Устоз Шерзодхон Қудратхўжа

Дунёда шундай инсонлар борки, улар яхшилик қилиб, сувга ташлаб кетаверади. Қилган эзгу ишлари шу қадар кўпки, улар жамиятга ҳам, давлату миллатга ҳам таъсир ўтказади ва кези келса, дунёни ўзгартира олади. Уларнинг бу ишларини эҳтимол бандаси билмас. Аммо Холиқ, албатта, билади.

Кишилар тақдирида муҳим из қолдирадиган шахслар бўлади. Менинг ҳам ҳаётимга таъсир қилган шундай инсон бор. Тўғри йўлдан тойганимда ҳамиша менга адолатли йўл кўрсатади.

Ҳаёт йўлимда шундай шахсга дуч қилганига Яратгандан миннатдорман.

…2016 йил бошида бир бош муҳаррирнинг “шарофати” билан анча вақт ишсиз қолдим.

Ҳозиргидай эслайман. 2017 йилнинг 9 апрель оқшоми. “O‘zbekiston” телеканалида “Таҳлилнома” дастурининг янги форматдаги илк сони эфирга кетди. У менга ёқди. Ижтимоий тармоқдаги саҳифамда бу ҳақда кичик муносабат қолдирдим. “Шахсий”дан Шерзодхон Қудратхўжа “Таҳлилнома” деб ёзилган “планшет” расмини юборди ва “Қўнғироқ қилинг!” деб ёзди. Қўнғироқлашдик. “Ишлайсизми?” деб сўради. “Ҳа!” дедим. Шу зайл кўнгилли сифатида иш бошладим.

Ўшанда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпа­ниясида ўта замонавий техникалар йўқлиги боис дастурнинг бир неча сони “ZO`R ТВ” студиясида ёзилди. Баъзан кечалари “Таҳлилнома” ёзамиз. Баъзан кундузлари “Тошкент” телеканали жамоаси билан пойтахт бўйлаб ўрганишларга чиқамиз. Тунлари монтажхонада қолиб ишлаймиз. Шундай кунларнинг бирида “Тошкент” телерадиоканали директорининг хонасида устоз билан ҳоли қолгач, у: “Фозил, айримлар сени унча ёқтиришмайди, буни сездим. Аммо мен ҳар-хил гапларга эмас, сенинг истеъдодингга ишонаман, истеъдодли одамларнинг эса душмани кўп бўлади”, деди ва ишда қаттиқ давом этишимни тайинлади.

2017 йилнинг 24 июль куни “O‘zbekiston 24” телерадиоканали очилди. “Таҳлилнома” дастури ҳам телеканал таркибига ўтказилди. Аввалига фақат қалам ҳақи тўланадиган муайян шартнома асосида ишга кирдим. 2018 йилнинг бошида мени ярим штатга ишга олишди. Лекин бунга устоз заррачаям аралашгани йўқ. Билдирилган биргина ишонч билан мен учун умуман бегона бўлган телевидениеда ўз ўрнимни топа бошладим. “Таҳлилнома”га шарҳлар, “Ахборот 24” ва “Янгиликлар 24”га лавҳалар, бошқа дастурларга кўрсатувлар тайёрладим. Ўз материалларимга ўзим овоз бердим, ўзим “стендап” қилдим. Бошланишига қийин бўлди, аммо бора-бора тажрибам ошиб борди. Хуллас, бировдан олдин, бировдан кейин бўлиб ишладим.

Ўша воқеадан кейин устоз билан яқин бўлиб кетдик. Энди эса у кишига қараб ўзимни тўғрилайман. Бирор нима ёзсам, у киши нима дер экан, деб хавотирланаман, “телеграм” ё “фейсбук”даги “шахсий”дан “Менга қўнғироқ қил!” деб ёзса, тамом, ниманидир хато қиляпман, дея ийманиб қўнғироқ қиламан-у тахминларим рост бўлиб чиқади. Шундай қилиб улар оғиб кетаётган жойларимда тўғри йўл кўрсатади.

Устознинг минглаб шогирди бор. Лекин мен у кишига муносиб издош бўла олдимми-йўқми, билмадим, аммо Шерзодхон Қудратхўжа менинг ҳаётимда чин Устозга айланди.

Ҳаёт қизиқ экан-да! Қаранг, биров ишдан ҳайдайди, бошқаси эса ишли бўлишингга кўмаклашади. Уларга яқинлашишимга сабабчи бўлган воқеа ва мени “ўз вақти”да ишдан ҳайдаган ўша бош муҳаррирдан миннатдорман.

