Зебига мактуб
Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини ўқиб таъсирланмаган китобхон бўлмаса керак. Асарни биринчи марта ўқиганимда мен ҳам Зеби қатори қизча эдим чамамда. Китобни ўқирканман унинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрар, кулса кулар, йиғласа йиғлар эдим. Мен учун Зеби бадиий асар қаҳрамони эмас балки ҳар бир замонда ноҳақликдан қийналган ёш қизлар тимсолидир. Афсуски, Зеби каби аччиқ қисмат эгалари ҳали-ҳануз ҳаётимизда учрайди…
Салом Зебижон! Нозик вужудингизни Сибир қаҳратонлари зирқиратмаябдими? Ҳали бола бўлишингизга қарамай кўрмаган қийинчиликларингиз қолмади чамамда… Сиз дўст деб юрган кундошингиз Пошшахоннинг ҳийла-найранглари туфайли шу балолар бошингизга тушганини биласизми? Ёки ҳалиям нима учун жазоланаётганини билмаган, “Нозирлар айбсизлигим учун қўйиб юборади” деган умиддамисиз?
Минг афсуски, Зебижон бу дунёнинг адолати фақатгина гўзал қизларнинг исмида жаранглаяпти холос…
Зеби, хафа бўлманг-у, бир гап айтаман. Сиз отангизни норози қилганингиз учун шу ташвишларга гирифтор бўлгандирсиз балки… Ўша меҳмондорчиликка кетаётганингизда отангиз сизга “Овозингни номаҳрамларга эшиттирсанг сендан розимасман” демаганмиди? Тўғри, дугоналарингиз ҳол-жонингизга қўймади ва бундай воқеалар бўлиши етти ухлаб тушингизга ҳам кирмагандир. Лекин ҳаёт йўлингиздаги барча саргардонликлар биргина шу Ота норозилигидан сўнг бошланмадими? Балки қўшиқ айтмаганингизда Мингбошининг назарига тушмаган, кундош найрангларига учрамаган бўлардингиз. Балки ўзингиз кўнгил қўйган аравакаш Ўлмасга турмушга чиқардингиз…
Мен сизнинг ёш умрингизга жуда ачинаман. Ҳаётингизнинг энг гуллаган даврини қандайдир разил инсонларнинг найранглари туфайли совуқ ўлкаларда, эркаклар ҳам чидаши мушкул бўлган қийинчиликларда ўтказяпсиз. Лекин ҳеч қачон умидсизликка тушманг. Бу кунлар ҳаётингизнинг қоронғу кечалари холос. Ҳали сиз учун ҳам ёруғ кундузлар келади. Ҳали дунёдаги энг бахтли аёл бўларсиз… Шу қўнғироқдек овозингиз туфайли санъаткор бўлиб, миллионлаб мухлислар меҳрини қозонарсиз. Балки адвокат бўларсиз. Ўзингиз каби ҳаёт ноҳақликларидан қийналган ёш қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиларсиз… Ҳали ўзингизга муносиб инсон билан оила қуриб, шириндан-шакар фарзандлар онаси бўларсиз… Оилангизга қайтиб онаизорингиз ва падарингиз умрини шод этадиган кунлар ҳам яқиндир…
Зеби, биламан сиз асар қаҳрамонисиз. Аммо мен учун барҳаёт инсонсиз, сизга ўхшаб турли қийинчиликларга, хўрлик ва зўрликларга дуч келган тенгдошларингиз тимсолисиз… Шунинг учун сиз орқали уларга ҳам мурожаат қиляпман, дадил бўлинг!
Етар, шунча қора кечалар…
Эски ҳаётингизни бутунлай унутиб юборадиган бахтингиз бўлишини Аллоҳимдан сўраб қоламан. Сирли сирдошингиз Дилдора!
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзЖОКУ 2-босқич
ҳарбий журналистика
йўналиши талабаси