Фахрий журналист сабоқ беради
Куни кеча Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан уюшма аъзоси, навоийлик фахрий журналист Олим Хўжаевнинг
“Маҳорат мактаби”ни ташкил этишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда фахрий журналист Олим Хўжаев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов, журналист Дилбар Раззоқова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилояти бўйича мухбири Абдували Бўриев ва Навоий шаҳридаги умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари ҳамда журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Фахрий журналист Олим Хўжаев кўп йиллар Навоий вилоятининг матбуот соҳасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлардан. У телевидение, радиожурналистикаси йўналишларида, қолаверса, вилоят, шаҳар ва республика босма нашрларида самарали меҳнат қилган. Шу боис “Устоз-шогирд” анъанаси асосида 40 йиллик касбий тажрибага эга устоз ижодкорнинг “Маҳорат мактаби” ташкил этилаётгани ёш қаламкашларни севинтирди.
— Журналистика жуда машаққатли, аммо шарафли касбдир, — деди устоз ижодкор Олим Хўжаев. — Кейинги йилларда журналистика соҳасини ривожлантиришга, соҳа ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани биз каби ижод аҳли, қолаверса мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган минглаб журналист ҳамкасбларимни янада янги куч-қувват ва фидойилик билан меҳнат қилишга руҳлантирди. Мазкур қарор билан тасдиқланган Дастурда ҳудудларда таниқли журналистларнинг бўлажак ёш журналистлар учун устоз-шогирд анъанаси асосида “Маҳорат мактаблари”ни ташкил этиш вазифаси ҳам белгилаб берилган. Ушбу вазифа талабларидан келиб чиқиб, бугун вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларида эл таниган фахрий журналистларнинг ана шундай мактаблари ташкил этилмоқда. Насиб этса, бугун менинг раҳбарлигимда ташкил этилаётган “Маҳорат мактаби”га ҳам истеъдодли, журналистика соҳасига энди кириб келаётган шижоатли ўғил-қизлар келишади ва уларга бор тажрибамни ўргатишга ҳаракат қиламан.
Тадбирда журналистлар Дилбар Раззоқова, Абдували Бўриев ва мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари ҳам сўзга чиқиб, О.Хўжаевнинг журналистлик фаолиятини эътироф этишди.
Шундан сўнг иштирокчилар бу йил 70 ёшни қарши олаётган Олим Хўжаевдан журналистика соҳасига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Раъно РАББИМОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Навоий вилояти бўлими мутахассиси