* * *

Мен бу инсонни яқиндан билганим учун яна шуни айта оламанки, у 2016 йили Ўзбекистонда бошланган янги сиёсат туфайли оммавий ахборот воситалари орқали халқ муаммоларини журъат билан кўтариб чиқа бошлади. Халқнинг раҳбарлари, аниқроғи, хизматкорларини ўзига танитди. “O‘zbekiston 24” телерадиоканали очилишига ҳисса қўшди. Кўрсатувлари орқали одамларга яхшиликлар улашди. Халқаро пресс-клубни ташкил этди.

Эсингизда бўлса, 2017 йил Шерзодхон Қудратхўжа “Tet-a-tet” кўрсатувида вилоятлар ҳокимларидан жонли эфир орқали: “Бу йил дўхтирлар ва ўқитувчиларга пахта тердирмаймиз”, деган ваъдаларни ола бошлади. Шундан сўнг ўша пайтда устозни кимлардир унча хушламай ҳам қолганди.

Лекин барибир Ўзбекистон дунёга юз тутиши керак эди. Ҳаммаси шундайлигича қолиши мумкинмасди. 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори чиқди. Ушбу ҳужжатдан кейингина ўз иши қолиб, ягана қилишдан тортиб пахта режасининг бажарилишигача катта ҳисса қўшадиган дўхтиру ўқитувчиларни давлат пахтадан озод қилди. Мен бу билан Шерзодхон Қудратхўжадан замонамиз қаҳрамони яратмоқчи эмасман. Аввало, бу ислоҳотларнинг бошида Президентимиз турган эди. Шахсан давлатимиз раҳбарининг дилидагини ўз вақтида, дадил кўтариб чиқиш ҳам осон эмас-да.

* * *

Инсон ўзи табиатан унутувчи бўлади. Аввал қилган юзта яхши ишингни баъзан бир хатоинг ювиб кетади.

Айниқса, бугун интернетда бирор кишининг қайсидир гапини матндан юлиб олиб, уни бадном қилиш осон бўлиб қолди. Бу оломон учун бир ўйинга айланди.

2020 йилнинг апрели. Ўйиннинг навбатдаги қурбони Халқаро пресс-клуб раҳбари, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа бўлди. Ўшанда карантин даврида давлат тарқатган текин маҳсулотлардан айб топган йигитнинг видеоси интернетда тарқади. Устоз: “Айнан шундай ношукрларга неъматларни бепул берилишига қаршиман, балким арзонлаштирилган нархларда бериш керак, текин деган сўзни луғатимиздан чиқариш керак, текин нарсани қадри бўлмаган ҳеч қачон, ҳеч қайси капиталистик давлатда бундай қилинмаган”, деди. Бу фикр айрим кишиларга ёқмади. Ғаламислар “пост”дан матн­нинг бир қисмини юлиб олиб интернетда нотўғри талқин қила бошлади. Ҳатто тушуниб-тушунмай Қудратхўжа шахсини қоралаб, “пост” ёзган зиёлилар ҳам бўлди. Уларнинг ортидан эса минглаб одамлар эргашиб, ҳақоратли изоҳлар ёзди.

Бу воқеа биринчиси эмасди. 2018 йили Ўзбекис­тон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети биноси қурилишидан норози бўлган рус кампирлари билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат содир бўлганди. Ўшанда Шерзодхон Қудратхўжа унинг асабига теккан аёлга қарата: “Ўзбекча гапиринг, 60 йилдан бери Ўзбекистонда яшаб, давлат тилини ўрганмагансиз, уят-уят!” деган. Руспараст оломон эса устозни роса танқид қилган. Ҳатто “уятмен” номли бир қанча мем ва стикерлар яратилдиям.

Бир сафар гаплашганимизда устоз: “Ўшанда мен ўрис аёллардан хафа бўлмадим, давлат тилимизни ҳимоя қилганим учун мени қоралаган ўзимизникилардан ранжидим. Демак, биз ҳали кўп ишлашимиз керак экан”, деди.

Яна бир сафар устознинг телеграм гуруҳда талабаларга берган топшириқ ва турткиси интернетда тарқаб, буни кўпчилик истеҳзо билан муҳокама қилди. Бу вақтинча бўлди. Тез кунда ижтимоий тармоқларда бошқа мавзу чиқди ва омма ўзини ўша ёққа урди…

Мунавварқори Абдурашидхон 1923 йили айтиб кетган ушбу гап, афсуски, ҳамон долзарб экан: “Овропа халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овропаликлар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва калта кийим жанжаллари, Овропа шаҳарлари бугун электр билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва тиббиётни ўқитиш-ўқитмаслик ихтилофлари… давом этди”.

