Саксон ёшли мухбир ва йигирма ёшли муҳаррир

Йўқ. Сарлавҳадаги рақамларда янглишмадик. Айнан ана шундай. Шу йил саксон ёшни қаршилаган Ражаббой Багиров Ангренда чиқадиган “Улуғ йўл” газетасининг Бекободдаги мухбири. Йигирма ёшли Отабек Бакиров ана шу газетанинг бош муҳаррири. Шарифлари уйқаш: бобо ва набира бўлишса керак, деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, бу шунчаки тасодиф.

Ражаббой Багиров билан телефон орқали тез-тез суҳбатлашиб турамиз:

— Раҳбарингиз набирангиз қатори. Ҳатто ундан ҳам ёшроқ. Ишлаш қийин эмасми? – сўраймиз Ражаббой отадан.

— Ёшларга ҳавасим келади. Киши билмас қабилида баъзан хато ва камчиликларини айтиб ҳам тураман. Ютуқларини кўп ҳам бўрттирмайман. Ҳали ёш, ўз устида ишласин, дейман-да. — Бу кекса мухбирнинг жавоби.

Жавобдан мамнун бўлиб, суҳбатдошимдан ҳол-аҳвол сўрайман:

— Ҳозиргина газеталарни тарқатиб, уйга қайтдим, – дейди суҳбатдошим.

— Шу ёмғирли кунда хонадонма-хонадон юрибсизми? – ажабланиб сўрайман. “Уйингизда тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими?” демоқчи бўламану…

— Ҳозир обуна мавсуми. Обуначиларимизни йўқотиб қўймайлик, қолаверса, улар газетамизни ўз вақтида ўқисин, дейман-да.

Ҳайратим ортади. Ўйлаб қоламан. Саксон ёшли чолга, кечирасиз, қаҳрамонимизга нисбатан бу иборани ишлатиб бўлмайдиган кўринади, шу боис каломни пича ўзгартирамиз: Саксон ёшли йигитга шу кунларда бу каби юмушлар зарурмиди? Зарур, дейди ички ҳиссиёт. Туғёнлар ўзаро баҳслашаверади: нуроний бўлиш учун неча ёшга кириш керак? Саксон ёшда ҳам мухбир бўлиб ишласа бўлаверадими?

Мухбир газета учун ўзи яшаб турган манзилдан мақолалар тайёрлайди. Унинг ҳар бир янги сонини муштарийларга ўз вақтида етказиб туради. Газета бош муҳаррири юз эллик чақирим олисда ишлаётган ходимидан мамнун бўлиб: “У кишида қирчиллама йигитнинг куч ва ғайрати, ўзига хос қалами, ёзиш услуби бор”, дейди.

Хуллас, саксон ёшли мухбир бугун ҳам хонадонларга зиё, илм-маърифат тарқатиб келмоқда. Дарвоқе, ёш Ражаббой ўз меҳнат фаолиятини ҳам айнан зиё тарқатишдан бошлаган.

Р.Багиров кейинчалик Ўзбекистон радиосининг маҳаллий эшиттиришлар Бош бошқармасида Бекобод тумани бўйича бошловчи муҳаррир бўлиб ишлади. Бу орада Москва Олий партия мактабини битирди. Собиқ фирқа ишида фаолият олиб борди. Етти йил давомида туман газетасига муҳаррирлик қилди.

Ражаббой Багировнинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни ўқиган киши бироз чарчаб ҳам қолади. Иш жойи турлича, лавозимлар ҳар хил. Бекобод туманида Ҳушёрлик жамиятига, янги ташкил этилган Маънавият ва маърифат маркази туман бўлимига, Саёҳат бюросида раҳбарлик қилди. Мазкур соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшди. 1997 йилда “Ўзавтотранс” АК Тошкент вилояти “Йўловчи” суғурта кампаниясига директор этиб тайинланди.

Лавозимлар тез-тез ўзгариб турди, лекин битта нарса сира ҳам ўзгармади. Ражаббой Багиров қайси соҳада ишламасин, қўлидан бир дам қаламини қўйгани йўқ. Шеърлар, ҳикоялар битди. Устоз ижодкорнинг қаламига мансуб долзарб мавзудаги мақолалар, шеър ва ибратли ҳикоялар ўқувчилар томонидан севиб ўқилмоқда. Эътиборлиси шундаки, унинг “Умр мазмуни” ва “Уч ипли арқон” каби китоблари, публицистик чиқишлари, шеър ва мақолалари ўзининг тарбиявий аҳамияти билан алоҳида ажралиб туради.

Шундай хулоса қилиш мумкин: Ражаббой Багиров мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, юртимиздаги яратувчанлик ва янгиланиш жараёнлари, эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги фаолияти эътиборга лойиқ.

Ҳа, қарийб олтмиш йилдан буён   ижод қилиб келаётган, устоз журналист ҳаётда тетик, ижодда сермаҳсул. Очиғи, мана шундай табаррук ёшда ҳам эл корига яраш, кўпчиликнинг оғирини енгил қилиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ражаббой аканинг шу ёшда ҳам уйида ўтирмай, ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишни афзал билиши эътирофга моликдир.

Яқинда Бекобод шаҳрида Ражаббой Багировнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ёш муҳаррир устознинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапирди. Кекса журналистга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Фахрий ёрлиғи, Тошкент вилояти ҳокимининг таб­рикномаси, қимматбаҳо совғалар тортиқ қилинди. Тадбирда сўз олганлардан бири шундай деди:

– Журналист Ражаббой Багировнинг умр баёнига назар ташлар эканман, беихтиёр бир савол фикримни қуршаб олади: йигитлик билан кексаликнинг чегараси қайси мезонлар билан белгиланади? Сўзсиз вақт билан. Ўша вақтнинг мезони ҳар хил бўлса керак: Олтмишда чол, саксонда йигит бўлиш мумкин экан-да… Йўқ. Саксон саксон-да. Кексаликка кўз тегмасин. Нуроний зот бўлиш қандай яхши… Нуроний сиймо бўлганда ҳам, қўлида ҳасса эмас, қалами билан.

Бу фикрга қўшилмай илож йўқ.

Р. ШЕРАЛИЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =