Кузатувчи бўлишнинг ўзи етарли эмас!

Бугунги кунда экологик журналистика долзарб ва муҳим йўналишга айланиб улгурди. Зеро, мамлакат олдида турган экологик муаммоларнинг моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик ҳамда ҳукумат эътиборини талаб этмоқда. Бу борада ОАВ кенг жамоатчиликни экологик муаммолардан хабардор қилиш ҳамда табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни асраш жараёнларида иштирок этаётган турли ташкилотлар ўртасида боғловчи занжир вазифасини бажаради.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида   Экологик журналистика кенгаши ташкил этилди.

Куни кеча пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида янги ташкил этилган мана шу кенгашнинг 2022 йилга мўлжалланган режалари ва экология мавзусини ёритувчи журналистлар олдида турган вазифалар муҳокамасига бағишланган “Экологик муаммоларни ёритишда бирлашайлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бугунги кунда мамлакатимизда долзарб аҳамият касб этаётган экологик муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, уларни журналис­тика тамойилларига таянган ҳолда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритиш масалалари бугунги куннинг асосий мавзуларидан бири эканлиги борасида сўз юритди.

—Уюшма қошида Экологик журналистика кенгашини ташкил этиш ҳамда бугунги тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — экология мавзусида қалам тебратаётган журналист ва блогерларни бирлаштириш, экологик муаммоларни ёритишда журналистика тамойилларига амал қилиш, Республикамизда фаолият олиб бораётган Экологик ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишдан иборат, — деди О.Ўсаров. —Ҳаммамизга аёнки, Президентимиз яқинда Қорақалпоғистонга қилган ташрифи мобайнида Орол денгизининг қуриган жойига бориб, у ердаги вазиятни ўрганди, экилган шўрга чидамли ўсимликларни кўздан кечириб, экология ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан шахсан суҳбат ўтказиш баробарида экологик муаммоларга ечим топиш чора-тадбирлари бўйича тегишли тавсиялар бердилар. Давлатимиз раҳбари барчамиз бирдамликда ҳаракат қилишимиз зарурлигини бот-бот такрорлаётган бир паллада шунчаки кузатувчи бўлиш инсофдан бўлмайди. Экологик маданиятни янада ошириш, она табиатни асраб-авайлаш борасида қалам аҳли ҳам ҳар қачонгидан фаолроқ бўлиши керак, албатта.

Дарҳақиқат, авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун барчамиз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур. Россиялик олимларнинг таъкидлашича, бугунги кунда дунёда 28 тадан ортиқ доимий экологик муаммолар бор. Ушбу муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш бугунги кунда журналистиканинг ҳам асосий вазифаларидан биридир.

Шунингдек, тадбир давомида журналистлар томонидан юртимиздаги мавжуд экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Ноннинг увоғи ҳам нон эмасми? Бугунги тўкин-сочинликнинг қадрига етишимиз керак, ахир.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳари бўйича 1000 та чиқинди шохобчасининг ҳар биридан кунига 2-3 килограмм­дан жами 2 тоннага яқин нон чиқиндига ташланади. Ишчилар бу нонларнинг яхшиларини чорва боқадиган одамларга бериб юборади. Моғорлаганларини эса ариққа оқизишга мажбур бўлишади.

— Бундай ачинарли ҳолатларни юртдошларимизга, айниқса, ёшларга   атроф­лича тушунтиришимиз, экологик маданиятни шакллантиришимиз зарур. Қизиғи, атроф-муҳитни ифлослантираётганлар ёш болалар ёки кексалар эмас, балки асосан ўрта ёшли одамлардир, — дейди “Оила ва табиат” газетаси мухбири Саида Ибодинова.

Тадбир баҳс-мунозаралар ва ўринли мулоҳазалар билдирилган тарзда қизғин руҳда ўтди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + fifteen =