Ватандошларимиздан бир нарсани сўраган бўлардим. Қўлидан иш келадиган инсонларимизни асрайлик. Умуман, бир-биримизни асрайлик. Таниқли шахсларимизни ҳадеб муҳокама қилавериб, уларни ҳаётдан бездириб қўймайлик.

Шу ҳақда ўйласам, бир неча йил аввал Анвар қори Турсунов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) ва у кишининг муҳокама бўлган “қиммат” соати эсимга тушаверади.

Муҳокамада мен ҳам ўзимча Анвар қорининг соатини бир камбағал кампир билан солиштириб “пост” ёзгандим. Уни ижтимоий тармоқда эълон қилдим. Шунда устоз қўнғироқ қилиб: “Фозил, сен Анвар қорининг қўлидаги ўша соат неча пул эканини, қаердан келганини ва ўша аёл аввалги ҳаётида қандай яшаганини билмайсан-ку!” дея танбеҳ берганди. Шу гапдан сўнг “пост”ни ўчириб ташладим. Кўп ўтмай, Анвар қори вафот этди. Шунда ичимдан қиринди ўтди: “Биз қорининг соати ва бошқа “айб”ларини муҳокама қилавериб-қилавериб, у кишининг бошини емадикмикан-а?”

Устоз, бундан ташқари, бошқа постларимга ҳам эътироз билдирган. Уларнинг аксари маълумоти текширилмаган, ўрганилмаган масалалар ҳақидаги материаллар бўларди. У киши “пост”ларингни олиб ташла, демасди. Шунчаки мен англамаган сабаб­ларни тушунтирарди. Кейин ўзимдан уялиб, уларни ўзим олиб ташлардим. Долзарб мавзуда, таҳлил қилиб ёзган мақолаларимни эса кўп бора эътироф этган.

Юқорида санаганим – кўнгилни хира қилувчи бу каби воқеалар ҳақида ўйласам, Абдулла Ориповнинг “Исм ҳақида” номли шеъри эсимга тушаверади:

Хаёлимга келар гоҳ ғалат бир гап,

              Гар уни эл аро сўйлаб юрмасман.

              Билмадим не боис, билмам не сабаб,

              Исмимни бировга раво кўрмасман.

 

              Улуғ отдошларим мақоми юксак,

              Мен шогирд эрурман гарчанд аларга.

              Ҳар нечук, бир гапни айтмоғим керак:

              Осон бўлмаган ҳеч Абдуллаларга”.

Ушбу шеърнинг охирги қаторини сал таҳрир қилиб, устоз ва у каби руҳий энергияга бой инсонларга бемалол қўлласа бўларкан?

* * *

2020 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида матбуот анжумани ўтказдик. Унга Шерзодхон Қудратхўжаниям таклиф этдик. Устозга сўз берилганида у ҳеч эсдан чиқмайдиган оғриқли гап айтганди:

“Жадидлар – қаҳрамон, ёзган асарлари учун жонини берган. Кўпларининг қабри қаердалигини билмаймиз. Агарки миллат ўзининг қаҳрамонларини билмаса, уни миллат деб атаб бўлмайди. Мен ўзим русча боғчага борганман. Мактабда русча синфда ўқидим. Очиғини айтаман, 11-синфни битиргунимизча жадидлар ҳақида бизларга ҳеч ким гапирмаган, ҳеч ким индамаган. Бўлмаса, эски шаҳарда катта бўлганмиз. Бизларга ҳеч ким уларнинг ки­тобларини ўқинглар, демаган. Бу китобларни ҳозир ўқияпмиз. Қайсинисини ўзбек тилида, қайси бирини рус тилида. Жамиятда ислоҳот хоҳласак, ўзгариш тез бўлишини истасак, миллатнинг шундай боболари борлигини, Қодирийлари, Фитрату Чўлпонлари борлигини ва улар халқ учун бежиз қон тўкмаганини, бекорга жонини бермаганини ич-ичимиздан ҳис қилишимиз керак”.

Устоз ўзаро суҳбатларимиздан бирида: “Биздан фарқли равишда авлодларингизнинг бахти – ўзбек тилида, она тилимизда ёза олишингизда”, деганди афсус ва ҳавасланиб. Русча ўқигани боис миллатимизнинг асл қаҳрамонларини танимай катта бўлганидан, ўзбек тилида эркин, ўзи хоҳлагандек ёза олмаслигидан бугун афсус чекаётган одамни ҳақиқий миллатпарвар десам, хато бўлмас.

