Журналист коррупционерларга қарши кураша олиши шарт!

Ҳар соҳа эгасининг ўз хизмат вазифаси бор. Масалан, чегарачилар ҳудудларимиз дахлсизлигини қўриқласа, тиббиёт ходимлари саломатлигимизни муҳофаза қиладилар. Журналистлар эса омманинг кўнгли учун масъул. Уни оғритадиган масалаларни, омма онгини бошқа йўлларга бошлаб кетадиган ғояларни улардан аввалроқ англайдиган, давлатни ҳам, оммани ҳам огоҳликка чорлаб турадиган касб эгаларидир. Шундай экан, улар кўприк эмас, елкасида элу юрт манфаатини ортиб олган жафокаш фидойилардир. Журналистларнинг умри доимо курашлар жабҳасида ўтган. Жамият манфаатига зид келаётган ҳолатларни ўрганиш, фош этиш, муаммоларга барҳам бериш — журналистнинг иши.

Бундай фаолият, табиийки, юлғичлар, талончилар, ўғри ва муттаҳамлик қилаётган бош­­қа гуруҳларга ёқмайди. “Ол товоғим, бер товоғим” қабилида яшашга кўниккан корруп­ционерлар журналистни ўз ораларида кўришни хоҳламайди. Иложи борича, журналистларни жамият ичидан сиқиб чиқаришга, энг камида фаолият кўрсата олмайдиган, наридан-бери ҳаракатланиб турса бўладиган аҳволга тушириб қўйишни хоҳлайдилар. Буни ҳеч ким кўрмайди, исботлай олмайди. Чунки коррупция яширин жараён, шунинг учун унинг олдини олишда журналист жиноий гуруҳлар кетидан пойлаб юра олмайди! Жамиятда у ёки бу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб борадиган ОАВ ходимининг кўзи ўткир, хаёли учқур, қалби олов бўлишини вазиятнинг ўзи талаб этмоқда. У коррупцион жараённи доимий кузатиши, аниқ маълумотларни тўплаши, уларга ишонч ҳосил қилиши ва таҳлил қилмоқчи бўлган мавзу ҳақида аниқ факт ва далилларга эга бўлиши керак. Таҳлил қилинаётган мавзуда коррупцион ҳолат борми, йўқми, бунга аввало ўзи ишониши, қолаверса, жамоатчиликни, ундан сўнг суд – ҳуқуқ идораси ходимларини ҳам ишонтира олиши лозим бўлади. Акс ҳолда таҳлилга тортилган томон журналистни туҳматчиликда айблаб судга бериши, суд эса исботини топмаган танқидий-таҳлилий материал учун таҳририятни раддия беришга мажбур этиши, пировард натижада, мақолани ёзган журналист жазоланиши мумкин. Тажрибада бу каби воқеаларга жуда кўп марта дуч келинган ва бу ҳол ҳамон давом этмоқда. Бунинг сабаби жиноятчи ҳеч қачон ўзини жиноятчиман, деб қўл қовуштириб ўтирмайди. Токи, айби исботланмагунча қарши курашади, бу йўлда ҳар қандай имкониятдан фойдаланади. Демак, журналист учун изқуварлик йўлидан бориш ҳам осон эмас.

Хўш, шундай ҳолатда журналист қандай йўл тутиши керак?

Масалан, соҳа ходими таҳририятга келиб тушган шикоятга кўра коррупцион вазият, уни таҳлил қилиш, жиноятни очиш ҳақида топшириқ олганида ишни шикоятни синчиклаб таҳлил қилишдан бошлагани, шикоят ёзган одамнинг асл мақсади нима эканлигини, чинакам адолат истаётганига амин бўлиши лозим. Чунки амалиётда бутунлай тескари ҳолатлар ҳам бўлган. Бировлар ўзига рақиб бўлган одамларга қарши курашиш мақсадида ҳам ОАВдан фойдаланишни маъқул кўришади. Баъзан кўролмаслик, ҳасад туфайли ҳам шу йўл танланади.

