Ёғдуларда бордир тарози

Вақтни аждарга ўхшатаман. “Турқи” тароватиям шу – кўринмас, из ташламас, соядай ўйноқи, елвизакдай алдамчи,  балчиқдай гирдобига тортувчи – “Юҳо”. Вақтни енгиш бу ажални енгишдир. Бош узишдан зерикмаган ва қон ҳидидан завқланадиган жаллоддай турқи совуқ. Демак, унинг ҳам қиёфаси бор экан. Нақадар совуқ! Худди  миллиард йиллик музликлардай ўлжасини бус-бутун ушлаб қоладиган – Муз уммони. Тангри қамчисини Вақт қўлига узатгандай назаримда. Унинг чандиқли изи мангулик манглайида тит­роқ юлдуздай чанқоқ шуъла сочади. Вақт билан ҳисоблашиш инсонга мерос мулкдай бебаҳо қийматга эга. Одил Ҳотам шеърларини ўқиганимда вақт билан гаплашаман, мусоҳабамиз жавобсиз саволдай ечимини топмайди. Чунки вақт юпанчдан холи, изтироб ёрғучоғида донимизни биздан сўрамай эзишдан тўхтамайди.

Қўлимда шоирнинг кейинги китоби – “Қуёш сиёҳдони”. Варақлайман.

Масофалар вақт оғушида,

Лаҳза эса баридан устун.

Булутларнинг оппоқ тўшида

Балқиган нур – юракка устун.

 

Бир қараганда мисралар бир-бирини инкор қилаётгандай, яъни биринчи байт билан иккинчи байт қовушмаётгандай туюлади. Ички нигоҳ билан тикилсангиз, ниманидир англайсиз. Шеърдаги ниманидир аслида тасдиқловчи ишорадир. Шеър билгисиз, номсиз ишораларда шаклланади, мазмун моҳиятан янги “қўриқ” очади. Масофалар   ҳамиша Вақт жиловида, вақтсиз масофалар ўзиб кетолмайди, ҳатто ўрнидан жилолмайди. Лаҳзанинг устунлиги оний ҳаракатда мазмунга инади, бедорлик сукут ҳамда дақиқалар этагини силкитади. Иккинчи байтдаги “устун” сўзи биринчи байтдаги “устун” сўзини очиқлаяпти. Булутларнинг оппоқ тўшида балқиган нур – орзу, умид, эрк ялови.  Юракни нур чулғагандагина руҳиятимиз бокиралик салтанатига айланади, ойдинликка чўмади.

То қиёмат азал жадвалин,

Бузиб чиқиб кетолмас ҳеч ким.

Ҳаёт ичра мамот бор ҳали,

Унгача ишқ шаробин ичгин.

 

Қиёматнинг азал жадвалини одамзод бузиб чиқиб кетолмаган. Бузмоқчимисан ишқ шаробини ичгин, демоқчи шоир. Ишқ шароби инсон қалби ҳурлигини таъминлайди

Тўзғимас аҳд, некбин туйғуни,

Бериб бўлмас сира ҳам қарзга.

Нафас етмай ўшал бурғуни,

Чалмоқлик ҳам айланмас фарзга.

 

Ҳурлик аҳд, некбинлик туйғусидан ўзакланади. Туйғу қарзга берилмайди ва уни сотиб олиб ҳам бўлмайди.  Ҳурлик бурғусини чалмоқлик учун эркдан нафас олмоқ ҳамда ишқ шаробин ичмоқ керак. Йўқса, орзулар, умидлар, истаклар ҳавога учади.

Ҳур мангулик паноҳи узра,

Юлдузчалар тимирскиланар.

Тўхтаёзган бир юрак музлаб,

Дақиқадан нафас тиланар.

 

Юлдузларнинг ҳур мангулик паноҳи узра тимирскиланишларидан огоҳ тортган юракнинг музлаб, дақиқалардан нафас тиланиши ҳайратли.  Демак, Вақт – инсон изтиробининг товаси. Шу боисдан Тангрининг мўмин бандалари Вақт билан ҳисоблашади. Шеър якунидаги мисраларда муддаомиз ойдинлашади.

…Шафақлар бу мумтоз наволар,

Олган қуёш – жом оғушига.

Тўрт унсурдан ортган ҳаволар –

Кундуз кирар Вақтнинг тушига.

 

Ола-чалпоқ тушга ўхшаётган шеър мазмун моҳиятидан шуни англаймизки, юлдузларнинг тунда тимирскиланишига гувоҳлигимиз сергак тортиради. Аслида юлдузлар ҳаёт нағмасини унсиз қалбимизга муҳрлайди. Ҳаёт бедорлиги тўрт унсурда жамланганини онг ости сезимлар орқали қалбга иншо этамиз ва кўринмас занжир мавжудлигини идроклаймиз. Шеърдаги масофа, дақиқа, ишқ шароби, нур, шафақ сўзлари айлана чизиқлардан сўнг уйғунлашаяпти. Булутларнинг оппоқ тўшидаги нур мумтоз наволар тараётганидан қалбимиз бутунлиги, руҳиятимиз чароғон тортаётганлиги ҳаёт завқининг мундарижаси эканлигини уқиб, яйраймиз.

