиб фикрларини билдирди: “Мен ҳам онаман, невараларимнинг бувисиман. Бу воқеа мени қаттиқ ларзага солди. Кўз ёшимни тия олмаяпман. Булар қандай одамлар эканки, етим бечораларни хўрлашса…”

Ҳа, азалдан қиз фарзанд халқнинг ори, номуси ҳисобланган. Бу жирканч воқеа элимизнинг жон томирига теккани рост гап. Номус ҳимоясига чоғланганлар жиноятчиларга қаттиқ ва қонуний жазо тайинланишини сўрашмоқда.

Мазкур воқеага турли ташкилотлар ўз расмий баё­нотларини беришди. Жумладан, Олий суд ҳам биринчи баёнотида уларга бирорта протест келиб тушмаганини айтиб, мужмал фикрларни ифодалаган эди. Кейинги баёнотида Олий суднинг жиноят ишлари бў­йича судлов ҳайъатига Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримини А.М. ва А.Қ.га оид қисмини бекор қилиб, ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисида Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести келиб тушгани айтилди. Ушбу протест шу йил 6 апрель куни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши маълум қилинди. Хўш, бу нима дегани? Бу “одил суд”­нинг кичик бўғинидаги “ўйин” сирлари Олий суд томонидан очилади дегани. Ҳайрон қоларлиси, ҳимоясиз вояга етмаган қизларни “ўз хоҳиши билан” эканига “ишонган” Хоразм суди 17 ёшгача ҳар қандай жинсий зўравонлик   энг оғир жазога муносиб жиноят эканлигини наҳотки билмайди? Боз устига қабиҳ жи­ноятига “кундуз куни билганинг­­ни қилавер, фақат кечқурун бир ярим йилча уйингда ўтириб тур” дея “ҳурматланган” педофиллар ҳукмдан норози бўлишгани-чи?! Бу ҳолатдан англаш мумкинки, улар ўз ишларини жиноят ҳисоб­лашмаган, виждон, иймон деган нарсалардан бегона шахс­лардир. Таассуфки, давлат тизимида, ҳуқуқ органларида мана шундай одамларнинг борлиги, қолаверса, уларнинг сувдан қуп-қуруқ чиқиб олиши бизда ҳали қонун устуворлиги деган тамойил анча узоқда эканлигини билдиради. Бу воқеа ёпиқ қозонлардан бирининг очилиб кетгани. Ваҳоланки, қопқоғи бақувват қозонлар йўқ дейсизми?! Биз Президентимиз бошчилигида ошкоралик жа­миятини қурар эканмиз, бирорта “ёпиқ қозон” бўлмаслиги керак! Судлар ҳам, давлат ташкилоти ходимлари ҳам, оддий халқ ҳам, эгарлию эгарсиз барча-барча одамлар жиноятнинг миси чиқишини аниқ билиши, қонун устуворлигини ҳурмат қилиши лозим! Айниқса, юрт келажаги бўлган болалар ҳуқуқлари, ҳимояси шак-шубҳасиз экани, хотин-қизларга зўравонликка йўл қўйилмаслиги борасида қонунчиликда қатъий жазо белгиланиши давр талаби бўлиб турибди.

Президентимиз маҳалла тизимига катта имконият берган бир пайтда, амалдорларга уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб, одамларнинг дардини тинглаш, халқ билан яқинлашиш вазифаси қўйилаётган замонда бундай жирканч ишларнинг рўй бериб туриши ҳеч бир ақлга сиғмайди. Ахир, уйма-уй юрган масъуллар бу воқеалардан бехабар қолармиди?! Болалар билан дилдан суҳбатлашган одам, улар қўрқиб вазиятни айтмаган тақдирда ҳам, шубҳага борган бўлмасмиди?! Куни кеча Сергелида уч боласи билан ўзини кўп қаватли уйдан ташлаган, ўзи ва норасидаларининг ўлимига сабаб бўлган аёл қисмати ҳам бу борадаги ишлар суст эканини кўрсатади. Нима мажбур қилдики, аёл бундай руҳий зўриқишга учради? Нега фарзандларининг ҳам бу дунёда қолишини истамади? Тўғри, бу ҳолатни оқлаб бўлмайди! Аммо хотин-қизлар ҳимояси ҳақида гап кетганда, ҳимоясизлик, чорасизлик ножоиз оқибатларга олиб келишининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Умуман олганда, саволлар кўп.

“Effekt.uz” сайти мухбири билан суҳбатлашган хоразмлик жабрдийда қизлардан бири айримлар уларнинг ўзида ҳам айб бор дейишаётгани, аммо уларда бировга айтишдан қўрқув бўлгани, доимий тазйиқ ва зўравонликда яшашгани, ниҳоят ўзи ўқиётган мактаб директорига вазиятни айтганини билдирибди. Шу жойда ўша мактаб директорининг “ўйин”ларга қўшилмагани, ўқувчиларининг ёнида туриб, керакли мутасаддиларга хабар берганини эътироф этиш керак. Ҳимоясиз етим қизларнинг дардини тинглагани ва уни ошкор қилганининг Аллоҳ ажрини берсин!

Аслида бу муборак кунларда бундай мавзуда ёзиш, ҳатто ўйлаш оғирдан-оғир… Аммо етимларни хўрлаётган, зўрлаётганлар бор экан, аввало, Худо уларнинг жазосини берсин, дейсан. Қолаверса, қалбида иймон нури бўлган ҳар бир инсон хотиржам ўтира олмайди. Рўзайи рамазон кунларида Аллоҳдан ёмонларга жазо, мискинларга шафоат сўраймиз. Олий суддан эса энг адолатли ҳукмни кутиб қоламиз.

Шу ўринда янгиланаётган Қомусимиз учун референдум ўтказиш арафасида турар эканмиз, қонунчиликда педофилларга муносиб жазо белгиланиши лозимлигини яна бир бор эслатмоқчимиз. Шифокорларнинг таъкидлашича, педофиллик даволаб бўлмайдиган касалликлар турига кирар экан. Бизда демократик жамият ва эркин яшаш тамойили амал қилар экан, бундай жирканч иллатга ўрин бўлмаслиги лозим. Чунки ҳеч бир ота-она боласини кўчага ўйнашга бехавотир чиқара олмайдиган жамиятни эркин деб бўлмайди. “Хоразм воқеа”си, Сергелида мактабдан қайтаётган ўқувчининг зўрлаб ўлдирилгани ва шу мавзу атрофида ижтимоий тармоқларда турли фойдаланувчилар турли ҳудудларда ўзлари гувоҳ бўлган воқеаларни ҳикоя қилишгани муаммонинг долзарб ва кўламдор эканини исботлаб турибди. Энг аянчлиси, бизда бундай жирканч одамлар йўқ деб айтолмаймиз ва “Хоразм во­қеаси” жараёнлари, жазо номуқаррарлиги уларни рағбатлантириши мумкин. Шундай экан, қонунчиликда бу даволаб бўлмайдиган касалликка учраганларни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комилжон Алламжонов фикр билдирганидек, педофилларга кимёвий кастрация йўли билан жазолаш моддасини қўшиш шарт! Улар қатъий ва қаттиқ жазоланмас экан, бу иллатга қарши кураш самарасизлигича қолавериши мумкин. Уларга жамиятда ўрин йўқлиги, жазо муқаррарлиги қатъий белгиланиши лозим.

Ситора ТОЖИДДИНОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =