Қошимдасан гўёки хаёл

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати Муҳаммад Али 80 ёшга тўлди. Серқирра адиб ўқувчиларимиз севиб ўқийдиган шеърлар, достонлар, йирик романлар, хусусан, “Улуғ салтанат” роман-эпопеяси муаллифи ҳисобланади. Биз — таҳририят жамоаси сиз азиз муштарийларимиз номидан адибимизни ушбу сана билан қизғин қутлаб, унинг шеъриятидан намуналар эълон қилмоқдамиз.

 

 

 

                                          Муҳаммад Али,

                                          Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

                  Ватан

Йўлим тушди сендан кўп йироқ,

Ҳузурингга қайтгумдир бироқ.

 

Ахир айт-чи, бегона элда

Кимнинг бахти, ҳаёти кулган?

 

Кўкка отсанг, ҳатто ҳиссиз тош,

Ерга қайтар, олиб кетмас бош…

 

* * *

Бўлдим ажиб шаҳарларда мен,

Бегоналик ҳиссин туймадим.

Яйраб–яйраб кулдим, ўйнадим

Намхуш–намхуш саҳарларда мен.

 

Қишлоқларга боқдим, тўймадим,

Кулиб келган баҳорларда мен.

Қовоқ уйган қиш–қорларда мен

Завқланишни асло қўймадим!

 

Тушунмайман, аммо негадир,

Кўҳлик кўринади кўзимга,

Чет қишлоғим, чўлим ўзимга.

 

Юрагимдан топганми қадр,

Кўчалари тупроқ бўлса ҳам,

Шўр, чанглари кўпроқ бўлса ҳам…

 

* * *

Қошимдасан, турибсан жим, лол,

Қошимдасан гўёки хаёл,

Қошимдасан, эгилиб хиёл,

Бегуноҳ бир фаришта мисол

Кўз ўнгимда кўрсатиб жамол…

Истайсанки, жилмайсам алҳол,

Хаёлингда не ўй, не малол,

Саботлимен, фаҳм этма шамол,

Сўзламакчи бўлсанг, эҳтимол,

Сўзлай деган сўзинг қайтиб ол!

 

Узоқ-узоқ қаршимда тинма,

Юрагинг қон қилиб хўрсинма,

Майли ўйна, майлига сўнма,

Лек ишқимга гард янглиғ инма,

Минг ишванг-ла минг бор бўркинма,

Кўнглин олай дея уринма,

Кет, аламли кўзга кўринма!

 

Сен меҳримни қозонган сари,

Ошкор этдим кўнгил сирларин,

Кун ила тун, шому саҳарим,

Туйғуларим асл гавҳарин

Тўкиб сочдим! Нодўст сингари

Мазах этдинг, ҳолваи тарим,

Нечун келдинг? …Энди кет нари!

“Пок” ишқингнинг мурувватлари

Жон бермаган, жон олган бари!

 

Қошимдасан, асабинг таранг,

Қошимдасан, турибсан аранг.

Осмон узоқ, ер қаттиқ, заранг,

Доим шундоқ, сўнг дебон аттанг,

Ёпишгувси чўпга ҳоли танг!

 

* * *

Сувга тушган тош каби беғам,

Бепарвоман, кошки десам дод.

Қисматимиз шу экан, санам,

Қоқ иккига бўлинган ҳаёт.

 

Билолмайман, не бўлди ўзи,

Нечун энди биз бошқа–бошқа?

Нечун сенинг қизармас юзинг,

Нечун мен ғарқ бўлмайман ёшга?

 

Оёқ тираб туриб олсанг ҳам,

Тақдир ҳукмин айларми ижро?

Ўртамизда наҳот бекарам

Қиличини ўйнатгай ҳижрон?

 

Икки ёққа кетдик иккимиз,

Дўст эдик–ку бир тана, бир жон?

Ўкинсанг–чи сен ахир маъюс,

Йиғласанг–чи, гўё бағринг қон!

 

Мен юрагим зах ерга бериб,

Ўртансам–чи, қолгандай ғамда!

О, қанийди, сенга ёлвориб

Шеър ёзсам ҳеч бўлмаганда!..

 

Йиғлагали топмадинг имкон,

Ғамлар аро юрмадинг ҳориб.

Қизиқ, мен ҳам юрак тўла қон,

Шеър ёзмадим сенга ёлвориб…

 

             Ҳаёт абадий

Том бошида ёйилган хирмон,

Дон шопирар буғдойранг аёл.

Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон

Йироқлардан чорлайди шамол.

 

Ғув–ғув эсиб қолар шабада,

Дон қуйилар ғалвирдан шов–шув.

Пастда эса, мўъжаз кулбада

Ўғилчаси ётар беуйқу.

 

Ҳув нарида, тоғлар бошида

Куйлаб ётар шалола шов–шув

Ва аёлнинг шундоқ қошида

Сирғанади шабада ғув–ғув…

 

Дон шовуллар, шовуллар хаёл,

Мавжудот ҳам қайтарар садо.

Эсишини ҳеч қўймас шамол,

Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо…

 

Кўҳна Урганч минораси дейди

Йиқилмоқда дерлар мени,

Йиқилгувчи йўқ ҳали.

Паноҳ тутган эрлар мени

Қирғин жанглар маҳали.

 

Чингиз босиб келганида,

Эгилмаган бу бошим.

Жалолиддин ўлганида

Тўзган эмас бардошим.

 

Аммо бошим эгилмоқда,

Она Ерга таъзим бу.

Замон–замон алмисоқдан

Асраб келган орзум бу.

 

Она Ерга фидо бўлсам,

Ўздан рози бўларман.

Мен ўлмайман! Агар ўлсам,

Тикка туриб ўларман!

 

Амир Темур қабридан овоз

Эй, тарихчи, этма умримни тарож!

Бас, бундай гапларга эмасман муҳтож.

Тори узилса ҳам соз аталур, соз,

Бошдан тушганда ҳам тож, барибир, тож!

 

                          Куз

Заъфарон боғларни оралаб юрган

Тўлишган аёлга ўхшаб кетар куз;

Ҳаёт салмоғин ҳам чамалаб кўрган,

Турмуш лаззатин ҳам тотиган гулюз.

 

Гарчи қолиб кетди оловли ёшлик

Умрнинг ўткинчи баҳор, ёзида,

Ҳали қарашида пинҳон бебошлик,

Завқларга сирдошлик бор пардозида.

 

Табиат! Аёлга бахш этгил ҳуқуқ!

Ҳозир у не йўлни тутмоқни билмас:

Қаҳратон қишга–ку қўл бергиси йўқ,

Нурли ёз қўлин ҳам қўйгиси келмас…

 

* * *

Хатларни аямай йирта бошларсан,

Ёқиб юборарсан қўймай парчасин.

Шўрлик суратларни қийиб ташларсан,

Майиб–мажруҳ этиб барча–барчасин.

 

Даврада кечганда байрам айёми,

Эски оғайнилар бўлишганда жам,

Қунту чидам билан “ўша”нинг номин

Дўстлар хотиридан ўчирарсан ҳам.

 

Унутдим, деярсан, ширин куларсан,

Ясама роҳатдан яйрарсан… Аммо

Юракдан чиқмаса қандоқ қиларсан,

Бу дардли юракка қайда бор даво?..

 

  Туман оқа малика

Бахти тўкис малика,

“Туман оқа” номи бор.

 

Кўрганлар дер: “Ёнида

Ўчмас порлоқ шами бор!”

 

Ҳурилиқо, сарвқомат…

Унинг нима ғами бор?

 

Ҳар нарса бисёр, аммо

Биттагина ками бор:

 

Тирноққа зор ўтдим деб,

Кўзларида нами бор.

 

Шундоқ, болдай ҳаётнинг

Аччиқгина таъми бор…

 

                     Тўртлик

Умр гултожидир бу ишқий фасл,

Ёрига ким етса, бағри бутундир.

Ваъдаларга учмас ошиқи асил,

Ки билар, ошиқнинг нақди бугундир…

 

    Қизлар ўн еттига кирганда

 

Анҳорнинг бўйида ўлтирар қизлар,

Юракда қайнайди ноаниқ ҳислар.

 

Бўтана сув оқар лим–лим, лиммо–лим,

Сувдай олиб кетар қизлар хаёлин.

 

Ўн еттинчи марта, ўн еттинчи бор

Шундоқ кириб келар қалбларга баҳор.

 

Бу гал қандай бўлур баҳор туҳфаси?

Нелар билан тўлур хотир саҳфаси?

 

Келармикин ўша ўтлуғ муҳаббат?

Зор, интиқ айлаган қутлуғ муҳаббат?

 

Ранго–ранг туйғулар айларми инъом?

Орзулар қатини очарми тамом?

 

Ва ё маъсумалар бағрин тилурми?

Ранжу изтироблар олиб келурми?

 

Ким билар? Ким жавоб бера олур? Ким?..

Бош узра осмон ҳам қараб турар жим.

 

Йироқ–йироқларга қочади шамол,

Бир нима деёлмай дунё боқар лол…

 

Фақат бўтана сув оқар лиммо–лим,

Фақат чувалади қизлар хаёли…

 

                Фил билан Лайча

 

Фил лайчага деди: “Кўриб турибсан,

Нима топдинг мендай филга ҳуриб сан?”

“Ҳуришми…

Бу – менинг ишим!” – дер лайча.

 

“Сендайлардан қўрқмайман–ку, биласан,

Шуни билиб, акиллаб не қиласан?”

“Қўрқмасанг…

Бу – сенинг ишинг!” – дер лайча…

 

               Дўстлар давраси

Умр ҳам бир жойга бориб қолмоқда,

Жарангли кечмоқда кўнгил наъраси.

Чунки сиз чорлайсиз бир чаман боғдай,

Дўстларим давраси, дўстлар давраси.

 

Душман ёвузлиги душманликданмас,

Дўстингдан айирар, усули шундоқ.

Сени зарра билиб этса хору хас,

Заррадан ҳам чоғроқ кўнгли бўлар тоғ.

 

Ишониб сирингни айтгувчи фақат,

Дўстлар борлигидан боши осмон бўл!

Дўстингдан топ, деган сўзга йўқ тоқат,

Дўст топ деб, дўст топ, деб юрган инсон бўл!

 

Севги ўтар кетар, кетар мансаб ҳам,

Ёшлик ҳам мункиллар бир куни ҳолсиз.

Фақат дўстлик билан боқий бу олам,

Дўстлик қаримайди дунёда ёлғиз!..

 

               Янги танишлар

(Ҳазил)

Янги танишдилар йигит билан қиз,

Сўз ҳам кела қолмас тилга, ажабо.

“Сиз ҳозир… неларни ўйламоқдасиз?..” —

Нозланиб сўрайди гўзал дилрабо.

 

Йигит ерга қарар, юзини бурар:

“Сиз… ўйлаган ўйни… ўйлайман фақат…”

Қизнинг жаҳли чиқар, ўрнидан турар:

“Уятсиз экансиз! Уят-е! Уят!..”

 

                      Топишмоқ

Топишмоқ айтасиз, қийин топишмоқ…

Топишмоқ, сиз билан қийин, топишмоқ…

 

Шундай топишмоқсиз, ечими бўлмас,

Топсам ҳам жавобдан бу кўнгил тўлмас.

 

Жавоб топа билмай топишмоқларга,

Кетганлар бор олиб бош йироқларга…

 

Аммо сиз ёнимда, ёнимдасиз, оҳ,

Табиат менга бахш этган топишмоқ!

 

Сизни–ку топарман, топганим чоғда

Ўзимни йўқотиб қолдирмай доғда.

 

Жавоб топайин деб, сизга бойланиб

Ўзим топишмоққа қолдим айланиб…

 

Топишмоқ айтасиз, қийин топишмоқ,

Топишмоқ, сиз билан қийин, топишмоқ…

 

* * *

Хаёлимни, ўйларимни водийга сочдим,

Ажаб, водий яшнаб кетди, кўрк – чирой очди.

 

Ғуруримни инъом этдим кўк ўпар тоққа,

Тоғ гердайиб назар солди йироқ-йироққа.

 

Осмонларга баланд қўйдим овозим бирдан,

Осмон яна юқорилаб кетди-ку Ердан!

 

Аламимни жарликларга солгандим тўкиб,

Жарлик баттар чўкиб кетди, яна ҳам чўкиб…

 

* * *

Бойликлар яздони Кубера бир кун

Чап кўз билан боқди гўзал Ҳумога…

Ишқ туғён урди-ю, қалбида бутун

Ўхшаб қолди, шўрлик, мажнуннамога.

 

Дунёни унутди ишқнинг сеҳридан,

Тарк этди ошиқни андиша–ю ор.

Бироқ қайга қочар Шива қаҳридан,

Қочай деса унга уч олам ҳам тор.

 

Барибир ўзини тиймади қурғур,

Шиванинг ёрига кўз тикди пинҳон…

Ҳумо жамолида оловланди нур,

Кубера кўзини куйдирди ёмон!

 

Ўша-ўша — ожиз Кубера кўзи,

Ҳасрат-аламини ичга ютармиш.

Узр хоҳишида туну кундузи,

Шивага сиғиниш билан ўтармиш.

 

Гўзаллар шунақа бўлур дилозор,

Фақат истиғнолар – раво кўргани.

Истиғноси майли, куйдириши бор…

Бир умрга етар бир куйдиргани!

 

* * *

Қандай соз, даврада балқиганинг он,

Ўлтирмак ёнма-ён сен оташ билан.

Атрофдан кишилар боқар биз томон,

Кимдир ҳавас билан, кимдир ғаш билан.

 

Менга илҳом керак, менга завқ керак!

Келгил қўлларингни қўйгин қўлимга!

Келгил, ғамза қилсин юракка юрак,

Йўлларинг туташсин олис йўлимга!

 

Майли, ҳасадгўйнинг ёнсин кўзлари,

Одамларга парво этмагин, малак.

Бизга сўз айтарлар, аммо ўзлари

Биздай бўла олмай жонлари ҳалак…

 

        Чапанилар қўшиғи

Ялло, ялло, яллолашайлик,

Дўппи яримта.

Толеимнинг тизгини ўшал,

Ўшал ёримда…

Аъло, аъло, аломат дилдор,

Этма дилим қон.

Кулсанг бўлур кўнглимда баҳор,

Олам – гулистон!

 

Шамширимиз занг босган эмас,

Битмас экан кўнгил яраси.

Улуғ ўзбек юртида чапдаст

Йигитларнинг бизмиз сараси!

 

Ёрилмасанг ёр кулиб боқмас,

Қайдан менга ёпишди дардинг?

Дардинг бўлса, ёринг бўлса, бас,

Шўри қурсин ёри йўқ марднинг!

 

Ялло, ялло, яллолашайлик,

Дўппи яримта.

Толеимнинг тизгини ўшал,

Ўшал ёримда…

 

* * *

Сиэтлда гуллар ҳамиша хандон,

Қишин-ёзин бирдек чаманзор, бўстон.

 

Қизил гул, сариқ гул, оқ гул, пушти гул,

Боғларнинг ичи гул, ернинг усти гул.

 

Бироқ–чи, ҳидласанг, бироқ иси йўқ,

Ушласанг титрамас… Титроқ ҳисси йўқ…

 

* * *

Тўй бўлса, Амриқо элида удум:

Йигит қиз қошида тиз чўкар бир зум.

Тиз чўкар ва лекин билмайдики қиз,

Йигит тиз чўкару қалби чўкмас тиз.

 

Тўй бўлса, ўзбекнинг элида удум:

Йигит қиз қошида тиз чўкмас бир зум.

Тиз чўкмас ва лекин шуни билар қиз,

Йигит мағрур қолар, қалби чўкар тиз!..

 

* * *

Шўхлигим ёқади, қарайман зимдан,

Доим тегажоқлик этиб юраман.

Не қилай, одат-да, болалигимдан

Ҳаддидан ошишни яхши кўраман.

 

Дердилар, чатоқ иш қилмагин шошиб,

Афсуслар чеккайсан ўзинг олиб тан.

Кўрингиз, мен бевош ҳаддимдан ошиб,

Шул бағри қаттиғни севиб қолибман!..

 

* * *

  Абдулла Ориповга

Рост дединг: ит ҳурар карвонга доим,

Бекордир саклардан ўзгани кутмоқ.

Азал қонунида битилмиш қоим,

Итларга ҳурмоғу карвонга – ўтмоқ…

 

Майлига, дўстгинам, койитма жонни,

Беҳол увалмасин ҳориган юрак.

Ғафлат босмасин деб ахир карвонни,

Итларнинг ҳам ҳуриб турмоғи керак!..

 

* * *

Япроқдан ипак чиқар,

Чечакдан чиқади бол.

Демак, у япроқ эмас,

Чечак эмас, эҳтимол…

 

Уруғда яшар ўрмон,

Ҳавас ҳам эмас ҳавас.

Ой ҳам – оймас, кун ҳам кун,

Сен билган мен, мен эмас…

 

* * *

Кўнгил ошно бўлмоқ истагидан маст,

Макон тутсам, дейди, ошёнингизни.

Бошимга кўтарай ерларни эмас,

Ёлғизгина порлоқ осмонингизни!

 

Оҳ, дилда туғилар ғаройиб бир шеър,

Офтоб тўкис қиздай жилмайиб боқар.

Арши аълодан то рутубатли Ер –

Илҳомлар селида тўлғаниб оқар…

 

Севаман! Севгимни тутолмасман сир!

Узаман тилкалаб бор ришталарни!

Тупроқдан яралган бўлсам-да ахир,

Нетай, кўнглим тилар фаришталарни!..

 

                      Дўстимга

Дўстим, эслайсанми болалик чоғлар,

Билтанг-билтанг қилган ёлғиз оёқ йўл.

Подалар чангига кўмилмиш боғлар,

Чучмома, лолалар ўсмайдиган чўл…

 

Олислар қуйилар кўзимизга жим,

Чаманлар кўрамиз уфқлар ортида.

Бола қалбларимиз тепар бетиним,

Қишлоқмас, Ватану жаҳон дардида…

 

Норасида севги завқидан мағрур,

Шодмон тикиламиз бир-биримизга.

Толе ваъда айлар бизга бахт-сурур,

Осмон торлик қилар дил сиримизга.

 

Барчасин кашф этиб юрар эдик маст,

Куч-қудрат жам кўнгил зарбларимизда.

Чучмома, лолалар чўлларда эмас,

Япроқ ёзар эди қалбларимизда…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 11 =