Одил Ҳотам шеърияти полотносиз яратилган тасвирий санъат асарларини эслатади. “Ранглар гурунгидан сачраган овоз” мисрасининг ўзиёқ муддаомизни тасдиқлайди.  Ташбеҳлар рангинлиги синчи шеърхонни гўзаллик водийсига етаклайди. Қаранг-а: “Қирлар ошиб қорайган оқшом”, “Тонглар билан тушасан йўлга”, “Бир соҳил баҳору бир соҳил қаҳҳор”, “Чўкиб кетар илдизга оҳлар”, “Шафақларга бош қоронғу нур”, “Қарғалардай учар дарахт­лар ҳуши”, “Нурлар қанотида йилнинг ҳамали” ва бошқа дилбар ташбеҳларни юзлаб учратасиз. Шоир ўйларининг нақадар теран ва мавжли тўлқинларга хослигидан ҳузурланасиз. Худди Моно Лиза суратига мусаввир 34 хил рангни бир чизиқ ва бир рангда уйғунлаштиргандай сокин таассурот қолдиради. Ранглар шивирлайди, туйғулар ғимирлайди, оҳанг олис тоғ дарёсининг ҳайқириғидек сукут тилида унсиз ошкорлайди, нурлар гулдастаси ранго-ранг чарақлайди.

Одил ака билан талабалик давримда Тошкент давлат университети профилактика санаторийсида танишганман. Йўлдош Эшбек иккаласи қошида болаларбоп машқларимни ўқиганман, улар далда беришган. Одил аканинг қўлёзмаларини ўқишим билан ўзимнинг шеър машқ қилишимдан уялганман ва кейинчалик яқиндан мулоқотга киришишга аҳд қилганман. Мени тортган меҳр у кишининг самимий ва камтарлиги бўлган. Ва бевосита дунё адабиёти ҳақидаги тасаввурлари қалбимга ёлқин тутган. Айниқса, рус адабиётининг мен билмаган Блок, Бунин, Фет ва шу каби олтин ва кумуш рус адабиёти асрининг улуғ шоир  ва адиблари ижоди ҳақида соатлаб сабоқ берган. Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” асари қўлимдан тушмасди. Хуллас, девор ортидаги биз англамаган адабиёт улуғлари асарлари билан ошно этганди. Паустовский, Пришвиннинг табиат манзараларини акс эттирувчи асарларини ўқиганимда аввал қийналдим, сўнг ранглар орқали образлар яратиш маҳоратини ўргандим. Бизда бундай ёзувчилар ҳали ҳануз йўқ. Тўғри, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асарида чиройли манзаралар чизгиси кўзга ташланади. Демоқчиманки, табиат мавзусига умри бахшида адиблар кўзга чалинмайди. Борлари мени қониқтирмаган. Шеъриятимизда эса бу мавзу ўзига хос устувор.

Талабалик давримдаги Одил ака билан боғлиқ воқеалар “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” роман-эссемда ёритилган.

Бундан ўн икки йил аввал хонадонимга Карманадан Одил ака ва Шойим Шерназар оиласи билан ташриф буюришди. Тонгга қадар гап-гаштак авжига чиқди.  Улар билан Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб Оқсаройни зиёрат қилдик. Аммо меҳмонларни кузатганимдан сўнг турмуш ўртоғим аёллар гурунгидан бир тасмалик воқеадан гап очиб қолди. Воқеа шундай эди.

Кармана деҳқон бозорини айланиб юрган Одил ака қишлоқ деҳқонларининг ўзлари етиштирган турли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотаётганлиги устидан чиқиб қолади. Аслида янгамиз сабзи-картошка олиб келишга юборганлар. Одил ака бозорга  манглайни қуёш олови куйдираётган лаҳзаларда, яъни кеч чиққан. Одатдагидай ҳар бир деҳқон билан саломлашиб, очиқроқ жойда чуваккина кампир бир челакда олма сотиб ўтирганлигига кўзи тушиб, унинг ёнига боради. Кампир иссиқдан тутагудай алфозда қийналиб нафас олганча:

– Укажон, шу олмани олинг, арзон бераман, – дея дийдиё қилади.

Одил ака қараса, мирик олмалар, уни одам боласи ейиши қийин.

– Оббо, шу иссиқда зарурми? Одам ёнай деяпти-ю сиз яна қуёшга қараб ўтириб олгансиз, онахон, –  дея “ваъзхонлик” қилади.

