Қашқадарёлик журналистлар билан учрашув
Шу йилнинг 30 октябрь куни Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи” биносида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Миллий журналистиканинг бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Усмон Нусуров, вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зокиров ҳамда вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, ижодкорлар ва турли ижтимоий соҳа вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Олимжон Ўсаров бугунги кундаги миллий журналистиканинг аҳволи, журналистлар олдида турган вазифалар, истиқболдаги режалар ва амалдаги лозим бўлган ишлар ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Унда сўз олган маҳаллий ОАВ вакиллари вилоятдаги мавжуд даврий нашрларнинг оғир аҳволи ҳақида гапирар экан, газета ва журналларнинг тиражи кун сайин пасайиб кетаётганлиги, ҳатто айрим маҳаллий ҳокимият газеталари ёпилиш даражасига тушиб қолганлигини куюниб гапирдилар.
Тадбир чинакам баҳс ва мунозаралар майдонига айланди. Ёшларни, умуман, кенг жамоатчиликни матбуот ва даврий нашрларга обунасини жадаллаштириш юзасидан турли фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги масъуллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 294-сонли қарорига мувофиқ вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари ва журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Журналистлар уюшмасининг моддий техник базасини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий ишлар олиб борилаётганлиги ва бу борада вилоят ҳокимининг тегишли қарори имзоланганлигини алоҳида қайд этишди.
Тадбир доирасида вилоятда узоқ йиллар матбуот ва ОАВ соҳаларида фаолият юритган бир гуруҳ юбилей ёшини нишонлаётган устоз журналистлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди:
Жумладан, Шавкат Султонов — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, Нишон туманидаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, Галавиддин Юлдашов — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раиси, Усмон Нусуров — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, Қашқадарё вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Санобар Боймуродова Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, Қашқадарё телерадиокомпанияси ва “Uzbekiston24” телеканалининг вилоятдаги мухбири. Шунингдек, бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари Қашқадарёга сафари доирасида Қарши шаҳридаги Президент мактабида ҳам бўлишди. Меҳмонлар мактаб фаолияти билан яқиндан таништирилди ҳамда ўқув маскани бўйлаб экскурция ташкил этилди, ўқувчилар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. “Иқтидорли ёшларнинг хорижий тажрибани ўрганиш билан бир қаторда миллий қадриятлар руҳида камол топишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор”, — деди Уюшма раиси Олимжон Ўсаров мактаб ўқувчилари билан учрашув чоғида.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Президент мактаби кутубхонасига жаҳон адабиётининг нодир намуналари туҳфа қилинди.
Акбархон МАГДИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси етакчи мутахассиси