Энди ўйланг, бугун минглаб ўзбеклар фарзандларини рус боғчаларида, рус мактабларида, олий ўқув юртларининг рус бўлимларида ўқитяпти. Уларга эса, табиийки, ўзбек тили ва адабиёти деярли ўқитилмайди. Ўқитилса, ҳам дарс соатлари кам. Натижада минглаб, миллионлаб ўзбек болалари Қодирий ким, Чўлпон ким, Фитрат ким, Беҳбудий ким, Абдулла Орипов ким, Эркин Воҳидов ким, Тоғай Муроду Ҳалима Худойбердиева ким эканини билмасдан улғаймоқда ва бир умр шундай яшамоқда. Ўзбек тилида фикрлашмайди, фикрини давлат тилида эркин баён қила олмай катта бўлишмоқда.

Назаримда Шерзод ака ўша матбуот анжуманида миллатнинг мана шундай улкан фожиасига урғу берган эди. Миллатнинг оғриқли муаммоларини ҳис қилган, гапирган, эфирга олиб чиққан инсон халқнинг маиший муаммоларини анг­ламаслиги мумкинмиди?

2020 йили устоз паспортидаги “вич”, “ев” қўшимчаларидан воз кечди. “Шерзод Тожиддинович Қуд­ратхўжаев”ни “Шерзодхон Тожиддинхон ўғли Қуд­ратхўжа”га ўзгартирди. Бу воқеадан кейин уларга қўнғироқ қилиб, табрикладим. “Буни сиз ҳам давом эттиринг!” деди.

* * *

Аслида бу инсон менга талабалигимдан устоз. 2006-2010 йиллари Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида ўқиганимда улар бизга “Интернет журналистикаси” фанидан дарс берган.

Магистратурада ўқийман. Кунлардан бир кун дарсга “басаношка” кийиб боргандим. Танаффусмиди, курсдошларим билан факультет ҳовлисида турардик. Шунда устоз келиб биз билан кўришди-да, оёғимни қаттиқ босди. Унинг бу иши “Нега дарсга бундай оёқ кийимда келдинг?” деган даккиси эди. Яна ўзимдан бошқа ҳеч кимга билдирмасдан қилди бу ишни. Ўшандан сўнг дарсларга бундай очиқ тўрли оёқ кийимда келиш ножоизлигини нафақат англадим, балки бу иш мен учун бир умрлик сабоқ бўлиб қолганди.

2019 йил. Устоз мени Корея Республикасининг Шин Донг Ёп адабиёт уйида маъруза ўқишга тавсия қилди. Ўзбек адабиёти ҳақида маъруза матнини тайёрладим. Ҳужжатларимни тўғриладим.

Декабрь ойининг қайсидир санаси эди. Оқшом чўккан. Корея Республикасига кириш визамдаги муаммоларни билдириш учун устозни йўқладим ва тўғри университетга бордим. Шунда ўқув хоналарининг бирида ректор талабалар билан бирга мақола ёзиб ўтирган экан. Мен ҳам уларга қўшилиб, мақолани таҳрир қилгандай бўлдим. Мақола ўрисмозор Боткинага кўмилган мусулмон Абдулла Авлоний ҳақида эди. Ўша куни устоз ўқитувчи ва талабаларни жадид бобомизнинг қабрини зиёрат қилишга олиб борганди. Мақола оқшомда ижтимоий тармоқда эълон қилинди ва “Авлоний нима учун ўрис мозорга кўмилган?” деган савол жамоатчилик эътиборига тушди.

Кўп ўтмай, Авлонийнинг ҳоки Чиғатой қабристонига кўчирилди. Ўйлайманки, талабалар кўз олдида ёзилган ўша мақола жамиятга таъсир этганини улар бугун ҳис қилишади.

Шундай қилиб, устознинг тавсияси билан 2019 йилнинг 14-16 декабрь кунлари Корея Республикасининг Пуё туманидаги Шин Донг Ёп адабиёт уйида бўлиб, ўзбек адабиёти ҳақида ўзбек тилида маъруза ўқиб келдим. 2013 йилнинг 3 май куни Шин Донг Ёп исмли шоир шарафига очилган уй-музей ва адабиёт уйидан олган таассуротларим бутун умрга татийди. Бу учун ҳам устоздан миннатдорман!