Бу гапдан манглайида тер тепчиган кампир буғриқиб:

– Текин бўлсаям, олиб кетинг, айланай, – дея қўлига челакни тутмоқчи бўлганда Одил ака қўлидаги челакни тутади. Кампир чиройи очилиб, олмани аканинг челагига ағдаради.

– Килоси қанчадан?

– Айланай, кўнглиздагини бераверинг. Бермасангиз ҳам майлига.

– Йўғ-ей, йўл тортиб бозорга опкелгансиз. Текин луқма томоқдан ўтмайди.

– Ҳой опа, олмангизни қанчадан пуллаяпсиз? – Одил ака нарироқда олма сотаётган деҳқон аёлга юзланади.

– Икки минг.

– Олмангиз чамамда беш кило чиқадиёв. Мана ўн минг сўм.

– Ибий, менинг олмамга беш юздан бераверинг. Ўзимдай бужмайиб ётибди.

– Набираларга у-бу оларсиз, олаверинг.

Кампир хижолат чекади. Бозорга алмисоқдан қолган олмани олиб чиққанидан изза тортади. На илож, харидор “ҳотамтой” бўлса.

Сабзи-картошкани унутган Одил ака челакни кўтариб уйга жўнайди. Хайрият, дарвозани янгани ўзи очади. Мирик олмаларга кўзи тушган янганинг капалаги учади.

– Бу нимаси?

– Офтобда…

– Сабзи-картошка йўқ? Олма олиб келинг демагандим, шекилли.

– Оббо, сабзи, картошка эсдан чиқибди, –  хижолатдан қизаринади Одил ака.

– Мирик олмангизни набираларингизга тутасизми?

– Офтобда…

– Қари чол ўтирган экан…

– Йўғ-е, кампир…

– Нима бўпти? –  Одил аканинг гапини чўрт бўлиб янга қовоқ уяди. –  Қўйларга беринг.

– Шу кампирга ачиндим. Шўрликни офтоб урган  ҳам бўлса керак.

Янга қор кўчганини сезиб, челакни ўзи кўтариб олади.

– Барибир, онахонга ёрдам бердим, – ўзига ўзи тасалли берганча ёғоч кароватга чўкаркан Одил ака минғирлайди. – Аммо сабзи, картошкани унутганим яхши иш бўлмабди. Шунақасиям бўлгиси келган-да…

– Келин, укасиям шунақами? –сўрабди янга “бизники”дан.

– Буларнинг тупроғи бир жойдан. Янга, хафа бўлманг, – дея бизникиям кулганча тасалли суқибди…

– Ечилмас чигилларингни ёйибсиларинг-да. Аёлнинг ҳаммаси шунақа, панага тортиб эри устидан кулишдан мириқади, худди Ҳимолай тепасига чиққандай. Одил акам тўғри қилган, – аламзадалик билан маъқуллайман. – Кампиршо офтобда қоврилиб қолса нима бўларди. Биз эрлар аёллар халоскоримиз, – дея жўрттага шовқин солдим унинг жавобини эшитмаслик учун ва ўзимни эшикка урдим.

Одил ака шунақа. Раҳмдил, ўзгаларни ўзидан ортиқ кўради. Балки шеъриятининг  самимийлиги ҳам шундандир.

Бу воқеани эслаганимда мийиғда кулиб устозни эслайман. Акам Назар Шукурни Одил акага ўзим таништирганман. Улар бир-бирларига доимий хат ёзишиб туришган. Хатлар кечаги куннинг бўй бастини сўзларда тикларкан. Ҳозир-чи, дунёнинг у бурчидаги танишингга қўнғироқлашасану айтган гапларинг кўпинча ҳавога учади. Чунки вақт учқур, умр шитоби баланд.

Китобни яна варақлайман.

 

…Шамол тергилайди қўли қизил қон,

Чил-чил синган наво синиқларини.

Алпомиш чўққилар то ҳануз ҳайрон.

Кўзлаб учмоқ бўлар само қаърини.

 

…Харсангтош ялпайиб ётмас бир жойда,

Мусаввир нигоҳин излайди чирой.

Жарлик тубидаги ҳув ўжар сойда,

Қонига беланиб ингранади ой.

 

Ўрол Тансиқбоев сувратлари кўз ўнгимда жонланади. Борлиғим ёришади. Алпомиш чўққилар ҳам жилмаслик шартига кўникканидан безовта. Чунки само қаъридаги тошлар ҳаракатда – бедор. “Тош”лар қутқусидан зарб еган ойнинг сой тубида қонига беланиб инграниши поэтик топилма.

