Шаҳарларимиз “юзи”даги доғлар

Шаҳарларимизни ободонлаштириш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Қанчадан-қанча масъулларнинг хизмати бор бунда. Жумладан, Тошкент шаҳри ҳам тобора кўркамлашиб бормоқда, тарихий, маданий объектлар ана шу ободликдан янада кўркамлик касб этиб турибди. Қолаверса, юртимизнинг турли ҳудудларига ташриф буюрувчи туристлар оқими сезиларли даражада ошди, улар кўп минг йиллик тарихимиз, маданиятимиз ва қадриятимизга азбаройи қизиққанларидан келишади.

Аммо кўп ватандошларимиз шуни ҳисобга олмай, шаҳарларимиз кўркини билиб-билмай бузиб қўйишмоқда. Ўзлари истаган жойга турли мавзудаги эълон ва рекламалар жойлаштиришлари дилни хира қилади. Электр ёриткич ва унинг устунлари, электр, телефон узатма блоклари, дарахтлар, маъмурий иншоотлар ва яшаш бинолари ҳатто уларнинг эшиклари, йўл белгиларигача катта-кичик қоғозлар елимлаб ташланган.

Ўзбекистон Республикасининг 25 декабрь 1998 йилдаги “Реклама” тўғрисидаги 723-Қонуннинг 20-моддасида   “Табиатни муҳофаза қилиш объектлари доирасида ташқи рекламани жойлаштиришга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки тегишли давлат бошқаруви органларининг ваколат доирасида улар билан келишилган ҳолда рухсат берилади” ҳамда ташқи рекламани моддий маданий мерос объектлари, йўл белгилари ва светофорлар, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек, дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланади” деб кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик кодексининг 3-моддасида “Реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) — ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) учун махсус ишлаб чиқилган ва қўлланиладиган воситалар, аҳолига ахборот етказиш вазифаларини бажарувчи техник воситалар (конструкциялар)” эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг ХII бобида “Фуқароларнинг турар-жой ҳуқуқларига тааллуқли, коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” чоралари кўрсатиб ўтилган бўлса-да, афсуски бу борада қонун талабларининг таъсир кучи сезилмаяпти. Ахир, яшаётган ҳудудимизда тозалик ва тартибнинг бўлгани ишда унумдорликни ошириб, инсон онгига ижобий таъсир этишини билмаймизми?

Хуллас, теварак-атрофга ўз уйидагидек муомалада бўлган инсоннинг ҳуқуқий онги ўсган, маданияти юксалган бўлади. У давлат ва жамиятдаги ислоҳотларни англаб етади, қонун талабларига риоя қилади.

Тўлқин ТЎХТАСИНОВ,

Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал

хизмат кўрсатиш бош бошқармаси

бош юристконсульти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 17 =