* * *

“Уч савдойи” бадиий фильмида ҳеч қаерда муқобили йўқ ижодий мактаб очган Ранчо – Пҳунгсук Вангру ҳақида эшитганмисиз? У жамиятнинг бош­оғриқ тўсиқларидан эсон-омон ўтиб, ўқиш тизимини ўзгартириб, охир-оқибат орзуидаги ихтиролар масканини очади.

Шерзодхон Қудратхўжани ҳам ўша Вангруга ўхшатаман. У ҳам Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети деб куйиб-ёнади. Ўқув юрти биноси ва талабалар уйини яратиш учун ҳомийларни жалб қилди. Талабаларни кўпроқ амалиёт билан боғлади. Ректор ва талаба ўртасидаги тўсиқларни олиб ташлади. Бир қарасанг, устоз талабаларга бадиий китоблар ўқитади, бир қарасанг, уларни етаклаб улуғлар қабрини зиёрат қилади, бир қарасанг, ёшлар билан театрга спектакль томоша қилишга боради…

Ёки ҳаётий бир сабаб туфайли оғир тушкунликка тушиб қолган бир рус талаба қиз учун бозорга тушиб иккита қуён сотиб олгани, қуёнларни совға қилгани-чи?

— Бу қуёнчалар сенга. Уларга қара, парвариш қил, дейди устоз.

Талаба қизнинг юзларида, ҳа, анчадан буён кўринмаган табассум югуради. Ишонгиси келмай у сўрайди:

— Ростан ҳам менгами? Мен қуёнчаларни шу ерда — ўқиш жойимда боқсам бўладими?

— Ҳа, албатта. Улар учун уйча ҳам қуриб берамиз.

Энди айтинг, қайси дорилфунун ректори бир талабаси учун, унга ёрдам бериш учун ана шундай меҳр ва эътибор қилганини эшитгансиз? Билмадим. Эҳтимол, бундай одамлар жуда кўпдир. Эътиборли ва бағри кенг. Лекин менинг билганим, таниганим ана шундай содда, меҳрли ва самимиятга тўла қалб соҳиби Шерзодхон Қудратхўжадир.

* * *

“O‘zbekiston 24” телеканали бош муҳаррири Муҳаммаднозим Мавлонов 2020 йил 26 сентябрь куни “covid-19” туфайли оламдан ўтди. Уни билган инсон борки, буни эшитиб йиғлади.

Ака билан уч ярим йил бирга ишладик. Ёшларни доим қўллаган. Менга ҳам маслаҳатларини ҳеч аямасди. Муҳаммаднозим аканинг вафотини эшитиб қаттиқ куюндим. Сўнг ижтимоий тармоқдаги саҳифамда “Хайр, Муҳаммаднозим Мавлонов” номли мақола ёздим. Шунда Шерзодхон Қудратхўжа менга қўнғироқ қилиб: “Ҳожи ака ҳақида яхши ёзибсан! Ишга энди келганимда Муҳаммаднозим ака мениям қўллаган, кел, ўтир, дерди-да, ёнига ўтирғизиб олиб, билмаган нарсаларимни ўргатарди, аммо ҳаммаям бундай қилмасди, атай ёрдам бермайдиганлар бўларди, ҳожи ака эса бошқача эди”, дея йиғлаб юборди. Устознинг хотиралари уйғониб кетганди. Уларни нима деб юпатишни билмасдим. Шу куни устоз ҳам: “Ахборот”га келган ёш журналистни қўллаб-қувватлардингиз, таҳрирда ёрдамни аямасдингиз, ёшингиз катта бўлса ҳам монтажда навбатни сақлардингиз, кайфиятимизни кўтарардингиз”, дея “пост” ёзди. Муҳаммаднозим Мавлонов чиндан шундай куюнчак, жонкуяр, кўмакдош, камтар устоз эди. Чин инсон эди.

Телефондаги ўша суҳбатдан кейин мен Шерзодхон Қудратхўжанинг ҳам ҳақиқий инсон эканини ич-ичимдан ҳис қилдим. Масофа узоқ бўлса-да, унинг юраги менга шундоқ кўринар, юрагининг уриши эса қулоғимга чалиниб турарди.

* * *

Яна бир гап: Очиғини айтсам, устоздаги камтарлик ва самимийликка ҳавас қиламан. У бирор кун бекор эмас. Халқаро пресс-клуб фаолияти ректорлик вазифасига ўтгач ҳам тўхтаб қолмади. Бугун Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси сифатида ҳам тиним билмайди. Илоҳим кўз тегмасин. Ўзбекнинг шундай фидойилари доим бор бўлсин!

Фозил ФАРҲОД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 1 =