Шоирнинг бундай дилтортар шеърлари қалб уйқусини қувади. Одамни одамдай ҳаёт кенгликлари эпкинидан роҳатланиб нафас олишга, ёниб яшашга, меҳр чашмасини қониб ичишга ва ўтаётган умрни сурур чаманига буркашга ундайди. Шундоқ ҳам ҳаёт изтиробу мусибатлар ўчоғида куйган ярасига кул сепиш билан овора.

Бир сирни айтмасам бўлмас. Одил ака 1979 йили қишлоғимизга келганда (воқеалар унинг “Юксакдаги дарахт” китобида чуқур ёритилган) уйимизни меҳмонлар “босган” – акамни йўқлаб туман ижодкорлари ҳар ёқдан келишган. Гурунг юлдузлар пирпираб учаётганда – тонг ёришаётганда ниҳояланган. Қўноқлар қуршовидан озод Одил аканинг мудрашига қарамай отам: “Қайси қавмдансиз?” дея сўраганда у кишининг уйқули кўзлари катта очилиб, “билмасам” дегандек бош қимирлатади. Отам меҳмонни изза қилмайин деб ўзи гапга тушади: “Карманаданман деганингизга қизиқдим. Бизнинг буваларнинг айтишича бизнинг қавм – чуютлар  қадимда сиз тарафдан келишганини ишора қилишарди. Кекса буваларингиздан сўраб кўринг-чи? Гапнинг эпақаси келувди гапирдим”, дея  ноўрин илинмадимми дегандай қизаринади. Одил ака кексалардан суриштирса, шундай уруғ бор бизда, дейишибди.  Сўнг ўз қавми қўнғиротлардан эканлигини билиб олади. Отамга худди уруғбозлик қиляпсиз дегандай луқма отувдим: “Ҳар авлод ўзини келиб чиқишини билиши керак. Аммо уни дастак қилиб, кўчага олиб чиқмаслик лозим”, дея дашном берганди. Билмадим, шу гаплардан кейин Одил акага менинг Ҳайиткўл даштим ҳақида ёзиш орзу-ҳавасга айландими, ё даштнинг ям- яшил ўтлоқзорини яланг оёқ кезиб яйраганимизданми “Сурур” шеърини ёзибди. Бу шеърдан саккиз қаторини келтираман:

 

Камалак адирлар –қуёш белбоғи –

Ҳайитгул момога аталган ихлос.

Кумуш қўнғироқлар – ҳилол арқоғи,

Кўнгилни ғубордан айлагай халос.

 

Афсона-асотир бешиги – қирлар,

Яшил еллар тунлар эртак тўқийди.

Қатағон қурбони – қанча тақдирлар,

Тоғлар чўққисида такбир ўқийди.

 

Аслида даштимизнинг чин номи  – Ҳа­йиткўл. Бу ерда Ҳайитгул исми Назар Шукурнинг “Ҳайитгул афсонаси” достонига ишора қилинган. Ҳайиткўл даштида баҳорда ёғилган ёмғир сувлари ҳаварда тўпланади. Дарвешона, Наврўз айёмлари шу ҳавар яқинида ўтказилгани учун дашт шундай номланган. Иккинчи ном эса ҳайиткўллик полвонларнинг барчасини қўшни қавм полвонлари йиқитавергандан сўнг эл кайвонилари Ҳайитгул исмли эмизикли аёлни курашга кўндириб, сочларини телпак остига яшириб, полвон яктагини кийдиришади. Курашга тушган аёл ёнида рақиб полвон чарх айлана бошлайди. Биринчи сафар аёл қўлига теккан полвоннинг қўли ҳаракатини йўқотади. Иккинчи сафар девдай полвоннинг қўли юмшоқлигидан мувозанатини йўқотган пайтда аёл рақиби бурвойига чил солиб орқа тарафга итариб юбориш билан даврада олқиш янграйди. Полвон ерда думалаган кўйи рақибига ожизланиб тикила бошлайди. Токи ул қавмнинг кайвониси сўрагандагина муддаоси ечилади. “Полвоннинг қўли аёлнинг қўлига ўхшаркан” дейди тили калимага келиб. Шундай қилиб ҳайиткўлликлар курашда ғолиб чиқишади ва даштни шу аёл номи билан аташади. Халқ афсоналарида ҳақиқат яширин. Элимизнинг ўта оркаш, ғурури баландлиги биз учун сўнмас маёқдир. Одил ака шеърда ана шу икки чизиққа ёндашган.

Қалби ҳалим, кўнгли Ҳайиткўл даштидай кенг, ғурури қирларидай тўлқинли шоир акамиз шеърияти қуёш сиёҳдонидан тўкилганки, жозибаси, гўзаллиги, ранглару маънолар қатламига сингдирилган. Унсиз ёғду сочиб кўнгиллар водийсини нурафшон этади

Ўроз ҲАЙДАР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 9 =