Оҳларинг ғанимлар эшитмасин ҳеч
Мавлуда РЎЗИЕВА
Муаллиф ҳақида:
Мавлуда РЎЗИЕВА — Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Хонақа қишлоғида туғилган.
“Бир севги қисмати”, “Онамни қайтаринг юлдузлар”, “Сўздан тониб бўлмас”, “Қўш ирмоқлар”, “Тушдаги учрашув”, “Ой кулган кеча” сингари шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.
БОРИНГИЗГА…
Минг бор шукур бу оламда борингизга,
Нигоҳ ташланг бир бор биздек ёрингизга.
Соянгизман офтобларда юрсангиз гар,
Эргашурман таманно рафторингизга.
Янгратсангиз танбурингиз садоларин,
Оҳанг бўлай чертадурган торингизга.
Сайр этсангиз бўстонлар-у боғ-роғларда
Гул бўлойин очилиб гулзорингизга.
Сиз ҳаётда учратган Шоҳжаҳонимсиз,
Буюрингиз биз каби пойкорингизга.
Шалоладек кулгуйингиз хуммориман,
Бир зум қулоқ солсайдим гуфторингизга.
Мавлудадек кўнглингизга йўллар топиб,
Бир умрга айлансам дилдорингизга.
ҲАҚНИ ИЗЛАБ…
(Ҳасан Алматов ғазалига мухаммас)
Ҳақни излаш баъзиларга ормикан,
Излаганга бахт-у иқбол ёрмикан.
Эътиқодда ҳамма ҳам пойдормикан,
Ҳақни излаб йўлга чиқдим, бормикан,
Балки бунда топганим озормикан.
Тинчгина ором олур аҳли қубур,
Бу фанода баъзилар излар ҳузур.
Баъзиларнинг қалбида кибр-у ғурур,
Қайга боқсам, олди-сотди, урҳа-ур,
Билмадим, бу қайнаган бозормикан.
Енг, яқосиз барчаси кийгай кийим,
Ҳеч кимарса унгача билмас тиним.
Неки тинмоқ, етмагай ҳаргиз билим,
Қалб аталмиш бир чимилдиқ ичраким,
Рост-у ёлғон бир-бирига ёрмикан.
Қадри йўқдир ёнгинангдан ўтса сув,
Ҳар неки билмак учун даркор уқув.
Ким билимсиз бўлса гўё қўй сурув,
Хилватда номусин сотгай сулув,
Номус-у ор шунчалар абгормикан.
Оҳ, умр дарёси мунча тез оқин,
Сув ялаб-юлқайди икки қирғоғин.
Ҳар киши эслайди ўксиб ёш чоғин,
Кўкламимда юзларим тортгай ажин,
Сочларимда оппоқ-оппоқ қормикан.
Телба кўнгил ором истар гоҳи-гоҳ,
Касби кори гоҳ савоб-у гоҳ гуноҳ,
Эй рафиқ, кетма жаҳондан рўй сиёҳ,
Гар ором истар эсанг оромигоҳ,
Ҳам муқаддас жойи ул мозормикан.
Дам-бадам ёзуғ тиловчи бўлдиму,
Меҳр(и) га меҳрим уловчи бўлдиму,
Мавлуда, Ҳақдин сўровчи бўлдиму,
Бир Ҳасан отлиғ йўловчи бўлдиму,
Ҳақни излаб йўлга чиқдим, бормикан.
ИККИ ҚОШИМ
Икки қошим аро қурай Тожмаҳал,
Посбонлар жойлашсин кўз қароғида.
Чорлаб турай, бегим, сизни ҳар маҳал,
Дарвоза кўксимнинг чап қирғоғида.
Бағрим оқиб турган балки Гангадир,
Балки Бобур бобом боққандир унга.
Бобурий қурдирган ўшал мўъжиза
Балки етиб келган муборак кунга.
Икки қошим аро қурай Тожмаҳал,
Рақсларга тушсин ишқ фариштаси.
Бу жойда бўлмайди ёлғизлик, ҳижрон,
Бу жойда боғланар ишқнинг риштаси.
Йиғлама, бу жойда кўзёшга жой йўқ,
Йиқилсанг суянчиқ бўлгучилар бор.
Оҳларинг ғанимлар эшитмасин ҳеч,
Севгини муқаддас билгувчилар бор.