Бир гал Самарқанд вилояти, Иштихон туманидан Р. исмли фермер қўшни фермернинг устидан “Hurriyat” газетасига шикоят ёзиб келди. Табиийки, унинг шикояти ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинди. Шикоят мазмуни қуйидагича эди: “Қўшни” фермер режа бўйича пахта, ғалла экилиши керак   бўлган майдоннинг ҳаммасига пахта ва ғалла экмай, давлатни алдаётганмиш. Чегириб қолинган ерга ерёнғоқ, торвуз-қовун каби полиз маҳсулотлари экиб, бозорда пуллаётганмиш. Хўш, ерга тўлиқ пахта, ғалла экмаса, режани қандай тўлдираяпти, деб таҳририят ходимларини ишонтирмоқчи бўлди.

Шунда таҳририят ходими   журналистик суриштирувни шикоятчининг ўзидан бошлади. Шикоятчи огоҳлантирилди. Яъни, фермер ҳақиқий тадбиркорга ўхшайди, ерга яхши ишлов бериб, ҳосилдорликни ошириш ҳисобидан режани бажараётгандир, адашманг, биз текширтирамиз, эртага уялиб қолманг, деди. “Йўқ, у аниқ жиноятчи, мана исботим бор”, — деб полиз экинларининг суратларини ҳам илова қилди.

Хуллас, “Фуқароларнинг мурожаати тўғрисида”ги қонунга кўра мурожаатчининг шикояти эътибордан қолдирилмади. Таҳририят ходими қоидага риоя этиб, ушбу шикоятни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги экин майдонларини кадастрлаш мутахассисидан хулоса олишга киришди. Бунинг учун кадастрлаш мутахассиси, вилоят ва туман ҳокимлигидан вакиллар, таҳририятнинг бу ишга масъул ходимидан иборат махсус гуруҳ тузилиб, воқеа жойига биргаликда чиқилди. Шикоятга биноан, ер майдонлари ўлчанди. Ошиқча, ёки яширин экин майдони борлиги исботланмади. Шунда ўша “қўшни” фермер гуруҳдан шикоятчи фермернинг ерини ҳам кадастрга мослигини ўлчашни талаб қилди. Шундай қилинди. Натижа “ғалати” бўлиб чиқди. Яъни, шикоятчининг ўзида яширин экин майдони борлиги аниқланди. Бунинг устига унинг йиллар давомида пахта, ғалла режаларини бажармай келаётгани ҳам маълум бўлиб, у билан тузилган шартнома бекор қилинди. Шикоятчининг ўзи бировга туҳмат қилгани учун судда жавоб берадиган бўлди.

Мана бир шикоятнинг ортидан ўтказилган журналистик суриштирув натижаси. Журналис­тик суриштирув узоқ давом этадиган, мураккаб жараён, уни шошмашошарлик ва қизиққонлик билан амалга ошириб бўлмайди. Коррупцияга қарши курашда журналистнинг иштироки самарали бўлиши учун ҳар томонлама фаолият олиб борилиши керак, чунончи, аввало, фуқароларнинг маънавиятини оширадиган, коррупцияга қўл урмаслиги учун ор-номусини, инсоний ҳис-туйғуларини уйғотадиган таъсирчан публицистик мақолаларга кўпроқ   урғу берилса, мақсадга молик албатта. Шу маънода ижтимоий тармоқлар олиб бораётган қисқа, лўнда, тезкор маълумотлар ўз самарасини бер­яптики, коррупцион ҳолатлар тез ошкор этилмоқда.

