Қўшни қўшнига кўзгуми?

Эрталаб ишга сал шошилиб чиқдим. Кўчамиз бошига етганда қўл телефонимни унутиб қолдирганим   ёдимга тушди. Ноилож ортга қайтдим. Биздан уч-тўрт уй беридаги қўшнимиз янги иморат қуряпти. Дарвозаси олдига тўкилган машина-машина ғишт ёйилиб, кўчанинг анча қисмини эгаллаб олгани боис, айнан ўша уй бўйлаб ўтишга мажбур бўлдим.

Ўн-ўн беш чоғли қурувчилар ишлашяпти. Эски уй йиқитилгани боис, очиқ айвондаги ўчоқда Замирахоннинг келини   овқат пишираётганлиги шундоқ кўриниб турарди. Қурувчиларнинг бири шерикларидан ажралган ҳолда келинга ҳазилнамо гаплар қилаяпти. Айниқса, оғзидан чиққан бир бепарда луқмадан энсам қотди. Тўғриси, қўшни сифатида дилим оғриди. Беихтиёр баланд овозда “Бефаросат!” деб юборганимни билмай қолдим.

Уйдан телефонимни олиб қайтаётганимда ўша қурувчи йигит ҳалиги зардамга жавобан менга тегизиб, шеригига қараганча писанда қилди: “Шерали, шундай қилиб бефаросатлик қилибмиз-да, а?”

“Ҳа, жудаям бефаросат экансан, укам, — тўхтаб, дилимдагини рўй-рост айтдим. — Бировнинг уйида ишлашнинг ҳам ўз қоидаси бор. Бошида эри бор келинга шунақа муомала қиладими?

— Узр, биздан хатолик ўтибди, — ёши каттароқ уста гапга аралашганди ҳовуримдан тушиб, йўлимда давом этдим.

 Кетарканман, хаёллар домида қолдим: “Хато қилдимми, а? Балки келин уста бўлгани учун унга очиқ чеҳра билан муомала қилгандир. Гап қайнона-қайнотасига етиб борса, қандай тушунишаркин? Мени баъзи ғийбатчи, ғаразгўйлар қаторига қўшиб қўймасмикинлар? Тинчгина йўлимда кетавермайманми? Йўқ, тўғри қилдим. Ахир, ота-боболаримиз бежиз: “Бир болага етти қўшни ота-она”, дейишмаган-ку! Қолаверса, қўшни қўшнига – кўзгу. Биз катталар маҳаллада, кўчамизда юз бераётган ножўя ишлар,   хатти-ҳаракатлардан кўз юмиб, менга нима, деб кетаверишимиз керакми?

Ана, қўшни маҳалладаги Обидхўжа тоғанинг кенжа келини қўлтелефонида бегоналар билан ёзишмалар қилиб юраркан. Овсини буни сезса ҳам бир оғиз қўйинг, бундай қилманг, ҳазилнинг таги зил бўлмасин, деб айтмаган.   Ёки уйидагиларга билдирмаган. Оқибати нима бўлди? Назира келин ўн ойлик боласини эрига ташлаб, телефонда танишгани билан кетиб қолди. Агар шу   “СМС”лар вақтида тўхтатилганда, эҳтимол бундай кўнгилсизлик юз бермаган бўлармиди? Биз ўз оиламиз, бола-чақамиздан ташқари маҳалладаги йигит-қизлар, ёш оилалар ҳолидан хабардор бўлишимиз, қўшниларимизнинг юриш-туриши, ахлоқ-одобига ўзимизнинг масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Чунки биз ўзбекмиз. Ўзимизга хос анъаналаримиз, урф-одатларимиз бор. Бу борада ёшларга таъсир ўтказишимиз шарт. Аммо… бир оиланинг ор-номуси, шаънини ҳимоя қиламан деб покиза келинни бадном қилиб қўйсам-чи? Эри, қайнота-қайнонасидан бир умр балога қоламан…

Шундай ўйлар оғушида автобусга чиқдим. 18-19 ёшлардаги қиз ўриндиқдан сурилиб ёнидан жой бераркан, кўйлаги этагини тортиб тиззасини ёпишга уринди.

— Чиройли, ҳаёли қиз экансан, нега шу кўйлакнинг сал узунроғини кия қолмадинг? — сўрадим қиздан.

У қизариб кетди.

— Ойим билан   бутун бошли бозорни уч марта айландик. Ҳозирги урфдаги ҳамма кўйлаклар шунақа калта. Ҳатто плаш, пальтолар ҳам… — деди қиз хижолатомуз.

Ўйлаб қарасам, чиндан ҳам ҳозир бозорларимизни очиқ-сочиқ, ўта рўдапо либослар эгаллаб олган. Кимдир унинг сифатли газламасига, кимдир ҳамёнбоп нархига яна кимдир замонавийлигига қизиқиб харид қилади. Шундай экан, савдогарлар бозорларни аёлларимиз кийганда нафақат ҳусни, балки ўзлигимизга хос бичимдаги либослар билан таъминлашса бўлмайдими?

Ёнимдаги қизга секин разм солдим. У ойнадан ташқарига қараб кетарди.

— Қизим, ноўрин гапирган бўлсам, сендан узр сўрайман, — дедим унга оҳиста. — Эрталаб бир шилқим йигит қўшни қизга хиралик қилиб асабимни бузди. Шунинг таъсирида эдим, шекилли? Сени ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин!

Сиз қандай ўйлайсиз, азизлар, бировларнинг ишига аралашиб тўғри қилдимми?

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 3 =