Икки қошим аро қурай Тожмаҳал,
Муҳаббат бизлардан нолиб кетмасин.
Севгининг дардида куйиб юрганлар
Бир кун лойлар аро қолиб кетмасин.
Севганлар боғи бўл, эй Тожмаҳалим,
Барчаси булбулдай бахтдан сайрасин.
Муҳаббатга лим-лим тўлган юраклар
Ҳижрон азобидан йироқ яйрасин.
Икки қошим аро қурай Тожмаҳал,
Ишқимизнинг рамзи, тахтимиз бўлсин.
Севги тарихининг зар вароғида
Бахтли яшаш учун аҳдимиз бўлсин.
Эй кўзимнинг нури, эй шоҳжаҳоним,
Келинг, қўл ушлашиб бирга юрайлик.
Дилимдан аритинг энди армоним,
Келинг, Тожмаҳални бирга қурайлик.
НАВРЎЗ ҒАЗАЛИ …
(Сирожиддин Саййид ғазалига мухаммас)
Дўстлар, кечар умримиз, ҳар лаҳза-ю он янги,
Осмонимиз мусаффо, юлдузи ғужғон янги.
Маржон билан безанган дарахтзор, бўстон янги,
Наврўз ила кенг олам, бу кавни макон янги,
Сойларда ажиб туғён, сувларда баён янги.
Баробарми дарёйи Сайхун бирла Нил ранги,
Олисдан хуш кўрингай тоғ-у қир, маҳфил ранги.
Кўринса бўлур эрди гоҳ-гоҳи мазгил ранги,
Ҳар ерда жаранг бергай гул рангию дил ранги,
Бир лола ифоридан бу кўҳна жаҳон янги.
Завқ ила табиатни қучмоққа очсак қулоч,
Гулзорда гул ишқида сайраб турса сандувоч,
Наврўзой кезиб юрса Самарқанд-у кўҳна Чоч,
Соҳилда кулол янглиғ лой танласа қалдирғоч,
Мусича билан саъва сайр этса қаён — янги.
Умр ўтар, гоҳ келур бир лаҳзага тенглик ой,
Гоҳи тор-у гоҳида бир асрга кенглик ой.
Гоҳо бўронли, еллик, гоҳ ёмғирли селлик ой,
Эврилса агар рўзғор эллик йилу эллик ой,
Эллик била эл янги, қирқ йилда қозон янги.
Азоб-у ингроқларда эскирди менинг кўнглим,
Тиканли янтоқларда эскирди менинг кўнглим.
Булутли офоқларда эскирди менинг кўнглим,
Ҳижрону фироқларда эскирди менинг кўнглим,
Келгил, менга дил бергил, эй қоши камон янги.
Жоним билан асрагум ул сирру ниҳонингни,
Шод кўрай, кўрсатмагил дийдаи гирёнингни.
Суғорсам меҳрим ила боғ ила бўстонингни,
Гул баргига теккизсанг лаб бирла забонингни,
Гул барги бўлур хандон, лаб бирла забон янги.
Келар бўлсанг, кўйингда жонимни эҳсон айлай,
Ўзимни бир ғариб-у сени шоҳжаҳон айлай.
Йўлларингга сув сепиб, салқин-у имкон айлай,
Кўз бирла қароғингни жонимда ниҳон айлай,
Менга янги жон, сенга бу тахти равон янги.
Хазон бўлгайки боғлар, сув бўлмаса боякбор,
Ё бўлмаса боғларга босмаса қадам дилдор.
Хазонрезги боғларга, айтинг, боғбон не даркор?
Қадрига ет, эй боғбон, ҳар ғунчаниким, такрор
Бу боғ ила бу бўстон бўлгай қачон янги?
Не-не хиёбонларда бўлдим юриб таманно,
Баъзан эшитдим таъна, баъзан эса тасанно.
Қайнадим, тошдим вале умрим ўтди пурмаъно,
Тошқинсану шошқинсан умрим каби, эй дарё,
Эсиз, мен эскирдим, сен эрса ҳамон янги.
Мавлуда, ғазал битсанг, сенга ким халал бергай?
Тегрангдаги дўстларинг илҳом-у жадвал бергай.
Туганмас истеъдодни тақдири азал бергай,
Айём маҳал бергай, минг панду масал бергай,
Минг шеъру ғазал бергай бу давру замон янги.