Журналист маҳоратли бўлса ўз ишини пухта ташкил этади. Аксинча бўлса, айнан шу ҳолатларда ўз обрўсини тушириб қўйиш ҳоллари кўп кузатилган. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда “коррупция”, “корруп­цияга оид ҳуқуқбузарлик”, “коррупцияга қарши курашиш”, “манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчалар аниқ ва тўлиқ баён этилган. Бу тушунчаларни ҳар бир фуқаро билиши учун аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муносабатини шакллантириш зарур. Бу ҳам қалам аҳлининг иши.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашда жамоатчилик вакили сифатида журналистлар фаол бўлмаса, бутун инсониятни ташвишга солаётган ушбу ижтимоий иллат, яъни коррупция инсон ҳуқуқларининг, бозор механизмларининг бузилиши, инсонлар ҳаёт даражасининг ёмонлашувига олиб келади. Демократия ва ҳуқуқий тартиботни кучсизлантиради, халқаро хавфсизликнинг уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа таҳдидларига шароит яратади.

Хўш,   жамиятни ичдан емиришга қодир иллат – коррупцияга қарши курашда, унинг олдини олишда оммавий ахборот воситалари яна нималар қилишга қодир? Мамлакатимизда коррупция билан боғлиқ вазият ҳақида алоҳида сўз юритишга ҳожат йўқ. Чунки ижтимоий ва иқтисодий вазият билан хабардор ҳар бир фуқаро бу ҳақда озми-кўпми эшитган. Фақат ушбу муаммонинг биз кўтармоқчи бўлган мавзу билан бир боғлиқлик томони ҳақида тўхталиб ўтсак.

Айримлар коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигига унча ҳам ишонишмайди. Улар “пора бериш ва олиш бизнинг қонимизга сингиб кетган, бир нарса бермасангиз ишингиз битмайди” деган   фикр билан юришади. Аҳоли ўртасидаги бундай қарашларга барҳам бериш учун қонун ва ахлоқ тушунчалари уйғун ҳолда ҳар бир амалдорнинг қон-қонига сингиб кетиши лозим. Афсуски, фақат қонунни билишнинг ўзи, ахлоқдан узоқ бўлган ҳуқуқий онг коррупция балосидан асраб қолмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Олий юридик маълумотга эга бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг пора билан қўлга тушаётганлиги улар ҳақида шаклланган ижтимоий фикрнинг янада салбийроқ бўлишига олиб келмоқда. Масалан, Олий суд ходими, Самарқанд вилоятида (собиқ) ҳоким, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида судьялар турли миқдордаги пора билан қўлга олингани, Тошкент шаҳрида бир нечта   туман ҳокимлари, ҳокимлик масъул ходимлари жиноят устида қўлга тушгани, жамоатчиликни ташвишга солаётган иллатлардир. Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: хўш, давлат бошқаруви тизимида ишлаётганлар қонун талабларидан бехабарми? Йўқ, бундай деб бўлмайди. Шунга қарамасдан, ҳокимлик тизимида оддий ходим ҳисобланган мутахассисдан тортиб айрим вилоят, туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари пора билан қўлга тушаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Эскироқ бўлса ҳам бир маълумотни келтириб ўтайлик. Янгилари бундан-да, аянчли. 2018 йилнинг 9 ойи давомида Самарқанд вилоятида 132 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 90 нафари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, 17 нафари фирибгарлик, 25 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 4 нафари пора бериш, 2 нафари пора олиш ва бошқа жиноятларда айбланган. Эгаллаб турган вазифаси бўйича таҳлил этадиган бўлсак, улардан 22 нафари ички ишлар идоралари, 2 нафари давлат солиқ инспекцияси, 7 нафари олий ва ўрта махсус таълим муассасаси ходимлари, 11 нафари мажбурий ижро бюроси инспекторлари, бир нафардан туман ҳокими ўринбосари, прокуратура, нотариал идора, адлия органлари ходимлари, ҳакамлик суди судьяси ва бошқалардир.

Вилоят прокуратураси катта терговчиси томонидан zarnews.uz сайтида келтирилган ушбу фактлар коррупцияга фақат ҳуқуқий онг пастлиги сабаб бўлмаслигини яққол кўрсатиб турибди. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ушбу иллатни кескин камайтириш йўлида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалардан саналади. Аммо бизнинг ОАВ ана шу муҳим вазифани тўлақонли бажаряпти, деб айта олмаймиз. Бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари мавжуд.

