Ўйламай босилган қадам суднинг қора курсисига ўтқазди

Суднинг қора курсисида ўтирган   навқирон йигитларга залдагилар ҳайрон эди. Улар   исташса, ҳар қандай фойдали иш билан шуғуллансалар бўларди. Аммо тоғни урса талқон қиладиган бу йигитлар   кўз олдиларида турган тикан устига атай оёқ босдилар.

Нишон туманининг Пахтакор маҳалласида яшовчи Баҳромали Зикриллаев жорий йилнинг 5 июнь куни яшаш хонадонида бекорчиликдан нима қиларини билмай ўтирганди. Кутилмаганда таниши Рустам Норматов кириб келди.

 

— Ҳа, нима гап? — сўради Баҳром­али Рустамдан салом-аликдан сўнг.

— Тинчлик. Маслаҳатли гап бор.

Рустам атрофга аланглаб ҳовлида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ташрифи сабабини айтди:

— Пул топишнинг яхши бир йўлини топдим.

— Қандай йўл экан?

— Ижтимоий тармоқлар орқали иш топамиз, ўзимизни ишчан кўрсатиб, раҳбар ишончини қозонгач, бирон-бир қимматли буюмни ўғирлаб сотамиз.

Кўпдан буён чўнтаги пул кўрмаган Баҳромалига бу таклиф жуда маъқул тушди. Улар ўша заҳот “ишга” тушадилар. Излаб-излаб “ОLX.UZ” интернет cайти орқали Тошкент тумани Авлиё ота маҳалласидаги Карвон йўли кўчасида жойлашган “Special car wash” автомобиль ювиш шохобчасига ишчи кераклиги ҳақидаги эълонни топишади. Сўнг тезда қайд этилган телефон рақамига қўнғироқ қилиб, шохобча манзилини аниқлаб олишади. Эртаси куни эса белгиланган манзилга етиб келадилар.

— Қаердансизлар? — сўрайди шохобча раҳбари Шаҳзод Ражабов уларни кутиб олгач.

— Чинозданмиз, — ёлғон гапиради Баҳромали.

— Яхши. Қанча кўп ишласанг­лар, шунча кўп топасизлар, — деб уларни иш тартиби билан таништиради.

Уй-жойимиз йўқ дейишгандан кейин уларни шохобчанинг иккинчи қаватидаги, яшаш учун барча шароитлари бўлган хонага жойлаштириб, эслатади:

— Бемалол дам олинглар, эртадан иш бошлайсизлар.

Ўша кеча хонада улардан ташқари яна бир ишчи тунаб қолади. Тун ярмида Баҳромали Рус­тамни уйғотади. Аммо Рустам ҳали вақт борлигини, бироз сабр қилиб туришни маслаҳат беради. Тонг­­га яқин – соат 4:00ларда улар уйқудан уйғониб, дам олиш хонасига ўтадилар. Ш.Ражабовнинг “Ifone-12 pro” русумли телефон ускунаси қувватлантиргичда турганди. Баҳромали уяли телефонни ва унинг ғилофи ичида бўлган 600 АҚШ долларини ўғирлаб ташқарига чиқади. Рустам эса сумкаларни олиб, унга эргашади. Сўнг икковлон таксига ўтириб, шаҳарнинг Отчопар даҳасига келишади. У ердан эса “Қарши-Тошкент” йўналишида қатновчи машинага ўтириб, Қашқадарёга жўнаб кетишади. Ўғирланган телефонни номаълум шахсга 4.000.000 сўмга сотиб, пулини тенг тақсимлаб оладилар.

Кўп ўтмай ўғирлик билан ўзлаштирилган пуллар тугайди. Улар яна топишишади. Бу сафар “қаҳрамон”ларимиз Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган автомобиль ювиш шохобчасига келиб, “ишга” киришади. Аммо бу гал “ов”лари бароридан келмайди. ИИБ тезкор ходимлари уларни қўлга олади. Негаки, Шаҳзод Ражабовнинг мурожаатига биноан қонун ҳимоячилари аллақачон ўғриларнинг изига тушишганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент туман суди уларни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Агар Баҳромали Зикриллаев Рустам Норматовнинг уйига ғаразли ният билан келиб, уни йўлдан урмаганида бу жиноят содир этилмасди. Шу ўринда савол туғилади. Бу йигитлар ишсиз юрган дамларда уларнинг ота-оналари, маҳалла аҳли, қўни-қўшниларнинг кўзи қаерда эди? Наҳотки ҳеч ким уларнинг ножўя қадамини кузатмаган. Афсуски, кўп жиноятлар, асосан, ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан бепарволиклари туфайли содир этилмоқда. Нега Рустамнинг оила аъзолари Баҳром­алининг кимлигини билишмайди? Ахир,   фарзандларимизда мус­тақил фикр бўлмаса, ҳар қандай ғайрли инсон уни нотўғри йўлларга бошлаши мумкин-ку! Шуни унутмайлик, муҳтарам ота-оналар!

Мирали МИРРАҲИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Тошкент

туман судининг раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + eleven =