Тушимга кирган вазир

ёки яна обуна ҳақида

 

Мени тинч қўймаётган бу масала негадир тушларимга кириб қолди. Туш кўрибман:  Унда ҳурматли бир вазир қизидан сўраётганмиш: Қизим сени  “Гулхан” журналигами ёки “Тонг юлдузи” гами обуна қилиб қўйсам, ўқийсанми? Қизи: “Адажон, ҳозир газета ўқийдиган болалар қолмади-ку, нима қиламан, уларни ўқиб, ҳамма дугоналарим устимдан кулишини хоҳлайсизми?” деб жавоб қиларди. Шу ерда уйғониб кетиб, эссиз отаси нима дедийкан, деганча ўрнимдан туриб компьютерга ўтирдим.

“Яна обуна ҳақида” деган сарлавҳани қўйдиму нимадан бошлашни билолмай анча вақт сукутда бўлдим. Кейин эски гап бўлса ҳам шу ҳақда тўхталишга жазм қилдим.

Агар вазир ўз қизига ёки ўғлига шу болалар газета ва журналига обуна қилайми деб сўраган экан (қизи гарчи хоҳламаётган, йўқ деган бўлса ҳам) демак, вазирда яхшилик аломатлари пайдо бўлган. Қизим газета ва журнал ўқисин деган ният пайдо бўлган, деб ўша тушимга кирган вазирни хушлаб қолдим. Қанийди шунга ўхшаган вазирлар энг аввало, ўз фарзандларига балки савоб бўлади деб қўни-қўшнисидаги болаларга  ҳам обуна қилиб берса, бунинг савоби катта-ку!

Республикамизда вазирлар, катта амалдорлар оз эмас, ўша вазирга ўхшаб улар ҳам, энг аввало, ўз фарзандларига кейин камбағал оила болаларига болалар матбуотига обуна қилишса (эсимдан кўтарилибди, узр иймонли тадбиркорларимиз булар ичида энг саховатли эканликларини кўрсатишса, ишонаман кўрсатишади) болалар ва ёшлар матбуоти мустаҳкам оёққа туради, ўзини-ўзи боқади.

 

Ҳатто ўз муассисларига қанчадир фоиз маблағ ҳам ажратиши мумкин бўлади. Азиз ота-она бўлганлар, бу савобли ишга кеч бўлмасдан ўз ҳиссангизни қўшинг! Обуна вақти тугаб қолмасин!

Болаларимизнинг ҳар бири уйи­­га шу матбуот етсин, улар албатта ўқишни бошлашади, қўлларидаги мобил телефонлар эсларидан чиқа бош­лайди. Бунга аминман. Болаларимиз газета ва журналдан кейин албатта ўша ота-оналарига менга китоб олиб беринг деб харҳаша қиладиган бўлишади. Болаларимизнинг келажаги биз ота-оналар қўлида эканини эсдан чиқармайлик. Менга узоқ йиллар турли вазифаларда ҳалол меҳнат қилган ва газеталарни ўқиб борадиган 90 ёшга яқинлашиб қолган акахоним Собит ака Қурбонов бу фикрни айтгани учун болаларимиз ҳақидаги ғамхўрликлари учун (ҳозир бироз бетоб эканлар), раҳмат айтиб, тез орада соғайиб кетишларини Аллоҳдан сўраб қоламан.

Мен аминман, болаларни севган одамлардан ёмонлик чиқмайди, аксинча,  улар яхшилик тарафдорлари бўлганликлари учун уларга мурожаат қилмоқдаман. Ота-оналарга илтимосим, интернетга уланган эмас аммо гаплашадиган ва ўйинлар киритилган телефон хилидаги болалар телефонлари билан алмаштиришга тайёр бўлиб туринглар, зарур ва масъул вазирлик тезлик билан оддий телефонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди ва ота-оналар фарзандлари билан ўша телефонлар орқали бир-бириларини суриштириб туришади деган орзу ҳам йўқ эмас. Бу ишлар олимларимиз, инженерларимиз қўлидан келади.

Бу савобли ишларимизга камарбаста бўладиган Ўзбекистон Республикаси халқ таълими  ҳамда Мактабгача таълим вазирликларини, ҳамда Ёшлар агентлигининг шижоати билан бошқа вазирлик ва жамоат ташкилотлари бу ташаббусга қўшилишади деб умид қиламиз.

Ишонинг, 82 ёшни орқада қолдираётган бир қария, кўп йиллар республика нашрларига устозлик қилган бир инсон сифатида ишонч билан айта оламан: биз ўтган 30 йил давомида болаларимизни газета-журнал ўқишдан мосуво қилдик. Шунинг учун улар газета-журналдек улуғ маърифатдан мосуво бўлиб вояга етишди. Эҳтимол шу сабаб, қўлидан телефон тушмайдиган, бутун ҳаётни, бор ахборот манбаини  фақатгина интернет ва ижтимоий тармоқлардан деб биладиган авлодни пайдо қилдик.

Ҳа, албатта. Интернет керак. Чунки у тезкор. Унинг имкониятлари ҳам катта. Аммо… китоб, газета-журнал-чи? У эскилик сарқитими? Энди кераксизга айландими? Билсак эди, англасак эди, ҳар қандай замонавий қурилмалар ана шу газета-журналларнинг, китобларнинг ўрнини ҳеч қачон боса олмайди. Буни билиш учун, англаш учун болаларимиз ёшлигидан, мактаб партасидан улар билан ошно бўлиши керак.

2023 йилда ҳамма мактаблар кутубхоналаридагина эмас, балки ҳар бир ўқувчи қўлига болалар нашри уйи­­га борадиган бўлсайди.

Дарвоқе, фарзандини болалар нашрларига обуна қилаётган бирорта вазир бормикан? Агар шундай вазир бўлса, унинг болалари чиндан бахтли экан! Тушимга кирган вазир эса шунчаки тўқима гап эмас, чиппа-чин ҳақиқат. Ишқилиб, тушим ўнгидан келган бўлсин-да.

Тўлқин МУҲИДДИН,

фахрий журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + seven =