Мавзуни тўлақонли ёритиш учун ОАВ ходимлари етарли кўникмага эга эмаслиги, қонун талабларини чуқур билмаслик ана шундай сабаблардан биридир. Коррупция ҳолатларининг турли соҳаларни қамраб олиб, ранг-баранг кўринишда тусланиши журналистдан ана шу соҳалардан, уларга доир қонунчиликдан яхшигина хабардор бўлиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Коррупцияга қарши жангга отланган журналист унинг ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган қонунларнинг амалда уни ҳимоя қилишига кўп ҳам ишонмайди. Чунки коррупционер одатда юқори мансабдаги амбицияси кучли, яъни ҳар қандай танқидий гап-сўз нафсониятига тегадиган, бундай сўзларни эшитишга ўрганмаган, аксарият ҳолларда жиззаки амалдорлардир. Журналистнинг бу курашдан эсон-омон чиқиши учун жамиятда қонун устувор ва суд тизими амалда тўла-тўкис мустақил бўлмоғи лозим. Бундан ташқари, эркин сўз ҳимоясига тайёр турган, ноҳақ айбланган журналистга ён боса олишга журъат қила оладиган ҳақиқий сиёсий партия ва жамоат ташкилотлари зарур.Сиёсий партияларимиз, уларнинг севимли нашрлари эса фақат сайлов пайтида осмонга қарата пахтавон ўқ отиш билан овора. Қолаверса, керакли ахборотни олиш имкониятлари етарли эмаслиги, ахборот манбаларининг чала очиқлиги ҳам ОАВ ходимларининг коррупцияга самарали кураш олиб боришига тўсқинлик қилувчи омиллардан десак, хато бўлмас.

Яна бир муҳим жиҳат: журналист қанча вақт, куч ва асаб сарфлаб, кўп ҳафталик суриштирувини якунлаши учун қанча маблағ керак? Эшик қоқиб борсанг, “Обуна мажбурий эмас” дейдиганлар жамият ривожининг кўзи ва қуроли бўлган матбуотни қўлловчи дўстми ёки   коррупционерларнинг таъсиридаги одамларми? Обунадан тушган маблағ таҳририятнинг босмахона харажатларига ҳам етмай турганда давр тақозо қиладигандек журналистик суриштирувларни олиб боришга йўл бўлсин! Шу боис, таассуфки, журналистнинг бажарган иши оддий хабар ёки мақоладан   нарига ўта олмаяпти. Матбуотнинг гуллаб-яшнашини коррупционерлар хоҳлашмаслигига ёрқин мисолда, бу. Эҳтимол, ОАВ чиқишлари кўп ҳолларда қоғозда қолиб кетаётганининг сабаби ҳам шунда. Ҳозир ҳам турли идоралардан ҳақиқат тополмаган тадбиркорлар “Тўртинчи ҳокимият”га мурожаат қилиб, ёрдам сўрашади. Уларнинг дардини эшитиб, муаммолари ҳақида мақолар ҳам эълон қилинмоқда. Лекин тегишли ташкилотлар унга деярли муносабат билдирмаяпти. Муаммо эса яна ўз ҳолича қолиб кетади, фуқароларнинг турли идораларга шикояти давом этаверади. Ушбу ҳолат бўйича истаганча мисоллар келтириш мумкин.

Дилимиздаги мужда шундан иборатки, ҳали ҳам имконият бор. Тиш-тирноғи бор айрим журналистлар бир неча йиллардан сўнг “пенсия”га чиқиб кетгач, хабаркашликка куни қолмаслик учун бугунги матбуотимиз ўзи учун ўзи курашиши керак. Бунинг учун у ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият” вакиллари ҳам ўз эътиқодида мустаҳкам, касбига оид пухта малакага эга бўлиши бугунги давр талаби. Алломалар таъкид­лаганидек, “Ҳақ олинур”.

Ўктам МИРЗАЁР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =